Индамаслар оламин сайр айладим,

Сайр этиб мен бериё хайр айладим,
Энг ажб олам экан бу олами,
Сайр қилсин бўлса ҳар кимнингғами.
Унда беравзан экан ҳар бир бино,
Ул биноларнинг ичинда йўқ ҳаво,
Сўриси йўқ, саҳни йўқ, айвони йўқ,
Ақраболар йўқ, азиз меҳмони йўқ.
Беўчоғу бепалосу бетанур,
Бетаому белибосу қайда нур,
Томи ҳам, девори ҳам тупроғ эрур,
Эскиғордан ҳам қоронғуроқ эрур,
Қору ёмғир томларин қилмиш хароб,
Лойга айланмиш тани олийжаноб,
Бу бинолар ёнма-ён, катта-кичик,
Баъзиси кимнинг уйи номи битик.
Баъзисин устида нақшинкорлик,
Санги мармарга битик ёдгорлик.
Эрми, хотинми, қарими, ёшми,
Ёки жоду кўзми, қийғоч қошми,
Камбағалми, бойми ё олимидин,
Ёки ҳоким, ё ҳаким ул ким эди.
Ё гадоми, ё ҳалим ёки чапан,
Ким таниб олгай суякнинг рангидан.
Бир-биридан фарқи йўқ ҳеч кимсанинг,
Пўсти йўқ сўнгак эрур жисми анинг.
Ким такаббур бўлса ҳам даъвоси йўқ,
Нозанинлар нозу истиғноси йўқ.
Макр этишга ҳоли йўқ маккорнинг,
Ҳоли йўқ тоат учун диндорнинг.
Бир нафас ҳам оғзи бадбўй маст йўқ,
Сўккучи тил, ургучи зўр даст йўқ.
Қўйди-чиқди йўқ унинг рўзғорида,
Урди-йиқти йўқ унинг бозорида.
Бирни юзга, юзни мингга сотгучи,
Ажралиб сармоядан жим ётгучи.
Элни беҳуда маломат айлаган,
Оғзидан гул ўрнига чиқмиш тикан.
Кимсада йўқ мадҳу васфу лофу қоф,
Йўқғараз ҳам дағдаға, жангу масоф.
Ким риёкору мунофиқ, беҳаё,
Қолмиш элнинг лаънатига доимо.
Беадаб, безорию хулқи ёмон,
Улфати бўлмиш ул манзилда илон.
Бунда мансаб йўқ, хушомадгўй йўқ,
Зебу зийнат бирла рангу бўй йўқ.
Бунда йўқ ҳеч кимга таҳқири назар,
Хор кимдир, билмадим ким мўтабар.
Балки майгун лабдан унмиш лолалар,
Лола юзлар қайда, йўқдир волалар.
Жим ётур ман-ман деган боз-бозлар,
Бетида тупроғ эрур пардозлар.
Тадбиру пуркорлик қўл келмамиш,
Ҳийлаю айёрлик қўл келмамиш.
Қўл узатмайдир тамаъ бирла гадо,
Йўқ сахий аҳлида ҳам лутфу сахо.
Пора-пора порахўрлар жисми ҳам,
Эл аро буткул йўқолмиш исми ҳам.
Ноилож золим ётибдир бемажол,
Нотавон мазлумда ҳам йўқ қийлу-ҳол.
Оғзида тупроғ хасис, очкўз, бахил,
Ҳаммасин еб ебти қўймай йилма-йил.
Алдаёлмасдан ётур алдоқчилар,
Коми қум тўлган ётур айғоқчилар.
Қўйнида йўқдир қаламкаш дафтари,
Йўқ эрур қонхўр қўлида ханжари.
Йўқ уларда ихтиёру иқтидор,
Қишми, кузми, бехабар, ёзми, баҳор.
Қанча минг йиллар эрурки кун ботур,
Қанча минг йиллар эрурки тонг отур,
Кеча кундуздан хабарсиздир улар,
Буткул эрмас бу тасаввур мухтасар.
Тек ётур, хомуш ётур, жим-жим ётур,
Тупроғин баъзан шамол бир қўзғотур.
Ота-она бирла фарзанд бир-бирин,
Чеҳрасига ташлай олмас кўз қирин.
Эру хотин, бирла хешу ақрабо,
Бир-биридан бехабардур мутлақо.
Бу сўзим эрмас хурофотдан дарак,
Бу ҳақиқат олами – ибрат демак.
Соати бунда саёҳат айладим,
На саёҳат, минг надомат айладим.
Кўзда ёшим бўлган эрди пардадор,
Йиғлади дил парда ичра зор-зор.
Ваҳмдан лекин тетик тутдим ўзим,
Бир томонга ногаҳон тушди кўзим.
Бир маконе бўлди менга жилвагар,
Устидан унмишу гўё найшакар.
Қабр аро қўшнай садосин авжи бор,
Бу садо лол айлади беихтиёр.
Шу замон кўнглимга етди бир сурур,
Зам-зами қалбим аро бахш этди нур.
Кел дегандек бўлди менга шул замон,
Бу нидони тинглади жисмимда жон.
Мен дедим, эй меҳтари қўшнайнавоз,
Най рамузидан хабар бергил, бироз,
Не сабаб жойингда ўзга файз бор,
Бу маконинг нега гўё лолазор?
Сен ким эрдинг бунда келмасдан бурун,
Мужда бергил менга ҳолингдан бу кун?
Деб кўзим юмдим қилиб бошимни хам,
Келди гўё менга бир овоз шу дал.
Айди: “Эй фарзанд, мен айтай тинглагил,
Не десам, сен, зарра шак келтирмагил,
Аввало, мен поку беозор эдим,
Элни шод этгувчи парҳезкор эдим,
Умр ўтказдим ҳалол меҳнат билан,
Элни хурсанд айладим санъат билан.
Доимо қилдим бахилликдан хазар,
Яхшиликни ўйладим шому саҳар.
Ота-она дилларин шод айладим,
Руҳларин ҳар лаҳзада ёд айладим.
Яхши ният эрди қалбимда чироқ,
Мен эдим кина-кудуратдан йироқ.
Ҳеч бир инсонга хиёнат қилмадим,
Ҳеч ёмон ишларга одат қилмадим.
Эл учун ҳар ишда қилдим мардлик,
Қилмадим нокаслигу номардлик.
Тўғри йўл бирлан кечирдим мен ҳаёт,
Юрту халқим менга қилди илтифот.
Менда ҳаргиз йўқ эди кибру ҳаво,
Шу сабабдан бўлди эл мендан ризо.
Ушбу боисдан маконим файзлик,
Қил амал сенда агар бўлса билик”.
Бу рамузни най тили бирла деди,
Индамаслар олами хомуш эди.
Ногаҳон келди бир овози ҳазин:
“Бир нафас туткил қулоқ, мен ҳам дейин,
бор эди севган қатор фарзандларим,
кўзларимнинг нурию дилбандларим.
Эркалатдим, меҳрибонлик айладим,
Сизладим, ширинзабонлик айладим.
Бир совуқ шаббода ҳам кўрмай раво,
Хасталанса, тинмай истардим даво.
Ўстирардим минг машаққатлар билан,
Қўлларим бошида шафқатлар билан.
Гоҳи озғин, гоҳи тўзғин мен ўзим,
Янги кийсин деб, жигарбандим, қўзим.
Гоҳи пулдор, гоҳи бўлдим қарздор,
Юз берарди турли ташвишлар қатор.
Вояга етгунча ул кўзи қоралар,
Қоматим хам бўлди, бағрим поралар.
Қолдирарман деб уларга боғу роғ,
Мен олиб келдим дилимда қанча доғ.
Қолди унда зарнигор кошона ҳам,
Қолди ёру ошно, бегона ҳам.
Ризқ учун ёлғон-яшиқ сўз ишлатиб,
Баъзиода бир пул учун бошим қотиб,
Дўппайиб турган шу тупроқ пастида,
Мен ётибдурман оёқлар остида.
Келмади йиллар кўзимнинг равшани,
Яъни, ул фарзанди дилбандлар қани?
Бу маконим устига бир йўл қара,
Борми, айт, ҳатто ёғочдан панжара?” –
Деб, мени ҳайрону лол айлар эди,
Бу тасаввур поймол айлар эди.
Ўзга ёндан келди шул дам бир нидо,
Айди менга: “Тут қулоғинг мутлақо!
Бу садо жондан келур, инсон эшит!
Э тирик юрган, тирик қадрига ет!
Эсласин руҳимни авлодим десанг,
Ўтган аждодингни сен ҳам ҳурмат эт!”
Мен бу маънони эшитдим жон билан,
Ҳам қабул этдим уни виждон билан!
Элга ҳам бу сўзни изҳор айладим,
Бир эмас, такрор-такрор айладим.
Индамаслар оламига сол назар,
Сен ўзингдан қил уларни баҳравар.
Ота-она руҳин эсла, шод қил,
Яъни, ётган масканин обод қил.
Кўз очиб бу ўй-й бу фикрат билан,
Ташқари қўйдим қадам ҳайрат билан.
Мен дедим кел, Чустиё, ҳушёр бўл,
Яхши ният бирла беозор бўл,
Тўғри бўл, қилғил ёмонликдан ҳазар,
Эл мазоринг лавҳига раҳмат ёзар.
УСТОЗ ЧУСТИЙ ИЖОДЛАРИДАН

Индамаслар оламин сайр айладим, - 862804231187

Комментарии

  • 12 ноя 2017 21:32
    Ажойиб
  • 12 ноя 2017 22:59
    ФотографияФотография
  • 13 ноя 2017 00:34
    Дунесига дунесига алданма дунесига дуне меники деганинг бордик жанозасига.