16:42 Тўй ва туғруқдан кейинги чиллани қандай сақлаш керак?

Момоларимиздан мерос бўлиб кетаётган ҳар бир урф-одатнинг тагида ўзига хос ҳикмат бор. Бу ҳикматни тиббиёт ҳам, табобат ҳам, қолаверса, турмушимиз ҳам исботлаб беради. Ишонмайсизми? Келинг, инсон ҳаётидаги муҳим паллалар — чилла даврлари ҳақида суҳбатлашамиз. Инсон ҳаётидаги 3 чилла даври Ҳар бир аёл ва эркак ҳаёти давомида табиий ва қатъий амал қилиниши керак бўлган чилла даврини 3 марта бошдан ўтказади. Аёл киши туғилганида, турмушга чиққанида ва фарзандли бўлганида, эркак киши эса туғилганида, хатна бўлганида ва уйланганида чилла сақлаши шарт ҳисобланади. Тўй чилласи урф-одатлари Қоронғу тушиши билан ҳордиқ олишга рухсат берилади. Келинчак аёллик оламига қадам қўйганидан кейин унинг организми бирмунча заифлашади. Руҳий ва жисмоний ҳолатидаги ўзгаришлар, уй юмушлари, янги оила билан муносабат — буларнинг ҳаммаси ҳаяжон ва хавотир билан кечгани учун ҳам ёш келинчак тез толиқиб қолади. Уйқусида, еганида ҳаловат бўлмагани учун иммунитети ҳам сусаяди. Цистит, грипп каби касалликларга ёш қизлардан кўра келинчаклар кўпроқ чалинади. Ҳобгоҳ ёки ҳовлининг чироғи ўчирилмайди. Асосан, оиланинг янги аъзоси — келинчак учун қулайлик яратиш мақсадида ҳовли чироқлари ёқиб қўйилади. Кечаси ювиниш ёки эрта тонг қоронғусида супургани ҳовлига чиққан келинчак қоқилиб, ёки ҳадиксираб, юрак олдириб қўймаслиги учун шундай қилинади. Ҳобгоҳда эса тунчироқдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Куёв ва келин никоҳ кечаси куни ўз ўрнини қайтадан қоқиб, янгидан жой солади. Бунда куёв келинни синаш мақсадидан кўра кўпроқ бегоналарнинг қўли теккан ёки бирор амал қилинган бўлса, шуни кўнгилдан соқит қилиш кўзда тутилади. Гигиена қоидаларида ҳам ҳар бир киши уйқу олдидан ўз ўрин- жойини қайтадан тартибга келтириб ухлаши борасида кўрсатма бор. Чиллада бегоналар кўзидан йироқ юрилади. Кўз тегиши, назар-нафас борлигини тиббиёт ҳам, табобат ҳам бирдек тан олади. Атрофимиздаги одамлар турлича бўлганидек, уларнинг қувонч ва қайғумизга бўлган муносабатлари ҳам ҳар хил. Келин-куёвлар чиллада фақат кўнгилга яқин одамларни меҳмонга чақириши ёки уларникига меҳмонга бориши жоиз ҳисобланади. Кеч тушганда келин-куёвлар кўчага чиқмайдилар. Кечқурун барча инсу жинслар бош кўтаради, шулардан муҳофаза қилиш учун ҳам чиллали одам кечаси кўчада юрмаслиги керак, деган тасаввур бор. Бундан ташқари, ҳали бир-бирини яхши билмайдиган икки ёш учун уйдан яхшироқ кўникма ва синов майдони йўқ. Келинлар зеб-зийнатлари орасига кўзмунчоқ қадашади. Ўзини парчаланиб кетишдан асролмаган шишамунчоқда бирор ҳикмат борлиги ҳеч кимга аён эмас. Шундай бўлса-да, оқ ва қора ранг ҳар қандай шароитда кўзга тез ташлангани ва эътиборни ўзига қарата олгани учун ҳам ўзгалар нигоҳини кўзмунчоққа йўналтириш мақсадида ундан фойдаланишади. Чиллали уйга исириқ тутатишади. Исириқ тутатиш — хона ҳавосини дезинфекция қилиш демакдир. Бундан ташқари, исириқ ичаклардаги бодларни ҳайдайди, совуқ мизожли кишиларга жинсий қувват бағишлайди, баданни семиртиради, пешоб, сут ва ҳайз юришишини равонлаштиради, қуюқ балғамни ич кетиши билан даф этади. Куёвдан зарарли одатлардан воз кечиш талаб қилинади. Чунки тамаки ва алкогол қон ҳамда уруғ таркибига тушади. Фарзанд ота-онанинг зарарли одатларига нисбатан генетик мойиллик билан туғилади. Саломатлиги ҳам хавф остида қолади. Чиллали келин-куёв қаттиқ гапирмайди, бировни қарғамайди, ёмон ният қилмайди. Кўпинча ёшлар ўзлари билмаган ҳолда бадният қилиб қўйишади. Қанчалик ажабланарли бўлмасин, тақдир чархпалаги ниятга қараб айланиши мумкин. «Ўқишим, ишим бор, ҳозир ҳомиладор бўлиб қолмай, оёққа турмаганман, ҳозир бола боқолмайман» каби гапларни умуман тилга олиш мумкин эмас. Хилват суҳбатлар ҳам меъёрда бўлиши керак. Иффат белгиси аниқ бўлганидан сўнг куёвлар 3 кун давомида келинчакни безовта қилмасликлари (бу аёл саломатлиги учун ниҳоятда муҳим), ширин сўз ва яхши суҳбат билан уни янги ҳаётга кўниктириб боришлари шарт. Тиббиётда ҳар 3-4 кунда жинсий муносабатда бўлиш шаҳватни мукаммал қилиши, фарзандлар ҳам соғлом бўлиши ҳақида кўрсатма бор. «Чилла сақлаш»ни тиббиёт ҳам фаол тарғиб этади. Французча «карантин» сўзининг маъноси ҳам «қирқ кун» дегани. Туғруқ чилласи урф-одатлари Янги туққан аёл билан кўришилмайди. Кўпчилик туғруқхонада чўмилмай, ўз уйида ғусл қилишни жоиз деб билади. Туғруқхонадан чиққан аёл уйга келганида ҳеч ким билан оғиз-бурун ўпишиб сўрашмаслиги керак. Ҳам жисмоний, ҳам руҳий олами тетик бўлмаган, иммунитети суст аёлни турли инфекция, микроблардан асраш керак. Чилла даврида жинсий яқинликка рухсат берилмайди. Туғруқдан кейинги 6 ҳафта давомида бачадон бўйни очиқ ҳолатдан аста-секин ёпиқ ҳолатга ўта бошлайди. Бора-бора жинсий аъзолардаги ёриқлар, шикастлар тузалиб, қон кетиши тўхтайди. Агар чилла сақланмаса, турли кўнгилсиз ҳолатлар кузатилиши, жинсий аъзолар яллиғланиши, қон кетиши мумкин. Чиллали аёл фақат тоза мато ишлатиши керак. Турли гигиеник воситалар ҳам бу ўринда қўл келиши мумкин. Бироқ сурункали равишда улардан фойдаланиш аллергик тошмалар, ачишиш, қичишиш пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Энг яхшиси, дока матосидан фойдаланиш керак. Умуман олганда, туғруқдан кейин ажралмалар келиши мутлақо нормал ҳолат. Бу бачадоннинг «тозаланиш ва тикланиш» амалиёти ҳисобланади. Қоғоноқ пардасининг қисмлари, шиллиқлар, қуюқ қоннинг парчаланиб ажралишини «лохия» деб аташади. Лохиялар дастлабки уч- тўрт кун қизил ранг, кейинги кунлар тўқ жигарранг, иккинчи ҳафтадан бошлаб сарғиш тусга киради. Бора- бора ажралмалар ранги шаффофлашиб, бачадон «тартибли» ҳолга келгач, ажралмалар бутунлай тўхтайди. Бу жараён 6 ҳафтани, яъни тўлиқ чилла даврини қамраб олади. Чиллали уйда чироқ ўчмайди. Гўдак ҳар 3 соатда овқатлантиришни талаб қилади. Оналар тун давомида ҳам 2-3 маротаба уйғониб, чақалоғининг қорнини тўйғазади. Хонадаги ёруғлик гўдак ва онанинг қулай шароитда бўлиши таъминлай олиши керак. Чилла ичида аёлнинг бели маҳкам боғланиши даркор. Янги кўзи ёриган аёл бошқаларга нисбатан икки ҳисса кўпроқ совуқни сезади. Эти жунжикиб, баъзан эса ҳарорати кўтарилиши мумкин. Шунинг учун чиллали аёл ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар, бели ва кўкрак қисмини иссиқ тутиши, белбоғ, бондаждан фойдаланиши ёки нимча кийиб юриши даркор. Бу унинг қомати асл ҳолатга қайтиши учун ҳам хизмат қилади. Дарвоқе, «қоматим бузилади» деб, фарзандни эмизмасликда ҳеч бир маъни йўқ. Аксинча она боласини мунтазам кўкрак сути билан боққанида бачадоннинг қисқариш жараёни ҳам бирмунча тезлашиши тиббиётда исботланган. Ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида бачадоннинг оғирлиги1 кг.ни ташкил қилади. Чилла даври ниҳоясига етгунга қадар эса бачадон қисқаради, шиллиқ қаватлари ажралиб, ўзининг асл ҳолига қайтади, соф вазни60 граммбўлиб қолади. Чиллада кучли овқатлар ейиш керак, деган маслаҳат бироз баҳсли бўлиб, бизнингча, эмизикли оналар кучли ҳисобланган таомларни истеъмол қилганида гўдакнинг қорни оғриб, дам бўлиши кузатилади. Эмизикли аёл таомномасида гуручли, қиймали, бўтқали таомлар бўлгани дуруст. Чилла даврида аксарият оналарни қабзият безовта қилади. Буғда пиширилган сабзавотлар истеъмол қилиш она ва боланинг ичак тизими фаолиятини мўътадиллаштиради. Оналар болани эмизаётганида жудаям қаттиқ чанқашлари ҳақида кўп гапиришади. Эмизикли она кунига ҳаво ҳароратига қараб 8-12 стакан суюқлик ичиши керак. Жанозага борган одам чиллали уйга кирмайди. Дафн маросими бир инсон ҳаётининг интиҳосини англатганидек, чиллали уй янги инсон дунёга келганидан дарак беради. Халқ орасида «икковини аралаштирганда, ёш гўдак ва онага бирор зарар етади», деган қарашлар бор. Тиббиётда эса нафақат аза маросими, балки жамоат йиғиладиган бошқа тадбирларда ҳам оила аъзолари иштирок этса, ювинмасдан туриб, чиллали она ва болага яқинлашиш жоиз эмас, деб ҳисобланади. Чилладаги онага қаттиқ гапириб бўлмайди. Хотиржам уйқу бўлмаслиги, иштаҳасизлик, бавосил, бўғимлардаги оғриқлар, ташқи кўринишидан қониқмаслик, ўзини тўрт девор орасида қолиб кетгандек ҳис қилиш, турмуш ўртоғи ва оила аъзоларига алоҳида эътибор қаратишга имкон йўқлиги — буларнинг барчаси онанинг руҳий оламида катта ўзгаришлар ясайди. Ҳатто, баъзан оналар боладан чарчаш ҳиссини ҳам туйишлари, ҳуда-беҳудага йиғлашлари мумкин. Бу ҳолатларнинг барчаси ўткинчи бўлиб, аёл яқинларининг яхши муносабати, амалий ёрдами туфайли чилла давридан муваффақиятли ўтиб олиши мумкин. Чилладаги кийимларни кейин кийиб бўлмайди, деган фикр ҳам бироз баҳсли. Она ва бола учун аввалги кийимларни кийишнинг ҳеч бир зиёни йўқ. Аслида момоларимиз гўдакнинг чилла ичи кийимларини йиғиштириб олиб қўйишни тавсия қилганлар. Агар бунга амал қилинмаса, «болани чилла босиб, ўсмай қолади», деб ҳисоблашган. Гўдак иккинчи ойдан зудлик билан ривожлана бошлайди, ўз-ўзидан чилла кийимлари торайиб, калталашиб қолади. Чақалоққа кенг ва юмшоқ кўйлаклар кийдирилса, унинг эркин ҳаракатланишига имкон яралади. Она учун эса тескариси, чилладан кейин кенг кўйлаклар ўрнини қоматга мос келувчи либосларга бўшатиш мумкин бўлади. Маросимларнинг барчаси чилладан кейинга қолдирилади. «Қовурдоқ», «Бешик тўйи»да чиллали аёл ва боланинг иштирок этиши, келган меҳмонларнинг ҳар бири чақалоқни қўлига олиб, томоша қилиши, аёл билан сўрашиб, унинг тинчини бузиши, меҳмон кутаман деб чиллали аёлнинг хизматда бўлишини ҳеч қайси жиҳатдан ёқлаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам шу каби маросимларни иложи бўлса фақат энг яқин қариндошлар иштирокида, шунингдек, чилла чиққанидан сўнг ўтказиш мақсадга мувофиқ. «Ақиқа»да қурбон қилинган жонлиқнинг учдан бир қисми ҳам чиллали аёл ва унинг фарзанди, оила аъзоларига аталиши, қолгани хом ёки пиширилган кўринишда муҳтожларга эҳсон қилиниши даркор. Азиза

Комментарии