МАВЛОНО ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ ВА ШАМС ТАБРИЗИЙ

ҲАҚИДА ИККИ РИВОЯТ.
"Биринчи ривоят."
Шамс Табризий устозлари хизматларида юрар эканлар, кўпгина талабалар уйқуларида кўрган илоҳий нарсалардан ҳикоя қилиб бераркан. Аммо Шамс Табриз доимо бир четда сукут сақлаб ўтирар эканлар. Бир куни устозлари чақириб:
— Сен нега гапирмайсан, ё сенда ҳеч бир ҳодисот бўлмайдими? — деб сўрадилар.
— Менда ҳам бундай нарсалар бўлади-ю, лекин саводсизман, эплаб гапиришни билмайман. Менинг уқувим йўқ бу нарсалардан чиройли қилиб сўзлашга, деб жавоб қилибдилар Мавлоно Шамс.
Шунда устозлари:
— Вақтики, бир кун келади, сенинг даражангни Аллоҳ шундай улуғ қиладики, сен кўрган барча илоҳий-файзоний хислатларни шогирдинг китоб қилиб ёзгай. Сен Аллоҳ шундай шогирдни ато қилур, дейдилар.
Ўша кутилган вақт келиб, Мавлоно Шамсни устозлари бир куни ҳузурларига чақирадилар ва дейдиларки:
— Сен Коня томонга сафар қил, шогирдингни ўша ердан топасан. Ўша вақт келди, дея шогирдларига рухсат берадилар.
Шамс ҳазратлари йўлга чиқиб, Коняга келиб қоладилар. Ва бу ерда Мавлоно Румийнинг шуҳратларини эшитадилар. Шунда иззат-икром, мартабада юрган Мавлононинг Пахтафурушлар мадрасасидан чиқиб келаётганларида олдиларидан чиқиб:
— Тўхтанг, ё Мавлоно дейдилар.
Усти боши чанг, бир ялангоёқ дарвешсифат одамни кўриб турган Мавлоно:
— Нима дейсан, эй девона? — деб сўрайдилар.
— Сизга саволим бор.
— Айт саволингни.
— Боязид Бистомий улуғми, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) улуғларми?
— Ҳай, ҳай, ҳай, девона… Ёмон савол қилдинг-ку. Пағамбаримиз (с.а.в.) нинг мақомлари мингта Боязиддан афзаллик қилади-ку. Боязид ким бўлибди? — дейдилар Мавлоно Румий.
Худди шу жавобни кутган Шамс ҳазратлари муддаога ўтадилар:
— Унда нега :Жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) «Субҳонака мо аърафнак ҳаққа маърифатика» дедилару (Аллоҳни улуғлаш, ўзни хоксор тутиш маъносида). Боязид эса «Субҳони мо аъзами шаъни» (Худоликнинг даъвосини қилиш маъносида бўлиб, мен тамоми айблардан пок, шаъним улуғдир дегнанидир) дедилар?
Мавлоно жавоб қиладилар:
— Дарёи маърифатдан Боязиднинг идиши ниҳоятда кичик эди, тўлиб кетдим деб даъво қилди. Сарвари олам (с.а.в.)нинг идишлари ниҳоятда катта эди, ҳар қанча унга дарёи маърифатдан кирса ҳам у тўлмади.
Шу ерда Шамс ҳазратлари беҳуш бўлиб йиқиладилар. Мавлоно Румий у кишини уйларига олиб кетадилар......
"Иккинчи ривоят"
Мавлононинг уйлари бахмал кўрпачалар тўшалган, бир томони гулзор, чорбоғлари жаннатдек шинам ва гўзал маскан эди. Шамс ҳазратлари лойга беланган оёқлари билан бахмал кўрпачалар устига чиқиб оладилар-да, бир четда туран даста-даста китобларни кўриб: «Бу нима китоб?» дейдилар.
Мавлоно:
— Бу — илми қол. Биз дарс ўтамиз. Дарслик китобларимиз бизни, — дейдилар.
— Э, бу бемаъни китоб экан унда, буларни ҳовузга ташлаш керак, — дея уларни олиб сувга отиб юборадилар.
— Эҳ, Мавлоно, зое қилдингиз-ку. Буларнинг ҳаммаси тиллага топилмайдиган, дадамизнинг қўлёзма китоблари эди-ку. Ҳаммаси ивиб расво бўлди, энди… буни энди… — деб турганларида, Шамс Табризий:
— Мавлоно, хафа бўлдингизми, мана олинг китобларингизни, — деб сув ичидан китобларни қуруқ ҳолатда олиб, чангларини қоқиб, Румий ҳазратларининг қўлларига тутадилар. Шунда:
— Бу қанақа илм эди? — деб сўрайдилар Мавлоно.
— Бу илмни биз биламиз, сиз билмайсиз. Бу илмни илми ҳол дейдилар.
— Унда мен ўргансам бўлар экан.
— Бу илмни бахмал кўрпачаларни устида ўтириб ҳосил қила олмайсиз, бизга ўхшаб ялангоёқ юрсангиз шундан кейин биласиз. Сиз шу хилда дабдаба билан дунёга ғарқ бўлиб кетибсизу, шу илмни билармидингиз, билмайсиз буни.
— Унда, мен нима қилсам бўлади? — деб турганларида, Шамс Мавлонога уч хил топшириқ юклайдилар.
Дастлаб, у киши (яъни Румий ҳазратлари) бозорда ёнғоқ тўла хўржинни осиб олиб: «Мени тош бўрон қилинглар, кесак бўрон қилинглар. Ким яхшилаб урса кўпроқ ёнғоқ бераман» деб болаларга масхара бўлиб ёнғоқ улашадилар.
Кейин эса ҳамма хонадон эшигига бориб: «Мен, Мавлоно Румий бўламан. Дилозорлик қилган бўлсам кечиринглар, магар қарзим бўлса олинглар» деб узр айтиб чиқадилар. Бу билан Шамс Табризий Мавлонодаги нафсни хор қилиб, бутун дунёвий ишлардан алоқасини уздириб қўяди. Ва ниҳоят охирги шартга биноан, жуҳуд маҳалласига бориб Шамс айтган уйдан шароб олиб келишлари керак эди. Мавлоно кўнглига шайтон васваса солса ҳам, шубҳаларини тарқатиб, айтилган жойга борадилар. Ва эшикдан кириб қарасалар бир қанча мўйсафид кишилар давра қилиб ўтиришганини кўрадилар. Шаробни олиб ортга қайтгач, Шамс биринчи бўлиб Мавлонога лутф қиладилар. У киши кўзларини юмиб «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» дея шаробни ичар эканлар, шароб эмас балки жаннатнинг шарбатларидан эканлигини фаҳмлайдилар. Шамс ҳазратларининг охирги имтиҳонидан ҳам ўтган Мавлоно буткул Аллоҳнинг ошиқ бандасига айланган эканлар. Шундан сўнг Шамс Табризий Мавлонога таълим берадилар ва «Маснавий» шу таълимнинг таъсирида юзага келган асар бўлиб олам юзини кўради дейдилар.
Манба: http://uforum.uz/

Комментарии