МАВЛОНО ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ

1
Ай дил, кўзингни оч, жаҳон ўтгусидир,
Умринг бу жаҳонда ройгон ўтгусидир,
Тан манзилида маҳбусу ғофил қолма,
Манзил оша манзил карвон ўтгусидир…
2
Жоним бсрайин, ол уни, жондин кечма.
Дилдан кечайин, ол у жаҳондин кечма.
Сен ўқсану мен эсам камонмен ҳануз,
Эй ўқ, сабр айла, камондин кечма…
3
Кўнглим дуди бир нишони савдо, эй дил,
Ҳар лаҳза у дуд кўнгилда пайдо, эй дил.
Қонлар неча мавж урар мснинг бағримда,
Тошгайму эди бўлмаса дарё, эй дил…
4
Кўнглимни санамга мубтало истармен,
Жонимга неча тири бало истармен.
Кўйингда агар кечмаса умрим, санамо,
Қонлар ютадирману қазо истармен…
5
Дедимки, кўзим, дедики, Жайҳун этгум,
Дедим: юрагим, дедики, пурхун этгум.
Дедимки, танам, дедики, уч кундан сўнг
Расво қилибон, бадарға, сургун этгум…
6
Соқий қуядир бодаи ҳумро, не қилай?
Гар бўса талаб айласа жоно, не қилай?
Иқболи висол ҳозир экан, кутмасмен,
Кутмоққа яна бўлмаса маъно, не қилай?
7
Майлинг, малагим, хублик эса, хубинг ўзим,
Жанг қилсанг агар, қўлингдаги чўбинг ўзим.
Ўлдирсанг агар ранж ила, Айюбинг ўзим.
Эй Юсуфи рўзгор, Яъқубинг ўзим…
8
Сенданми чу безор бўлайин? Йўқ, йўқ, йўқ!
Бир бошқасига ёр бўлайин? Йўқ, йўқ, йўқ!
То боғи висолингда фақат гул кўрдим,
Гулдин кечибон, хор булайин? Йўқ, йўқ, йўқ!
9
Кўнглим ҳавасинг била рубобдир, рубоб,
Ҳар пораси ўртаниб, кабобдир, кабоб.
Дилдорки дардимга боқиб, хомушдир.
Ҳомушлиги менга минг жавобдир, жавоб…
10
Мажнуни паришонинг ўзим, илким туг,
Саргаштаву хайронинг ўзим, илким тут.
Ҳар ҳоли харобга бир мададкор бўлгай,
Ул бесару сомонинг ўзим, илким тут…
11
Эй сарви равон, ҳеч хазонлиқ кўрма,
Эй чашми жаҳон, ҳеч ёмонлиқ кўрма.
Эй жон, ки жон дер сени осмону замин,
Роҳат бори кўргилки зиёнлиқ кўрма…
12
Эй бонги рубоб, куйингга тобим бордир,
Бағримда менинг-да бир рубобим бордир
Четлаб ўтаверма, кир, азиз меҳмон бўл,
Меҳмонни кутишга бир харобим бордир…
13
Эй бош, сабаб сенда, сабаб сенда, сабаб,
Эй тан, ажаб сенда, ажаб сенда, ажаб.
Эй дил, талаб сенда, талаб сенда, талаб,
Эй жон, тараб сенда, тараб сенда, тараб…
14
Юзингга боқиб, юзлари гулшан эрдим,
Кўзингга боқиб, кўзлари равшан эрдим.
Дедимки, йироқ тутай ёмон кўзлардин,
Ёнингда ёмон кўзли магар ман эрдим?..
15
Эй жону жаҳон, жону жаҳоним қайда?
Эй ой, замину осмоним қайда?
Сен майни қўлимгамас, лабимга тутгил,
Мастлик била билмасам даҳоним қайда?
16
Жонон келадир чаманда танҳо-танҳо.
Наргис кўзи пурхумору раъно-раъно.
Тўсдим йўлини, дедимки, бир бўса олай,
Фарёд солиб ҳайдади: яғмо-яғмо!..
17
Ҳар лаҳза ғаминг чекиб, ғаминг олғаймен,
Ҳар лаҳза ғаминг била яна қолгаймен,
Ҳар чандки каминг чекиб-чекиб, жон бердим.
Кам улки, ғаминг чекиб-чекиб, толгаймен…
18
Лаълинг, санамим, ҳамиша хандон бўлгай,
Ошиқ сен ила ҳурраму шодон бўлгай.
Ҳар кимса сени кўрсаю гар бўлмаса шод,
Бахт юзини кўрмагай у, сарсон бўлгай.
19
Жонимки, ҳариф эрди, бегона эмиш,
Ақлимки, табиб эрди, девона эмиш.
Вайронага шоҳлар беришар ганж, ажаб.
Вайрона дилим ганж ила вайрона эмиш…
20
Мен ўлсам агар, бошимда гирён бўлманг,
Жононима топширингу нолон бўлманг.
Жонсиз у лабимга лаб қўйиб жононим,
Жон менга ато айласа, ҳайрон бўлманг…
21
Эй муниси рўзгор, нечуксен менсиз?
Эй ҳамдаму ғамгузор, нечуксен менсиз?
Мен бори хазонмену харобмен сенсиз,
Эй юзлари гулбаҳор, нечуксен менсиз?
22
Хуршиди камарбаста фидойинг бўлсин,
Ул ой, жигархаста фидойинг бўлсин,
Ул сарву гули раста фидойинг бўлсин,
Бу жон сенга пайваста, фидойинг бўлсин…
23
Мен зарраву хуршедлиқойим сенсан,
Бемори ғамингмену давойим сенсан.
Учмоққа қанот йўқ, вале учгаймен,
Сомон бўлибмен, каҳрабойим сенсан…
24
Дедим: санамо, магарки жононим ўзинг.
Жонимни нисор этай сенга, жоним ўзинг.
Муртад бўлайин, агарда тушсам айру,
Эй жону жаҳон, куфр ила иймоним ўзинг…
25
Хушдирки бугун жисминг аро жон бўлса,
Қаршингда дағи бир руҳи жонон бўлса,
Булбул каби дилда доғи ҳижрон бўлса,
Маскан сенга эрта кеч гулистон бўлса…
26
Дерлар: ҳама ишқ — ҳавойи номдир, ёлғон,
Дерлар яна ишқ умиди хомдир, ёлғон.
Бахт юлдузи кўкдамас, шу жонимда яшар,
Дерларки, баландлик — неча томдир, ёлғон..
27
Гар бўлса умр, боз бергайди Худо,
Гар умри фано бўлмаса, нақд умри бақо.
Ишқ оби ҳаёт эрур, унинг мавжига кир.
Ҳар қатраси бир ҳаёт эмиш, сенга фидо…
28
Дунёки Исо билан экан моломол,
Сиғмас анга ҳеч қачон матои Дажжол.
Шўроба — тахр сув дегани кимга керак,
Кўп эрса жаҳон ичра агар оби зилол?
29
Эй ой, чиқиб келдингу тобон бўлдинг,
Сўнг сайри фалак этиб, хиромон бўлдинг.
Билдингми кейин, жонга баробар бўлибон,
Ногоҳ ботиб кетдингу пинҳон бўлдинг…
30
Эй, сенки яшарсен, шоду хуррам бўлгил.
Ҳар ерда яна азизу маҳрам бўлгил.
Умрингни ҳалолу пок кечир, илм ўрган,
То зеби башар, зийнати Одам бўлгил…
31
Умр ўтдию кўрмадим вале гулзоринг,
Ул наргиси пурхуморингу хумморинг.
Халқдан чу вафо каби магар пинҳонсен,
Кўп бўлдики кўрмадим нари рухсоринг.
32
Ишқ бўлди, кўринг, ҳамша дамсоз менга,
Дунё ишидан этмади оғоз менга.
Жоним берадир ичимдан овоз менга,
Оч менга эшикни, деб қилур роз менга.
33
Кун ўтдию кун келди, харобмен, хароб,
Қўй ҳар неки андишани, ол қўлга рубоб.
Юз қатла намоз дурур, юз қатла сужуд —
Гар дўст жамоли сенга эрса меҳроб.
34
Мен ошиқи ишқмену мусулмон бошқа,
Мен заиф чумолимен, Сулаймон бошқа.
Мендан аламу оҳу жигарнора сўра,
Бозорчаи қасабфурушон бошқа…
35
Сўрдимки, қаердадир, нигоро, хонанг?
Дедики, дилингдир ул — ўшал вайронанг.
Вайронага мен, қуёш нечук киргаймен?
Эй маст, хароб бўлгай ўшал кошонанг!
36
Лайлимки наҳор бўлмаса ул, мен не қилай?
Бахтимки баҳор бўлмаса ул, мен не қилай?
Дедимки, ичай бодани сен бирла, санам,
Иқбол менга ёр бўлмаса ул, мен не қилай?
37
Келмиш менга бир ажаб шикорим, не қилай?
Бошимга тушибдир ул хуморим, не қилай?
Зоҳидмен ўзим, вале мени йўлда кўриб,
Гар бўса берар бўлса нпгорим, не қилай?
38
Нафсим итини додимки мен, пир айлай,
Тавба ипидан бўйнига занжир айлай.
Ҳар ерда ҳаром кўриб вале ул кўппак,
Занжирни узар бўлса, не тадбир айлай?
39
Жон борича бир бандаи маржонинг ўзим,
Ошуфтайи ул зулфи паришонинг ўзим.
Эй най, наво айлаки, афғонинг ўзим,
Эй чанг, жаранглагилки, меҳмонинг ўзим.
40
Гар балиқ эсанг, сузгали дарёйинг ўзим,
Гар оҳу эсанг, кезгали саҳройинг ўзим,
Мен сенга асирману сен — менга нафас,
Сурнойингу сурнойингу сурнойинг ўзим.
41
Эй ой, агар самода порлоқ нурсен,
Ёрим юзича равшан эмас, бенурсен.
Эй наргис, агарчи тозаю махмурсен,
Ёрим кўзича хумор эмас, маъзурсен.
42
Дедимки, кўйингда мен бугун девона,
Уйқумда кўрарменму сени, жонона?
Дедики, гапирма, бас! Бу не афсона?
Девонаю уйқу! Яша, эй фарзона!..
43
Ой кетди баландлаб, биз эса паст бўлдик,
Ёр ҳушига келди, биз эса маст бўлдик.
Эй жону жаҳон, сўнгра нелар бўлганини
Сен сўйлама чун ҳар неки бўлмас, бўлдик…
44
Бошимни ҳамиша остонингта қўяй,
Кўнглимни сочингга — ўйнагонингга қўяй.
Жон оғзима келди, ҳой, ўзинг лаб тутгил,…
45
Ишқ нашъаси бу кеча мудомдир, мудом,
Жому майи лаъл бизга давомдир, давом.
Оҳу ғаму андиша — ҳалолдир, ҳалол,
Кўп, уйқуни ўйлама — ҳаромдир, ҳаром…
46
Ишқ — авжи камол эмиш, санам — авжи жамол,
Кўнгил тўла сўзу, тил айтгали лол.
Вой, менга ёронлар, бу не ҳолдир, бу не ҳол?
Мен ташнаю олдимдин оқар оби зилол…
47
Васлингни тилаб хастаю зормен куну тун,
Ишқинг майи бирла беқарормен куну тун.
Мастларга хумор аслида бир кун бўлгай,
Мен мастни кўригизки хумормен куну тун…
48
Дил кетдию айтди: «Ёр савдоси узун»,
Тун келдию айтди: «Зулфи раъноси узун».
Сарв келдию айтди: «Қадди болоси узун»,
Ҳой, умри узун, десангчи, дунёси узун!..
49
Дил дардини ошкору пинҳои айтар,
Зулф эрса, ҳадисни анбарафшон айтар.
Ул — ошуфтаю бул эса — паришон, маълум,
Ошуфтаки сўз айтса, наришон айтар…
50
Лутфинг била тош пораси жонона бўлур
Нутқинг, санамим, агарда мастона бўлур.
Ногоҳ ики зулфингни кўрар бўлса, ишон,
Луқмони Ҳаким ошиғи девона бўлур…
51
Зинҳор, дило, яқин йўлатма ғамни,
Суҳбатга муяссар этма номаҳрамни.
Нон бирла кўкатга-ку қаноат қилдинг,
Кўкатга алишма энди шу оламни.
52
Эй лола, юзимга термулиб, ранг ўрган,
Эй Зуҳра, дилим талошидин жанг ўрган.
Ул лаҳзаки янграр яна оҳанги висол.
Эй бахти абад, келгилу оҳанг ўрган…
53
Эй дўсти азизларим, жудолик этманг,
Кўп ҳою ҳавас бирла хатолик этманг.
Бир жумлада сўзлар каби мардона туринг,
Амр ўлди вафоки, бевафолик этманг…
54
Мен биргина жонмену юз мингта таним,
Аммо не қилайки, банд юмуқдир даҳаним.
Кўрдим печа минг халқки, ул мен эрдим,
Йўқ эрди улардин бири монанди маним…
Манба: 333 рубоий.Тошкент: Нур, 1991.

Комментарии