17 апр 2019

Отабек Шукуров Лондонда муваффақиятли операция қилинди

Ўзбекистон терма жамоаси ва БААнинг "Шаржа" клуби ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров "China cup-2019" халқаро мусобақасидан ўрин олган Хитойга қарши ўйинда жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этганди.
Кейинчалик текширувлар натижасида Шукуровнинг болдир суяги пастдан сингани маълум бўлди. "Шаржа" клуби шифокорлари Отабек Шукуровнинг жароҳатини кўздан кечириб, Лондонда операция орқали даволашга қарор қилишганди.
Қайд этиш керакки, миллий терма жамоамиз ярим ҳимоячисининг операцияси муваффақиятли ўтди. Операцияни англиялик тажрибали жарроҳ Марк Девис ўтказди. Эндиликда у қўшимча муолажалар орқали тезроқ сафга қайтишга ҳаракат қилмоқда.
Бугун Отабек Шукуровнинг жамоаси БАА миллий чемпионатида "Ал-Айн" жамоасига қарши майдонга тушади. Мазкур ўйин олдидан Шукуров жамоадошларига омад тилаб, йўллаган видеомурожаати "Шаржа" клубининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинди. Видеомурожаатда Шукуров тез орада янада кучлироқ бўлиб майдонга қайтишини айтиб ўтган.

Комментарии