Et cetera

*
У ювиб олади гуноҳларини
онасининг кўзёши билан…
*
Суяк сурар… тақдир ҳам.
*
Сўнгги япроқ каби осилиб турар
вужудда юрак –
юпун умид.
*
Кўнгил бу кеча ҳам уйда ётмади.
*
Вақт кун бўлиб,
кўзёшлар бўлиб,
қоча бошлар вужуддан,
армон эса – тузалмайдиган бемор ташхиси.
*
Худо билан менинг орамга
суқилиб туради тинмай бировлар.
*
дан
Вақт айирар ҳамма нарса
ни.
*
Ҳар бир айтган сўзим ўзимга
келтирган шак бўлар.
Одам қилса,
шак мени бир куни одам қилади.
*
Тушларимда учмай қўйдим сўнгги кунларда,
оёғимга тошдай осилар
гуноҳсиз кунларнинг енгил залвори.
*
Ёзилмаган шеърлар гуноҳи
қандоқ ювилар?
*
Сен аёлга беролмай қолиб
кетган бахт
юракнинг қай чеккасидадир
азоб бериб, аччиқ симиллар.
*
Армонлар зирқирар тиш оғриқдайин…
*
Ит ҳурар, карвондан дарак йўқ, аммо…
*
мойланмаган ошиқ-мошиқдай
товуш ғижирлайди
тишлар орасидан тўкилар
шовуллаб…
*
Ҳислар такрорини енгиб яшамоқ,
исм топиб бермоқ ҳар қалқинишга,
идраган дунёга шеър билан ямоқ
солмоқ машаққатин кўр талқинига
ишониб яшайди бояқиш юрак…
*
Таланган карвондай қолмади юки
Сўзнинг ҳам.
Фахриёр.

Комментарии

Комментариев нет.