3 фев 2017

Машинанинг "додаси" қай бири?

Бир неча кун аввал Podrobno. uz вебсаҳифаси Ўзбекистонда "энг машҳур", яъни энг кўп сотилувчи ва оммабоп машиналар рейтингини чоп этилганди.
Кўп ўтмай Ижтимоий тармоқларда бу рейтинг атрофида қизғин баҳс бошланди.
Бу борада фикр-мулоҳазалар айниқса Facebook тармоғи фойдаланувчилари томонидан изҳор этилди.
OLX эълонлар хизматининг 2016 йилги изланишига кўра, Ўзбекистонликларнинг энг "афзал кўрадиган" авто уловлари GM Uzbekistan қўшма корхонаси ишлаб чиқарадиган Shevrolet маркаси экан.
Интернет орқали савдога қўйилган машиналарнинг 56 фоизини, яъни ярмидан кўпини айни ана шу Shevrolet маркаси ташкил этади.
Иккинчи ўринда ВАЗ автомобиллари (16.5 фоиз) ҳамда Daewoo (10 фоиз) уловлари.
Рейтинга кўра, Германиянинг Mercedes ва Россиянинг ГАЗ уловлари ёпиқ тарзда харид қилинган авто уловларнинг атиги 2 фоизини ташкил қилган. Шундай бўлсада, улар 4 в 5-ўринларни эгаллаган.
Facebookда изоҳ қолдирганлартнинг аксарияти бу рейтинг борасида ҳазиломуз фикр билдиришган.
Жумладан, "Nodirbek Ilhamovich": "Кутилмаган янгилик, Shevrolet биринчи ўриндая!", деб истеҳзо қилган бўлса, "Anvar Sharifov": "Пушти кўзонайкни ечгин, эй Узавтопром"; "Olga Atabaeva": "Ҳазилкашларни қаранг"; "Евгений Шек": "Раҳмат, кулиб олдим"; "Макар Макаров": "аҳмоқхона рейтинг" қабилидаги изоҳларни қолдиришган.
Лекин уларнинг асосий қисми GM Uzbekistan қўшма корхонаси монополиясини танқид қилган, ҳамда авто улов сотиб олиш борасидаги ҳисобсиз мушкулликларни тилга олишган.
Facebook фойдаланувчиларидан бири "Mirzahmedov Zafar": "Аҳмоқларнинг бошқа қиладиган иши йўқми. Ҳудди бизда Shevrolet дан бошқа нарса сотиб олишга имконият бордай. Ахир бошқа машиналар жуда қиммат-ку", дея хитоб қилади.
"Виталий Далакьян" унинг фикрига қўшилгандек бўлади: "Монополияни яратиб қўйиб, энди рақобат бордай қилиб кўрсатяптилар," дейди у.
"Ekubjon Mukhamedjanov": "Бошқа машиналарга 'растоможка'ни камайтиринглар, кейин вазиятнинг қандай ўзгаришини кўрасизлар", дейди.
Данияр Кубеев: "Негадир Lamborghini ва Ferrari ларни рўйхатда кўрмадим. Айтгандай, уларга Matiz ва Spark лар билан беллашиш қаерда", дейди.
Унга жавобан Толик Хусинов "ўзбекча" Lamborghini суратини баҳам кўрган.
Kan Sergey га ўҳшаган фойдаланувчилар автомашина салондан олиб чиқиш учун бериладиган "шапка" дан нолиган. "Қайси салонларнинг "шапкаси" кўпроқ деган мавзуда рейтинг очиш керак," дейду у.
"Албатта биз ватанпарварлармиз… лекин бундан бундан виждонсизларча фойдаланишнинг нима кераги бор", дейди Olga Atabaeva
Баъзилар бу рейтингни рекламага тенглаштирди.
"Шу ҳам янгилик бўлдими. Сотиб олинган рекламаку", дейди "Sobуr Talipov".
Бу рейтингнинг пайдо бўлиши машина бозорида нархларнинг кескин тушиб кетган вақтга тўғри келиши бежиз бўлмаса керак.
Ҳиссаларининг 75 фоизи Ўзбекистон ҳукуматига тегишли бўлган 'GM-Uzbekistan' автомобиллари Ўзбекистон аҳолисининг ўзига хориж бозорларидаги нархдан қимматга сотилади.
Ҳукумат хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларга йирик бож солиш орқали 'GM-Uzbekistan'нинг ички бозордаги мутлақ монополиясини муҳофаза қилиб келади.
Таҳлилчиларга кўра, ўзбек автомобил бозорида сунъий равишда яратиладиган юқори даражадаги талаб турли-туман порахўрлик ва шубҳали молиявий схемаларга йўл очган.
Ўтган йил апрелида ширкат раҳбари Тоҳиржон Жалиловнинг ҳибсга олингани ва йирик молиявий қаллобликларга доир жиноий текширувлар бошлангани хабар қилинган.
'GM-Uzbekistan' ўз маҳсулотларини сотишга доир махфий схемалар амал қилиши ҳақидаги даъволарни рад этган.
Шунга қарамай, компания 26 январда ўзининг вебсаҳифасида жисмоний ва юридик шахсларни ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ҳамда кўрсатилаётган хизматлардаги камчиликлар ва уларни бартараф этиш борасидаги таклифлар бўйча 25 январдан 3 февралга қадар давом этадиган сўровномада иштирок этишга чақирган.
GM Uzbekistan ширкати бу тадбир 2017 йил Ўзбекистонда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилиниши муносабати билан амалга оширилаётганини таъкидлаган.
Ширкат жисмоний ва юридик шахсларни сўровномада фаол иштирок этишга ҳамда мавжуд камчиликлар ва уларни бартараф этиш борасидаги таклифларни киритишларини сўраган. http://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-38853980

Комментарии