15 апр 2021

«Реал» автобуси «Энфилд»га бориш жараёнида ҳужумга учради.

«Ливерпуль» меҳмонлардан узр сўради
Мадриднинг «Реал» клуби Европа Чемпионлар Лигаси чорак финал жавоб баҳси доирасида 14 апрель куни «Ливерпуль»га қарши баҳс юритди (0:0).
Маълум бўлишича, мадридликлар автобуси ўйиндан аввал «Энфилд»га бориш жараёнида ҳужумга учраган. Бир қатор шахслар автобусни тошбўрон қилган. Натижада автобусга зарар етган, мураббий жойлашган ўриндиқ ёнидаги ойнанинг ташқи томони синиб кетган.
«Ливерпуль» бу ҳолат юзасидан баёнот берди ва меҳмонлардан узр сўраган ҳолда, бу вазият қатнашчилари жазоланишини маълум қилди.
«Меҳмонлар автобусига зарар етказганларни шубҳасиз жазолаймиз. Алоҳида шахслар томонидан бундай иш қилиниши ҳурматдан эмас ва уятли ҳолат. Биз меҳмонлардан келтирилган зарар учун чин қалбдан узр сўраймиз. Айбдорларни аниқлаш учун Мерсисайд полицияси билан ҳамкорликда ишлаймиз», — дейди «Ливерпуль» вакили.
Шунингдек, «Реал» директори Эмилио Бутрагеньо инглиз клуби бу ҳолат учун узр сўраганини тасдиқлади.
«Бу ачинарли, чунки клублар ўртаасидаги муносабат жуда яхши. «Ливерпуль» раҳбарияти биздан узр сўради», — дейди Бутрагеньо.
Мадридликлар икки ўйин натижасига кўра ярим финалга йўл олди ва бу босқичда «Челси» билан куч синашади.

Комментарии