11 фев 2017

Аёлга айланган тожикистонлик йигит.

Тожикистонда трансгендер бўлиб, яъни жинсини алмаштириб яшаш жуда оғир.
Бундай одамлар тез-тез таҳқирланади, аммо кимлиги оммага ошкор бўлмаслиги учун, кўпинча, милицияга ҳам шикоят қилишмайди.
Аксарият ўзи ҳақида ҳатто қариндошлари ва дўстларига ҳам айтмайди.
Нега эркак бўлиб яралдим?
Милена (ҳозирги ўзи танлаган исми) Тожикистонда туғилиб ўсган. Лекин жинсини ўзгартиришга қарор қилгач, ватанини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Пастда унинг ўз оғзи билан айтган ҳикояси:
Мен ўғил бола бўлиб туғилганман. Аммо ўзимни ҳеч қачон ўғил бола сифатида ҳис қилмаганман.
Ярим йилдан ошдики, мен энди Миленаман.
Трансгендер ёки жинсини алмаштирган аёлман.Беш ёшда эдим чамаси, ўзимни қиз боладек ҳис қила бошлаганман.
Айни ҳолатни сўз билан тушунтириш қийин. Бошқалар сени тушунишмайди. Бу учун ўша одамнинг ўрнида яшаш керак.
Қизларга қаттиқ ҳавас билан қарардим: Уларга ўхшагим, улардек кийингим келарди. Лекин болалигимда менда нималар бўлаётганини, шаксиз, тушунмаганман.
Улғайгач, бу ҳолатим мени ахлоқий ва жисмоний азобларга ташлади.Юрагимдагини ота-онамга айтишни истасам ҳам, аммо қалбимни очишдан қўрқардим."Нега мен қиз эмас, ўғил бола бўлиб туғилганман?" дея ҳар доим ўзимга савол берардим ва барчадан яшириб, йиғлардим.
Бу ҳолатимни унутишга кўп интилдим. Аммо ҳеч бўлмади.Балоғат ёшига етарканман, аёл киши бўлишни қанчалик исташимни тушундим.
Лекин истакларимни жиловлаб, яшириб юрдим.Ўз эркаклигимдан нафратланардим. Ҳамма нарсага тайёр эдим. Фақат қайта туғилсам, қиз бола бўлиб туғилсам бўлди эди.
Бу жуда оғир ҳиссиёт. Сени руҳан ва ахлоқан эзиб ташлайди.
Баъзилар касаллик дейишади. Ундай эмас!
Уйда ҳеч ким бўлмаса, қизларнинг куйлагини кийиб кўрардим.
Кўзимни юмиб, ўзимни қиз боладек ҳис қилардим.
Лекин тезда яна ҳақиқий ҳаётга қайтардим ва ўғил болалигимдан афсусланиб, йиғлардим.
Шу асно 39 ёшга ҳам кириб қолдим.Мен каби бошқа одамлар борлигини ҳам билдим.
Кўпроқ маълумот олдим ва жарроҳлик орқали жинсни ўзгартириш мумкинлигини тушундим.
Аммо шундай йўл тутсам, дунёдаги энг яқин одамларимга, қариндошларимга бегона бўлиб қолишимни ҳам билардим.
Хуллас, 39 ёшимда аёллик хусусиятларини кучайтирувчи гормонал дориларни ола бошладим. Секин-аста жисмоний ўзгаришлар бошланди.
Эркаклик узвларим ишлашдан тўхтади. Атрофия, яъни тана аъзоларимда кичрайиш кузатила бошланди. Ташқи кўринишимда эса эркакка хос дағаллик ўрнини, аёлга хос нафосат эгаллади.
Ҳақоратлар
"Анъанавий жамиятда бошқа одамлар фикри катта ўрин тутади ва улар билан ҳисоблашиш керак".Ишхонада ҳамкасбларим мендаги ўзгаришларга эътибор бера бошлашди. Чунки ўзгараётгандим: сочим ўсган, юриш-туриш ва ҳатти-ҳаракатларим ўзгарганди.
Баъзилар мен жинсимни ўзгартириш учун гормонли дорилар ичаётганимни биларди.
Аммо бошқалар чуқур ҳайратда эдилар.Бошлиғим аёл киши бўлса-да, мени очиқдан-очиқ ҳақоратлай бошлади. "Шифохонани шарманда қилаяпсан, сен бесоқолбоз!" - деб айтарди.
Ҳамкасбларим ҳам мени қоралашарди."Худонинг қудратига қарши чиқаяпсан, ўзингни шарманда қилаяпсан" - дейишарди.Хуллас, мени ишдан бўшатишди. Кейин ҳеч қаерга ишга кира олмадим.
Интернет орқали реклама қилиб, ул бул нарса тикиб сотиб, бироз пул топардим.Топганим овқат ва дори-дармонимга амаллаб етарди.
Етмаса, уйдан бирон нарсани олиб чиқиб сотардим.
Онам эса нима бўлаётганини тушунмагани учунми, менга пул ва озиқ-овқат бериб турарди.
Аммо ака-укаларим мендан бутунлай юз ўгиришганди.
Қўшнилар сўрайвергач, онам қандайдир бир касалликка чалинганим ҳақида ҳикоя ўйлаб топди.Лекин аслида нима бўлаётганини билгач, онам ҳам қаттиқ ҳайрат ва даҳшатга тушди.
Боёқиш мени касалга чалинган, деб юраркан.Ўз истагим билан ўзим гормонлар истеъмол қилаётганимни эшитган заҳоти "бунақа шармандаликни тўхтат, дори ичма" деб роса уришди.
Аммо мен ўз йўлимдан қайтмадим. Орадан ярим йил ўтгач, анча ўзгардим ва баъзи танишлар ҳам мени таний олмай қолишди.
"Жуда ўхшаркансан, унинг ўзи қаерда?" - деб айримлар мендан ўзим ҳақимда сўрашардиЛекин бегоналар кўчада мени аёл, деб билиб, аёллардек хушмуомала муносабат қилишарди.
Шунда хурсандлигимдан йиғлардим.
Эркаклик узвимни кесдим
Ўтган ёз жуда қийин кечди. Ҳамма мендан юз ўгирди. Ёлғиз қолдим.
Бир-иккита дугоналаримдан бошқа атрофимда ҳеч ким қолмаганди.
Бу пайтга келиб овозим майинлашган, кўкрагим ўсган, баданим қизларникидек анча нозиклашганди.
Ёлғизлик ортидан тушкунлик бошланди. Бир неча марта ўзимни ўлдирмоқчи бўлдим. Чунки ҳали ҳамон эркаклик аъзоларим бор эди.
Душанбедаги касалхонада менинг жинсимни жарроҳлик билан ўзгартириш мумкинлигини айтишди. Лекин қарашса, Тожикистонда жинсни алмаштиришга рухсат берадиган қонун йўқ экан.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам чиқдим. Рад этишди.
Руҳий касалликлар шифохонасида мени текшириб, руҳан соғлом, деган хулосага келишди.
Нима қилишимни билмай қолдим. Ҳатто ўзим эркаклик узвимни кесиб ташласамми, деган фикрга ҳам бордим.
Бунда ўлишим мумкинлигини билсам-да, ортга қайтишни истамадим.
Хуллас, оғриқни қолдирувчи дори ва пахта олиб келиб, узвимни кесишга интилдим. Кўп қон йўқотдим. Кейин тез ёрдам чақирдим.
Баъзи собиқ ҳамкасбларим чет элдаги бир касалхона дарагини топишди. Шундай қилиб, Украинага келиб қолдим.
Қайта туғилиш
Украинада ҳам осон кечмади. Киев аеропортидаёқ нега паспортида эркак бўлган одам аёлга ўхшайди, деб роса текширишди.
Кўп ўтмай Киевда жинсимни ўзгартирдим ва Милена исмли қиз бўлиб қайта туғилдим.Эсимда, наркоздан кўзимни очишим ҳамон жарроҳ менга "Ойим қиз, ниҳоят ҳаммаси бўлди" деб айтганди.
Ҳозир жинсимнинг аёллигини тасдиқловчи янги ҳужжатларимни кутаяпман.
Қочқинлар турадиган ётоқхонада яшайман. Чунки жинсий сабабга кўра, мен ҳам қочқинга айландим.
Афсус, ватанимда мени тушунишмади. У ерда яшаш хавфли эди. Чунки мен Тожикистондаги кўп асрлик анъана ва кўникмаларга қарши боргандим.
Тўғриси, кимга қарши бордим, кимнинг ҳаётини барбод этдим ё кимга ёмонлик қилдим - билмайман.Билганим - ҳозир бахтлиман.
Энди танқиддан ҳам, ҳақорат ё таҳқирдан ҳам қўрқмайман.
Мен ўзим учун қайта туғилдим. Кўнглим тинч.
Фақат бир армоним бор: Ҳеч қачон бола туға олмайман.
Қанийди она бўла олсайдим...
Муаллиф: Анора Саркорова, Би-би-си, Душанбе

Комментарии