ИККИНЧИ БОБ.

МАРЖА АММАНИНГ КАТТА ХАТОСИ
Гарри эрталаб нонуштага тушган маҳалда Дурсллар ошхона столини эгаллаб, Дудлининг таътилга келгани шарофатига харид қилинган сўнгги телевизор русумини кўриб ўтиришган экан. Дудли доимо меҳмонхонадаги телевизордан ошхонадаги музлаткичга қадар масофа узоқлигига арз қилиб келган эди. Ана энди у ёзнинг асосий қисмини ошхонада ўтказадиган, чўчқа кўзларига ўхшаш кўзларини экрандан узмайдиган, жағи остида ҳосил бўлган бешта бағбақаси эса кавш қайтаришдан тинмайдиган бўлди.
Гарри холаваччаси Дудли ҳамда узун мўйловли, танаси йирик, бўйни деярли кўринмайдиган, гўштдор Вернон амакининг ўртасига жойлашди. Оила аъзолари Гаррини туғилган куни билан табриклаш у ёқда турсин, ҳатто ошхонага кириб келганига ҳам эътибор қаратмади. Умуман олганда бундай одатий ҳолатдан Гарри хафа бўлмай қўйган. У ҳам столдаги бутербродлардан бирини олди-да, экранга, қамоқхонадан қочган аллақандай маҳбус ҳақидаги репортажни якунлаётган сухандонга қараб ўтирди.
- ... жамоатчилик Блэкнинг қуролланган ва ниҳоятда хавфли жиноятчи эканлиги ҳақида муқаддам огоҳлантирилган эди. Уни қўлга олиш тадбирлари давомида фойдаланилиш учун атайин ажратилган телефон рақамларини телевизор экранида кўриб турибсиз. Мабодо сиз истиқомат қилаётган жойда Блэк пайдо бўлган бирон-бир аломатни сезиб қолсангиз сутканинг ҳар қандай вақтида ушбу телефон рақамларини териб, зудлик билан хабар беришингизни сўраймиз.
- У қанчалик ёмон одам эканлигини бизга айтиш шарт эмас, - тўнғиллаб қўйди газета устидан қочоқ маҳбуснинг экрандаги фотосуратига танқидий кўз билан қараб ўтирган Вернон амаки, - Шундоқ ҳам кўриниб турибди! Унинг ифлослигини қаранг! Сочлари-чи! Э, кепатанг қурсин...
Амаки кўзининг қири билан жиянининг бошига жирканч қараб қўйди. Гаррининг дағал ва итоатсиз сочлари доимо Вернон амакининг жаҳли чиқишига сабаб бўлиб келган. Силласи қуриб қолган қочоқ жиноятчининг экранда тасвирланган юзидаги икки томонга осилиб тушган чигал соч тутамлари билан солиштириб кўриладиган бўлса, Гаррининг сочлари бинойидек кўринади.
Телевизор экранида яна сухандон кўринди.
- Қишлоқ хўжалиги ва балиқ овлаш саноати вазирлиги бугун ўз қарорини оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ...
- Ҳой, тўхта! - ириллади Вернон амаки, сухандонга нафрат ила мурожаат қилиб, - Анави савдойи қаердан қочганини айтмадинг-ку! Бу қанақа янгилик бўлди? Эҳтимол у шу ерда, бизнинг кўчаларимизда изғиб юргандир!
Петунья хола ўтирган ўрнида шартта дераза томон ўгирилиб, диққат билан кўчага қаради. От юзли, бўйни оддий аёлнинг бўйнига нисбатан икки чандон узун, жуссаси чўп-устухон ушбу хонимнинг табиати ҳаддан ташқари қизиқувчан бўлиб, ҳаётининг аксарият қисмини ўз атрофидаги зерикарли, жамият қонунларига амал қилиб яшаб келадиган қўшниларни кузатиш, уларнинг сир-асрорларидан жосусусона бохабар бўлиш билан ўтказмоқда. Қани энди у, ўша атайин ажратилган телефон рақамларини биринчи бўлиб терса-ю, ўзини ниҳоятда бахтиёр ҳис этса.
- Бундай аблаҳларни аямай дорга осиш кераклигини қачон тушуниб етади улар, а?! - акиллади Вернон амаки, ўзининг йирик, кўкимтир муштини столга уриб.
- Жуда тўғри, - деди қисиб олган кўзини қўшниларнинг хол-хол гулли деворидан ҳалигача узмаган Петунья хола.
Вернон амаки чашкасини бўшатди-да, соатига қаради.
- Мен тезроқ борай, Петунья. Маржорининг поезди соат ўнда етиб келади.
Шу дамгача хонасида қолган «Супургига техник хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар тўплами» ҳақида ўйлаб ўтирган Гарри, осмондан ерга қулаб тушгандай бўлди.
- Маржа амма? Шу бугун... ҳозир... келяпти-ми? - сўради у.
Маржори Вернон амакининг опаси бўлиб, Гаррининг қариндоши саналмайди. Гаррининг онаси Петунья холанинг синглиси бўлган. Шундай бўлса-да, Маржа аммани «амма» деб аташга бола мажбур қилинган. Маржори қишлоқда, катта боғдан иборат ҳовлида яшайди. У бульдог зотига мансуб ит етиштириб кун кечиради. Ўзининг қимматли итваччаларини узоқ вақтга ёлғиз ташлаб кета олмаслиги боис Одамовилар хиёбонига камдан-кам келади. Лекин Маржа амманинг ҳар бир ташрифи Гаррининг ҳаётида алоҳида мудҳиш из қолдиради.
Дудли беш ёшга тўлган куни «денгиз тўлқини» ўйини давомида жиянидан устун келишни бас қилиши учун Маржа амма Гаррини таёқ билан қаттиқ савалаб, оёқларини кўкартириб ташлаган. Яна бир неча йил ўтгач, Рождество куни топилиб келиб, Дудлига компьютерлаштирилган робот, Гаррига эса бир қути ит еми совға қилган. Гарри «Хогварц»га ўқишга киришига бир йил қолганда Маржа амма ўзининг Рваклер лақабли ити билан укаси Верноннинг уйига меҳмонга келган. Ўшанда Рваклернинг думини бехосдан босиб олган Гарри аранг дарахтга чиқиб, омон қолган эди. Аммо Маржа амма ярим тунга қадар дарахт тагида Гаррининг пастга тушишини пойлаб ётган баҳайбат итини чақириб олишдан бош тортган. Ўша воқеани эсга олган Дудли ҳалигача кулиб, ичагини ушлаб қолади.
- Маржори уйимизда бир ҳафта туради, - ириллади Вернон амаки, - Модомики, ушбу мавзу очилган экан, - деди у, семиз бармоғини таҳдидли кўтариб, - Уни олиб келганимга қадар айрим нарсаларни муҳокама қилиб олишимиз даркор.
Оғзи қулоғига етган Дудли ўзининг лойқа нигоҳини телевизор экранидан узди. Дадаси Гаррини камситадиган саҳна Дудли учун энг қизиқарли томошалардан бири саналади.
- Биринчидан, - ириллашини давом этди Вернон амаки, - Маржори билан ҳаром тилингни тийиб гаплашасан.
- Яхши, - алам билан рози бўлди Гарри, - Агар у ҳам тийиб юрса.
- Иккинчидан, - боланинг сўзларини эшитмаган бўлди Вернон амаки, - Маржори сенинг бемаъни табиатингдан бехабар. Бинобарин, у шу ерда бўлган кунлари мен ҳеч қандай, эшитяпсан-ми, ҳеч қандай аҳмоқона қилиқларингни кўришни истамайман. Ўзингни хушхулқ тутишинг шарт. Тушундинг-ми?
- Агар у ҳам ўзини хушхулқ тутса, - деди Гарри тишлари орасидан.
- Учинчидан эса, - ғижиниб ғулдиради Вернон амаки, арғувон юзидаги баджаҳл митти кўзлари кичик тешикларга айланиб, - Биз Маржорига сени тузалмас-жиноятчи нусхалар учун қатъий режим жорий этилган муқаддас Грубус муассасасида тарбияланяпти, деб айтганмиз.
- Нима?! - қичқирди Гарри.
- Ва сен ушбу гапни тасдиқлайсан, болакай. Акс ҳолда пушаймон ейсан, - деди Вернон амаки худди тупуриб юборгандай.
Эшитган гапига ишонмай ўтирган Гаррининг юзи ғазабдан оқариб кетди. Маржа амма бутун бир ҳафтага келяпти! «Хогварц»га ўқишга киришидан бир йил олдинги туғилган кунига Вернон амаки кийиб эскиртган бир жуфт пайпоқ ҳадя этилгани инобатга олинган тақдирда ҳам, унинг бу йилги туғилган кунига Дурсллар туҳфа қилган энг мудҳиш совға бўлди.
- Демак, келишиб олдик. Ундай бўлса, Петунья, - деди Вернон амаки ўрнидан базўр туриб, - Мен вокзалга кетдим. Мен билан машинада сайр қилиб келасан-ми, Дудлича?
- Йўқ, - деди Дудли, дадасининг Гаррига гапирган гапи тугагач, боз телевизор томон юзланиб.
- Дудлича аммасининг келишига ясаниб туради, - мушукка ўхшаб хириллади Петунья хола, ўғлининг оқ сариқ сочларини текислаб, - Ойижониси унга янгигина, чиройлигина бўйинбоғ олиб берди.
Вернон амаки кафтини ўғлининг миқти елкасига қуйиб, қучиб қўйди.
- Ундай бўлса, учрашгунча.
Даҳшатдан фалажланиб қолган Гаррининг хаёлига бир ўй келди. У қўлидаги бутербротни қўйди-да, шартта ўрнидан туриб, амакисининг кетидан чиқди.
Даҳлизда сафар курткасини кийиб турган Вернон амаки орқада Гарри турганини сезиб, яна ириллади:
- Сени чақирганим йўқ.
- Чақириғингиз менга кераги йўқ, - совуқ жавоб қайтарди Гарри, - Мен сиздан бир нарсани илтимос қилмоқчиман.
Вернон амаки шубҳаланиб, Гаррига бошдан-оёқ қараб чиқди.
- «Хог...», яъни мен ўқиётган мактабнинг учинчи синф ўқувчиларига мактаб яқинидаги қишлоққа чиқиб туриш ҳуқуқи берилади.
- Хўш? - сўради Вернон амаки эшик ёнидаги илгакдан машина калитини олар экан.
- Рухсатномага имзо чекиб беришингиз керак, - фикрини тез тугатди Гарри.
- Нега энди мен имзолашим керак экан? - башарасини қийшайтирди Вернон амаки.
- Нима десам бўлар экан, - жавобини чўзди Гарри, керакли сўз танлаб, - Маржа аммага анави муқаддас жойда, номи нима эди-я, эсимдан чиқиб қолди?
- Тузалмас-жиноятчи нусхалар учун қатъий режим жорий этилган муқаддас Грубус муассасаси! - гумбурлади Вернон амаки.
Гарри амакининг овозида ваҳимали оҳанг эшитди.
- Ҳа, тўғри, - деди Гарри, йирик, арғувон башарага қараб, - Номи жуда узун экан. Хуллас аммам олдида ўзимни ўша ерда ўқиётган кўйга солиб юришим қийинроқ кечадими дейман-да. Ахир ўша муқаддас жойнинг номини тутилмай талаффуз этишим керак-ку, шундайми? Агар бехос бирор нарсани ўтказиб юборсам нима бўлади?
Вернон амаки муштини кўтариб, Гарри томон қадам босди.
- Нима ҳам бўлар эди. Ичингдаги бор нарса сиқилиб-силтаниб чиқади, тушундинг-ми?
Бироқ Гарри сир бой бермади.
- Шундайликка, шундай-куя, лекин бундай ишингиз мен валдираб қўйган гапни Маржа амма унутиб юборишига омил бўлмайди-да.
Юзи бир текис қизил-жигар ранг тус олган Вернон амаки муштини кўтариб турганча, тўхтаб қолди.
- Агар сиз рухсатномага имзо чекиб берсангиз, - фикрини тез давом этди Гарри, - Қаерда ўқиётганимни ёдда тутиш ва ўзимни маг... хушхулқ одамга ўхшаб тутишга ваъда бераман.
Вернон амакининг тиши яланғочланиб, чаккасидаги қон томири қаттиқ ура бошлаган бўлса ҳам, Гаррининг таклифини обдан мулоҳаза қилаётгани кўриниб турибди.
- Яхши, - деди у ниҳоят, - Бироқ Маржори шу ерда турар экан, хулқ-атворингни диққат билан кузатиб тураман. Агар сўнгги дақиқаларга қадар қўйилган талабга амал қилсанг, айнан мен айтган муассаса номини айтиб борсанг, ўша аҳмоқона рухсатномангга имзо чекиб бераман.
У товонида айланганча, ташқарига чиқаётиб эшикни чунонам қаттиқ ёпди-ки, дераза ромининг битта кўзидаги ойна полга тушиб, чилпарчин бўлиб кетди.
Гарри ошхонага қайтмай, хонасига кирди. Модомики, ўзини маглчасига тутиши керак экан, буни ҳозирдан бошлагани яхши. У ўз совғалари ва табрик откриткаларини шошилмай, маъюс йиғди-да, тахта тагига, иншоси билан биргаликда сақланиши учун ёстиқжилдга жойлаб қўйди. Анча ўзига келиб қолган Эррол Хедвиг билан ёнма-ён, бошини қанотига суқиб олганча, ухлаяпти. Гарри бир хўрсиниб олди-да, иккала қушнинг кўкрагига бармоқ ниқтаб уйғотди.
- Хедвиг, - деди у, - Сен бир ҳафтага даф бўлишингга тўғри келади. Эррол билан бирга учиб кетасан. Мен бор гапни Ронга ёзиб, тушунтириб бераман. У сенга қараб туради.
Хедвиг ўзининг каҳрабо ранг кўзларини Гаррига қаратиб, ўқрайди.
- Менга ундай қарама, - деди Гарри, - Айб менда эмас. Шундай қилинсагина Рон ва Гермиона билан биргаликда Хогсмёд қишлоғига бориб туришим мумкин.
Ўн дақиқадан сўнг, Ронга ёзилган хат панжасига боғлаб қўйилган Эррол билан Хедвиг деразадан учиб чиқиб, кўздан ғойиб бўлди. Ўзини бахти қора кишидай ҳис этган Гарри қафасни жавон ичига жойлади.
Бироқ бахтсиз қисмат ҳақида фикр юритишга боланинг вақти бўлмади. Хаёл ўтмай пастда Петунья холанинг Гарри пастга тушиб, меҳмонни кутиб олишга ҳозирлик кўриши талаб этилган наъраси янгради.
- Сочингни тартибга келтириб олсанг-чи! - акиллади у, даҳлизга тушган Гаррига.
Нима сабабдан сочини тараши кераклигини Гарри тушунмади. Ахир Маржа амма Гаррини танқид қилишни хуш кўради-ку. Демак, у кўзга қанча ёмон кўринса, шунча яхши эмасми?!
Тез орада ҳовлидан шағалнинг шалдираган товуши эшитилиб, Вернон амакининг машинаси кириб келганидан далолат берди. Сал ўтиб, машина эшикларининг гумбурлагани ва боғ йўлагидан қадам товушлари эшитилди.
- Эшикни оч! - вишиллади Петунья хола.
Қалбини зулмат қамраган Гарри эшикни очди.
Остонада Маржа амма кўринди. У Вернон амакининг аёл жинсидаги иккинчи нусхаси: мўйловли, танаси йирик, бўйни деярли кўринмайдиган, гўштдор. Маржа амманинг мўйлови Вернон амакининг мўйловига ўхшаб қуюқ ўсмагани опа-ука ўртасидаги ягона тафовутдир. Амма бир қўлига катта чамадон, иккинчисига эса қўлтиқлаб олинган тентак табиатли қари итини ушлаб олган.
- Дудлича қани? - дўриллади у, - Қани менинг жиянчам?
Даҳлизда оқ сариқ сочи ёғли бошига ёпишиб қолган, оёғи билан эшкак сузган каби келган Дудли кўринди. Унинг кўп сонли бақбақалари орасида қолиб кетган капалакнусха бўйинбоғи деярли кўринмади. Кутилмаганда қўлидаги чамадон билан Гаррининг қорнига солиб, боланинг нафасини чиқариб юборган Маржа амма бир қўли билан Дудлини маҳкам сиқиб олиб, жиянинг ёғ босган лунжидан ўпиб, ялашга киришди.
Дудли Маржа аммасининг бундай силаб-сийпашларига, аммадан кўп пул олиши учунгина бардош беришини Гарри яхши билади. Чиндан ҳам аммасининг исканжасидан халос бўлган Дудлининг қўлида йигирма фунтли банкнота кўринди.
Маржа амма Гаррини, худди шляпа учун илгак ёнидан ўтгандай болага қиё боқмай четлаб ўтди.
- Петунья! - ўкирди у.
Маржа амма билан Петунья хола гўё ўпишиб олишди. Агар аниқроқ айтиладиган бўлса, Маржа амма ўзининг йирик, бақувват бош суяги билан Петунья холанинг қоқ суякдан иборат лунжига бориб урилди.
Ичкарига қувончли табассум-ла, Вернон амаки кириб келди.
- Чой кетадими, Маржори? - сўради у, - Рваклерга нима берган маъқул?
- У менинг ликопчамдан чой ичади.
Учаласи, қўлида чамадон ушлаган болани ёлғиз қолдириб, ошхонага равона бўлди. Гарри хафа бўлмади. Нима бўлса бўлсин-у, амма билан камроқ юзма-юз келсин. У чамадонни, имкон қадар кўпроқ ивирсиб, меҳмонлар учун ажратилган хонага кўтариб кетди.
Ошхонага қайтган фурсатда Маржа амма чой ва мевали пирог билан боқилаётган экан. Бурчакда эса Рваклер чапиллаганча ликоп ялаяпти. Унинг тумшуғидан ойнадай тоза полга чой ва сўлак томаётганини кўрган Петунья холанинг башараси билинар-билинмас бужмайиб кетмоқда. Тўғрисини айтганда Петунья хола ҳар қандай турга мансуб ҳайвонни ўлгудай ёмон кўради.
- Қолган итларингга ким қараб турибди, Маржори? - қизиқиб сўради Вернон амаки.
- О, уларни полковник Брустверга топшириб келдим, - дўриллади Маржа амма, - Қария истеъфога чиқди. Бирон-бир иш билан шуғулланиш полковник учун фойдадан холи эмас. Бироқ Рваклерни ўзим билан олиб юришимга тўғри келади. Бечора ит мени бир оз кўрмай қолса бас, озиб-тўзиб кетади.
Гаррининг дастурхон атрофидаги одамларга келиб қўшилганини кўрган Рваклер увиллаб қўйди. Бу ҳолат Маржа амманинг болага илк бор эътибор қаратишга мажбур қилди.
- Хўш! - акиллади амма, - Ҳамон шу ердамисан?
- Ҳа, - жавоб қайтарди Гарри.
- Кўрнамак оҳангда «ҳа» дема менга, - акиллашини давом эттирди амма, - Бир вақтлар сени уйда қолдириб, Вернон билан Петунья иккаласи ниҳоятда катта олижаноб иш қилишган. Агар ўшанда сен нонкўрни менинг остонамга ташлаб кетишганда борми, уйимга мутлақо киритмаган, ўйлаб-нетиб ўтирмай, тўғри етимхонага топширган бўлар эдим.
Дурсллар хонадонида яшагандан кўра етимхонани афзал билиши ҳақида Гарри бир нима демоқчи бўлди-ю, Хогсмёдга бориб туришга доир рухсатномани ўйлаб, тилини тийди.
- Нима тиржаяпсан?! - тутақиб кетди Маржа амма, - Сен тузалмасни сўнгги бор кўрганимда қандай бўлган бўлсанг, зиғирдай ўзгармай шундайлигингча қолган кўринасан, а? Мактабда оз бўлса ҳам ақл киритиб қўйишади, деб умид қилган эдим.
У чашкадаги чойдан каттагина хўплаб олди-да, мўйловини артиб, укасидан сўради:
- Сизлар мана бу етимни ўқишга юборган жойнинг номи нима эди, а, Вернон?
- Тузалмас-жиноятчи нусхалар учун қатъий режим жорий этилган муқаддас Грубус муассасаси, - шоша-пиша жавоб қайтарди Вернон амаки, - Тарбияси оғир, тузалишига умид бўлмаган шахслар учун жуда зўр жой.
- Тушунарли, - деди Маржа амма.
Шундан сўнг у, столнинг нариги томонида ўтирган Гаррига мурожаат қилиб, акиллашини давом этди.
- Ҳой бола, қани менга айт-чи, ўша муқаддас Грубус муассасасида жисмоний жазо қўлланиладими?
- М-м-м...
Опасининг орқа томонида турган Вернон амаки Гаррига бош ирғиб қўйди.
- Ҳа, - жавоб қайтарди Гарри ва илҳом келаётганини ҳис этиб, - Мунтазам қўлланилади.
- Жуда соз, - хитоб қилди Гаррининг жавобидан қувониб кетган Маржа амма, - Калтаклашга лойиқ иш қилган бўлса ҳам, болага қўл кўтариш мумкин эмас, деган ҳар хил бемаъни гапларга қўшилмайман. Яхшигина қамчи юзта ҳолатдан тўқсон тўққизтасида энг зўр тарбия воситаси саналади. Хўш, шахсан сенга нисбатан-чи, бундай жазо чораси тез-тез қўлланилиб туриладими?
- О, узлуксиз қўлланилади, - тасдиқлади Гарри, - Кутилгандан ҳам тезроқ, кўпроқ калтаклаб боришади.
Маржа амма кўзларини дарғазаб қисиб олди.
- Бари-бир жавобинг оҳанги менга ёқмаяпти, - деди у, - Модомики сен, узлуксиз калтаклашаётганини бамайлихотир гапирар экансан, демак жонинг оғримас экан. Петунья, сени ўрнингда бўлганимда, ўша муассаса раҳбариятига хат йўллаган бўлар эдим. Унга нисбатан энг сўнгги чоралар кўрилишига доир ҳеч қандай эътирозинг йўқ эканлигини ёзиб юбор.
Вернон амаки эрталабки битим шартлари Гаррининг эсидан чиқиб қолиши мумкинлигидан чўчиган кўринади. Ҳар қалай у, суҳбат мавзусини кескин алмаштирди.
- Бугунги янгиликларни эшитдинг-ми, Маржори? Анави қочоқ жиноятчи ҳақида нима дейсан, а?
Маржа амма янги жойга тез мослашиб олди. Гарри эса аксинча, Одамовилар хиёбонидаги 4- уйда Маржа аммасиз ўтадиган зерикарли ҳаётни қўмсаб қолди. Вернон амаки билан Петунья хола жияннинг оёқ остида илашмай, нари юришини маъқуллашар, Маржа амма эса, билъакс, «бола тарбияси»га доир турли ўткир таклифлар киритиб юриши учун Гарри унинг кўз олдида мунтазам юришини истар эди. Гарри билан Дудлини ўзаро таққослаш аммани қаноатлантирадиган энг яхши мавзулардан бири. Маржа амма Дудлига катта, қимматбаҳо совғаларни атайин харид қилиб, шу куни Гарридан нима учун у совғасиз қолаётгани ҳақида савол кутганча, болага тикилар эди. Шундан сўнг, бундай саволларни хаёлига ҳам келтирмаган Гаррининг бадҳазм шахс сифатида шаклланишига қандай омиллар сабаб бўлишига доир турли шамали гаплар ташлаб юрди.
- Етимнинг бундай бемаъни улғайгани учун кўп куйиниб, ўзингни койима, Вернон, - деди Маржа амма учинчи куни ўтаётган тушлик вақтида, - Кишининг қони нопок, бузуқ бўлса, илож қанча, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди.
Гарчи Гарри имкон қадар фикр-хаёлини овқатга жамлашга ҳаракат қилса ҳам, нафратдан қўли титраб, юзи ёнаётган каби қизий бошлади. «Рухсатномани ёдингдан чиқарма. Хогсмёд ҳақида ўйла. Дарғазаб бўлма...», дер эди у, ўзига ўзи.
- Наслчилик ишларининг ўзига хос тамойиллари мавжуд, - маълум қилди қўлига бокал олган амма, - Ит етиштириш соҳасида мен ўхшаш муаммоларга тез-тез дуч келиб тураман. Агар урғочи ит бузуқ бўлса, унинг итваччалари ҳам...
Айни шу фурсатда амманинг қўлидаги бокал портлаб, парчалари ҳар томон сачраб кетди. Гапи бўғзига тиқилиб қолган Маржа амманинг кўзлари пирпираб қолди. Шалаббо бўлган арғувон турқидан эса ичимлик қатралари тома бошлади.
- Маржори! - чийиллаб юборди Петунья хола, - Маржори! Яраланмадинг-ми?
- Ҳеч қиси йўқ, - дўриллади амма, башарасини сочиқ билан артар экан, - Бокални қаттиқ сиқиб юбордим шекилли. Яқинда полковник Бруствернинг уйида ҳам шундай ҳолат юз берган эди. Куйинма, Петунья... Қўлим жа бақувватда.
Петунья хола билан Вернон амаки Гаррига шубҳа билан тикилиб қолишди. Шу боис Гарри десертни емай, яхшиликча дастурхондан туриб кетишни маъқул топди.
У даҳлиздан чиқиб, ҳансираганча зинапояга суянди. Бирон нарса портлаб кетадиган даражада ўзини идора қилмай қўйганига анча бўлган. Бундай ҳолатни энди фақат Хогсмёдга бориб туриш учун рухсатнома эмас, бошқа сабаблар туфайли ҳам ўзига ортиқ эп кўра олмайди. Агар у ўз хулқини тузатмас экан, сеҳргарлик вазирлиги билан боғлиқ кўнгилсизликлар юз бериши муқаррар.
Гарри ҳали балоғатга етмаган сеҳргар саналар экан сеҳргарлар дунёсида жорий этилган қонунлар мактаб даргоҳидан ташқари жойда сеҳр-жоду билан шуғулланишни унга ман этади. Гарри эса айрим гуноҳлардан холи эмас. Масалан, ўтган йили у сеҳргарлик вазирлигининг сеҳргарлик ва афсунгарлик фаолияти устидан назорат бўлими томонидан расман огоҳлантирилган. Хусусан, ўша ҳужжатда: «... Сиз томондан келгусида такрорланадиган бирон-бир ўхшаш фаолият, юқорида зикр этилган таълим муассасасида таҳсил кўраётган ўқувчилар рўйхатидан четлаштирилишингиз билан якун топиши мумкин (1875 йили қабул қилинган «Балоғатга етмаганлар орасида сеҳргарлик фаолиятини оқилона чеклаш тўғрисидаги декрет»нинг «С» банди)», дейилган эди. Шундай экан, Одамовилар хиёбонидаги 4- уйда қўлланилган ҳар қандай сеҳр-жоду Гаррининг «Хогварц» ўқувчилари рўйхатидан четлаштирилиши билан якун топиши турган гап.
Дурсллар дастурхондан тураётганини эшитган бола юқорига, ўз хонасига шошилди.
Навбатдаги уч кун давомида Маржа амма тарбиявий ишлар билан шуғулланишга уринган ҳар бир ҳолатда Гарри «Супургига мустақил равишда техник хизмат кўрсатишга оид, киссада олиб юриладиган маълумотнома мазмунидаги қўлланма»дан ёд олинган қоидаларни ичида такрорлашга ўзини ўзи мажбур қилиб юрди. Ушбу чора қайсидир маънода ёрдам берди-ю, бироқ бундай фурсатда Гаррининг кўзлари музлаткич музхонасидан эндигина олинган балиқ кўзига ўхшаб қолаётгани боис, Маржа амма етимнинг ақлан заифлигига доир тахмин билдира бошлади.
Ниҳоят, узоқ кутилган хайрлашув оқшоми ҳам етиб келди. Петунья хола кечки овқат учун ғаройиб таом тайёрлади. Вернон амаки эса юқори сифатли винонинг бир нечта шишасини очди. Шўрва билан гўшти қизил балиқ Гаррининг табиатидаги нуқсонлар ёдга олинмаган тарзда еб тугатилди. Лимонли енгил торт бир ёқли қилинаётганида Вернон амаки ўзининг парма ишлаб чиқаришга ихтисослашган «Груннингс» фирмаси ҳақида киши зериктириб кетадиган даражада узоқ гапирди. Амакининг жағи тингач, Петунья хола кофе дамлади. Вернон амаки эса бренди шишасини очди.
- Татиб кўрасанми, Маржори?
Маржа амма ҳаддан ортиқ вино ичиб олган бўлиб, ниҳоятда йирик башараси қип-қизариб кетган.
- Қуйсанг, қиттай қуй, майли, - ҳиринглади у, - Тузукроқ қуйсанг-чи, жа унчалик эмас-да энди. Қизғанма... яна бир оз... ана шундай, ана шундай... бўлди, жуда соз!
Дудли тортнинг тўртинчи бўлагини каппа-каппа кавшаб тугатяпти. Петунья хола жимжилоғини кўтариб олиб, оз-оздан кофе хўплаб ўтирибди. Гарри астагина туриб, хонасига кириб кетмоқчи бўлди-ю, Вернон амакининг дарғазаб нигоҳини кўриб, қилт этмай ўтириш лозимлигини тушуниб етди.
Ҳаётдан мамнун Маржа амма «А-ах» деганча, бир кўтариб бўшатган бокални столга қўйди-да, энли тили билан лабини ялади.
- Ажойиб зиёфат бўлди-да, Петунья. Мен, одатда, кечқурун шоша-пиша овқатланаман. Ўзинг тушунасан, бир гала ит боқишнинг ўзи бўладими, - у қаттиқ кекириб олди-да, катта қорнига уриб қўйди, - Маъзур санайсиз. Айтиб ўтишим жоизки, семиз болаларни кўрсам кўзим қувонади, - деди у Дудлига кўз қисиб қўйиб, - Сен худди отанг каби ҳақиқий, салобатли эркак бўлиб ўсасан, Дудлича. Брендингдан яна бир оз қуй, Вернон... Мана бунга келсак...
Маржа амма бошини Гарри томон силтади. Гаррининг қорнидаги жамики мушаклари шу заҳоти таранглашиб кетди. «Қўлланмани такрорла», деди у ўзига ўзи.
- Сиз бу баджаҳл паканага эътибор қаратинг! Итларда ҳам шундай бўлади. Ўтган йили полковник Бруствердан мана шу етимга ўхшаган бир итваччани сувга чўктириб юборишни илтимос қилган эдим. Ит эмас, каламуш боласининг ўзгинаси! Худди мана бунга ўхшаган заиф, онасини тўйиб эммай чалақурсоқ қолиб кетган эди.
Гарри қўлланманинг ўн иккинчи саҳифаси: «Истар-истамас бурилишга қарши афсун» сарлавҳасини эслади.
- Яқинда мен «Кишининг қони нопок, бузуқ бўлса, ҳеч ким ҳеч нарса қила олмайди», деган эдим. Бузуқ қон кунлардан бир кун ўз хусусиятини тўла-тўкис намоён этади. Петунья, оиланг ҳақида бирон-бир ёмон фикр билдирмоқчи эмасман-у, - деди у, куракдай келадиган кафти билан Петунья холанинг ғоят озғин қўлига уриб, - Бироқ синглинг қўтир қирчанғи бўлган экан. Хафа бўлма, бундай каслар ҳатто энг яхши оилалардан ҳам чиқиб туради. Бунинг устига у аллақандай жиноятчининг бошини айлантириб, қочиб қолган, шундайми? Оқибати мана, қаршингизда ўтирибди.
Гарри ликопдан кўзини узмай, ҳаракатсиз қолди. Қулоғи ғалати жаранглаб кетди. «Супургининг дум қисмидан маҳкам ушлаб...» такрорларди у ичида, лекин қоиданинг давомини эслай олмади. Маржа амманинг овози Вернон амаки бошқараётган фирма ишлаб чиқараётган пармадай миясига санчилиб киряпти.
- Ўша Поттер, - бақира бошлади Маржа амма шишани чангаллаб, брендини дастурхон аралаш бокалга қуяр экан, - Нима билан шуғулланган эди? Менга ҳеч айтмагансизлар.
Вернон амаки билан Петунья хола ўтирган жойида зўриқиб кетишди. Ҳатто Дудли ҳам кўзини тортдан узиб, ота-онасига қараб қолди.
- У... у ҳеч қаерда ишламаган, - жавоб қайтарди Вернон амаки, Гаррига базўр қараб қўйиб, - Ишсизлардан бири бўлган.
- Ўзим ҳам шундай деб ўйлаган эдим!
Зафар қозонгандай қичқирган Маржа амма бокални шартта кўтариб, бир симиришда брендини тинчитди-да, енги билан жағини артди.
- Қўлидан иш келмайдиган, бефойда, бекорчи, гадойвачча бўлган...
- Бекор гап, - бақириб юборди Гарри, ғайриихтиёрий равишда.
Орага сукунат чўмди. Гарри ўтирган жойида бошдан-оёқ титраб кетди. Унинг жаҳли ҳали бу қадар чиқмаган.
- ЯНА БРЕНДИ КЕТАДИМИ! - қичқириб юборди юзи бўздай оқариб кетган Вернон амаки, - Сен бола, хонангга бориб ёт, тез бўл...
Маржа амманинг қип-қизариб кетган дарғазаб митти кўзлари Гаррида тўхтаб қолди.
- Йўқ, Вернон, сен шошмай тур, - деди у ҳиқичоқлаб, - Қани болакай, давом эт. Ўз ота-онанг билан фахрланасанми, а? Улар маст ҳолатда машинада пачақ бўлиб кетишса-ю...
- Улар автоҳалокатда вафот этишмаган!
Гарри оёққа туриб кетганини ўзи пайқамай қолибди.
- Улар айнан автоҳалокатда ўлиб кетишган, ярамас ёлғончи! Сен эса одамшаванда, меҳнатсевар қариндошларинг бўйнига келиб тушгансан! - ўкира бошлади ғазабдан шиша бошлаган Маржа амма, - Сен безбет, нонкўр...
Бирдан Маржа амма гапиришдан тўхтаб қолди. Дастлаб у, аччиғи чиққанидан сўз топишга қийналиб, ғазабдан шишиб кетгандай кўринган бўлса-да, шишиш жараёни тўхтамади. Маржа амманинг йирик арғувон башараси ишиб, митти кўзлари чақчайиб кетди. Оғзи икки томонга ниҳоятда кенг чўзилиб, сўз айта олмай қолди. Жун газламадан тикилган кийимидаги бор тугмалар деворга отилди. Хуллас бармоқлари дудланган колбасадек йириклашиб кетган Маржа амма каттакон ҳаво шаридек шишиб, қорни кийимдан халос бўлди...
Маржа амманинг думбаси креслодан узилиб, танаси шифтга кўтарила бошлаганини кўрган Вернон амаки билан Петунья хола:
- МАРЖОРИ! - деб, баралла қичқириб юборди.
Маржа амманинг танаси ҳаво шарига айланиб, қўл-оёқлари ҳар томон бесўнақай узатилган, чўчқанинг кўзи тасвирланган жонли бакен (Бакен – сув йўлларида хавфли жойларни ва кемалар йўлини кўрсатувчи сузғич) бўлди-қолди. Ёрилаётган товуш чиқара бошлаган сакта ҳолатдаги амма ҳавода уча кетди. Хонага думалаб кирган Рваклер ақлдан озгандай акиллади.
- ЙЎЎЎЎЎҚ!
Вернон амаки опасининг оёғидан ушлаб, ерга тортмоқчи бўлди-ю, ўзи ҳам қўшилиб учиб кетишига сал қолди. Фурсат ўтгач, соҳибини ҳимоя қилаётган Рваклер Вернон амакининг оёғига ташланиб, тишларини қаттиқ суқиб олди.
Гарри биров тўхтатиб қолмасдан олдин турган жойидан қўзғалиб, зинапоя остидаги буфет томон югурди. Эндигина қўл узатилган буфет эшиклари сеҳрли тарзда ланг очилди. Бир неча сония ичида у ўз сандиғини чиқиш эшиги томон судраб чиқди. Сўнг иккинчи қаватга ўқдай учиб чиқиб, ўзини каравот остига ташлади. Тахтани кўтариб, унинг остидаги китоб ва совғалар солинган ёстиқжилдни чиқарди. Илонбалиқ сингари тўлғанганча, каравот остидан чиқиб, бойқушининг бўш қафасини қўлига олди-да, пастга, сандиғи ёнига югурди. Айни шу фурсатда ошхонадан шимининг бир пойчаси ўрнига қонга беланган лахтак кўринган Вернон амаки югуриб чиқди.
- ҚАЙТ! - ўкирди у, - ҚАЙТ ДЕДИМ СЕНГА! УНИ ЎЗ ҲОЛАТИГА ҚАЙТАР!
Бироқ ҳозир боланинг вужудини идора қилиб бўлмайдиган важоҳат қамраб олган. У сандиқни бир тепиб қопқоғини очди-да, сеҳрли таёқчасини қўлига олиб Вернон амакига ўқтади.
- У ўз қилмишига яраша жазо ўтамоқда, - деди Гарри ҳансираб, - Ўз қилмишига яраша жазо ўтамоқда. Мени тинч қўйиб, нари туринг.
У қўлини орқага олиб ўтиб, эшик лўкидонини пайпаслаб топди.
- Мен кетяпман, - эълон қилди Гарри, - Етар, бас.
Кейинги фурсатда у, қафас қўлтиқлаб, сандиқ судраганча, кимсасиз тунги хиёбонда сандироқлаб, уйдан нари кетди.

Комментарии

Комментариев нет.