Устозлар кунига табрик ўрнида.

#премьера
Ҳаммага ўхшаган одам у,
Ҳаммадек ташвиши бир олам.
Мактабда устозлик қилару,
Уйим дер, эрим дер, дер болам.
.
Ишидан чопади уйига,
Ҳадемай эр келар юмушдан,
Зерикмас пул топиб келдим деб,
Керилиб, кўкракка уришдан.
.
Бир қўли қозонга ош солган,
Бир қўли супурар ҳовлини.
Бир қўли игнани ушласа,
Бир қўли тутади човлини.
.
Қизининг дарсига қарайди,
Ўғлининг силайди бошини.
Ва ҳамма бир айиб топиб ер,
Салгина тузи паст ошини.
.
Кўникиб кетган у...
Индамай,
Ҳаммани тўшайди ўрнини.
Қачонлар сандиққа жойлаган,
Ҳеч кимга керакмас кўнглини.
.
Оиласин уйқуси осуда,
У камзил тугмасин тақади.
Ухлашга энди кеч, ҳадемай,
Тандирга оловни ёқади.
.
Нозланиб-нозланиб отар тонг,
Эриниб уйғонар Қуёш ҳам.
Ҳар ишни саранжом қилару,
Кўзгуга қарашга вақти кам.
.
Ва яна чопади ишига,
Қучоғин дафтарга тўлдириб.
Синфга киради, ғамларин,
Дарвоза ортида қолдириб.
.
Хотиржам бошлайди дарсини,
Ташвишлар қайгадир кетади.
Меҳри ҳам, сабри ҳам , во ажаб,
Ўттизта болага етади.
.
Болалар ҳаммаси уники,
Термулар ҳар бирин бўйига.
Қисматга жимгина кўникиб,
Ишидан чопади уйга...
.
Малика Тавфиқ

Устозлар кунига табрик ўрнида. - 965591834836

Комментарии