8 мая 2017

Шоҳрух Соипов, Қирғизистон Апрел ойининг сўнггида яқинларини кўчки остида йўқотган қирғизистонликлар мулозимлардан норози бўлишмоқда.

Уларга кўра, Қирғизистон Фавқулотда ҳолатлар вазирлиги ходимлари фожиа ҳақида аввалдан огоҳлантирмаган.Ногаҳонда кўчган тупроқ болалар дохил 24 кишининг умрига зомин бўлган. Кўчки остида қолган 24 одамнинг беш нафари топилган.Қирғизистон Уламолар кенгаши кўчки остида қолганларни қазиб олиш ишлари қийинлашаётганини инобатга олган ҳолда, излаш
ишларини тўхтатиш ҳақида фатво чиқарган.Фатвода қурбон бўлганларни тупроқ остида қолдириб, улар учун ўша ер қабр бўлажаги айтилган ва воқеа жойида жаноза ўқилган. "Менинг 6 нафар оила аъзоим тупроқ остида қолиб кетди. Ҳеч қайси бирини қазиб чиқаришнинг имкони бўлмади ва уларга ўтган кун жаноза ўқидик" - дейди оила бошчиси Абдурашид Қалиқов.Унинг айтишича, тонгда уйидан ташқарига чиққанида аввалига узоқдан овоз эшитилган ва бироздан кейин уйи тупроқ остида қолган. "Мен ташқарига чиқиб, орқамга қарасам, уйим кўмилиб қолибди. Бир дақиқага ҳам етмаган вақтда шу нарса бўлди. Ҳаммаёқ оппоқ чанг бўлиб кетди. Болаларим уйда эди" - дейди эндиликда бутун оиласидан айрилиб, уйсиз қолган Абдурашид ака.Мазкур воқеа Ўзган туманининг Аюу қишлогида 29 апрелнинг тонги соат 6:40лар чамасида юз берган. Фавқулотда Холатлар Вазирлигининг маълумотига кўра, кўчиб тушган тупроқнинг кўлами 200 минг кубметрни ташкил этган ва 7 уйни босиб қолган. Талофатни бартараф этиш учун эса 260 нафардан кўпроқ қутқарувчи жалб этилган. "Мен кафолат бераман, кўчки сизларгача келмайди"
Воқеа юз беришидан 4 кун аввал Москвага кетган Олтиной Назирбоевани эри ва ягона 20 яшар қизининг кутилмаганда фожеали равишда вафот этиши уни ларзага солган. Қизи яқиндагина Ўзгандаги педагогик колледжни тамомлаб, ўқитувчи бўлиб ишлаш бўсағасида бўлган. "Ер кўчки бўлишидан аввал Фавқулотда ҳолатлар вазирлиги ҳодимлари бу ерга келиб, хавфли ҳудудда яшаётган оилаларни огоҳлантирган. Шунда биз ҳам кўчишимиз керакми, юқорида ерни ёрилганини кўраяпмиз деб сўрасак, йўқ, ҳавотир олмасдан, бемалол уйингизларда яшайверсангизлар бўлади, кўчки сизларгача келмайди деб ишонтирган"-дея эслайди Олтиной Назирбоева.Унинг сўзларига кўра, мавжуд хавфдан хавотирланиб бир неча маротаба қилган мурожатига, вазирликнинг Ойбек исмли ходими: "Сизларга кўчки келмаслигига мен кафолат бераман" - дея ишонтирган. "Мана энди яқинларимизни йўқотиб, бошпанасиз ўтирибмиз. Агар улар бизни ҳам кўчишимиз зарурлиги ҳақида очиқ айтишганида эди, биз бу ерда қолмас эдик. Энди эса улар ўз хатоларини тан олмаяпти" - деб йиғлайди у.Қишлоқнинг яна бир яшовчиси Малика Турғанбоеванинг укаси ҳам ўз оиласи билан кўчки остида қолиб кетган ва унинг яна бир уйи атрофи сувга тўлиб ётибди. "Қутқарувчилар нега йирик техникаларини ишлатишмаяпти. Кўриб турганингиздек, уйни сув қуршаб олган. Уни сўрғич билан чиқариб юбориш керак. Бўлмаса уйни захлатиб, қулатади. Одамлар ишлашаяпти, лекин юқоридаги каналдан сув келаяпти, унинг йўлини тўғрилаб қўйиш керак. Мен халқдан ёрдам сўрар эдим" - дейди Малика опа.Арзимизни телевидениеда кўрсатишмаяпти
Махаллий аҳоли улар билан суҳбат ўтказиб кетаётган журналистларга ишонмаётганини яширмайдилар. Уларнинг айтишича, воқеадан кейин келган мухбирларга Фавқулотда ҳолатлар вазирлиги тарафидан аҳолининг ҳаммаси ҳам огоҳлантирилмагани ва хавфсиз жойга кўчирилмагани ҳақида арз қилишган. Бироқ ҳеч қайси бир журналист жабрланувчиларнинг додларини телевизордан кўрсатмаганини айтишади.Заргар қишлоқ ҳудудида Аюудаги қўчки бўлган жойдан бошқа маҳаллий аҳолига хавф солувчи яна бир нечта шундай ҳудудлар мавжуд.Фожиадан жабрланган ва қутқарувчиларга озиқ-овқат тайёрлашда ёрдамлашаётган қўшни қишлоқлик Ҳилола Юсупова мени тепаликдаги ёрилган жойларга олиб чиқиб қўрсатади. "Бу ерларни қаранг, сув чиқаяпти. Бу ер эса ёрилган. Авваллари унчалик эмас эди. Яқинда шунчалик бўлиб кетди. Анови бизнинг уйимиз. Агар бу ер ҳам кўчса, бизгача ҳам бориши мумкин" - дея қўли билан кўрсатади Ҳилола Юсупова. "Биз ер кўчиб қишлоқни босиб қолмасдан олдин, уни сунъий кўчириш ишлари олиб бориш кераклиги ҳақида айтиб келаяпмиз. Шундагина бу каби талофатларни олдини олиш мумкин" - дейди мавжуд хавфдан ҳадиксираб уйини ташлаб чиқишга мажбур бўлган аёл. "Биз огоҳлантирганмиз"Ҳозирги кунда Аюу қишлоғида кўчки оқибатида уйсиз қолган ва хавфли 30 дан ортиқ уйдан кўчирилган аҳоли вақтинчалик ўрнатилган палаткаларда яшаб келмоқда.Қирғизистон Фавқулотда ҳолатлар вазирлиги махаллий аҳоли билдираётган иддаоларни инкор этади. Уларнинг маълум қилишича, тепаликлардаги ёриқлар 2003 йили вазирликнинг назоратига олинган ва хавфли ҳудудлар рўйхатига киритилган. Ўша йилнинг ўзида уч оилага бу ҳудуддан хавфсиз ерга кўчиш учун ҳукумат тарафидан ёрдамлар ҳам кўрсатилган. Қолган 4 уй эса ноқонуний қурилганлиги айтилмоқда.Сўнги бора, жорий йилнинг 28 мартида қишлоқнинг бир нечта яшовчисига бу ҳудуддан бошқа жойга кўчиш ҳақида огоҳлантириш берилган.
"Бизнинг мутахассислар 28 мартда Аюу қишлоғига келишиб, аҳолини огоҳлантирган. Ҳаттоки улардан бир кундан кейин кўчишлари ҳақида тилхат ҳам олишган. Бироқ ўша вақтнинг ўзида ёриқ катталашиб, кутилмаганда ер кўчиб тушди. Ҳозир турли хил сўзлар айтилмоқда, гўёки огоҳлантириш бўлмаган дея. Бўлар иш бўлди. Энди барчамиз бирга ишлашимиз керак" - дейди Қирғизистон Фавқулотда Холатлар Вазирлигининг Ўш вилояти бўйича бошлиғи, полковник Қуштарбек Абилов.
Маҳаллий ҳукумат фақат хавфли ҳудудда яшовчи аҳолини эмас, балки Аюу қишлоғидаги одамларни бутунлай бошқа ерга кўчирмоқчи. "Ўзган туманининг Тўрткўл ҳудудида 42 гектар ер бўлиб берилди. Биз ҳозир ўша ерни тайёрлаяпмиз. Заргар қишлоғидан кўчирмоқчи бўлган 349 оила рўйхатини туздик" - дейди қишлоқ бошчиси Дилмухаммед Бўкўшев.
Нодавлат ташкилот ёрдами Ўзган туманининг Аюу қишлоғидаги қонли фожеадан қурбон бўлганларнинг яқинлари ва жабрланганларга расмийлардан тортиб, халқаро, нодавлат ташкилотлари, оддий аҳоли ёрдам қўлларини чўзмоқда.Ўшдаги "Интербилим" нодавлат ташкилотининг ташаббуси билан Аюу қишлоғидаги ер кўчкидан жабрланганларга ёрдам тўплаш учун "Элсом" хайрия ҳисоби очилган.
3 майда Ўшдаги 10 нафар инсон ҳақлари фаоллари воқеа юз берган жойга бориб, хайрия ҳисобига йиғилган ёрдам пулларини жабрланган оилаларга бердилар ва уларнинг уйларидаги сувларни тозалашда кўмак кўрсатдилар.
"Барча ёрдам кўрсатганларга миннатдорчилик билдирамиз. Ёрдам йиғиш давом этмоқда. Хайрия ҳисобимизга пул ўтказишингизлар мумкин. Ҳар бир сўмингиз қадрли. Уч кунда бир ёрдамлар бўйича ҳисобот бериб турамиз" - дейилади ташкилот эълонида.Айбдорларни жазолаш керак
Қирғизистон парламенти депутатлари Аюу қишлоғидаги ер кўчки ҳақида аҳолини аввалдан огоҳлантириб, уларни хавфсиз жойга кўчирмаган, оқибатда 24 инсон умрига зомин бўлган воқеага маъсул мулозимларни жазолашни талаб қилмоқда.
4 майда ҳукуматнинг табиий офатлар бўйича қилган маърузаси халқ вакиллари тарафидан танқид қилинди. "Фавқулотда Холатлар Вазирлиги айтаяптики, аҳолини ер кўчки ҳақида вақтида огоҳлантирганмиз деб. Шунчалик кўп қурбонлар бўлганидан кейин, демак маҳаллий ҳукумат зарур чораларни кўрмаган. Бош вазир бундай фожеага олиб келган мутассадиларни жавобгарликка тортиши керак деб ўйлайман" - дейди депутат Жирғалбек Турусқулов.
Депутатга жавобан, Бош Вазирнинг муовини Жениш Раззақов, маҳаллий ҳукуматнинг фожиа бўйича қилган ҳаракатига баҳо берилаётганини билдирди.Тахлилчиларнинг маълум қилишича, республикада ҳар 11-12 йилда ер кўчки жараёнлари жаддалашмоқда. Бироқ бунгача бу даражада қурбонлар сони бўлмаган.
Воқеа жойига бориб, қурбон бўлганларнинг яқинлари билан учрашган Бош Вазир Сўрўнбай Жээнбеков ҳукумат тарафидан, уларга барча ёрдамлар кўрсатилишини маълум қилган ва Ўшда вазирлар иштирокида йиғин ўтказиб, уларнинг ишларини танқид қилган. Фожиа талофатларини бартараф этиш учун керакли топшириқлар берган.Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek

Комментарии

Комментариев нет.