Сўрасангиз, Аллоҳдан сўранг!

Исҳоқ ибн Аббоддан ривоят қилинади: Бир кеча тушимда бир кимсанинг: “кулфатга учраган кимсага ёрдам бер”, деётганини кўриб, уйғониб кетдим ва “қаранглар, қўни-қўшнилардан муҳтож кимса борми?”, дедим. Улар: “билмаймиз”, дейишди. Яна уйқуга кетгандим, тушимга кирган кимса яна келиб: “кулфатга учраган кишига ёрдам қилмай ухлайверасанми?!”, деди. Яна уйғониб кетдим, сўнг яна ухладим. У тушимда яна келганди, мен ўрнимдан турдим ва хизматчига “ҳачирни эгарла”, дедим. Ўзим билан бирга уч юз дирҳам олдим ва ҳачирга миниб, унинг жиловини қўйиб юбордим. У жомеъ масжидга қараб йўл олди. Туялар турар жойининг кўчасидан ўтиб, тоғ йўли бўйлаб қабристон томон юриб борди. Сўнг ўнг тарафга, масжиднинг жаноза ўқиладиган томонига бурилди ва шу ерда тўхтади. Қарасам, бир киши намоз ўқиб турган экан. У менинг келганимни сезган эди, мен унга яқин бориб, “Эй Аллоҳнинг бандаси, сизни бу вақтда бу жойга чиқишга нима мажбур қилди?”, дедим. У: “Мен бир камбағал бандаман, юз дирҳам сармоям бор эди, қўлимдан кетди, зиммамда эса икки юз дирҳам қарзим бор”, деди. Мен уйимдан олволган уч юз дирҳамни чиқариб: “мана бу уч юз дирҳам, буни олинг”, деб бердим ва “мени танийсизми?”, дедим. У: “Йўқ”, деди. Мен: “Мен Исҳоқ ибн Аббод бўламан, агар сизга яна бирор мусибат етса, меним олдимга боринг, манзилим фалон жойда”, дедим. У эса: “Аллоҳ сизни раҳматига олсин!, агар менга яна бирор мусибат етса, сизни бу вақтда чиқарган Зотга илтижо қиламан, Ундан ёрдам сўрайман, шунда У Зотнинг Ўзи яна сизни бизнинг олдимизга олиб келади”, деб жавоб берди.
Субҳаналлоҳ, Ўзинг хоҳлаган кишига ҳикматни берасан! “Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар!” (Тавба;51)

Комментарии

Комментариев нет.