@SanSiz@

Қадаминг остида кўзи қораси,
Остона бошида кутаркан она.
Ўзгага кўринмас юрак пораси,
Дардини ичига ютаркан она.
Бир жонда минг азоб оғригани дил,
Айтмасам дилим деб тишлагани тил,
Дунёдаги ҳамма оналар бир хил,
Дардини ичига ютаркан она.
Берган сутидек оқ онадаги қалб,
Пойида юргандек Жаннатни бўйлаб,
Гоҳ борини гоҳи йўғини ўйлаб,
Дардини ичига ютаркан она.
Боласи номига зарра гард келса,
Тоғни талқон қилар агар шарт келса,
Тош келса кемирар экан, дард келса,
Дардини ичига ютаркан она.
Кўнглида асрайди кўздан яшириб,
Бир эмас ўн эмас юздан яшириб,
Бек ўғил хонзода қиздан яшириб,
Дардини ичига ютаркан она.
Эй Зуҳро волиданг бағригача шош,
Шоирлигинг унут кўксига қўй бош,
Оқарган соч айтсин ё тўкилган қош,
Дардини ичига ютаркан она.

Комментарии

Комментариев нет.