30 авг 2015

ОСМОНЛАРГА КЕТГИМ КЕЛЯПТИ!

Тўзим тилаб тўзганим шудир,
Йиғлаб-йиғлаб ёзганим шудир,
Мен ақлдан озганим шудир,
Кўнглимга ўт ёқмасанг бўлмас,
Худо бугун боқмасанг бўлмас!
Бугун кўлим чўл кўтаргайдир,
Бугун ўнгим сўл кўтаргайдир,
Ҳатто ёмон қўл кўтаргайдир,
Кўнглим чақмоқ чақмасанг бўлмас,
Худо бугун боқмасанг бўлмас!
Бўлдирса ҳам бўлмаяпман мен,
Тўлдирса ҳам тўлмаяпман мен,
Ўлдирса ҳам ўлмаяпман мен,
Кўнглимга ўт ёқмасанг бўлмас,
Худо бугун боқмасанг бўлмас!
Ўзим осмон, юлдузман ўзим,
Ўзим кеча, кундузман ўзим,
Мен кўнгилман, илдизман ўзим,
Кўнглимга гул тақмасанг бўлмас,
Худо бугун боқмасанг бўлмас!
Қўлим етмас, етгим келяпти,
Қўлим етмас, етгим келяпти,
Осмонларга кетгим келяпти,
Кўнглим дарё оқмасанг бўлмас,
Худо бугун боқмасанг бўлмас!

Комментарии