ҲИЁНАТ №5 ёҳуд ФАРИШТА НИҚОБИДАГИ ШАЙТОНЛАР...

(11 -12 қисмлар)
Орадан уч тўрт кун ўтиб акам Россиядан қўнғироқ қилиб "Сени ишинг бўйича яхши адвокат топдим. Минг доллорга чёрныйдан чиқишига ёрдам бераман деди. Жўнатган документларингни унга олиб бориб кўрсатгандим яна бир нотариусдан тасдиқланган қоғози оригинали камлигини айтди. Шуни ҳам қилиб тезроқ бирортасидан менга юборсанг адвокат ишини бошларди." - деб қанақа документ қилишимни айтди.
Эртаси кун ўз яшаш жойимдаги шахарчада жойлашган нотариусга бориб айтилган қоғозни ўн дақиқага қолмай қилиб чиқдим. Бу ишим осон бўлганига хурсанд бўлиб уйга қайтдим. Икки кундан кейин Андижондан Москвага самалёт учишини билганим учун Маҳбуба опа билан учрашиб суҳбатимизни давом этдирмоқчи бўлдим. Ўзи у билан ҳайирлашган кунимиздан бери менга бир неча бор қўнғироқ қилиб "қачон учрашамиз?" деб сўрайвериб бездирганди. Ўзимни ҳам уни қаро ўтмишида яна қандай жирканч ишлар қилгани қизиқтириб қолганди. Маҳбуба опага қўнғироқ қилиб "Индингга Янги бозордаги жойимизда учрашамиз" дедиму лекин аэропортда ишим борлигини айтмадим. Ўзимча "Аввал ўзим аэропортга бориб бирорта одам топиб қоғозни бериб юбораманда кейин Маҳбуба опа билан ҳотиржам учрашаман." - дедим.
Орадан икки кун ўтиб Андижон аэропортига бордим. Борганимда бироз кеч қолай дебман. Москвага учадиганларни аэропорт дарвозасидаги милиция ҳодимлари бирма бир паспорти ва билетини текшириб ичкарига киритаётган экан. Таксидан шошганча тушиб қатор турган одамлар ичидан аёл кишилар бормикан дея кўзим билан излаб бир чеккада навбатини кутиб турган ёши каттароқ , савлат тўкиб , бўйни , қўли тиллага бурканган , қўлида айфон телефон ушлаб турган аёлни кўрдим. Уни олдида икта содда кийинган эркак киши ҳам у билан гаплашиб туришарди. Уларни олдига бордимда салом бериб гап бошладим.
- Сизлар ҳам Москвага учасизларми ?
- Хм.
Ҳалиги аёл гердайганча кўз қирида менга қараб "хм" дедию жим бўлди. Олдидаги икки содда кийинган эркаклар менга қараб юмшоқлик билан :"биз учмаймиз , опамни кузатгани чиққанмиз" деди. Шундан билдимки бу бойвучча аёлни булар укаларилигини. Кейин опага мурожат қилиб :
- Опа сиздан бир илтимосим бор эди. Шу биттагина қоғозимни ўзиз билан олиб кетсанггизу у ёқда мени акам сизни аэропортда кутиб оларди.....
Ҳали гапим тугамасдан аёл қўлини қимирлатиб:
- Йў , йў , йўқ.! Мени бунақа ишларга аралаштирманг тинчгина кетай .- деди.
- Вой опажон бу оддий документ қоғозику , мана ўқиб кўринг.
Унга қўлимдаги конвертга солинган бир дона печатли қоғозимни очиб кўрсатдим.
Опа кўз қирида қўлимдаги документда ёзилган ёзувларга қараган киши бўлдию юзини тунд қилиб шартта бошқа томон қараб :
- Барибирда ! .... Керекмас мен ўзи зўрға кетяпман. - деди дўнғиллаб.
Уни гапларидан укалари ҳижолат бўлиб бири "Опа опкетовур бу қоғозни нима оғири бор , сумкангни бир чеккасида кетадида. Одамга савоб ҳам керагу ол " - деб опасига қаради. Бу гапни эшитган опани аччиғи чиқиб ,қошини чимириб "Сен ниманиям билардинг ? Кетадиган менми ё сенми ? Ў ичкарида қўл сумкаларни очиб ичидаги бор нарсаларни бирма бир текширишади. Шу қоғозни деб бир балога учрамай энди" деб укасига қовоқ уйиб дўқ қилди. Иккинчи укаси уни гапидан ҳижолат бўлиб кетди шекилли менга қараб "Опам гражданства оганда ўшанга ҳаммаёқни билади" деди.
Бошқа иложим қолмагани учун опадан бошқа одам тополмаслигимга ақлим етиб яна бир бор илтимос қилишга қарор қилдим.
- Опа илтимос шу конвертдаги қоғозни олиб кетинг пулини бераман. - деб пул олиш учун сумкамни кавлай бошладим.
Пул сўзини эшитган опани туриши ўзгариб сумкамдан қанча пул чиқишини кута бошлади.
- Мана опа ҳизматизга рози бўласизда а ?
Унга рус пулидан 100 рубль узатгандим кўзлари чақнаб , гапириш тонини ўзгартириб , соҳта табассум ила :
- Майли розиман беринг канвертизи. Акезга мана бу номеримни бериб қўйинг ишдан қолиб айрапортга чиқиб овора бўлмасин. Мени исмим Соҳибахон , палон метрода тураман. Метродан чиқишига икки юз метр ҳам етмайдиган жойдаги домда , биринчи этажда яшайман. Ҳоҳлаган пайт домимга бориб телефон қилса қоғозизи опчиқиб бераман. ....
Боягина менга қўпол жавоб бериб қоғозни умуман олиб кетишини хохламаётган аёл 100 рублни қўлга киритиб , кайфияти чоғ бўлиб энди ҳатто Россиядаги манзилию , қўл телефон номеригача менга ёзиб бериб "Сиз ҳавотир олманг посилкайизи эгасига етказаман" деб худди жигарлардай мен билан ҳайирлашди. Ҳа пул ўлсина , пул ўлсин.... Бу ишимни ҳам ҳал қилиб акамга қўнғироқ қилиб вазиятни тушинтирдим. Акам "Яхши бўптида ўзи ишларим кўпайиб кетганди , ишдан кечки пайт чиқиб Соҳиба опангни домига бориб опкеларман унда." - деди.
Ана энди Маҳбуба опага қўнғироқ қилсам ҳам бўлади дея қўлимга телефондан уларга қўнғироқ қилдим.
- Ало Маҳбуба опа яхшимисиз ? Қаердасиз ?
- Яхшимисиз Дилорахон ? Сизни қўнғироғинггизни кутиб Янги бозорда прашка еб чой ичиб ўтирибманда ука. Ўзиз қаердасиз ?
- Ўн дақиқага қолмай олдизда бўламан.
- Вой келяпсизми ?
- Ха йўлдаман. ...
Маҳбуба опа билан Янги бозорда ҳар доимги жойимизда учрашдик .
- Келдизми айланай ?
- Ҳа келдим ... узр а опа бироз ишларим чиқиб кеч қолдим.
- Узрга хожат йўқ ука.
- Қоринни яхшилаб тўйғазиб олдизми ?
- Ҳа (кулиб) ичимда қурт борми дейман еганим танамга юқ бўлмай тез қорним очиб кетадида.
- Энди суҳбатимизни келган жойидан бошласак а ?
- Қайси жойига келувдим ўзи?
- Сиз менга "Ҳиёнат 2" ҳикоямдаги Боҳодир ва уни укаси Қодир иккаласини Россиядаги ҳаётига ўхшаш воқеа сизда ҳам бўлганини айтгандиз.
- Ҳа бўлди ёдимга тушди.
- Лекин мен сиз у ҳақдамас аввал Равшан аканггизни ҳиёнатига ҳиёнат билан жавоб бермоқчи бўлган жойиздан бошлашинггизни хохлардим.
- Яхши.
- Икки қулоғим сизда.
- Равшан акам менга бошқа хотини борлигини айтиб "ҳоҳласанг шу , ҳоҳламасанг ана катта кўча энангни уйига кетавер" деб агар уйга кетсам уйимдагиларга мени барча аҳмоқлигимни айтиб беришини , эрга тегсам эримни уйига бориб ҳоҳлаган ишини қилишини айтганида жинди бўлаёздим. У билан ажрашолмаслигимни билиб , отамни уйига ўзим сиғмасдиму энди шу аҳволимда сиғармидим дея қон йиғладим.
Кўп сиқилиб йиғлаганимгами ўзимни анча олдириб қўйгандим. Ой куним етмай нимжонгина ўғил туғдим. Бола чала туғилганлигига , уни эплолмаганимга эримдан доим гап эшитардим. Бошқа хотинини мақтаб , ундаги ўғлини қанақа ўсаётганини гапириб мени камситарди. Бир пайтлар ўлдим , куйдим деб мени севган эримнинг ниқоби очилиб уни ҳақиқий башарасини кўра бошладим. Тўғри мен ҳам оппоқ эмасдим... шунинг учун ҳам уни олдида тилим қисиқ , унимни чиқармай яшардим. Равшан акам уйга келиб кийимларини кийиб ясаниб бошқа оиласи олдига кетаётганини айтганида ортидан ғудраниб қарғаб : "Илоҳим шу кетишингда машинани тагига кириб кетиб ўлигинг келсин" , "Турқинг ўчсин ҳароми бир ўйнашининг (хотининг дегани чидамасдим) сени шантаж қилиб қаматиб юборсайди роса хурсанд бўлардим. " - деб ундан нафратланардим. Эримни ўзимга оғдириш учун нималар қилмадиме.... бахшига бориб истма совутма қилдим ҳам наф бўлмади . Оҳири "уни фарзанд билан босаман" деб ўғилчам беш ойлик бўлмай яна ҳомиладор бўлдим. Ҳомиладор бўлганимни ҳеч кимга айтмадим. Агар эмизиклик аёл ҳомиладор бўлса гўдагини эмизишдан тўҳтатиши кераклигини билмаганим учун ўғлимни эмизаверибман.... Ўзи ўғлим нозик туғилганди , мени уқувсизлигим учун "сутариқ" бўлиб касал бўлиб қолди. Қайнам мени уришиб берганда "бўйимда бўлиб қолганини билмай қолибман" деб ёлғон гапирдим....
Кейин вақт соати келиб қизим туғилди. Қизимни кўрсанггиз дўмбоқ соғлом эди. Қайнонам болларимни катта қилишда менга анча ёрдам берди , лекин эримни менга нисбатан юраги юмшамади ҳам. Уйга келганда ўғил - қизимни қўлига олиб сал пал эркалатиб қўярдию менга бепарводай. "Шимимни дазмолладингми ? Ўтган сафардай Андижон - Аравон қилиб икки чизиқли қилмадингми ? Сал ўзингга қараб , одамга ўхшаб кийинсанг ўласанми ? Бошингдаги рўмолинг қийшайиб ётибди , ўзи оҳриги мартта ойнага қачон қарагансан пари пайкал ? Кундошингни кўргансана а ? Қара қанақа чертиниб кийиниб , ўзига қараб юради" деб устимдан кулиб , мени камситиб эрмак қилар , кундошимни тинмай мақтарди. Мен ўзи бирин кетин туғилган икки гўдагимдан ошинмай оҳирги мартта қачон ясанганимниям эслолмасдим. Эримнинг оғзини тўлдириб кундошимни мақтаб , мени ер билан битта қилиб камситиши жон - жонимдан ўтиб кетарди. Ундан нафратланиб ортидан қарғаниб қолардим.
Ойлар , йиллар ўтиб оҳларим Худога етдими кундошим эрим билан нимадир бўлиб уришиб кетибди. Нима бўлганини билмайману уруш шу даражага бориб Равшан акам суюкли хотинига қўл кўтариб уриб қўлини синдирибди. Хотини шарт банисага бориб ётиб олиб уни устидан мелисага шикоят қилиб , уни киссовирликда , гиёҳванд моддалар сотишида айблаб , ўзи ҳам чекишини , уларни беркитиб сақлаётган жойини айтиб , яна аллақанча гуноҳларни бўйнига қўйиб таниш прокурорлари орқали жуда кўп йилга қаматиб юборди. Эрим қамалишидан олдин менга ялиниб кечирим сўради , суюклик хотинини ялмоғиз деб айблаб мени севишини айтди. Мен энди унга ҳечам ишонмасдим , ачинмасдим ҳам . Тил учида унга ҳамдард бўлганим билан ичимда қамалаётганини эшитиб "баттар бўл , ўзи буям сенга кам... ўша ўйнашинг одам ёллаб ўлдириб юборганда заб сендан қутилардим" дегандим.
1997 - 1998 - йиллари акаларим баҳорда Россияга ишлагани боришиб кузда яхши пул билан қайтишди. Келаси йили мендан кичик уйланган укаларимни ҳам бирга олиб кетишмоқчилигини эшитган катта опам Манзура "Мени эримни ҳам олиб кетинглар" деб туриб олди. Иккинчи опам Ҳайтхон бўлса "Йўқ мени эримни олиб кетишади" - деб катта опам иккиси гап толашишган. Ўшанда мени эрим қамалганига бир йилча бўлиб қолганди. Мен қайнамни ҳизматини қилгим келмай икки боламни еталаб "Қачон ўғлиз қамоқдан чиқса ўшанда келамиз" - деб отамни уйига қайтиб келгандим. Мендан кичик укаларим ҳам анча улғайишиб ғирт безори кўча болалари бўлишганди. Қаерда жанжал , тўполон бўлса ўша ерда ҳеч бўлмаганда битта укам бўларди. Мен бўлса уйда ўтириб уларни хотинига кун бермай қайнапалик қилардим. Эрим янги қамалган вақтлари эрсизликка чидамадим. Ҳар замонда болларим билан Аравонга борганимда ёшликдаги севишиб юрган йигитларимни кўрардим , уларга ўзим атай қош учириб гапга солиб ёшликдаги учрашганларимизни эслатиб қўйниларига қўл солардим. Улар ҳам бари уйланибу бола - чақалик бўлиб кетишганди. Лекин мен анча муғомбир ва айёрлигимга ўйлаган режаларимни амалга ошириб , ўз нафсим қулига айланиб , бир пайтлар аҳд қилганимдай эримнинг ҳиёнатига ҳиёнат билан жавоб қилиб қасдимни ола бошладим. Қармоғимга илинган бир икта эски , қадирдон ошиқларимни кўнглини овлаб чўнтагимга улар шу ишим учун берган пулларни жойлаб таралла бедод қилиб яшай бошладим. Ҳар онамни уйига борганимда ўша пулларга ўзимга , болаларимга янги кийимлар олиб ясанардик. Қайнонамга "онам олиб берди" деб онамларга буни тескарисини айтардим. Қайнамни уйига борганимда қўлимда пакет тўла ширинликлару ўйинчоқларни кўрсатиб "акаларим жиянларига отаси йўқ ўксишмасин деб оберишди" деб ўзимни уруғимни ёлғондан мақтардим. Ҳолбуки мени акаларим болаларимга битта қанд ҳам илинишмасди. Топганини ўзини болаларига едириб , кийдирарди.
Менга ҳадеб Аравонга бориб келиш эриш туйилди. Кейин болаларим анча каттайиб ўзларини эплаб қолганига қайнамни ҳизматини қилгим келмай , ошиқларим билан яна ҳам яқинроқ , кўпроқ алоқалашгим келиб эримни қамалганига бир йилча бўлганида болаларимни олиб Қирғистонга , ота уйимга қайтдим. Ана энди болаларни келинларга ташлаб ҳар ҳил баҳона қилиб "қайнонамникига бориб келай" , "синфдош қизлар тўпланиб биттасиникида ўтирмоқчийдик" ... шунга ўхшаш гаплардан тўқиб , уйдан чиқиб учрашувга кетардим. Учрашувдан кайфият чоғ , чўнтак эса ҳорам пулга тўла , қўлимда ширинлик тўла пакет билан қайтардим. Ўғил қизим мени пакет кўтариб келаётганимни кўриб роса хурсанд бўлиб қандларни талашиб ейишарди. Болаларимни шунақа ҳорам луқма бериб катта қилгандим. Келинларим мени юришимдан ҳабар топгандай бўлардию ўзимга ботиниб айтишолмасди. Қўрқишардида..... лекин ҳар замонда "Палончи ака сизни ёшлигида қаттиқ севиб қолиб сизга уйланаман деб роса орқайиздан югурган экан а опа ?" - деб сўрашса мен жинди улар пичинг қилиб устимдан кулаётганидан беҳабар "Ёшлигимда роса кетворган қиз эдимда , шу қишлоқни ярмидан кўп йигитлари менга ошиқ бўлишган" деб мақтаниб қўярдим. Кейинчалик билсам алоҳида бўлиб кўчиб чиқиб кетган акаларимни хотини укаларимни хотинларига мени историямни ҳаммасини айтишиб беришган эканди. Келинлар мендан сўраган ёшликдаги ошиқларим ўша пайтда хушдорларимлигини билишларини , мен қинғир қадам босиб юрганимни кимлардандир эшитишларига ақлим етмаган экан. "Ҳеч ким билмайди , сезмайди" дебману кайфимни қилиб юраверибман.
Сиз балким "Нега укаларингни хотинлари эрларига сени юришларингни айтмаган?" дерсиз. Юқорида айтганимдай укаларим кўча безорилари бўлишган. Уларни тинмай устидан шикоят тушиб мелисахонага чақиртиравергач ўзим ўша мелисаси билан бориб гаплашиб , кўнглини олиб ишни бости бости қилиб келардим. Укамларга "Ишингни ҳал қилдим , мелиса мени танишим чиқиб қолди" деб бир нарсаларни ичимдан тўқиб ўша мелисани салакам ўзимизга қариндош ҳам қиворардим. Энди укамлар бирор ишкал қилишди мени олдимга келиб "Опа ўзиз гаплашиб келинг" дейишарди. Уларни еталаб мелисахонага борардим. Мелиса укамларни мени олдимда сўкиб қаттиқ тегиб "Шу опанг билан қадирдонлигимиз хурмати сенларни қўйвораман. Агар опанг бўлмаганида қамалишардинг опангга рахмат дейиш."- дер , мен бўлса "Бўлди акажон иккинчи бунақа қилишмайди " деб укамларга "бориш уйга кетишовир , мен ишларингни ҳал қилиб кейин бораман" деб мелисажонни кўнглини овлагани қолардим. Шунинг учун укамлар хотинига мени ёмон дедирмас , агар болларимга сал қаттиқроқ гапиришиб қўйса ҳам кунини кўришарди.
Шу укаларимдан ҳамма безор бўлганига акамлар "Россияга бориб ишлашса сал ақл кирар" - деб уларни ўзи билан олиб кетишмоқчи бўлишган. Икки опам бўлса ўз эрларини қўшиб жўнатиш пайига тушишганди....
Март ойининг ўрталарида жигарларим сафарга ишлагани отланишди. Акаларим бир нарса қилиб икки опамга "Бу сафар укаларимизни олиб кетайлик .... янаги сезонда икковингниям эрингни олиб кетамиз. Кўришяпсану буларни дастидан ҳеч кимга тинчлик йўқ... Россияга обориб бир бурнини ишқаб ишлатиб келайлик мусофирни нонини еб зора одам бўлиб қолишар" - деб авраб зўрға тинчлантиришди. Опаларим ҳам паст келмай "агар эрларимиз янаги йил боришса бизни ҳам олиб кетасизлар " дейишди. ...
Баҳорда кетишган жигарларим кузда мусофирликдан ишлаб қайтишди. Келаси баҳорда катта акам опамларга "Сенларга Россияда нима бор ? Уйда бола - чақангни боқиб ўтиришавер , эрларингни майли олиб кетайлик" деганда Ҳайит опам "Мен эримни ёлғиз жўнатолмайман бирга бораман . Қайнонамлар ҳам ўзиз бирга боринг дейишди" - деб туриб олди. (Аслида опамни эри сенсиз ҳеч қаёққа бормайман деб туриб олган экан) Манзура опам "Ҳайит борса менам эримга қўшилиб бораман" деди. Укаларимни бири "Агар опамлар борса мен ҳам хотинимни олиб кетаман" деб кулди. Шундай қилиб жигарларим ҳаммаси битта автолайн заказ қилишиб Аравондан Бишкекгача машинада кетишди. Бишкекдан поездга ўтиришиб Россиянинг Москва шаҳрига йўл олишди. Улар кетганидан кейин менга мазза бўлдида... "Ҳей дегани хўжам йўқ , ўзимга хон кўланкам майдон.."
- Маҳбуба опа узр гапинггизни бўлдим. Шунча ишлар бўлиб ўтгунча ҳеч отанггиз ҳақида айтмадинггизку... улар ҳақида эшитганим биринчи эринггизни оиласи сизни ота уйизга шармандаларча ташлаб кетишганида буни кўтаролмай юраги хуруж қилиб шифохонани реанимация бўлимига тушиб қолгани бўлди. Ундан кейин отанггизга нима бўлди ? .... Сиз иккинчи мартта турмуш қурдиз , бола - чақали бўлдиз , қанча йил ўтди.... эриз қамалди , қамалганига бир йил бўлганда ота уйига қайтдиз.... яна акалариз бир икки мартта сезон пайти Россияга бориб келди .... Энди икки опанггиз эрларига қўшилиб ҳамма жигарлариз мусофирга кетганини айтдизу отанггиз ҳақида ҳеч нарса демадиз...
- Ээ отамми...? Сизга айтувдимку отам ювош , мўмин одамлигига бор йўқлиги ҳам биз учун билинмасди. Мана сиз шунгаям эътибор берибсиз , мен отам борлиги , у ҳақда айтиш ҳам эсимдан чиқибди. (кулади) Отам анчагача банисада ётиб тузалиб чиқдию нимжон бўлиб доим кўрпа тўшак қилиб ётиб оладиган бўп қолди. Уйда жанжал бўлса секин гапириб "бўлди қилиш эшитган қулоққа яхшимас" деб бизга танбеҳ берса опамлар уни жиркиб "Сизга нима ? Еб ётишдан бошқага ярамасанггиз .. жимгина қисиб ётавермайсизми ?! Сизни бориздан йўғиз яхши" деб жиркиб ташлашарди. Ака - укаларим ҳам "Ота бўлиб бизга нима қилиб бердиз ? Қаср қурдизми ? Ё ҳаммамизга машина олиб миндириб қўйдизми ? Сиз потиратиб туғдиришни билгансиз ҳолос хўроз . Одамларни отаси палон қилган , ўзидан кейин етти пуштига етадиган мерос қолдирган ! Сиз ўлсайиз бизга нима қолади ? Шу томи қийшиқ уйинггизу битта васмёрка велосипетиздан бошқа ҳеч вақойиз йўқ !" дейишиб сўкиб, нари - бери олиб келишарди. Отамга ўз фарзандларидан кўра келинлари яхши гапириб ҳурматини жойига қўйишарди.
- Хм... падарга бўлган хурматинглар шумиди ? Шунинг учун отанггиз ўлган куни ҳам уни борлиги , жанозаси бўлаётгани эсинглардан чиқиб бир бирларингни гўштингни еган экансизларда а ? Эссиз....эссиз...
- Эээ ўзи лаллайган бўш бўлса нима қилайлик. Акамлар тўғри айтганда бошқаларни отасига ўхшамасдида. Онам ўзи уни эр ўрнида кўрмасдию...
- Бу ишинглар бўмабти.... Сизга насиҳат ўқишга ҳали ёшлик қиламану , лекин отани хўрлаганларни бири икки бўлармикан ?
- Хах ... у ишлар ўтди кетди... ўлган ўлиб кетди. Энди минг дод солсак ҳам қайтиб келмайдию ... қўёвринг гўрида тинч ётсин энди.
- Бўлди гапирмадим. .......
- Мендан ҳафа бўлмангда , мен ўзи шунақа борини дангал гапираман . Онам доим бизни олдимизда отамга қаттиқ гапириб уни эр ўрнида кўрмаганига биз ҳам унга шунақа қўпол муомилада бўлганмиз. Отам ўлганда ҳам синглим Гулмирадан ташқари бирортамиз чин дилдан йиғламаганмиз ҳам.
- Ҳа майли ..... бўлмаса гапинггизни келган жойидан гапираверинг.
- Нима деятувдим ўзи ?
- Ака - укалариз , икков опангиз эрлари билан Россияга ишлагани кетишган жойига келувдиз.
- Ха бўлди эсладим.. Шундай қилиб отамдан ташқари оиламизнинг ҳамма эркаклари
ишлагани мусофир юртга кетишди. Орадан бир ой ўтиб катта опамни эри қурилиш ишига ярамай бели оғриб , касал бўлиб Қирғистонга қайтиб келди. Ҳайит опамни эри ҳам "Мен қурилишда ишламайман совуқ экан " деб опамга ёпишиб "Сен билан бирга ишлайман" деб туриб олибди. Икки опам ва бир укамни хотини бирга метро олдида кўкат сотишиб пул топишган. Ҳайит опамни эри қурилишда ишлашни хохламай , жонини қадрига етиб уларга қўшилиб олган. Кейин Манзура опам билан укамни хотини шерик бўлган , Ҳайит опам эри билан . Катта акаларим қурилишда ишлаб юришавергану учинчи акам Баҳтиёр ва хотинини олиб кетган укам Мирзоҳид ҳам поччамни орқасидан шаҳарга келиб опамлар билан битта алкашни квартирасида яшай бошлашган. Баҳтиёр акам кўча кўрган , укам Мирзоҳид ғирт ўғри бўлгани учун иккаласи бирикишиб Москвадаги Казанский вакзалда ўғрилик , киссовурлик қилишиб анчагина мўмай пул йиғишибди. Уларни ҳар куни кечаси ошхонада кўп пул санаб бўлишаётганини кўрган Ҳайит опам куйикиб кетиб "Мунча пулни қаердан олишяпсан ? Мени эримни ҳам ўзларингга шерик қилиш " деган. Баҳтиёр акам уни гапига рози бўлмай "Сизи эриз бунақа ишга ярамайди"деб Казанский вакзалда нима ишлар билан шуғулланишларини айтган. Ҳайит опам уларга "Эрим ярамаса мана мен ярайман" деб уларга қўшилиб олади. Тунгги Казанский вакзалдаги ўғриликларни бирида укам Мирзоҳид ва Ҳайит опам мелисаларни қўлига тушиб қамалади. Ўшанда опамни сумкасидан майда пакетчаларда анчагина гиёҳванд моддалари ҳам топилганмиш. Баҳтиёр акам "мелиса аёлларни текширмайди" деб опамни сумкасига наркотик солиб керакли жойга етказиб берса эвазига яхшигина пул беришини айтган . Опам кечга метро олдида кўкат сотиб юришдан шу йўл билан осон ва кўп топишни азал кўрган. Эрига наркотик сотиб юрганини билдирмаган ҳам. Почча "хотиним укалари билан ишлаяптику " деб кўнгли хотиржам Манзура опам ва келинга Бауманскдаги оптом бозордан кўкат ташиб юраверган. У Баҳтиёр акамдан нима иш қилишини сўраганида "Казанскийда катта - катта сумка , қопларда юк ортиб , юк туширамиз , опам бизни қанча юк ортганимизни , ишимизни ёзиб қорнимиз очса у - бу нарса олиб келиб бериб туради." - деб алдашади. Ҳайит опам қамалиб қолганда уйдагиларга "Вакзалда Мирзоҳид битта қизга гап отиб қўйган экан ўша қизни акаси билан уришиб кетишибди. Шунда Ҳайитхон уларни ажратаман деб орага тушган пайт уларни мелиса босибди. Иккаласини группавой уришган деб қамаб қўйибди. Бироз тергов қилиб штраф солиб қўйиб юборар экан" деб қўйишган. Аравондагилар опам ва укамни қамалганини билишмагану , лекин опамни қайноналари томондан кўпчилик Москвага бориб ишлаганига "Равшанни келин аяси Казанскийда наркотик билан қўлга тушиб қамалибди. Уни телевизорда "новости"да кўрдик." - деб гап тарқатишган. Ёмон гап тез тарқайди деганларидай бу гап бутун қишлоққа ёйилиб опам "кун янгилиги"гамас "йил янгилиги"га айланганди. Шу ишдан сўнг қайнамларни боши эгилди. Поччамни бир кунда сочи оқарди. Негаки уйда учта боласи бор , улар онасини сўраса нима дейди ? Икта каттасию ақли кириб анча катта бўлиб қолишганди. Кенжатойи Сардор энди уч ёшга кирганда ҳамма боласини қайнасига ташлаб эр - хотин ишлагани кетишганди.
Ўшанда акамлар , укамлар ҳаммаси маслаҳат қилишиб "Ҳаммамиз ишлаб топганимизни бир қилиб тўплаб Ҳайитхонни қамоқдан чиқармасак бўлмайди. Агар уни наркотик билан қамалганини ўзимиз томондагилар билишса эл олдида шарманда бўламиз. Мирзоҳид ўғил бола унга жин ҳам урмайди. Ўзимиздаям тинмай ўн беш суткага қамалавериб ўрганиб қолган. Қирғистонда қамоқда ётди нима Россияда ётди нима.... унга бари - бир. Ҳайитни учта боласи , қайнона - қайнотаси бор. Яна буниям эри бошқасига уйланиб , учта боласи кўчада сарсон бўлиб қолмасин" - дейишибди.
Ҳаммалари ишлаб топган бор пулини йиғишибди , кейин яна неча ой ишлашиб шу опамга адвакат ёллаб қамоқдан чиқармоқчи бўлишган. Бир сезонда ҳаммасини ишлаб топгани опамни қамоқдан чиқаришга кетган. Уйга қуруқ қўл билан қайтишганиям бўлди , қиши билан ишлаб ойлигини турмага ташигани ҳам бўлди. Ҳайит опам ва укам Мирзоҳидни наркотик билан қамалганини эшитган отамни иккинчи мартта юраги хуруж қилиб бу сафар анча оғир касал бўлди. Ҳайит опам роппа роса бир йил Россия қамоғида ётиб , ака - укаларим пули ёрдамида жазо муддати енгиллашиб озод этилди. Опам қамоқда ётиб ўпка касал дардини оширган экан. Қамоқдан чиққанида тўғри ота уйига олиб келишди. Ранг рўйини кўрсанггиз бир аҳволда эди. Унга дори дармон таъсир қилавермагач оҳири илон шўрва , ит сўйиб шўрва қилиб ичиришди. Итнинг энг кучли дармон дори , ҳар қандай совуқни кесувчи ёғи унинг панжалари орасида бўлармиш. Опамни тузалиши учун безори укаларим кўчада кўрган дайди ит борки сўйиб гўшт ёғини олиб келишар , ўзлари алоҳида қозон осишиб ўша гўшт ёғдан ҳар куни шўрва қилиб опамга ичиришарди. Опам уларни "ит сўйдик" деганини ётган ерида эшитиб қолганида "Менга ит гўштидан шўрва қилишдингми ? Ичмайман !" деганда иккинчи ювош акам "Ит гўштимас бу қўй гўштию қара " деб опамни ичиши учун у билан ўтириб ҳаммаси шўрва ичишган.
Ойлар ўтиб опам ҳеч нарса бўлмагандай тузалиб кетиб яна баҳордан Москвага бораман деб туриб олди. Кейин эри иккаласи бориб метро бошида кўкат сотишган. Катта опам Манзура эри уйга кетганидан кейин ўзидан ёшроқ битта эркакга тегиб олиб ўша билан алоҳида яшаб ишлайверган. Қамалиб кетган укамни хотини ҳам бошқа миллат эркакларига қўлма - қўл бўлиб яшабди. Ўша келинимиз Ҳайит опамдан қўрққанидан шу - шу кўзимизга кўринмай Россиядан тўғри отасини уйига кетган. Ўз қишлоқдагиларига "эрим қамалиб кетганига ажрашдим" деб ёлғон гапирибди. ( Бу келинни Ўзбекистондан олганмиз) Келинимизни укамдан битта ўғли бор эди. Эшитишимча хозир ўша келинимиз отасини уйи томонидан чек олиб ўғлига данғиллатиб уй солганмиш , оғзи тўла тилла тиш бўлганмиш... тагида янги чиққан машина бормиш. Укам бўлса уч - тўрт йил Россия қамоғида ётиб кейин озодликка чиққанда унга камбағал оиладан ўтириб қолган қари қизни хотин қилиб обердик. Бу пайтлари мендан тўйиб кетган ака - укаларим кенг далани ўртасига каталакдак икта хонали уй солиб икки болам билан янги чекка чиқариб қўйишган эди. "Сиздан нега тўйган ?" дерсиз ? Аввало уларни болаларию хотинларига кун бермасдим. Кейин суюқоёқлигим ҳаммага овоза бўлганди. Бу ёқда ҳеч ерда ишламасдан икки болам билан боқиманда бўлиб ўтиргандим. .... Шунинг учун уйдагилар "бизни кўзимиздан нари бўл , ўша ёқда ит ҳам билмайди билган б**ингни еб ўтираверасан" дейишган. Мен ҳам уларга қасдланиб "Мана сенларга бўлмасам ! Энди ҳоҳлаганим билан ҳоҳлаганча юраман ..." деб ифлос ишларни қилганман.
Кузда Ҳайит опам эри билан Россияда яхши ишлашиб қайтишди. Уларни келганини эшитиб икки боламни еталаб қайнамникига бордим. Опамга ҳаммамиз дастурхон устида гаплашиб чой ичаётганимизда атайлаб "Опа янаги сафар мени ҳам бирга олиб кетинглар , икки болам билан қийдланиб қолдим" дедим. Қайнонам мени гапимни маъқуллаб "Ҳайитхон рости ҳам синглизи бирга олиб кетсайиз яхши бўларди" деганда қайнонасини олдида нима дейишни билмай қолган опам ноилож рози бўлган.
Келаси баҳор икки боламни онамга қолдириб Ҳайит опам , почча , уларни кенжатой ўғли Сардор ва мен бирга Москвага кетдик. Опамга "Нега Сардорни олиб кетяпсиз ? У билан ишлайолмайсизку" десам "Ёш бола билан мелиса йўлимни тўсмайди" деди. Ҳайит опамдан Манзура опамни эри туриб шу ёқларда ёш эрга тегиб олганлиги ҳақида эшитганимда ичимда катта опамга ҳавас қилиб кетдим. Ташимда бўлса "Опам ақлини еганми ? Қизлари эрга тегадиган , ўғли уйланадиган вақтда жинди бўлибдими ?... Жа мени жалабдан олиб жалабга соларди ... ўзи энди ким деган одам бўлди ? Менику эрим қамалиб кетиб болларимни бақолмай қолганимга шу иш билан тирикчиликни ўтказгандим ... Манзура опамчи ? Уни эри қамалмаганку..." деб лабимни бурдим. Ҳайит опам менга қараб "Энди мени орқамдан Масквага борволиб поччангни олдида жинди қилиқларингни қилиб шарманда қимагин а ? Менга ҳам овсин , ҳам синггил бўласану.... юрсанг ҳам ҳеч кимга билдирмай , ими жимида юргин" деди. Унга "хўп" деб қутилдим , ичимда бўлса "Нима қилишни ўзим биламан" деб қўйдим.
Давоми эртага
ДИЛОРА ОСМАН ҚИЗИ

ҲИЁНАТ №5 ёҳуд ФАРИШТА НИҚОБИДАГИ ШАЙТОНЛАР... - 873016041663

Комментарии

Комментариев нет.