Россия Давлат Думаси миграция қонунчилиги борасида қонунга ўзгартиришларни маъқуллаган.

Унга кўра, энди миграция қонунини бузган муҳожир Россия Федерацияси ҳудудидан дарров чиқариб юборилмайди.
Бир йил давомида қонунни такрорий равишда бузган муҳожирга 7 мингдан 10 минг рублгача жарима солиниб, депортация қилинади.
Норасмий маълумотларга кўра, миграция қоидаларига амал қилмаганликлари учун 2 миллиондан зиёд муҳожирларнинг Россияга кириши тақиқланган.
Айни пайтда мамлакат ҳудудида 10 миллиондан зиёд мигрантлар меҳнат қилаётгани айтилади. Маълумотларга кўра, Россияда миграция қонунлари мураккаблиги ва меҳнат патенти ойлик тўлови қимматлиги сабабли муҳожирларнинг қарийб тенг ярми ноқонуний юришни афзал кўришади.
"Янги қонун бизни қутқармайди!"
Жорий йилнинг июн ойида Федерал Миграция Хизмати Россия Ички ишлар вазирлиги таркибига кириши ортидан мигрантлар билан боғлиқ муаммолар янада ортган.
Полиция ходимларининг нонегал меҳнат муҳожирларини тутиш ҳаракатлари натижасида нафақат ноқонуний, балки зарурий ҳужжатга эга бўлган муҳожирлар ҳам мамлакатдан чиқариб юборила бошланган.
Оқибатда қоидабузар мигрантларни вақтинча сақлаб туриш марказлари муҳожирлар билан тўлиб тошган. Ҳужжатлари жойида эмаслиги сабабли марказга келтирилган мигрантлар уйга жўнатишлари учун навбатлари келишини ойлаб кутишларига тўғри келаётгани айтилади.
Бу ҳақда Россия ИИВ ва расмий идоралари марказлардаги меҳнат муҳожирларини ватанларига жўнатиш учун федерал бюджетда маблағ йўқлиги борасидаги маълумотлар Россия матбуотида эълон қилинган.
"Муҳожирларга нисбатан нелегал мигрант сўзининг ишлатилиши баҳсли мавзу, - дейди Россияда мигрантлар учун бепул хизмат кўрсатувчи юрист Валентина Чупик. - Улар РФга чегарадан қонуний ўтиб, кириб келишаяпти. Нолегал мигрант сўзи чегарани ноқонуний йўллар билан кесиб ўтган, яширин йўл билан кириб келган чет элликка нисбатан ишлатилиши лозим".
"Миграция ХХI век" фонди юристи Чупик хонимнинг таъкидлашича, ҳозирда қонунбузар саналаётган муҳожирлар ноқонуний мигрант эмас, балки хужжат қилишда қоидабузарликка йўл қўйган чет элликлардир.
Янги қонуннинг қабул қилиниши ўзбекистонлик мигрантларни қувонтирди, деб бўлмайди. Россия мигрантларга нисбатан ноҳақ айбловлар билан ҳам мамлакатдан чиқариб юбориш ҳоллари кўплиги боис, бошқа қонунлар сингари буниси ҳам амалда қўлланилишига ишонч билдиришмаяпти.
"Янги қонун бизни депортдан (мамлакатдан чиқариб юбориш) қутқармайди", деб ёзишади ўзбекистонлик муҳожирлар ижтимоий тармоқларда. "Ундан кўра, патентнинг нархини туширишсин. Шунда ноқонуний юришимизга ҳам хожат қолмасди", - дейишади улар
Shu gaplar rostmi))

Комментарии

Комментариев нет.