Мавлоно Жалолиддин Румий

РУБОИЙЛАР
* * *
Ман зарра-у,хуршидлиқо сенсан,
Ман хаста-у,айни даво сенсан.
Қанотим йўқ,учарман пойингда зор,
Ман қадаҳман,ёр,қаҳрабо сенсан.
* * *
Агар ўлсам танимни келтиринг, дўстлар,
Вужудимни нигоримга беринг,дўстлар.
Лабимдин бўса олса ул масиҳим,
Тирилсам гар – яқо тутмай туринг,дўстлар.
* * *
Воҳ,дилимни ғамга банди қилди ёр,
Кеч-кундуз дилни тиғсиз тилди ёр.
Кеча-кундуз нола чексам қайғириб,
Пинҳон-пинҳон,ширин-ширин кулди ёр.
* * *
Маъшуқа офтоб ила баҳс бойлади,
Ошиқ ҳам ўзини чун хас ўйлади.
Ишқ баҳор ели каби эсди чунон,
Қурмаган шох бўлса,бас,рақс айлади.
* * *
Ишқимдин покроқ оби зилол йўқдур,
Ишқимдек ғаму дарди ҳалол йўқдур.
Ўзгалар ишқи фақат ҳол бўлса гар,
Дилбари нигоримга завол йўқдур.
* * *
Лутф этсанг тош ҳам жонона бўлғай,
Ўшал дам шеваси мастона бўлғай.
Зулфингнинг занжири гар бўлса зоҳир,
Луқмони Ҳаким ҳам девона бўлғай.
* * *
Жамолинг намозим,кўзингдир рўзам,
Лабинг ишқида ман — гадо,дарюзам*.
Айблиман,нетай,ёр,сархуш эдим ман,
Суйингни ичдиму синдирдим кўзанг.
* Дарюза – гадо,ҳеч нарсасиз одам
* * *
Ишқинг оташидин мен томчига зор,
Хаёлинг тушларимда манга ёдгор.
Сувинг шароб янглиғ ёндирди мани,
Чархпалакдек айланурман нолакор.
* * *
Дилдор манга айтди: ”Ойнинг ўзиман,
Не берурсан бўса берсам кўзимнан?”
“Тилло!” – дедим,деди:”Тилло не керак?”
“Жонни!” — дедим, деди:”Майли,розиман!”
* * *
Айт,нечун ошиқ мудом дилдан жудо?
Ёрининг зулфини деб бўлғай адо.
Жо эрур ошиқ дили рубоб аро,
Пардасида ёширун мунглиғ садо.
* * *
Зулфинин ҳар толасин бир жони бор,
Зулфинин дардида ман бўлдим хумор.
Сан дема:”Воҳ,мунча кўп ғам-ҳасратинг?”
Ҳасратим ҳурилиқо нозича бор.
Форсчадан Хуршид Даврон таржимаси

Комментарии

  • 30 июл 2016 04:09
    Мана туйгуларнинг энг гузал изхори Канчалар оромбахш. афсус шунака эркаклар йуколиб кетган