Кетгим келмас умид боғидан, Аламларга топарман тоқат. Йиқилгим йўқ дил чарчоғидан, Кўриб қўйсин бир бесадоқат. Тугамас дил парваришлари, Толса ҳамки, армон доғидан. Келмаса ҳам рўёб қушлари, Кетгим келмас умид боғидан. Омонлашсин ўсма билан қош, Ҳайрон қотсин хазонрез фаслим. Мени ташлаб кетмагин бардош, Осонгина бўлмасман таслим. Кун сўрайман ҳорғин жонимга, Мағрурликнинг баланд тоғидан. Ўт кетса ҳам хонумонимга, Кетгим келмас умид боғидан.