АРОСАТЛАР ОРОЛИ ...

Ҳикоя
( 55 - 56 қисмлар )
Орадан бир кун ўтиб мен Сусанна яшаётган ўша таниш уй томон йўл олдим. Ҳануз миямда кечаги хунук ўйлар кезарди. Уларнинг исканжасидан халос бўлишнинг
имконини тополмай халак бўлсам-да, барибир дадил ва сергак эдим. Cусаннанинг қандай муносабат билдириши мени унчалик қизиқтирмасди. Шунчаки… Бу хабардан уни огоҳ этиш бурчим эканини англаганим боис айтишга қарор қилгандим. Ана, Ленанинг кўримсизгина квартираси. Темир эшикка қопланган матони чанг босибди. Гўё кўп йиллардан бери бу уйга одам қадами етмагандек…
Юрагим беихтиёр ғаш тортиб оҳиста эшик қўнғироғи тугмачасини босдим. Шу заҳоти Ленанинг жарангдор товуши янгради.
— Ким у?
Индамадим. Қайтадан қўнғироқ тугмачасини босдим.
— Уф-ф! Ким бўлдийкин?..
Эшик очилди ва рўпарамда қовоқлари уйилган Лена ҳозир бўлди. У менга бошдан-оёқ менсимаган кўйи разм солди-да, боши билан ичкарига ишора қилди.
— Кирақол! Хониминг ичкарида!
Кирдим. Анчадан бери таъмирланмагани сабабми, квартира ичкарисидан зах ҳиди уфурарди. Бошимни сарак-сарак қилганча Лена кўрсатган хонага ўтдим. Очиғи, Сусаннанинг ўзи мени қарши олмагани алам қила бошлаганди. Шунинг учун остонада пайдо бўлиши билан унга қовоғимни уйган ҳолда совуқ тикилдим.
— Келдингизми? — сўради Сусанна мулойимлик билан.
— Нега кайфиятингиз йўқ? Шаҳнозангиз тузукми ишқилиб?...
Тилим танглайимга ёпишган каби тек қотдим. Гапни нимадан бошлашни била олмай ҳалак бўлдим. Кўнглим айтишга, ҳаммасини тўкиб солишга ундади. Лекин ҳадеганда журъатим ета қолмади. Энди Сусаннани йўқотишдан қаттиқ қўрқа бошладим. Ўзимча ёлғондан «яхши, юрибди, ҳеч гап йўқ» дегим келди. Бунга ҳам тилим айланмади. Қайсар қалбим виждонимни опичлаган кўйи ростгўйлик томон талпинаверди…
— Нега индамайсиз? — сукутни бузиб сўради Сусанна.
— Гапирсангиз-чи! Шундоғам юрагим тўкилиб турибди. Сизам қийнаманг-да!..
— Майли, айтаман… — дедим тутилиб. — Фақат…
Хуллас, сен учун яхши хабар бўлмайди бу.
— Нимага?.. Оғирлашиб қолдими у?..
— Ким? — атайин гапни айлантиришга уриндим. — Кимни назарда тутяпсан?
— Вой, тавба, кимлигини билмайсизми? Шаҳнозангизни айтяпман!
— Унга жин ҳам ургани йўқ.
— Унда қанақа ёмон хабар?..
— Йиғлаб юрагимни эзмайсанми? Айт!...
Худойим, бунчалар оғир бўлмаса синовларинг? Наҳотки мени хотинбозга айлантириб қўйган бўлсанг? Қайси айбим учун? Икки аёл ўртасида қолиб кетиб хароб бўлмоқдаман- ку! Бу чигаллик тўридан қандай халос бўлай? Униси ҳам, буниси ҳам хокисор! Қай бир йўлни танлай, ахир?.. Йўқ, бу бедодлик ортиқ такрорланмаслиги керак. Бардошим қолмади. Таваккал қилишим, бошимни баланд кўтарган ҳолда ҳақиқатни айтишим шарт. Биламан, Сусаннадан айрилиш ҳам силлиқ кечмайди. Бир азобимга минг азоб қўшилиши, қаддим эгилиши тайин. Аммо… На илож? Шу қисматни ўзимиз танладик. Барибир бир кун келиб шундай бўлиши аниқ эди. Айтаман, яширмайман! Ундан кейин пешонамга ёзилганини кўраман. Шартта ортимга буриламан-у, кетаман. Кетавераман… Қайтмайман!.. Фақат олдинга боқаман..
— Шаҳноза… Ҳомиладор! — дедим илкис бошимни кўтариб. — Эшитяпсанми? У ҳомиладор экан!
— Ростданми?.. — Сусанна кутилмаганда чеҳраси ёришиб, жилмайди. — Алдамаяпсизми? Шаҳноза ростданам ҳомиладор эканми?
Бу манзара мени тамоман эсанкиратиб қўйганди. Сусаннанинг даъфатан севиниши алдовми, аламми, нафратми, самимий севинчми, била олмай унга ёввойи ҳайрат аралаш бир зум термилиб қолдим.
Сусаннанинг мамнун чеҳрасига боқиб севингим келарди. Лекин кўнглимнинг аллақаерида номаълум ҳадик чарх уриб, мени ҳушёр тортишга, қўрқишга, ўйлашга
мажбур этарди. Унинг ҳақиқатан кундоши ҳомиладорлигидан мамнун бўлганига ишонгим келмасди. Ер чизганча жилмайиш аралаш сукутга толган Сусаннага зимдан боқардим-у, шубҳалар уммонида сузардим.
— «Аёл зоти бунчалар сирли бўлмаса? — ўйлардим ўзимча. — Керак бўлса, ичидаги нафратни кулги панасига беркитишга қодир!.. Наҳотки, қаршимдаги ўзим учун
суюкли шу аёл ҳам ўшалар қаторида бўлса?.. Нима мажбур этди уни жилмайишга, севинишга? Бировнинг — рақибасининг яхши кунидан гўё терисига сиғмас даражада қувоняптими? Ёки бу шунчаки хўжакўрсинга ўйлаб топган ҳийласими? У ҳеч қачон ҳийла ишлатмасди- ку!..»
— Сен нега хурсанд бўляпсан? — сўрадим эҳтиёткорлик билан. — Ахир, у сенга кундош-ку!..
— Мен бунақанги майда-чуйда нарсаларга эътибор қилмайман, — деди Сусанна бирдан жиддий тортиб. — Шаҳноза ногирон. Унинг ҳам бахтли бўлишга ҳақи бор.
— Аммо у… Мени танлади-ку! Наҳотки, шу иши сени ташвишга солмаётган бўлса?..
Сусанна оғир хўрсиниб ортга тисланди. Беихтиёр кўзларида ёш халқаланди.
— Мен ҳаётда бундан баттарлариниям кўрганман, — деди у йиғи аралаш. — Буниси нима бўпти?
— Куйдирган мен эмасми? Нега жимсан? Айт! Менми айбдор?
— Йўқ, — Сусанна кўзларимга ғамли тикилиб оҳиста елкамга бош қўйди. — Сизни асло айблаётганим йўқ, азизим! Ҳаммаси ўзимдан. Фарзандли бўлмаганимиз мени адо қилаёзди. Шунинг дастидан айрилиққа, ғам-андуҳ, дард, аламларга бардош бердим. Юрагим оғриди, оғрияпти, лекин чидашга мажбурман. Сизнинг болага зор бўлиб ўтишингизни, дардли хўрсинишларингизни кўргандан кўра, шу қисматни афзал билдим.
— Ундай дема! Ҳали ҳаммаси олдинда. Нега ҳалитдан ўзингни жарга қулатмоқчисан?
— Жарга қулаб бўлганман. Энди юқорига чиқишни сира- сира хоҳламайман. Кечиринг!
Бу гапларни эшитиб, тахта бўлиб қолгандим. Суюклигимни қандай юпатиш, ортга қайтаришни билмасдим. Ҳар бир ножўя ҳаракатим, гапим уни мендан буткул юз ўгиришига сабаб бўлишини ўйлаб қимирлашга-да қўрқардим.
— Наҳотки шу нарса бизни бир-биримиздан абадий узоқлаштириб қўйса? — сўрадим Сусаннанинг майин сочларига юзимни босиб. — Мен-чи? Нима қиламан? Менга сенсиз фарзанднинг сира зарурати йўқ эди. Агар йўқолиб қолмаганингда…
— Жим! — шивирлади Сусанна. — Тақдирга тан беришга мажбурмиз. Сиз ҳозир жуда қалтис ҳолатда турибсиз. Бир ногирон, кўнгли ярим қизнинг ҳаёти қўлингизда. Унга сиз туфайли бир нарса бўлса, гуноҳга ботасиз. Уволига қоласиз.
— Сенсиз… Сенсиз нима қиламан? Қандай яшайман?
— Қўйсангиз-чи! — беихтиёр зарда билан ўзини нари олди Сусанна. — Унгаям томдан тараша тушгандек уйланмагандирсиз? Кўнглини олгандирсиз, мақтагандирсиз, севги изҳор қилгандирсиз? Ё тонасизми?..
— Шундан бўлак чора ҳам йўқ эди. — дедим жаҳл билан деворни муштлаб. — Ким айтганди сенга ғойиб бўл деб? Нима қилишим керак эди? Сўппайганча яшайверишим
зарурмиди? Шунда таъна эшитмасмидим?
— Бу таъна эмас. Ҳақиқат. Биламан… Сиз ҳам мени севасиз. Лекин боягидай нолишингизни ортиқ тек туриб эшита олмайман. Нолиманг-да, бошингизни тик тутинг!
Ҳарқалай эркак кишисиз.
— Сен юз ўгирсанг ҳамми?
— Мен юз ўгирмоқчи эмасман.
— Унда муносабатларимиз нима бўлади? Мен уёқда бўлсам, сен…
— Муносабатимизга жин урмайди. Кўргингиз келганда тортинмай чақираверинг! Мен албатта бораман.
— Рашк қилмайсанми?..
— Бас!.. — сўзимни кесди Сусанна. — Энди кетинг!
Шаҳнозангиз ҳар хил хаёлга бормасин! Бориб кўнглини олинг!
Барибир кўнглим кўтарилмади. Юрагимдаги шубҳа- гумонлар бўғзимга қадар ўрлаб, тинчимни бузаверди. Мен Сусанна ҳақида ўйлаганим сайин қўрқувларга қул бўлишдан бўшамай қолдим. Ундан бир умрга айро яшаш хаёли миямни тарк эта қолмади. Шундай саросима ва таҳликалар қуршовида кечқурун ишдан қайтдим. Уй ичи негадир жимжит эди. Одатда Шаҳноза магнитофонни варанглатганча қўйиб ё кир ювар, ё ошхонада куймаланарди. Бугун эса бунинг акси. Сукунат. Ҳайрон бўлиб секин эшикни очдим-да, ичкарига кирдим. Қўлимдаги сумкани шкаф ёнига қўйдим-у, ётоққа
мўраладим. Шаҳноза ғужанак бўлиб олган кўйи каравотда ётарди. Тушундим. Тағин дарди хуруж қилган. Атайин дорисини ичмаган. Менинг келишимни, куйиниб сўзлашимни, қўлига дори тутқазишимни кутган.
— «Аёл зоти бунчалар эътиборталаб бўлмаса? — хаёлимдан ўтказдим қўлимга дори тўла шишани олиб Шаҳнозага яқинлашарканман. — Гўё ўзи шу дорини ичиб олса, дард чекаётганини мен сезмай қоладигандай…»
— Мен келдим! — дея аста Шаҳнозанинг елкасига қўлимни қўйдим. — Яна дорингни ичмадингми? Бу қанақаси? Қайсарлик ҳам эвиб билан-да! Қани, турақол!
Ўзим ичириб қўяман!..
Шаҳноза истар-истамас қўзғалиб ёнбошлади-да, менга дардли боқди. Унинг кўзлари ёшга тўла, юзлари, кўйлаги ёқалари жиққа ҳўл эди.
— Ие, бу нимаси? — сўрадим мулойимлик билан. — Илгари бунча кўп йиғламасдинг-ку! Ё қаттиқ оғридими? Ёки буйрагинг хуруж қилдими? Нега қўнғироқ қилиб чақирмадинг?
— Хоҳламайман, — юзини терс бурди Шаҳноза. — Ҳеч нарсани хоҳламайман! Менга меҳрибонлик қилаверманг! Бунга арзимайман!
— Э, эзвординг-да одамни ўзингам! — ростакамига жаҳлим чиқиб ўрнимдан туриб кетдим. — Бас-да энди! Арзимаган нарсани деб тушкунликка тушасан, сиқиласан!
Хўш, бирор нарса ўзгариб қоляптими? Қўй, йиғини бас қил- да, дорингни ич! Оғриқлар нари кетади, жонинг тинчланади! Бўлақол!
— Бу дардга ҳеч бир дори ёрдам бермайди, — аламли шивирлади Шаҳноза. — Овора бўлманг дедим-ку! Дори тугул, дардимга Худоям ёрдам бера олмайди.
— Шаккокликни қўй! Худойим ҳамма нарсага қодир. Яхшилик тила, албатта беради!
Шаҳноза бу гапимдан сўнг ялт этиб қаради-ю, беихтиёр елкамга муштлаб қичқирди:
— Бермади-ку ўша яхшиликни! Бермади-ку! Борлиғимни тортиб олди-ку! Яна нима қилай-й?..
— Нимани тортиб олди, нимани? Тушунтириброқ гапирсанг-чи, Шаҳноз!..
Шаҳноза илкис йиғлашдан, фарёд чекишдан тўхтаб, инқиллаганча ўрнидан турди. Уёқ-буёғини тўғрилаб олган бўлиб, менга яқин келди. Пайқамабман. Унинг ранги докадек оқариб кетганди.
— Б-болам тушиб қолди, Қодир ака!.. Болам…
— Нима?.. Қанақасига тушиб қолади? Жинни бўлганмисан? Нимага тушади?
У саволимга жавобан ўкириб йиғлашга тушди. Йиғлаганда ҳам айтиб-айтиб йиғлади.
— Мен тамом бўлди-им! Орзумдан айирди мени! Ниятларим бир пул бўлди-и! Яшашни хоҳламайман, хоҳламайман!..
Жон-поним чиқиб кетаёзди. Шаҳнозадан эшитган совуқ хабарга унинг алам ва дардга тўла ҳайқириғи қўшилиб, тамоман довдираб қолдим. Таҳлика ичида ўзим билмаган
ҳолда хонани бир неча марта айланиб чиқишга улгурдим. Лекин бу ғирт аҳмоқлик эди. Айни паллада уни овутишим, тинчлантиришим, кўнглига йўл топишим шарт. Қўшнилар эшитиб қолса баттар бўлади. Шоша-пиша Шаҳнозани маҳкам қучоқладим-да,
мажбуран каравотга ўтқаздим.
— Ўзингни бос, илтимос! — дея унинг икки юзига кафтларимни босдим. — Бола тушган бўлса, Худонинг иши! Бу иккаламиз айриламиз, ҳаммаси тугади деганимас. Олган Худо беришниям билади. Ҳали ёшсан!
— Йўқ, йўқ, йўқ! — менга жавдираган кўйи титроқ аралаш пичирлади Шаҳноза. — Дўхтирнинг гапи тўғри экан! Мен туға олмайман! Туға олмас эканман.
— Бекорларни айтибсан! Бўлмаган гап.
— Ўтинаман, кета қолинг! Юзимни ёруғ қилдингиз! Шунисигаям шукр қиламан. Мени энди ёлғиз қўйинг! Юрагимга қил сиғмайди. Кетинг! Мен сизга муносиб эмасман! Худо хайрингизни берсин, қийналаверманг, кетинг!..
Шу сўзни айтмаса яхши эди. Менинг, қалбимнинг ашаддий душманига айланиб қолган бу сўз миямга тиғ каби урилди. Бошимда оғриқ турди. Юрагимни музлик қоплади. Аъзойи танимда асабий титроқ пайдо бўлди. Қайноқ меҳрим қаҳрга юз тутди. Бир зумда кўнглимдаги барча илиқликлар, ёқимли туйғулар аллақаергадир ғойиб бўлди.
Аммо Шаҳнозага сир бой бермадим. Ўзимни тутган ҳолда уни овутишда, ширин сўзлашда давом этдим.
— Қўй, ҳадеб куйинаверма! — дедим сочларини силаб.
— Куйинишга арзимайди бу нарсалар. Ундан кўра эртанги ҳаётинг ҳақида ўйла, қайғур!
— Менинг эртам йўқ энди, — дея ўзини нари олди Шаҳноза. — Мендайларга эртанинг нима кераги бор? Ундан нима кутади? Ҳеч нима. Ғурбат, бахтсизликдан бўлак ҳеч нарсани кўрмайди. Бас, гапни чўзмайлик! Хайрлашайлик!.. Тушуняпсизми? Хайрлашайлик деяпман!
— Бир умргами?
— Ҳа, бир умрга.
— Нега? Биз эр-хотинмиз-ку!
— Менга бундай эр-хотинликнинг сира кераги йўқ. Бир- биримизни боғлаб турадиган ришта бўлмагандан кейин…
— Муҳаббат-чи?
— Бу камлик қилади.
— Йўқ, — дедим атайин. — Сени ташлаб ҳеч қаёққа кетмайман. Сенга суянчиқ, ҳамроҳ, яхши эр бўлиш ниятида турмуш қурганман.
— Биламан, — бирдан мулойим тортди Шаҳноза. — Ўзим ҳам сиздан бир дақиқа айрилишни истамасдим. Бироқ тушинишга ҳаракат қилинг, мен вақтинча бўлсаям ёлғиз қолмоқчиман. Хаёлларим, ўз дунём билан бир муддат ёлғиз бўлмоқчиман! Наҳотки менга раҳмингиз келмаса?...
Ниҳоят англадим. Шаҳноза мени кўриб яраси янгиланишидан, азоблари қайталанишидан қўрқяпти. Демак, ҳануз севади. Барибир воз кечолмайди. Фақат…
Мен-чи?.. Мен келгусида унинг соф муҳаббатига арзирли жавоб қайтара олармиканман? Сусанна-чи?.. Йўқ, йўқ, мен барибир усиз умр кечира олмайман. Сезиб турибман, Сусанна менга кўнгилсиз эмас. Ҳалиям мени фарзандли қилиш, қувончимни, бахтиёр чеҳрамни кўриш илинжида яшамоқда. Худойим, икки ўт орасида қолиб кетдим-ку! Шу олов исканжасида адо бўлмасайдим! Ҳануз қай бир йўлдан
боришни била олмай ҳайронман. Ҳеч биридан кўнгил узиб кетгим келмайди…
Бўғзимга нимадир тиқилган каби Шаҳнозага билинар- билинмас назар солдим. У менинг кетишимни, хайрлашишимни кутарди. Буни кўзлари аланг-жаланг уй ичига қараб қўйишидан, қур-қур тараддудланишидан пайқаш қийин эмасди. Нафасимни ичга ютиб, нимадир дейишга чоғландим. Негадир тилим айлана қолмади. Ич-этим музлаб бораверди. Ҳаётга, тақдиримга, атроф- муҳитга нисбатан кўнглимда нафрат учқунлади.
Биламан, бундай лаҳзаларда менга фақат она қишлоғимгина таскин бера олади. Фақат у менинг дардимни олиб енгил тортишга мажбур этади. Қишлоқнинг ям-яшил ўтлоқлари, далаларига, мирзатеракларга, қадимий толларга боққанимда ташвишлар унут бўлади. Чалғийман. Вақтинча бўлса-да, ўйламайман, виждон азоби, иккиланишлар, қалб ингранишидан нари бўламан. Ўшандагина мулоҳаза қилишга, бир қарорга келиш, олға қадам босишга ўзимда журъат топаман. Акс ҳолда бу
музликлардан халос бўлишнинг имкони йўқ…
— Сени шу аҳволда қандай ташлаб кетай? Аҳволингни қара, рангнингда қон йўқ.
— Бу қўрқинчли эмас, — деди Шаҳноза пинак бузмай. — Бошланиш палласида енгил кечади. Пича қон йўқотгандирман. Ана, асалли чой ичсам жойига тушади. Сиз бораверинг! Мендан хавотир олманг! Туппа-тузукман.
— Майли, — дедим барибир отланишга шошилмай, — Мен кетаман. Лекин билиб қўй, менинг қўядиган хотиним йўқ. Барибир сендан хабар оламан, сени суяман, эркалайман. Буни тақиқлай олмайсан. Ҳақинг йўқ. Вақтинча холи қўяман холос. Очиғи, ўзим ҳам сенинг дард чекишингни кўриб сиқилиб кетдим. Қишлоғимга бораман,
яқинларимни кўраман, бироз нафас ростлайман, дам оламан.
— Ишингиз-чи?.. — хавотирли оҳангда сўради Шаҳноза.
— Ишингиз нима бўлади?
— Жа зўр келса, дўхтирдан қоғоз тўғрилайман. Бир ҳафта-ўн кун қишлоқда юрмасам, тамом бўламан. Яхши қол, ўзингни эҳтиёт қил! Ҳадеб қайғуга ботаверма!..
Шундай дердим-у, бу хонадонга қайтиб қадам босмаслигимни аниқ-тиниқ ҳис этиб турардим. Шу сабаблими, сўнгги бор Шаҳнозани маҳкам қучдим-да, юзларидан қайта-қайта ўпиб, ўзимни ташқарига урдим...
***** Киндик қонинг тўкилган юртга кириб боришга нима етсин. Ойлар давомида юрак тубига чўккан соғинч тўсатдан жунбушга келади. Энтикасан. Юрагинг орзиқиб,
танангда ёқимли титроқ туя бошлайсан. Мен қишлоқ осмонини эгаллаган баҳор ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олганча қум кўча бўйлаб кетиб борардим. Икки ён бағир поёнсиз дала. Ҳаммаёқни тракторларнинг тар-тари тутган. Йиллар бағрини кемтик қилиб қўйган эски анҳор суви яримлабди. Аммо қирғоқни барибир ялпиз, жағ-жағ босган. Ҳали-ҳали эсимда. Бувим раҳматли мени ёнига олиб мана шу кўкатларни терарди. Сўнгра уйга олиб кириб кўксомса, кўкманти пиширарди. Ичига думба ёғи қўшилган бу таомларни еб тўймасди одам...
Шуларни ўйларканман, ўпкам тўлиб келди. Нафасим бўғзимга тиқилди. Бувижонимнинг нуроний ва нурли чеҳраси кўз ўнгимда гавдаланиб, оғир хўрсиндим.
Хаёлан ўша ёруғ ва бахтли кунларга қайтгим, бувижонимнинг тиззасига бош қўйиб эркалангим келди… Афсус, умр оқар дарё экан. Уни ортга қайтариб бўлмайди…
Шу пайт узоқдан келаётган тоғамга кўзим тушди. Қувониб кетдим. Барибир қадрдонлар билан юз кўришиш ёқимли кечаркан. Худди катта бойлик топиб олган одам каби ҳовлиққанча у томон жадал юра кетдим. Тоғам менга яқин келди-да, тўхтади. Кўришиш учун жилмайганча қучоқ очдим. У эса… Номигагина қўл бериб сўрашди-да, мени ҳайрон қолдириб гапни танбеҳ беришдан бошлади.
— Ҳеч одам бўлмас экансан-да, жиян!.. Намунча хотин олиб хотин қўявермасанг! Онанг қишлоқда бош кўтариб юролмай қолди-ку!.. Бу нима қилганинг? Устимиздан
кулмоқчимисан? Ё ҳаммамизни тириклай гўрга тиқишни ният қилганмисан?..
Кутилмаган туҳмат асаб томирчаларимни ёриб ўтгандек қалқиб кетдим.
— Ие, кимнинг бошини эгибман? — ўзимни идора эта олмай тоғамга бақирдим. — Нимага туҳмат қиласиз?
— Арман хотинни ташлаб бошқасига уйланволибсан-ку, хумпар! — деди тоғам қўлини пахса қилиб. — Ё ёлғонми? Бизга ҳаммасини етказишган.
— Ундан кўра уйимга киритмоқчимасман деб қўя қолинг! Нимага гапни айлантирасиз?
— Уйга шундоғам киритмайман. Чунки сени киритсам, онанг ранжийди. Киритмагин деб тайинлаган. Ҳар ҳолда у туғишган опам.
— Нима?.. Ҳали шунақамисизлар?.. Мен…
Ортиқ бир сўз деёлмадим. Тушундим. Яқинларимнинг бу қилиғи менга таниш бўлгани боис жонимни қийнаш, уришиб-талашиш, аюҳаннос солишни ўзимга эп кўрмадим.
Тоғамга бир совуқ тикилиб олиб шалвираганча ортга қайтдим. Туман маркази томон пиёда кетиб борардим-у, тоғамнинг қичқириғидан қулоғим шанғилларди.
— Сен ҳаётда одам бўлмайсан, хотинбоз! На ишни эплайсан, на оилани! Э, ўргилдим сендақа жияндан!..
Чалкаш хаёллар, мақсадлар исканжасида онам яшайдиган уй олдидан ўтдим. Дарвоза олдида саккиз яшар ўгай укам ўтирган экан. Мени кўрди дегунча даст ўрнидан туриб ҳовлига кириб кетди. Шундан ҳам умидвор бўлдим. «Балки онамга хабар берар, у киши чиқиб кўришар, ҳол-аҳвол сўрашармиз, юз кўришармиз» деб ўйладим. Шу ниятда қадамимни секинлатиб қайта-қайта орқага қарадим. Йўқ , умидларим сароб эди. Онам ҳам, ўгай укам ҳам қорасини кўрсатмади. Аксинча сўнгги бор ўгирилганимда кимнингдир дарвозани шарақлатиб қулфлаганини эшитдим.
Эшитдим-у, адо бўлаёздим. Ахир… Шу уйда мени дунёга келтирган, яқин-яқинларда уйимда ўтириб мени қайта-қайта бағрига босган онам яшайди-ку! Нега у билан кўришишга ҳақли эмасман? Ким эдим-у, кимларга айландим?.. Нима учун қисматнинг қора шарпаси фақат мени таъқиб этади? Қайси гуноҳларим, айбларим учун?..
Саволлар кўксимни кемиргандан кемириб борарди. Шошилмасдан қишлоқни тарк этардим-у, жонсиз мурдага айланиб қолгандек эдим. Фақат оёқларим олдинга босар, қалбим саҳро каби бўм-бўш эди...
Шу алфозда кетиб бораётиб, тўсатдан таққа тўхтадим. Менга ҳайрат аралаш қараб қўяётган қишлоқ одамларини, қайсидир дўкондорнинг кимнидир бўралаб сўкишини ҳам пайқамаётган каби шоша-пиша чўнтагимга қўл солиб телефонимни чиқардим.
Ҳовлиқиб керакли рақамларни тердим. Ниҳоят таниш овоз эшитилди.
— Алло! Сизмисиз, Қодир ака?..
— Ҳа, мен, — дедим бўшашиб. — Ким ҳам бўларди?..
— Ҳозир қаердасиз? Бугун келмадингиз-ку!..
— Мен… Ҳайдалдим. Ҳамма ердан итдай ҳайдалдим.
— Нима?.. Тушунмадим. Нимага ҳайдаласиз? Ким ҳайдайди?..
— Қишлоғимдан ҳайдалдим, Сусанна, қишлоғимдан! Яқинларим уйига киритмади. Эшитяпсанми, киритишмади!..
— Нимага ўша ёқларга бориб юрибсиз ўзи?.. Сизга зарилмиди? Ё паст кетиш ёқиб қолганми сизга? Бунча ўзингизни ерга уравермасангиз?.. Қуриб кетсин ўша
яқинларингиз!.. Тез келинг! Мен сизни ухламай кутиб ўтираман! Келасизми?..
Ё раб!.. Бу қандай бахтки, худди кўнглим сезгандек суюклигимга қўнғироқ қилдим? Унинг мулойим, меҳр- муҳаббат тўла бир оғиз ширин сўзи борлиғимни қайта
тирилтиргандек жонлана бошладим. Ҳатто, кўнглим бўшаб, асабий лаб тишладим. Гўё имтиҳон олдидан хавотирга, ҳаяжонга тушган талаба каби тиззаларим дир- дир титради. Сўнгги бор ортимга ўгирилиб, узоқда қолиб кетган темир дарвозага нафрат назари билан боқдим-да, хаёлан сўзландим:
«Сен ҳаммадан яхшисан, Сусанна!»
Тун қўйнида машина чайқала-чайқала кетиб борарди. Ёнимдагилар аллақачон ухлаб қолган. Фақат менгина уйғоқ эдим. Қур-қур тоғамнинг туҳматга қоришиқ аччиқ
сўзлари ёдимга тушиб, бағрим тиғланарди. Онамнинг дарвозаси хаёлан қайта-қайта кўз ўнгимда тарақлаб ёпилганда беихтиёр сесканиб қўярдим. Шу ондаёқ танамга муз югурар, юрагимни нимадир қаттиқ сиқаётган каби нафас олишга қийнала бошлардим. Она қишлоқ менга энди ёт эканини тасаввур қилганим сайин ичдан эзилардим.
Қурбим етганча ўтган ҳаётимни илк бор шу машинада ўтириб сарҳисоб қилишга уринардим.
— «Мен шунча пайт ким учун ва нима учун яшадим? — хаёлан сўрардим ўзимдан ўзим. — Умримни қисматнинг ўнқир-чўнқир, паст-баланд кўчаларида қоқиниб, ўксиниб,
аламлар гирдобида кечирдим ва кечирмоқдаман. Ҳеч кимдан кўмак сўрашга журъатим ҳам, хоҳишим ҳам бўлмади. Фақат Яратгандан нажот сўраб кун кўрдим.
Ўзимдан ўтганини ўзим билдим. На онам, на отам мени йўқлаб келди. Энди-чи?.. Ҳануз шу гирдобнинг заҳрини тотяпман. Таъмагирлар дастидан ҳар қадамда азобланмоқдаман. Хўш, кимни айблай? Кимдан аламимни, ўчимни олай? Ҳеч кимдан. Фақат ўзимдан ола биламан. Ўзгаларга ҳаддим сиғмайди. Мен ўзгалар учун гўё ерда думалаб ётган тошдекман холос. Хоҳлаган вақтда улар мени тепкилаб ўтишлари, ирғитишлари мумкин… Мен ана шундай ночор бир кимсаман…»
Бу тушкун ўйлар мени ростакамига таназзул чангалига отгандек эди. Ҳатто ҳозир қаерга, кимнинг олдига бораётганим, мени ҳаётда нималар кутиши ҳам хаёлимга
келмасди. Хайриятки шундай оғир лаҳзаларда мени чалғита, овута оладиган нарса бор. Сусаннанинг хаёли. У ҳақида ўйлай бошлашим билан кўзларим равшан тортгандек, дунё ранг-баранг гулларга, гўзалликларга буркангандек бўлади. Унинг ой чеҳрасини кўз олдимга келтирганимда, борлиғимни қуршаб олишга уринаётган ёвузлик нари кетади. Узлат ортга чекина бошлайди. Бу хаёллар умрим мазмунига айланиб, кўнглимни чоғлайди. Мен ўтмишни унутаман. Қайтадан олдинга талпина бошлайман. Бу гал ҳам шундай бўлди. Сусаннанинг маъюс жилмайишини тасаввур қилганим ҳамоно барча тушкунликлар, ёмонликлар кўнглимни тумандек бир
зумда тарк этди. Чеҳрам очилди. Кўзларим чақнаб, ҳатто ташқаридаги зулматга ҳайрат назари билан боқдим. Осмонда маржон каби тизилган кўйи нур таратаётган митти юлдузлар худди мамнун жилмайиб мени қутлаётгандек туюлди.
— «Менга қанот бўлинг, юлдузлар! — кўнглимдан ўтказдим беихтиёр вужудимда илиқлик туйиб. — Шунда ҳеч бир тўсиқни, армон-у, андуҳларни писанда қилмасдим! Қаҳратондек совуқ қалбларни қаршимдан қувиб солган бўлардим…»
Машина катта шаҳарга келиб тўхтаганда, вақт хуфтондан ошганди. Бировнинг уйига қуруқ қўл билан кириб бориш уят. Қолаверса, Сусаннага нимадир ҳадя қилишни дилимга тугиб қўйганман. Ўйлаб ўтирмай, бир бекат наридаги кичик бозорчага
пиёда йўл олдим. Дам олиш соатлари бошланганига қарамай, бозорчада одам гавжум эди. Сотувчиларнинг қўли-қўлига тегмас, бир-бирларига гал бермай бақир-чақирга тўн кийдиришарди. Бир маҳал бозорчадан чамаси эллик метрча наридаги эркак ва аёлга кўзим тушди. Эркак маст эди. Кийимлари қумга беланган ҳолда тиз чўкиб қаршисидаги новчадан келган, сочлари калта қилиб кесилган, ўрта яшар ажнабий аёлга ёлворар, аёл эса нуқул бақириб, ора-сирада бошига хивчин билан тушириб қоларди. Эркакка ачиниб кетдим. У жуда ожиз, ҳимоясиз кимса қиёфасига кириб қолганди. Тасаввурлар, эски хотиралар мени домига торта бошлади…
Ёдимда. Бир пайтлар тоғам хотини билан биргалашиб мени уйдан ҳайдашган. Унда ёш, ғўр эдим. Ҳатто ҳайдалашимнинг сабабини суриштиришга-да, қўрқиб, худди манави эркак каби тиз чўккан ҳолда тоғамга ёлворгандим. Бошим аралаш калтак келиб тушавергач, оёқлари остига ғужанак бўлган кўйи ётиб олганман. Кеннойим эса нуқул тоғамни тезлар, хаёлига келган қарғишларни барала тилига кўчирарди…
Шуларни ўйлаб бу жанжалга аралашмоқчи, эркакни ҳимоя қилмоқчи бўлдим. Лекин дарров фикримдан қайтдим. Негадир ҳафсалам пир бўлди. Эркакнинг ғўлдираши ғашимни келтирди. Балки ичкиликка ружу қўйгани ўзига панд бергандир…
Тағин ким билсин?.. Нима бўлганда ҳам, хаёлан кўнгилнинг кўр кўзлари очилишини тилаб, ўзимни бозорга урдим.
Майда-чуйдаларга тўла елим халтани кўтариб, зиналардан юқорига кўтарилардим-у, танам тобора кучлироқ қизиб борарди. Айниқса, Ленанинг кўримсизгина квартираси эшигига яқинлашиб тўхтагач, пешонамга маржон-маржон тер қуйилиб келди. Сезардим, бу соғинч ҳисси. Куюнчак юрак висол лаззатини қўмсаяпти. Бу лаззатни у ҳеч кимдан топа билмади. Шунинг учунми, фақат Сусаннанинг номини такрорламоқда, потирлай-потирлай, у томон талпинмоқда. Эшикни тақиллатишга шошилмай, аста тирқишдан ичкарига қулоқ тутдим. Адашмасам, ётоқ эшиги ланг очиқ эди. Ўша ёқдан Ленанинг қаттиқ-қаттиқ сўзлангани эшитиларди. Ҳайрон бўлдим. Улар яқин дугона эдилар. Ҳеч қачон бу тахлит гаплашмасдилар. Нима бўлди экан? Ростдан
ҳам уришишяптими, ё менга шундай туюлдими? Шундай ўйлар билан тинглашда давом этдим.
— Мен уни киритмайман!..
Бу ҳайқириқни аниқ эшитдим. Лена зарда аралаш жавради. Сусанна унга жавобан нимадир дедими, баттар қичқирди.
— Овора бўласан! У сенга муносиб эмас! Кирмасин уйимга!..
Гап мен ҳақимда бораётганини энди-энди пайқай бошлагандим. Этим увишиб, жаҳдим кўзларимни ўйгудек чигаллашдим. Бу орада Сусанна йўлакка чиқди.
— Унда менам кетаман! — деди у зардали оҳангда. — Сени ишонган дугонам десам…
— Юравер ўша ташландиқ, овсарнинг кетидан! — унга жавобан ҳайқирди Лена. — Устингга хотин олволсаям, яшайвер! Чўлтоқ супургидан фарқинг қолмабди!
— Ажаб бўпти! Сенга нима? Сенинг эрингга ўхшаб хорижга қочиб кетмаса бўлди-да!..
Лена саннай-саннай балкон тарафга чиққанини эшитдим. Шоша-пиша эшикни тақиллатдим. Сусанна худди шуни кутиб тургандек ҳовлиққанча эшикни очди ва менга кўзи тушди-ю, йиғлаб юборди.
(давоми бор)
МУАЛЛИФ : ОЛИМЖОН ҲАЙИТ

Комментарии