Уй шароитида гриппни даволаш

Йилнинг совуқ кунлари — қиш мавсуми ўзи билан бирга шамоллаш хасталикларини, шу жумладан, инсон саломатлиги учун хавфли саналган гриппни олиб келади. Гриппдан сақланишнинг энг осон йўли-докали ниқоб тақиб юриш. Аммо бу етарли эмас. Бугун эътиборингизга гриппга чалинмаслик ва унинг олдини олиш борасида мутахассислар томонидан берилган тавсияларни ҳавола этамиз.
Оддий қоидалар
Ҳар куни оёқларни совуқ сувда чайинг ва организмни чиниқтириш учун бошқа муолажаларни ҳам қўлланг.
Жамоат транспортида камроқ юринг, кўпроқ тоза ҳавода сайр қилинг.
Хоналарни сирка ёрдамида дезинфекция қи­лиш мумкин. Бунинг учун 0,5л. ошхона сиркасини то буғланиб кетгунига қадар паст оловда (20 дақиқа) қайнатилади. Ушбу профилактик муолажани ҳафтада 2-3 марта қи­лиш тавсия этилади.
Елвизак (сквозняк), намлик ва совуқдан эҳтиёт бўлинг. Совуқ кунларда иссиқ кийининг.
Бу мавсумда қўл бериб кўришишдан сақланинг.
Қўлингизни иссиқ сувда совун билан тез-тез ювиб туринг. Ювиш асносида бармоқлар учини қисқа муддат массаж қилинг. Қўл терисини спирт ёки ароқ билан артиб олинг.
Уй ва ишхонадаги хоналарни тез-тез шамоллатиб, ҳавосини алмаштириб туриш керак. Бунда хоналар маълум миқдордаги микроблардан тозаланади.
Доимий тарзда иммунитетни
мустаҳкамланг!
Иш вақти ва дам олишни тўғри ташкил қилинг. Уйқусизликка беэътибор бўлманг. Дам олган организм бактерияларга қарши яхшироқ кураша олади.
Ўпкалар фаолиятини яхшилаш учун нафас олиш гимнастикасини бажаринг.
Таом миқдорини бироз камайтириб, кўпроқ турли ўтли дамламаларни, табиий, шунингдек, цитрусли мевалардан тайёрланган шарбатларни қабул қилинг.
Профилактика учун касаллик белгилари сезилиши билан ҳар тонгда бир дона аскорбин таблеткасини ичинг. (Бу борада шифокордан маслаҳат сўрашни унутманг)
Уйқудан олдин оёқ кафтларини бирор хил крем билан массаж қилинг. Оёқ кафтларидаги қон томирларни массаж қилиш улар фаолиятини яхшилайди, иммунитетни оширади.
Халқ табобатида…
Организмда С витаминини сақлаб туриш учун таомномага тузланган карам шарбати, лимон ва бошқа цитрус меваларини киритинг.
Қора ёки қизил смородинадан тайёрланган мурабболар шамоллаш ва яллиғланишга қарши воситалар саналади. Мураббони чойга солиб ичиш мумкин. Шунингдек, бу меваларнинг қуритилганларидан дамлама қилиб ичиш ҳам тавсия этилади.
Клюква меваси сиропи ёки дамламаси ҳарорат ошганда, умумий ҳолсизликда, тумовда, йўтал ва бошқа шамоллаш хасталикларида ёрдам беради.
Гриппнинг олдини олиш ва даволаш учун қуритилган наъматак мевасидан 5 ош қошиқ олинади ва ҳовончада туйиб термосга солинади, устидан қайнаган сув қуйилиб, кечасига қолдирилади. Дамламага бироз асал ёки шакар қўшиб, кунига 3 стакандан ичилади.
Шифобахш ичимлик: 1,5 литр қайнаган сувга бир ош қошиқ туз, битта лимон шарбати ва аскорбин кислотасининг 1 граммли порошоги солинади. Уйқудан 2 соат олдин қабул қилинган бу ичимлик ўзингизни тетик ҳис этишингизга кў­мак беради. Таомномангизга «саримсоқли» ёғни қўшинг. Бунинг учун сариёғга майдаланган саримсоқ бўлагини соласиз ва нонга суртиб истеъмол қиласиз.
Майдаланган саримсоқ бўлакларини докали халтачаларга солиб, каравотингиз устига илиб қўйинг, ёстиқ остига ҳам қўйиш мумкин.
Бир дона бош пиёзни тозалаб, қирғичдан ўтказинг ва икки қаватли докага қўйинг, бурун қанотларига зайтун мойи суртиб, пиёзли докани бурун устига ёпинг ва ўн дақиқа ётинг. Муолажани кунига 2-3 марта қўлласа бўлади.
Саҳифадаги тавсиялар зарарли бўлмаса-да, ҳар бир инсон организмининг ўзига хослигини инобатга олиб, шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда қўллаш мақсадга мувофиқ

Комментарии