Комментарии
- 14 апр 2018 07:01Bek ToshkenTТасирлиг хикоекан угай оналарга инсоф берсин
- 14 апр 2018 09:25МЕН ва СЕНодамларга хайрон коласан у шурликда нима айб нега угай деб етимча деб бегунох гудакларни киенашади хурлашади шурликкна бегунох фариштача золим угай онасни дастидан бу дунеони эрта тарк этди ижодизга омадлар яна яанги хикояларизни кутиб коламан
- 14 апр 2018 10:12МАРИЯ МАГДОЛЕНАКойилман, жудаям тасирли экан реальный вокеами дейман. Йиглаб кощларим кизарди. Рахмат сизга колиз дард кормасин. Угай угайда барибир кони кушилмиди, бечора эрта сунган кизалокни жойи жаннатдан булсин. Айрим угай Оналарга ибрат булсин!
- 14 апр 2018 10:52🌹🌹🌹ALVON💖 LOLALAR🌹🌹🌹
Для того чтобы оставить комментарий, войдите или зарегистрируйтесь
Табассум Чойхонаси
:Dil so‘z
— Баҳор келди.
Ҳар гал баҳорда мени виждон азоби қийнайверади, ўзимни қўйгани жой тополмайман. Чунки ўшанда ҳам баҳор эди…
Онамнинг қилган гуноҳини бутун умр юзига солдим. Шундоғам қийналаётган виждонини баттар қийнадим. Хуллас, болалигимдаги ўша воқеадан сўнг волидамга рўйхушлик бермадим, онамниям, ўзимниям кечиролмадим. Энди эса ўзимни қўйишга жой тополмаяпман, еру кўкка сиғмаяпман. Онамга бутун умр қотилдай муносабатда бўлдим. Қанча ялиниб-ёлвормасин, кўз ёш тўкмасин, гуноҳи тўкилмайдигандай эди. Энди ўйлаб қарасам, менинг таъналаримсиз ҳам волидам ўзини-ўзи еб битирган экан.
Болалигим жуда бахтиёр эди, то опамдан айрилмагунимча. Кейин ҳаммаси остин-устун бўлиб кетди. Виждон азобида яшадим. Ўша куни уни ариқ бўйига етаклаганим ва йиқилиб тушганим учун.
Уйимиз ва мактабимиз ўртасидан бутун қишлоқни сув билан таъминлайдиган каттагина ариқ оқиб ўтарди. Болалигимда хивчиндан от ясаб минадиган ўртоқларим, опаларим билан ана шу ариқ бўйида лойсувоқ ўйнардик, қишлоқнинг эгри-бугри кўчаларини чангитиб юрардик… Ҳар гал қишлоққа келганимда болалик хотираларим хаёлимни чулғаб олади. Айниқса, ариқ бўйида лойдан турли буюмлар, ўйинчоқлар ясаётган болаларни кўрсам, беихтиёр кўзимга ёш келади. Болаликдаги аччиқ хотиралар менга тинчлик бермайди. Болалигимни яхши хотирлайман. Оилада ота-онам, икки опам, синглим ва мен яшардик. Тирикчилигимиз ўртача эди, отамнинг маоши билан амал-тақал қилиб кун кечирардик. Мен ягона ўғил, оиладагиларнинг эркаси эдим. Айниқса, кичиклигимдан елкасига опичиб катта қилган Ҳулкар опам мени еру кўкка ишонмасди. Мен ҳам опамни жуда яхши кўрардим, лекин ойим нима учундир опамни ёқтирмасди, кўп уришарди, қарғарди. Ойимга: «Нима учун опамни ёмон кўрасиз?», дея берган саволим ҳар гал жавобсиз қолаверарди.
— Ҳа, Ҳулкар текинтомоқ, товуқларга дон бер, ҳовлиларни супур, чаққон-чаққон қимирла! — дея койигани-койиган эди. Боз устига опамни ишёқмасликда айблаб, дадамга чақиб, дўппослатар, мен эса йиғлаганча дадамнинг қўлларига ёпишиб, опамнинг жонига оро кирардим. Шундай пайтларда мен ҳам изиллаб йиғлай-йиғлай опамнинг тиззасида ухлаб қолардим.
— Ҳой, бунча шу жувонмарг Ҳулкарни яхши кўрмасанг?! — дерди нуқул ойим. Опам мендан олти ёш катта эди. У доим ўзини-ўзи юпатарди. «Катта бўлганим учун ойим мени кўп уришади. Катта қизлар ҳам уй ишини қилиши керак, ҳам укасига қараши керак экан», дерди. Ойим ҳатто опамнинг ўйнашига ҳам рухсат бермасди. Мабодо, чақирганини эшитмай қолса, боши балодан чиқмасди. Шунинг учун ҳам қулоғи динг турарди. Бечора опам мурғаклигидан эзилиб, қўрқувдан юрак ҳовучлаб юрарди. Ойим уришишни бошлаши билан кўзларини, қулоқларини юмиб, ғужанак бўлиб оларди. Калтак ейишга тайёргарлик кўрарди. Қочишни хаёлига ҳам келтирмасди.
Бир куни ойимдан Ҳулкар опам билан ариқ бўйига ўйнагани ижозат сўрадим. Ойим аввалига рухсат бермади. Мен ҳоли-жонига қўймай, ялинаверганимдан сўнг ноилож рози бўлди.
— Ҳой шўртумшуқ, укангга яхши қара, яна ариққа йиқилиб тушмасин, — орқамиздан бақириб қолди ойим.
— Хавотирланманг, мен борман-ку, ойи, — деди опам. У жамалак сочларини селкиллатиб, ариқ бўйига югурди, ортидан мен ҳам эргашдим. Бу ерда қизларга қўшилиб лойдан ўйинчоқлар ясай бошладик.
— Комми (у мени эркалаб шундай чақирарди), ариққа яқин борма, йиқилсанг, балога қоламан, — деди опам лойли қўллари билан сочларини тузатаркан.
— Х-ў-ў-ўп, — дедим мен опамнинг танбеҳи ёқинқирамай.
Катта бир қишлоқ аҳолиси сув ичадиган бу ариқнинг суви жуда кўп ва тез оқарди, ёш бола тушиб кетса, оқизиб кетиши ҳеч гап эмасди. Мен лой ўйнашдан зерикдим, ариқ бўйига яқинлашдим. Лойқа сувнинг пишқириб оқишини завқ билан томоша қилдим. Шу тобда опамнинг қоғоздан кемача ясаши ёдимга тушиб: «Опа, қоғоздан кемача ясаб беринг, сувга оқизаман», — дея ялина бошладим. Опам мен баҳона уйдан тез-тез ўйнагани чиқиб тургани учунми ёки яхши кўрганиданми, доим айтганимни қиларди. У лойли қўлларини тозалаб, ишга киришди ва бир зумда қоғоздан чиройли кемача ясаб берди. Кемачани сувга оқиздим. У шу даражада тез оқиб кетдики, тутиб қолишнинг сира иложи бўлмади. Шошиб қолдим ва кемачани тутиш учун ариқ бўйлаб югурдим. Опам эса:
— Комми, қўявер, бошқасини ясаб бераман, йиқиласан! — дея ортимдан югурди.
Унинг гапи оғзида қолди. Оёғим нимагадир тойиб кетиб, шалоплаб сувга йиқилдим. Пишқириб оқаётган сув мени ўз домига торта бошлади. Опам қичқирганича ариқ ёқалаб югурди. Унинг овозини эшитган йўловчи ўзини сувга отиб, мени сувдан олиб чиқди. Қўрқувдан дир-дир титраётган опам мени қучоқлаб йиғлаб юборди. Сўнг орқасига опичлаб, уйга йўл олди. Йўл-йўлакай юрагим содир бўладиган даҳшатли воқеани аввалдан сезгандек:
— Опа, уйга бормайлик, ойим сизни уради, — дедим.
— Бормасак бўлмайди, сен шамоллаб қоласан, — деди опам меҳрибонлик билан.
У ўнқир-чўнқир кўчалардан туртиниб-суртиниб мени уйга олиб келди. Дарвозадан ҳовлига киришимиз биланоқ ойимнинг кўзи бизга тушиб, рўй берган воқеани англади чоғи, опамни қарғай кетди:
— Ҳа, жувонмарг, сени огоҳлантиргандим-ку! Сен атайин қилгансан, шамоллаб, касал бўлсин, ўлиб кетсин, шундан қутулай дегансан… Сен етимча ўлмадинг, мен қутулмадим!
Кийимларимнинг ҳўли ўтиб, жамалак сочлари, ранги униққан кўйлаги баданига ёпишиб қолган опам титраб, гуноҳкорона йиғлаб турарди. Мен ҳам пиқиллаб унга қўшилдим. Ойим қўлига йўғон таёқни олиб, биз томонга шахд билан келиб, ғазабдан кўзлари косасидан чиққудек бўлиб опамни елкаси аралаш савалай кетди. Қўлидаги калтак билан опамнинг оёғига чунонам урдики, қарсиллаган товуш чиқиб кетди.
Опам:
— Ойи, урманг! — дея оёғини ушлаганча ўтириб қолди.
Ойим эса баттар жаҳл отига миниб, опамни елкаси аралаш тушира бошлади. Оғриқнинг зўридан опам ўкириб юборди. Мен чидолмадим, ойимнинг этагидан тортқилай бошладим.
— Опамни урманг, ойи, мен ўзим йиқилдим! — дея ойимнинг қўлидаги калтакка ёпишдим.
Ойим калтакни ташлаб мени қучоқлаб йиғлади.
— Сувда оқиб кетсанг нима бўларди? — деганча бошимни силади, лойли юзимдан ўпди. Опамга эса ёвқараш қаради. Узоқ пайт йиғлаб ўтирган опам базўр ўрнидан турди. У оёғини зўрға босар, назаримда, бели ҳам букчайиб қолгандек эди. Опамнинг аҳволини кўрган ойим қўрқди, шекилли, бизга бу воқеа ҳақида ҳеч кимга чурқ этмасликни тайинлади. Ўзи эса дадамга, Ҳулкар кўчада ўйнаб юриб, йиқилиб тушибди, деди. Опам шу кеча иситмалаб, алаҳсираб чиқди. Эртаси куни ҳам ўрнидан туролмади. Дадам қишлоғимиз шифокорини бошлаб келди. У опамни узоқ текшириб:
— Ёмон йиқилибди, жигари қаттиқ лат еган, аҳволи анча оғир, Аллоҳ шифосини берсин, — деди.
Опам бироз ўзига келгандай эди, мени имлаб ёнига чақирди ва ҳансираганча шивирлади:
— Комми, мени яхши кўрасанми?
— Ҳа, жуда-жуда яхши кўраман, — дедим мен гўё шундай десам, опам тузалиб қоладигандек. Назаримда, гапимнинг ҳар товуши юрагимнинг туб-тубидан ситилиб чиқаётгандек эди.
— Гапинг рост бўлса, мени яхши кўрсанг, энди сира ариқ бўйига борма.
— Хўп бўлади, сизсиз бормайман. Тузалсангиз ўзингиз олиб борасиз-а?
— Ҳа, сен учун тузаламан, ҳали бирга кўп ўйнаймиз, — деди опам маъюс жилмайиб.
Тунда опамнинг аҳволи яна оғирлашди. Алаҳсираб, кимларнидир чақирди, иҳради, йиғлади… Эрта тонгда ойимнинг «болам»лаб додлаган овозидан уйғониб кетдим. Қариндош-уруғ тўпланди. Аёлларнинг йиғи-сиғиси қишлоқни тутди.
— Ўгай она калтакларидан эзилиб адо бўлган жабрдийда қизалоғим! — дея нола қиларди аёллардан бири.
Унинг кимлигини танимадим. Бошқа аёллар ҳам унга жўр бўлишарди… Унинг «ўгай» деган сўзидан тош қотдим. Наҳот, опам бизга ўгай бўлса?.. Опамнинг жавдираган нигоҳи, ойимнинг қаршисида титраб турган ҳолати беихтиёр кўз ўнгимда гавдаланди. Ойимнинг опамни ёмон кўриши, унга кўп азоб беришининг сабабини энди тушунгандай бўлдим. Шу тобда ойимни жуда ёмон кўриб кетдим, йиғиси ҳам сохтадай туюлди. Қишлоқдошлар опамни қабристонга қўйиб келишгандан кейингина уни қайта кўролмаслигимни тушундим.
Бу машъум воқеа мени бирзумда улғайтириб қўйгандек бўлди, камгап, одамови бўлиб қолдим… Орадан қанча йиллар ўтса-да, қанча сувлар оқиб кетган бўлса-да, бу ариқ, бу тупроқ кўчалар менга гуноҳсиз гуноҳкорга айланган, мени деб ёш умри хазон бўлган опажонимни эслатаверади. Мактабни тугатишим билан бу ердан кетдим. Ҳали у шаҳарда, ҳали бу шаҳарда ишладим. Йилда келсам бир марта уйга келдим. Шунда ҳам узоғи билан икки-уч кун турардим. Онам ҳар келганимда зор-зор қақшаб йиғларди. Аммо бу менга таъсир қилмади. Бугун меҳрибонимдан ҳам айрилдим. Энди батамом ёлғиз қолгандайман…
КОМИЛ