Ёлғиз йўловчи

Ёлғиз йўловчи

Гуноҳини орқалаганча
Кетиб борар ёлғиз йўловчи.
Қарамайди на ён, на ортга,
На айтгувчи, на йўл сўровчи.

Кетиб борар жим-жит, эгик бош,
Юзида бор на бир аломат.
Кетиб борар сукунат каби,
Унга келган не бир маломат?

Кетиб борар, қадди бўлиб дол
Гуноҳларнинг зилдек тошидан.
Кўрган ҳайрон: бунчалар осий?
Нима кунлар ўтган бошидан?

Кетиб борар, кўзлар маънисиз.
Қадам шарпа бермас тошда ҳам.
Мисли қадам ташлаган соя,
Тана унга эргашган қалам...

Кетиб борар ёлғиз йўловчи...
Унга фарқсиз, маънисиз бари.
Умидини йўқотиб қўйиб
Кетиб борар аросат сари...

2009 йил 5 май.
Али Ал Меҳр
www.almehr.uz
https://www.instagram.com/ali_al_mehr/

Комментарии

Комментариев нет.