4 дек 2015

Дил бекатдир, хотиралар учун карвон,

Карвон юки гоҳо шодлик, гоҳо армон.
Ёвғонингиз ичмай сизни йиғлатганим
Ёдга тушса, онажоним ҳолим ёмон.
Йўқчиликни азобларин кўрган онам,
Ўзин эмас, мени ўйлаб юрган онам.
У пайт, рўзғор ғор эканин билмас эдим,
Бола эдим, гул тиканин билмас эдим.
Бир кам икки бу дунёда мунис онам
Кўп нарсага зор эканин билмас эдим.
Дардларини ёлғиз ўзи ютган онам,
Ташвишларин мендан йироқ тутган онам
Йиллар ўтиб, хирмон бўлди ўрганларим,
Насиб этди тилаганим, сўрганларим.
Фақат энди пойи жаннат онам йўқдир,
Вайронадек бу кошонам, қурганларим.
Хаёлларим, ширин тушим – мушфиқ онам,
Учиб кетган Ҳумо қушим – мушфиқ онам.
Гарчанд тулпор отдай чопди омадларим,
Ич-ичимда ўкинчларим, фарёдларим.
Онам қўли теккан ўша ёвғон учун
Берар эдим бугун бари давлатларим.
Осмонларга руҳи пинҳон бўлган онам,
Ёвғони ҳам энди армон бўлган онам

Комментарии

Комментариев нет.