28 сен 2016

Қадим Ҳирот ўз санъатини намойиш этганда...

Афғонистоннинг қадимий Ҳирот шаҳри хорижий сайёҳларни жалб
этмоқчи. Ҳирот ўз вақтида Темурийлар салтанатининг пойтахтларидан бири ҳам
бўлган. Шаҳар масъуллари бунинг учун 27 сентябр – Халқаро Сайёҳлар кунидан
фойдаланиб қолмоқчи бўлишибди. Айни сана муносабати билан тўрт кунлик хос
кўргазма йўлга қўйишибди. Ҳиротдаги мухбиримиз Ҳумоюн Ҳадиднинг хабар беришича,
бу кўргазмадан шаҳарнинг қадимий тарихи ва меросини ўзида акс этдирган
фотосуратлар, ўзининг гўзаллиги билан кўрган кўзларни қамаштирувчи қўл
ҳунармандчилиги намуналари ўрин олган. Тадбир доирасида яна маҳаллий хонандалар
иштирокида концертлар, маданий ва шеърият кечалари ҳам ташкил қилинган. Ҳирот
Маданият ва ахборот бошқармасининг Саёҳатчилик бўлими ташаббускори бўлган бу
тадбир шаҳардаги янги қурилган тўрт юлдузли “Арк” хусусий меҳмонхонасида бўлиб
ўтмоқда экан. Шу боис ҳам, хавфсизлик чоралари ҳақида ортиқча хавотирларга ўрин
йўқ, дейди мухбиримиз. Унинг айтишича, ҳатто шунда ҳам, маҳаллий аҳолининг
катта қизиқишига сабаб бўлаётган бу тадбир Ҳиротнинг ўзида деярли бирор бир
хорижликнинг эътиборини ўзига торта олмаган. Би-би-си Ўзбек хизматининг
видеоларини www.bbcuzbek.com да ҳам кўришингиз мумкин:

Комментарии

Комментариев нет.