Уйқуга ётиш олдидан ўқиладиган энг зарур оят ва суралар:

📌 «Оятул-курсий»
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Рамазон закотини сақлашга вакил қилдилар. (Тунда) биров келиб дон-дунлардан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни ушлаб олиб: «Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бораман»,– дедим...
Ушбу ҳадиснинг охирида:
У: «Мени қўйиб юбор, сенга Аллоҳ улар билан манфаат берадиган сўзларни ўргатиб қўяман»,– деди.
«Улар қандай сўзлар?» –дедим.
«Жойингга кириб ётганингда, «Оятул-курсий»ни охиригача ўқисанг, Аллоҳ тарафидан сени бир қўриқчи қўриқлаб туради ва тонг отгунча сенга шайтон яқинлашолмайди»,– деди.
Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У ўзи ўта ёлғончи бўлса ҳам, сизга рост айтибди. Уч кундан бери ким билан гаплашаётганингизни биласизми, эй Абу Ҳурайра?» – дедилар.
Мен: «Йўқ», –дедим.
«У шайтон эди»,– дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам». (Бухорий ривояти)
📌 «Бақара» сурасининг охирги икки ояти
Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким кечқурун "Бақара" сурасининг охирги икки оятини ўқиса, бу унга (ёмонликлардан ҳимояланишига) кифоя қилади».
(Бухорий ва Муслим ривояти)
📌 «Каафируун» сураси
Навфал Ашжаъий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Ухлашга шайланганингда, «Қул йаа аййуҳал каафируун»ни охиригача ўқи, чунки у ширкдан халосликдир», –дедилар». (Абу Довуд ва Термизий ривояти)
📌 «Ихлос», «Фалақ», «Ан-наас» суралари
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча тўшакларига кирганларида икки кафтларини бирлаштирар, сўнг уларга дам солиб: «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил-фалақ», «Қул аъуузу бироббин-наас» сураларини ўқирдилар, сўнг кафтларини баданларининг қодир бўлган еригача сурардилар, бошлари, юзлари ва баданларининг олди тарафидан бошлардилар ва буни уч марта такрорлардилар». (Бухорий ривояти)
Дониёр Файз манбалар асосида тайёрлади

Уйқуга ётиш олдидан ўқиладиган энг зарур оят ва суралар:   - 865602074146

Комментарии

Комментариев нет.