Абу Бакр Сиддиқ ибн Абу

Куҳофа (розияллоҳу анҳу)
Макканинг Қурайш қабиласи
Тамим уруғидан, милодий 573
йили туғилганлар. Исмлари
Абдуллоҳ, оталарининг исми
Усмон (куняси Абу Куҳофа),
оналариники Уммул Хойр. Ота-
она томонидан сулолалари
Муррада Расулуллоҳ
(алайҳиссалом) сулолалари
билан бирлашади. Абу Бакр
куняси билан танилган бу зот
илк саккиз мусулмоннинг ҳам,
Ашараи Мубашшаранинг ҳам,
Хулафои рошидиннинг ҳам
биринчиси бўлдилар.
Халифаликлари пайтида
Қуръони карим оятларини
биринчи бўлиб тўплатганлари
учун «Жомиъул Қуръон»
унвонига сазовор бўлганлар.
Ҳамма ишда адолатни биринчи
ўринга қўйдилар.
Халифаликлари икки йилу уч ой
давом этди. Расулуллоҳдан 142
та ҳадис ривоят қилганлар. Абу
Бакр билимдон, бадавлат киши
бўлганлар, тижорат билан
шуғулланганлар.
Бойликларининг катта қисмини
Аллоҳ йўлида сарфлаганлар.
Ҳеч қачон бутга сиғинмаганлар,
ичкиликни оғизларига
олмаганлар. Исломни ҳеч
иккиланмай қабул қилганлари
ва Расулуллоҳ (с.а.в.)
меърожларини эшитган заҳоти
тасдиқлаганлари учун «Сиддиқ»
унвони берилган. Қизлари
Оишани (р.а.) Расули акрамга
никоҳлаб бериб, ақраболик
ришталарини боғланганлар.
Барча ғазотларда Сарвари олам
билан ёнма-ён турдилар, у
зотга халифа эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васаллам хасталаниб
қолганларида у зотнинг
ўринларига ўн етти вақт
намозга имомлик қилганлар.
Расули акрам вафотлари
муносабати билан мушриклар
фитнаси кучайган, асҳоб
саросимага тушган буҳронли
кунда биргина Абу Бакр ақл
билан иш юритдилар.
Ўзларининг машҳур хутбалари
билан саҳобаларни тинчитиб,
тасалли бердилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом
вафотларидан кейин
мусулмонларга халифа этиб
сайландилар. Ниҳоятда
камтарона, оддий ҳаёт
кечирдилар, давлат бошлиғи
бўлганларида икки дирҳам
(кумуш) маош билан кун
кечирганлар. Вафот
этганларида ёнларидан пул
чиқмаган. Ҳижрий 13 (милодий
634) йили олтмиш уч ёшда
Мадинада вафот этдилар.
Расули акрамнинг «Ҳужраи
саодат»ларида у зотнинг
ёнларига дафн қилинганлар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу
анҳу Маккаи Мукаррамада
ўсиб-улғайдилар. Фақат
тижорат учунгина бу муборак
шаҳардан ташқарига чиқар
эдилар. У киши ўз тижоратлари
орқасидан катта мол-дунё
топган эдилар. Шу билан бирга,
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу
анҳу хайру эҳсон ва
мурувватлари билан ҳам
жоҳилият аҳли орасида ном
чиқарган эдилар. У киши
Қурайшнинг раҳбарларидан
бўлиб, маслаҳат-машварат
ишларида доимо иштирок
этиб, кишиларнинг
муҳаббатини қозонган эдилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу
анҳуга Қурайшнинг дия (хун) ва
қарз тўлаш ишлари
топширилган эди.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинади: «Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам
одамларга хутба қилиб:
«Албатта, Аллоҳ бир бандага ё
дунёни ё Ўз ҳузуридаги нарсани
танлаш ихтиёрини берди.
Ҳалиги банда Аллоҳнинг
ҳузуридаги нарсани ихтиёр
қилди», дедилар. Шунда Абу
Бакр йиғлади. Биз унинг
йиғисидан ажабландик. Кейин
билсак, ихтиёр берилган зот
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васаллам эканлар. Абу Бакр
ичимизда буни энг яхши
биладиганимиз экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васаллам: «Одамлар ичида мен
учун суҳбатида ва молида энг
ишончлиси Абу Бакрдир. Агар
ўзим учун Роббимдан бошқани
халил тутадиган бўлсам,
албатта Абу Бакрни тутар эдим.
Лекин бу Ислом биродарлиги
ва муҳаббатидир. Масжидга
кирадиган эшикларнинг Абу
Бакрникидан бошқа барчаси
беркитилсин», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Агар
умматимдан халил тутадиган
бўлсам, албатта Абу Бакрни
тутар эдим. Лекин у биродарим
ва соҳибимдир. Батаҳқиқ,
Аллоҳ сизнинг соҳибингизни
халил тутгандир»,
дейилган» (Имом Бухорий,
Муслим ва Термизий ривоят
қилишган).
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу
анҳу ҳам жоҳилият даврида,
ҳам Ислом даврида шарафли
бўлган ўн кишининг
биридирлар. Абу Бакр Сиддиқ
розияллоҳу анҳу жоҳилият
даврининг одамлари ичидаги
энг иффатли кишилардан бири
эдилар. У киши ўз ихтиёрлари
билан, ўзларича хамр ичишни
тарк қилган эдилар.
Ибн Саъд ривоят қиладилар:
«Бир киши Оишага: «Менга Абу
Бакрни сифатлаб беринг»,
деди. Шунда у киши: «У оппоқ,
озғин, ёноқлари кичик, бир оз
эгилган, изори икки ёнбошида
турмай, сирпаниб кетадиган,
юзи ичига кирган, кўзлари
чуқур, пешонаси дўнгроқ ва
қушдек енгил одам эди. Унинг
сифати ана шундай», деди».
Бошқа бир ривоятда Оиша
онамиз: «Абу Бакр (соч-
соқолини) хино ва катм –
махсус бўёқ билан бўяб
юрарди», деганлар.
Ибн Исҳоқ қуйидагиларни зикр
қилади: «Бир куни Абу Бакр
Сиддиқ розияллоҳу анҳу
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васалламни учратиб қолди ва:
«Эй Муҳаммад, Қурайшнинг
олиҳаларимизни тарк
қилганингиз, ақлларимизни
паст санаётганингиз,
оталаримизни кофирга
чиқараётганингиз ҳақида
айтаётган гаплари тўғрими?»
деб сўради. Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳа, мен Аллоҳнинг Расули ва
Набийиман. У зот мени Ўз
рисолатини етказиш учун
юборди. Сени ҳақ ила Аллоҳга
даъват қиламан. Аллоҳга
қасамки, У Зот ҳақдир. Эй Абу
Бакр, сени ёлғиз, шериги йўқ
Аллоҳга, Ундан ўзгага ибодат
қилмаслигингга ва доим Унинг
тоатида бўлишингга даъват
қиламан», дедилар. Сўнгра унга
Қуръон қироат қилиб
эшиттирдилар. У иқрор ҳам,
инкор ҳам қилмади. Дарҳол
Исломга келди. Санамларга
куфр келтирди. Шерикларни
отди. Ислом ҳаққини иқрор
қилди. Абу Бакр мўмин ва
мусоддиқ бўлган ҳолида
қайтиб кетди».
Ибн Исҳоқ Муҳаммад ибн
Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ
ибн Ҳусойн ат-Тамимийдан
қилган ривоятда Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам
қуйидагиларни айтадилар:
«Кимни Исломга даъват
қилсам, албатта, тўхташи ва
иккиланиши бўлди. Фақатгина
Абу Бакр кутиб турмади ва
иккиланмади». Бу Абу Бакр
Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг
фазлларига фазл қўшадиган
улкан гувоҳликдир.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу
анҳунинг ўзлари Исломни қабул
қилишлари билан дарҳол
бошқаларни ҳам унга даъват
қилишга ўтдилар. У киши
Қурайш қабиласида катта
обрўга эга эдилар. Ўткир
ақллари, мурувватли ва
адолатли бўлганликлари ҳамда
бошқа олий сифатлари учун
кўпчилик ҳазрати Абу Бакр
розияллоҳу анҳуни яхши кўрар
ва ҳурмат қилар эди. Ҳазрати
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг
дастлабки даъвати самараси
ўлароқ, ўша пайтда
Қурайшнинг ашрофларидан
бўлган, кейинчалик
саҳобаларнинг улуғларига
айланган ва жаннатга
киришларига башорат
берилган ўн кишидан
бешталари: Усмон ибн Аффон,
Зубайр ибн Аввом,
Абдурраҳмон ибн Авф, Саъд
ибн Аби Ваққос ва Толҳа ибн
Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳум
иймонга келишди.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу
анҳу Ислом дини йўлида
биринчи бўлиб бор будини
сарфлаган киши, десак
муболаға қилмаган бўламиз. У
киши бой бўлишлари билан
бирга, ўта сахий ҳам эдилар.
Айниқса, дину диёнат йўлида
ҳеч нарсани аямас эдилар.
Барча уламоларимиз Вал-лайл
сурасидаги ушбу оятлар Абу
Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу
ва у кишининг Аллоҳ таоло
йўлида мол сарфлашлари
ҳақида тушганлигига иттифоқ
қилишган: «Ва албатта, ундан
тақводор банда четда қолади.
У бойлигини сарфлайди ва
ўзини поклайди. Бирор
кишининг унда қайтарилиши
лозим яхшилиги йўқ эди.
Ўзининг олий мақом
Роббисининг розилигини сўраб
қилади. Ва албатта, тезда рози
бўлади» (17-21-оятлар).
Умайя ибн Халаф ўзининг
Билол ибн Рабоҳ исмли қулини
мусулмон бўлгани учун қаттиқ
азоблай бошлайди. Кун қаттиқ
қизиган пайтда иссиққа олиб
чиқиб, кўкрагига харсангтош
бостириб қўяр, «Муҳаммадга
куфр келтирасан, бўлмаса,
ўлгунингча шундай турасан»,
дер экан. Бир куни уларнинг
олдидан Абу Бакр Сиддиқ ўтиб
қолдилар ва Умайяга: «Худодан
қўрқмайсанми? Бу бечорани
қачонгача азоблайсан»,
дедилар. Умайя бўлса: «Буни
сен буздинг, раҳминг келса,
азобдан қутқариб ол!» деди.
Шунда Абу Бакр Сиддиқ ҳазрати
Билолни сотиб олиб, озод
қилдилар. Шундан сўнг
юқоридаги оятлар нозил
бўлган экан».
Абу Саъид ибн ал-Аъробий Ибн
Умар розияллоҳу анҳудан
қуйидагиларни ривоят қилади:
«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу
анҳу Исломга кирган куни
уйида қирқ минг дирҳами бор
эди. Мадинага ҳижратга
чиқаётганида эса, беш минг
дирҳамдан бошқа ҳеч нарсаси
қолмаган эди. У бор-будини
қулларни озод қилиш ва
Исломга ёрдам бериш учун
сарфлаган эди». Шунинг учун
ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи васаллам Абу Бакр
Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг
мол сарфлашларини алоҳида
васф қилганлар: «Набий
соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бизга яхшилик қилган ҳар бир
қўлнинг албатта мукофотини
бермай қўймадик. Фақат Абу
Бакр бундан мустасно. Унинг
бизга қилган яхшиликлари бор.
Унинг мукофотини қиёмат куни
Аллоҳнинг Ўзи беради. Ҳеч
кимнинг моли менга Абу
Бакрнинг моли манфаат
берганидек манфаат берган
эмас», дедилар (Имом
Термизий ривоят қилган).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи
васаллам Исро ва Меърож
қилганларида мушриклар бу
гапларга умуман ишонишмади,
масхара қилиб кулишди. Иймон
келтирганлардан баъзилари
муртад бўлиб, диндан қайтди.
Бир гуруҳ одамлар ҳазрати Абу
Бакр розияллоҳу анҳунинг
олдиларига югуриб боришди. У
киши хабарни эшитгандан
сўнг: «У зот шу гапларни
айтдиларми?» деб сўрадилар.
«Ҳа», дейишди. «Агар у зот
айтган бўлсалар, тўғри
айтибдилар. Мен бунга
шоҳидлик бераман», деди
ҳазрати Абу Бакр. «Шомга бир
кечада бориб, яна Маккага тонг
отмай туриб қайтиб келишига
ишонасанми?» дейишди. «Мен
у кишининг бундан ғариброқ
нарсасини ҳам тасдиқлайман.
Осмондан хабар айтишини ҳам
тасдиқлайман», деди ҳазрати
Абу Бакр. Шундан сўнг у киши
Сиддиқ, яъни «ўта
тасдиқловчи» деб атала
бошладилар. Абу Бакр Сиддиқ
розияллоҳу анҳунинг
жамиятдаги ўринлари юқори
бўлгани сабабли одамлар бу
ихтилофли масалада у
кишининг олдиларига югуриб
боришган эди. У киши бор
гапни айтдилар-қўйдилар ва
шу билан баъзи бир иккиланиб
турганларнинг ҳам иймонда
собит қолишларига сабаб
бўлган бўлдилар.
Мушрикларнинг шиддатли
тазйиқи остида қолган
мусулмонлар Пайғамбар
соллаллоҳу алайҳи
васалламдан ҳижратга изн
сўрай бошлашди. Чунки
Ясрибдаги диндошлари
улардан ёрдамларини
аямасликларини яхши
билишар эди. Пайғамбар
соллаллоҳу алайҳи васаллам
мусулмонларга: «Менга ҳижрат
диёрингиз кўрсатилди. У
хурмозор экан. Икки ҳарра
(қора тошли майдон) орасида
экан», дедилар. Шунда ким
хоҳласа, Мадина томон ҳижрат
қилди. Ҳабашистонга ҳижрат
қилганларнинг кўпчилиги
Мадинага қайтиб келди.
Ҳазрати Абу Бакр ҳам Мадина
томон тайёргарлик кўрдилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи васаллам у кишига:
«Сен шошилма. Мен ўзимга ҳам
изн берилиши умидидаман»,
дедилар. Ҳазрати Абу Бакр:
«Ота-онам сизга фидо бўлсин,
шундай умид қиляпсизми?»
дедилар. «Ҳа», дедилар у зот.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васалламга ҳамроҳ бўлиш учун
кутиб турдилар ва бирга
Мадинага ҳижрат қилишди.

Комментарии

Комментариев нет.