19 авг 2014

Иффатнинг гўзал намунаси

Ҳикоя қилинишича, Сулаймон ибн Ясор раҳматуллоҳи алайҳ ҳаж қилиш мақсадида Мадинадан йўлга чиқдилар. Ёнларида бир ҳамроҳлари ҳам бор эди. Юриб-юриб чарчаганларидан сўнг бир чодир эшиги олдида тўхтаб, туяларни чўктиришди. Шериклари ул-бул сотиб олиш учун бозорга кетди.
Сулаймон ибн Ясор эса, чодир ёнида ўтирдилар. У киши жуда гўзал юзли, келишган қоматли киши эдилар. Бир тепаликда турган аёл у кишини узоқдан кўрди-да, олдиларига югуриб келди. Юзини рўмоли билан тўсиб олган эди. У кишининг олдиларига келгач, юзини очди. Қараса, ёнида бамисоли тўлиной турибди. Аёл у зотга деди: “Менинг ҳожатимни раво қилинг”. Сулаймон “Бу аёл овқат сўраяпти шекилли” деб ўйлаб, юкларидан таом олиш учун турмоқчи бўлдилар. Шунда аёл: “Мен буни хоҳламаяпман. Балки, эр-хотин ўртасида бўладиган нарсани сўраяпман” деди. Бу гапни эшитган Сулаймон у аёлга: “Аллоҳнинг ғазабига учрагур, аҳмоқ хотин!” дедилар-да, кейин бошларини икки тиззалари орасига қўйиб олиб роса йиғладилар. У зотнинг йиғлаётганларини кўрган ҳалиги аёл ёпинчиғини юзига ташлади-да, келган жойига равона бўлди.
Бироз вақт ўтиб, шериклари бозордан қайтди. Қараса, у киши йиғлаб ўтирибдилар. “Нега йиғлаяпсиз?” деб сўради шериклари. Сулаймон эса бўлган воқеани сўзлаб бердилар. Шериклари ҳам ерга ўтирди-да, қаттиқ йиғлай бошлади. Унинг ҳам йиғлаётганини кўриб: “Сен нега йиғлаяпсан?” деб сўрадилар. Шунда ҳамроҳлари: “Сиздан кўра кўпроқ мен йиғлашим керак. Чунки, агар мен сизнинг ўрнингизда бўлганимда бу ишга сабр қила олмас эдим” деб жавоб берди.
Сулаймон Маккага етгач, саъй ва тавоф қилдилар. Сўнг ҳижрга келиб, чарчоқ зўрлигидан уйқуга кетдилар. Туш кўрдилар. Қарасалар, олдиларида чиройли юзли, келишган қоматли, хушбўй ҳидли бир киши турибди. Сулаймон ибн Ясор ундан: “Аллоҳ сизни раҳмат қилсин, кимсиз?” деб сўрадилар. У одам: “Мен Юсуфман” деб жавоб берди. “Ўша Юсуф Сиддиқми?” деб сўрадилар Сулаймон. “Ҳа” деб жавоб берди ҳалиги киши. Кейин Сулаймон: “Мен сизнинг ва Азизнинг хотинининг ишидан таажжубдаман” дедилар. Шунда Юсуф у кишига: “Албатта, сенинг ва чодир олдидаги аёлнинг қилган иши янада ажабланарлироқ” деди.
Нозимжон Ҳошимжон

Комментарии

  • 31 янв 2015 07:03
    Я Роб ислом ёшларига  хам шундай такво ва хаё бергин.
  • 4 июл 2018 11:04
    Islom Nuri ответил Abdulloh Garib
    Buning uchun yoshlarga ilm urgatish kerak buladi