4 янв 2015

Барчаси учун раҳмат сенга, АФСОНА!

2015 йилнинг дастлабки куни футбол ишқибозларига яна бир футбол афсонасининг ўз клубидан кетаётгани ҳақидаги шумхабарни тақдим этди. soccer.ru сайти ёзда "Энфилд"ни тарк этишни маълум қилган Стивен Жеррард ва унинг ушбу қарорига бағишлаб мақола чоп этди.
Миллионлар ўйини бўлган футбол жорий йил ёзидан аввалгидек хусну-тароват касб этмайди. Чунки Стивен Жеррард "Ливерпул"дан кетмоқда. Ҳатто "Манчестер Юнайтед" ва "Эвертон" ишқибозлари ҳам бир нарсага иқрор бўлишлари мумкин – уларнинг азалий рақиби сафини оддий футболчи эмас, балки ТИРИК АФСОНА тарк этмоқда!
Ҳеч қандай муболағасиз айтиш мумкинки, Стиви Жи ҳаётидаги энг оғир қарорлардан бирини қабул қилди. Энди бунга унинг ўзи ҳам, клуб мухлислари ҳам кўникишлари керак. Аммо бошқа тарафдан Жеррарднинг шундай қарор қабул қилиши аввалдан кутилганди ҳам. Том маънодаги етакчи атрофдагиларнинг хоҳиш ва иродасини ўйлаб, жамоатчилик манфаатини ўз истагидан юқори қўйиб жамоадан кетмоқда. Стиви Жи бор кучини, маҳоратини, футболдаги ҳаётини, муҳаббатини бағишлаган клубдан кетиш ҳақидаги оғир ва ўта масъулиятли қарор қабул қилишга ўзида куч топа олди!
Сўнгги бир ой Жеррарднинг "Ливерпул"даги келажаги билан боғлиқ мавзу энг кўп муҳокама қилинган палла бўлди. Бу вақт ичида "қизиллар" 8та ўйин ўтказишди. Бу таҳлил учун етарли муддат. Сардор барча учрашувларда иштирок этмаганига қарамай 3та гол урди ва рақиб дарвозаси ишғол қилиниши билан тугаган бир қанча ҳужумда иштирок этди. Тўғри, голлардан иккитаси сўнгги учрашувда пенальтидан киритилди, аммо шунга қарамай мерсисайд клубининг ҳозирги тўпурури ҳисобидаги голлар сони сезиларли равишда кўпайди. Бундай вазиятда кетиш тўғрисида ўйлаш мантиқсиздек туйилиши мумкиндир. Аммо "Ливерпул" афсонаси ва ҳақиқий етакчиси бўлган Стивен якунда ҳам сардорларга мос ва хос йўлни танлади.
Ҳеч қандай шак-шубҳа йўқки, ўтган мавсум "Челси" билан ўйинда рўй берган ҳолат (бу ерда Жеррарднинг кутилмаганда сирпаниб тушгани ва натижада "кўклар"нинг гол билан тугаган ҳужуми кўзда тутилмоқда – муаллиф изоҳи) қабул қилинган қарорда катта рол ўйнади. Бу ҳам етмаганидек "Ливерпуль" жорий мавсум Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичидаёқ турнир билан хайрлашди. Аслида Стиви Жи жамоасининг нуфузли мусобақада курашни давом эттириши учун қўлидан келганини қилди. У жамоадан кетиш ҳақидаги қарорини айтгач, мухлисларга мурожаат қилди.
"Бу менинг ҳаётимдаги энг оғир қарор бўлди. Мен ҳам, оилам ҳам узоқ вақт бу ҳақида бош қотирдик. Мен ҳозир кетишим ҳақида маълум қилмоқдаман. Мураббийлар ва жамоа мен ҳақимдаги саволларга жавоб бериб чарчамаслиги учун шундай қилмоқдаман".
Футбол ишқибозлари ёзгача Жеррарднинг Англия яшил майдонларидаги ўйинидан шунчаки роҳатланиш учун ажойиб имконга эгалар. Чунки Стивен мерсисайддан кетгач аниқ АПЛда қолмайди.
"Мен фаолиятимни бошқа жамоада давом эттираман. Аммо ҳеч қачон "Ливерпул"нинг рақиблари сафига ўтмайман ва ўз жамоамга қарши майдонга тушмайман. Ҳеч қачон буни хоҳламаганман ва хоҳламайман ҳам".
Демакки, Жеррарднинг яқин орадаги тақдири океанортидаги МЛС лигаси билан туташади. Чунки уни аллақачон Лос-Анжелесда кутишмоқда: "Гэлэкси" – машхур инглиз футболчиси билан шартнома имзолаш учун энг асосий даъвогар. Гарчи биз унинг "Голливудга кўчиб ўтиши" ҳақида ҳали вақт-соати билан яна бафуржа суҳбатлашсак-да, Стиви Жини ёзгача бир қанча муҳим ишлар кутиб турганига эътиборингизни қаратмоқчимиз.
Масалан, сардор ўз номини "Ливерпуль" клуби тарихига нафақат олтин харфлар билан, балки янада катта харфлар билан мухрлаб қўйиши учун ҳам "рақамлар устида ишлаши" керак.
Айни вақт Жеррард ҳисобида "қизиллар" таркибида АПЛда ўтказилган 494та учрашув бор. "Ливерпуль" сафида энг кўп учрашув ўтказган футболчи эса Жейми Каррагер (508та ўйин) ҳисобланади. Барчамиз тушуниб турибмизки, агар футболчининг саломатлиги билан фавқулодда нимадир содир бўлмаса, у ҳолда мавсум сўнггига қадар Стивен ушбу кўрсаткич бобида мутлақ пешқадамга айланиб олади. Бунинг учун АПЛда қолган 18 учрашувдан 15тасида иштирок этса кифоя.
Яна бир кўрсаткич бор, аммо уни ишғол қилиш аввалгисига нисбатан анча қийин бўлади. АПЛ тўпурарлари рўйхатида Жеррард 116та гол билан учинчи ўринни эгаллаб турибди. Агар Майкл Оуэн (118) натижасини такрорлаш бир мунча осон бўлса, аммо Робби Фаулер ўрнатган кўрсаткичга етиб олиш жуда ва жуда қийин. Зеро, "Энфилд илоҳи" Англия чемпионатида рақиблар дарвозасини 128 бор ишғол қилган! Агар клуб "Лестер" билан бўлган ўйиндагидек ўз етакчисига 11 метрлик нуқтани ишониб хурсанд қилишда давом этса, Жеррарднинг тўпурарлик бобида ҳам якка пешқадам бўлиб олиши турган гап.
Аммо мен Жеррард даҳосини фақат шу рақамлар билангина тасвирлаш ниятида йироқман. Ушбу сатрлар муаллифи худди сиз каби Стивен Жеррардни фақатгина пенальти ёки жарима зарбаларидан киритган голлари учунга ҳурмат қилмайди, балки ундаги ғалабага бўлган чексиз интилиш, майдон ва унинг ташқарисидаги олижаноблик, бир сўз билан айтганда ҲАҚИҚИЙ САРДОРларга хос фазилатлари учун қадрлайди, мудом ёдда тутади.
"Энфилд"да 17 йил тўп суриш – бу бир вақтнинг ўзида ҳам кўп, ҳам қисқа муддат. Кам деяётганимизнинг сабаби, жаҳон футбол тарихида бундан ҳам кўпроқ вақт мобайнида бир жамоага садоқат билан хизмат қилган футболчилар бор.
Кўп - Стиви Жи учун қизил футболкада ўтказилган кўплаб мавсумлар ўзининг мураккаблиги, баъзида муваффақиятсизлиги билан анча оғир кечди. Шунга қарамай, Жеррард "қизиллар" учун афсонага айланди, худди "You'll Never Walk Alone" қўшиғи каби.
Футболчи ушбу клуб билан ягона мақсад сари интилди, энди айрилиш онлари ҳам оғриқли кечади. Жорий йил ёзидан футбол аввалгидек хусну-тароват касб этмайди. Чунки Стивен Жеррард "Ливерпуль" либосида энди ҳеч қачон майдонга тушмайди.
Mansur

Комментарии