ЎЗБЕГИМ

Қасида
Тарихингдир минг асрлар
Ичра пинҳон, ўзбегим,
Сенга тенгдош Помиру
Оқсоч Тиёншон, ўзбегим.
Сўйласин Афросиёбу
Сўйласин Ўрхун хати,
Кўҳна тарих шодасида
Битта маржон, ўзбегим.
Ал Беруний, Ал Хоразмий,
Ал Фороб авлодидан,
Асли насли балки Ўзлуқ,
Балки Тархон, ўзбегим.
Ўтдилар шўрлик бошингдан
Ўйнатиб шамширларин
Неча ҳоқон, неча султон,
Неча минг хон, ўзбегим.
Тоғларинг тегрангда гўё
Бўғма аждар бўлди-ю,
Икки дарё — икки чашминг,
Чашми гирён, ўзбегим.
Қайсари Рум найзасидан
Бағрида доғ узра доғ,
Чингизу Боту тиғига
Кўкси қалқон, ўзбегим.
Ёғди тўрт ёндин асрлар
Бошингга тийри камон,
Умри қурбон, мулки торож,
Юрти вайрон, ўзбегим.
Давр зулмига ва лекин
Бир умр бош эгмадинг,
Сен — Муқанна, сарбадор — сен,
Эрксевар қон, ўзбегим.
Сен на зардушт, сен на буддий,
Сенга на оташ, на санам,
Одамийлик дини бирла
Тоза имон, ўзбегим.
Маърифатнинг шуъласига
Талпиниб зулмат аро,
Кўзларингдан оқди тунлар
Кавкабистон, ўзбегим.
Тузди-ю Мирзо Улуғбек
Кўрагоний жадвалин,
Сирли осмон тоқига илк —
Қўйди нарвон ўзбегим.
Мир Алишер наърасига
Акс-садо берди жаҳон,
Шеърият мулкида бўлди
Шоҳу султон ўзбегим.
Илму шеърда шоҳу султон,
Лек тақдирига қул,
Ўз элида чекди ғурбат,
Зору нолон ўзбегим.
Мирза Бобур — сен, фиғонинг
Солди олам узра ўт,
Шоҳ Машраб қони сенда
Урди туғён, ўзбегим.
Шеъриятнинг гулшанида
Сўлди маҳзун Нодира,
Сийм танни ювди кўз ёш,
Кўмди армон, ўзбегим.
Йиғлади фурқатда Фурқат
Ҳам муқимликда Муқийм,
Нолишингдан Ҳинду Афғон
Қилди афғон, ўзбегим.
Тарихинг битмакка, халким,
Мингта Фирдавсий керак,
Чунки бир бор чеккан оҳинг
Мингта достон, ўзбегим.
Ортда колди кўҳна тарих,
Ортда қолди дард, ситам,
Кетди ваҳминг, битди заҳминг,
Топди дармон, ўзбегим.
Бўлди осмонинг чароғон
Толе хуршиди билан,
Бўлди асрий тийра шоминг
Шуълаафшон, ўзбегим.
Мен Ватанни боғ деб айтсам,
Сенсан унда битта гул.
Мен Ватанни кўз деб айтсам,
Битта мужгон ўзбегим.
Фахр этарман, она халқим,
Кўкрагимни тоғ қилиб,
Кўкрагида тоғ кўтарган
Танти деҳқон ўзбегим.
Ўзбегим деб кенг жаҳонга
Не учун мадҳ этмайин!
Ўзлигим билмоққа даврим
Берди имкон, ўзбегим.
Мен буюк юрт ўғлидурман,
Мен башар фарзандиман,
Лекин аввал сенга бўлсам
Содиқ ўғлон, ўзбегим.
Менга Пушкин бир жаҳону
Менга Байрон бир жаҳон,
Лек Навоийдек бобом бор,
Кўксим осмон, ўзбегим.
Қайга бормай, бошда дўппим,
Ғоз юрарман гердайиб,
Олам узра номи кетган
Ўзбекистон, ўзбегим.
Бу қасидам сенга, халқим,
Оқ суту туз ҳурмати,
Эркин ўғлингман, қабул эт,
Ўзбегим, жон ўзбегим.
Ўзбекистон Қаҳрамони
Ўзбекистон халқ шоири
Эркин Воҳидов
1968 йил

Комментарии

Комментариев нет.