Комментарии
- 23 июн 2017 13:24Нодар Думбадзе
- 24 июн 2017 06:40Нодар ДумбадзеЧарогбонлар (Энергетика тарихи, хаммуаллиф - Р. Мусаев, 2016 й.)
- Нодар ДумбадзеКомментарий удалён.
- 29 июл 2017 15:07Кодиржон Узбекистонийажойиб энциклопедик мак.олалар учун рахмат.
Для того чтобы оставить комментарий, войдите или зарегистрируйтесь
Ёзувчи Рустамжон Умматов ва унинг ижоди
:Нодар Думбадзе
ЧАРОҒБОНЛАР
Алмисоқда тафаккур соҳиблари табиатни бир бутунликда
қабул қилиб, илмий нуқтаи назардан уни ягона тадқиқот объекти деб қарашарди. Инчунин, илмнинг номи битта – фалсафа, олимнинг номи ҳам ягона – файласуф эди. Фанни табиий ва ижтимоий бўлакларга ажратиб олингунча не замонлар ўтиб кетди. Ана ундан сўнг физика, кимё, биология каби мустақил илмлар пайдо бўлдики, бўлиниш барибир давом этди: механика физикадан ажралиб чиққан бўлса, акустика,
гидродинамика, аэродинамика механикадан бўлинди. Хуллас, янги-янги фанлар туғилди ва ҳали яна туғилаверади, бу жараён давомийликда чексизликка баробардир.
* * *
Эрамиздан аввалги 5-мингйиллик охири ва 4-мингйиллик
бошларида илк давлатлар ташкил топди. Иқтисод асосан деҳқончиликка асослангани
учун бу давлатларнинг аксарияти дарё соҳилларида жойлашганди. Иш қуролларининг
такомиллашуви билан биринчи буюк кашфиёт яратилди, бу ғилдирак-паррак-чарх эди.
Натижада шумерлар милоддан 3500 йил бурун арава ясашди: уни аввал инсон
ҳаракатлантирарди, кейинчалик жониворлар
судрайдиган бўлди.
Ўрта асрларда ва ундан анча олдин энергияни куч
манбаи сифатида сувдан, шамолдан ва ҳайвонлардан олиниб, уни тобора
такомиллаштирар эдилар. Аммо ҳали оловнинг қозон ва қумғондан бўлак мақсадда
ишлатилишига анча бор...
Бироқ шундай десак-да, археологлар топган осори
атиқалар минг-минг йил бурун ҳам ота-боболаримизнинг ақли ва илми бажо эканини
исботламоқда. Қўҳна Мисрда мисдан фойдаланишгани аён бўлди ёхуд Арманистонда
1968 йили археологлар 200 та печни ер остидан кавлаб очишди: металл эритиб,
найза ва пайконларга тиғ ясаганлар, рўзғор буюмлари тайёрлашган. Қачон десангиз, 4500 йил бурун!
Бунисини ҳам қўя туринг-да, манавини кўринг: 1936
йили немис археологи Вильгельм Кёниг Бағдод яқинида бир нарса топгандики, у
ҳақдаги баҳслар 80 йилдан бери тўхтагани йўқ-да... Сопол идишнинг узунлиги 28
сантиметр, темир асосга мис цилиндр ўрнатилган, ўртаси асфальт қопқоқ билан
мустаҳкам беркитилган. Савол: нима бу? Кўп тахминлар орасида мантиққа яқинига
қулоқ солсак, у гальваник элемент, яъни электробатарея! Ақл бовар қилавермагач,
цилиндрга сирка қуйиб, эксперимент ўтказдилар. Манбадан 0,25-0,5 вольт
кучланишли, қуввати 0,5-5 миллиампер ток чиқди. Во ажабо, топилма 2000 ёшда
эди, ахир!..
Эрамиздан аввалги одамзод гальваник элементни нима
қилган, қандай фойдаланган? Муаррихлар
эслаб қолишди: антик давр ёзма манбаларида сеҳргарлар ҳақида, Клеопатра
замонида эса алламбалони олтинга айлантирувчи алкимёгарлар тўғрисида битиклар
бор эди. Бугун биламизки, бир неча гальванопластик элемент ўзаро туташтирилса
ва ҳосил қилинган манба билан буюм сиртига таъсир қилинса, муваққат
“тиллоланиш” ҳодисаси рўй беради. Масалан, ҳайкалчага ана шундай ток манбаи
ёрдамида юпқа “олтин суви” қоплаш мумкин.
“Кемистри” (АҚШ) журнали Арманистон топилмаси
хусусида шундай тахмин қилади: агар, ўша цилиндрга электролит (сирка) эмас,
диэлектрик (масалан, зайтун мойи) қуйилса, туппа-тузук конденсаторга айланарди.
Чунончи, Аловиддин эртак қаҳрамонимас, реал одам бўлгандирки, у даҳшатли дев
ёки жинни чақириш учун гўё сеҳрли шамчироқнимас, ўшанақа конденсаторни
ишқалаган, заряд ва разряд ҳар ишга қодир бўлгач, муҳтарам Аловиддин жаноблари
ҳам мўъжизалар кўрсата оларди... Балки шундайдир, Худо билади...
Сув тегирмон тўғрисидаги дастлабки маълумотларда 340
йил санаси қайд этилган. Шамол тегирмон ҳақидаги илк манба эса 644 йилга мансуб
бўлиб, у Саудия Арабистонни ҳудудида
эди. Европада шамолни бўйсундириш 12-асрнинг аввалидан бошланган: француз
хроникаларида 1180 йили, инглиз китобларида 1190 йили шамол тегирмон қурилгани
ёзилади.
Бора-бора шамолнинг кучи буғдой тортишдан ўзга
ишларга ҳам йўналтирилди: мойжувоз (1582), қоғоз ясаш дастгоҳи (1586), ёғочдан
тахта тилувчи механик арра (1592) шамол тегирмон чархи ёрдамида ҳаракатлана
бошлади. Ян Андриа Ансзоон (голландиялик) 17-асрда шамол тегирмон ёрдамида
(насос билан) ерларнинг заҳини қочирарди, сўнгроқ сув ва шамол фабрика-заводлар
дастгоҳини ҳам юргизди.
Ана иннайкейин, олимлар енг шимардилар: негаки, сув,
шамол, олов кўп хизматларга қодир экани билиниб қолди. Неаполда (Италия) 1560
йили “табиат асрорлари” академияси, Римда “линчеи”, яъни “тийрак кўзлар”,
Флоренцияда “чименто” – “тажриба” академиялари, Лондонда “Қироллик жамияти”
(1662), 1666 йили Париж ва 1724 йили Петербург Академияси иш бошлади.
Энди фан ва хурофат курашида фан ғолиб чиқадиган замон
келиб, инквизиция судининг дами кесилди, кашфиёт ва тафаккур учун
олимларни тириклай ёндириш (аутодофе
қатли) барҳам топди ҳисоби. Сохта илмлар тамаддун саҳнидан чекинди: масалан,
алкимё, яъни алламбало жисмларни алламбало усуллар билан олтинга айлантиришга
уриниш беҳуда ва бемаъни экани аниқ бўлди. Ёки абадий двигатель яратиш устидаги
даъволи тадқиқотларга чек қўйилди. Айни хусусда биргина мисол: Париж Академияси
бундай двигатель ҳақидаги тутуруқсиз лойиҳаларни мутлақо муҳокама этмаслик
тўғрисида қарор қабул қилганди.
Эллин давлатлари ва Рим империясининг инқирозидан
буён турғунликда (ухлаб) ётган Европа
фани уйғонди. Коперник, Галилей, Френсис Бэкон, Гильберт каби буюклар
иштирокида 16-17 асрлар илмий-техника инқилоби мутаассиблик кишанларини
парчалаб ташлади. Тадқиқот ва натижаларда эксперимент етакчи бўлиб, алалоқибат,
табиат қонунларини англай бошлаган инсон заковатига кашфиётлар ва ихтиролар
йўли кенг очилди-да, электр ва буғнинг қуввати жиловланди.
Электр – инсоният тарихини батамом ўзгартириб юборган
қудратли мўъжиза, тамаддун суръатини беҳад тезлаштирган кашфиёт ва ҳеч тимсоли
йўқ бойлик. Электр ва магнит ҳодисаси ҳақидаги илк ёзма маълумотлар эрамиздан
аввалги VI асрга тааллуқли бўлиб, “Милет мактаби” аталмиш фалсафий оқимга
тегишли манбаларда учрайди. Жун ёки шойи газмолга қайта-қайта ишқаланган эбонит
ё шиша буюм момиқ, қоғоз парчалари мисоли енгил нималарнидир ўзига тортган. Бу
ғалати ва қизиқарли эди: Одам Ато авлодлари таажжуб ҳолни кузатиб юриб,
асрларни ўтказдилар. Олимлар ҳам ҳайрону лол эдилар, ҳатто алломаларнинг ақли
бовар қилмаганича, роса икки минг йил ўтиб кетди.
Инглиз олими Уильям Гильберт 1600 йилга келибгина
бўлак айрим жисмларда ҳам шундай (магнетик) хосса мавжудлигини аниқлади ва унга
нисбатан илк бор ЭЛЕКТР
атамасини қўллади.
Электр – юнонча электрон сўзидан олинган бўлиб,
каҳрабо деган маънони билдиради. Сийрати тилларанг ва шаффоф, тош қотган ва
ялтироқ елимни каҳрабо дейдилар, ундан ҳунармандлар тақинчоқларни, мунчоқ,
тасбеҳ, тароқ, тугма сингари буюмларни ясашган. Дарвоқе, айнан ана шунақа
жисмлар маълум ҳолларда оҳанрабо хусусиятини намоён қиларди-да...
Электр ҳаммани қизиқтириб қўйганди: 1795 йили
Санкт-Петербург тиббий-жарроҳлик академиясининг 34 ёшлик профессори Василий
Петров мисли кўрилмаган катталикда батарея тайёрлади. Вольта устуни – 12 метр,
мис ва қўрғошин пластиналар (ҳалқа
шаклида) сони – 4200 та. Барибир батареянинг қувватини аниқлаб бўлмасди, чунки,
ҳали ҳозирча электр токини ўлчовчи бирорта ускуна яратилмаган. Шунда Петров
йўлини топди: вольтметр ўрнида ўз бармоғини ишга солди.
В. Петров ўткир паккининг тиғида бармоғини тилди ва
бир учи элементга маҳкамланган очиқ симнинг (ҳали изоляция ҳам кашф этилган
эмас) қарши тарафини қўлидаги жароҳатга теккизди. Олим жонли “вольтметр” (ёки
“амперметр”) билан электр токининг таъсирини
танаси воситасида сезади, агарда, оғриқ қаттиқ бўлса – ток кучли,
секинроқ бўлса – заиф. Синов муваффақиятли: симни қонли қўлига босганча
“ҳузурланаётган” В. Петров зарядлар туташувидан таралган чақмоқдай ёғдуни ўз
кўзи билан кўрди. Электрнинг ёруғлик бера олиши исботланган энг биринчи тажриба
ва амалий синов ана шу эди.
Яна бир ярим аср қуруқ ҳайрат билан кечди: 1750
йилдан сўнггина электр устида илмий тажриба ва тадқиқотлар бошланди. Бенджамин
Франклин яшин қайтаргични кашф қилди, И. Винклер, П. Дивиш, М. Ломоносов, Г.
Рихманлар бу ускунани такомиллаштирдилар. Б. Франклин томонидан электрнинг
содда назарияси яратилиб, мусбат (+) ва манфий (-) заряд тушунчалари, белгилари
илмий-амалий истеъмолга киритилгач, электрни ўрганиш самарали ва мақсадли изга
тушиб олди. Ана ундан сўнг Ш. Кулон ва А. Вольтанинг ихтиролари юзага келди.
Хуллас, муболағаси йўқки, XIX аср инсоният тарихига электр асри бўлиб
кирди. Аввалига Х. Эрстед электрик кучнинг магнитга таъсири ғоясини олға сурди
ва электромагнетизм таълимотига асос солди. Шундан кейин ўнлаб янги-янги ихтиро
ва кашфиётлар яратилаверди.
Электр атамаси электрон сўзидан олинган бўлса,
XIX асрда электр устидаги тажрибалар
теранлаша бориб, ахийри атом ҳам парчаланди. Ваҳоланки, антик алломалардан
Эпикур, Демокрит ва бошқаларнинг фикрича, модданинг ўз хоссаларини сақлаб
қолган энг кичик бўлаги атом бўлиб, у парчаланмасди. Дарҳақиқат атом юнонча сўз (atomos) бўлиб,
“бўлинмас” деган маънони англатади. Бироқ илм уни заррачаларга ажратиб
ташладики, ана шу зарралардан бири электрон эди...
Электр токи –
зарядли зарраларнинг электр майдонидаги тартибли ҳаракати. Бу оламшумул хулоса Ампер, Фарадей, Ом, Кирхгорф,
Томсон, Герц, Резерфорд, Бор сингари ўнлаб, юзлаб, балки минглаб муҳандису
алломаларнинг асрлар давомидаги илмий ва ижодий заҳматлари самараси, албатта.
Олдинига электротехника таълимоти ва электротехника
саноати вужудга келган бўлса, электрон кашф этилгач, электроника саноати
гуркираб кетди. Ана шу пойдеворда микроэлектроника пайдо бўлиб, мана энди
наноэлектроника туғилдики, унинг турткиси билан нанотехнологиялар яралди.
Буларнинг барига электр заряди, мусбат ва манфий қутб асос бўлганини ким инкор
этади?..
1880 йилларда уч фазали асинхрон двигатель кашф
этилди. Бироқ ўзгарувчан токка мосланган янги электромашина анча-мунча ГЭС ва
ДЭС мулкдорларини ташвишга қўйди, сабаби аёнки, улар ўзгармас токка ишлашарди. Ҳатто кимсан Томас Эдисон ҳам
ваҳима кўтарди:
-
Ўзгарувчан ток
инсон табиатига, маънавиятига, Инжил таълимотига зид бўлиб, куфроний қувватдир,
– дер эди у диққати ошиб. – Ахир, ўлимга маҳкумлар қатл этилувчи электр
стуллари ҳам ўзгарувчан токка ишлайдики, бундай ток қотиллик қуролидир, буни
тақиқлаш керак!
Буюк Эдисон бу билан ҳам кифояланмасдан, ўзгарувчан
токни ўта хавфли куч сифатида тақиқлаш қонунининг лойиҳасини ишлаб чиқди ва
Сенат муҳокамасига киритди...
Бироқ ўзгарувчан ток ғолибона юришини давом эттириб,
олис масофаларга йўл олди. Симга “қамалган” энергия иш бера бошлади, лекин
йўл-йўлакай асосий қисми йўқоларди, фойдали коэффициент жуда кам бўларди.
Масалан, 1881 йили Мисбах (Германия) шаршарасидаги ГЭСдан Мюнхенга тортилган 57
километрлик тармоқдан атиги 22 фоизи етиб келди, 78 фоизи йўқ-да. Уч фазали
узатгичгина бу исрофгарчиликни камайтирди, 1891 йили 175 километр масофага
энергиянинг 78 фоизи етиб бордики, бу 19-асрда олға сакраш эди.
“Турбина” атамасини фанга, электр соҳасига киритган
олим парижлик профессор Бюрден эканини билиб қўяйлик. Француз муҳандиси
Фурнейрон гидротурбинанинг назарий асосларини ишлаб чиқди, у тезда яратилиб, такомиллашаверди. Сув турбиналари
зўр, лекин уни сувдан ажратиб бўлмасди, доимо оқим ҳукмида туриши керак.
Энди буғ турбинаси хусусида: уни 1878 йили швециялик
муҳандис Карл Густав Патрик де Лаваль
яратди. У 1893 йили Чикагодаги кўргазмада бир дақиқада ўттиз минг марта
айланувчи (5 от кучига эга) турбинасини намойиш этди. Лавалнинг 1900 йилда
Парижга оборган буғ турбинаси 350 от кучига етганди. Кейинчалик бу ишга
англиялик Чарлз Алджернон Парсонс қўл урди. (У
12 ёшида буғ автомобилига ҳам уриниб кўрган.)
Хўш, бунақада энергия захираси тугаб битмайдими? Ушбу
савол инсониятни камида икки асрдан бери
ўйлантирди ва ҳозирга келиб, ниҳоятда
ўткирлашди. Дафъатан, дарёни жиловлаб, генератор ўрнатилса кифоя, қувват тайёр.
Лекин дунёда ҳеч бир беҳисоб нарса йўқ, тоғлар чўққисидаги қору музликлар, дарё
ва кўллар ҳам абадий эмас. Шунинг учун муқобил ёнилғи ва энергия воситалари
изланяпти, топиляпти: бензин ва соляркани денгиз карамидан олишди, Нобель
мукофоти лауреати Мельвин Кальвин бир қатор ёввойи ўт-алафдан нефть (гектарига
1,5 минг литр) олиш мумкинлигини исботлаган, филиппин ёнғоғининг нефтини
японлар Иккинчи жаҳон урушида танкларга ишлатишарди... (Мисоллар жуда кўп.)
Қуёш эса... уч кунда ер куррасига индирадиган энергия
сайёрамиздаги ҳамма ёқилғи захираси ҳосил этадиган энергия миқдорига тенглигини
олимлар ярим асрча бурун аниқлашган. Яна шуни ҳисоблаб чиқишганки, бизнинг республикамизда бир квадрат километр
майдонга пешин маҳали тушадиган қуёш энергияси ўзи каттакон ГЭСга баравар.
Англадингизки, гап қуёш
электростанциясига келди. Яқиндамас, олис 1977 йили Нью-Мексико (АҚШ)
штатидаги 1775 дона гелиостат (кўзгу) батареясининг қуввати пўлат плитани
қиздириб, қип-қизил чўғ даражасига етказган. Аслида илк қуёш батареяси, 1953
йили яратилиб, 1958 йил 15 майда космосга учирилган сунъий йўлдош энергияни айнан қуёш батареясидан
оларди. Эндиликда бундай батарея космик аппаратларининг таркибий қисмига
айланиб бўлган.
Вермонтда (АҚШ) энг кучли шамол электростанциясининг
ишга солинганига 70 йилдан ошди: қуввати 1250 киловатт, чархидаги ҳар бир
парраги 8 тонна бўлиб, узунлиги 50 метр эди...
Энди Ер сайёрасининг ўз энергияси мавжудлигини ҳам
эслайлик: вулқонлар, лавалар, магмалар, қайноқ ва муздай сувлар – ҳаммаси тайёр
табиий қувват-да. Масалан, Европадаги миттигина Исландия (музлар мамлакати)
олис шимол иқлимида ўзини помидор, бодринг, олма, ҳатто банан (!) билан
таъминлайди. Булар бари қайноқ гейзерлар шарофати билан рўёбга чиққан. Пойтахт
Рейкьявикда уйларни ўша ерости сувлари билан иситадилар.
Италияда Лардерелло шаҳарчаси бор, француз муҳандиси
Ф. Лардерелли шарафига шундай номланган.
Чунки, ўша мутахассис шу ҳудуддаги ерости иссиқ сувларидан фойдаланишни 1827
йилдаёқ (қарийб икки аср бурун) лойиҳалаган. Худди ўша сувлар кучига ишониб,
Лардеролло шаҳрида электростанция қурилганига (1904) 112 йил бўлди. Бунақанги
геотермал электростанция Уаиракеида (Янги Зеландия) 1959 йили қурилган, қуввати
160 минг киловатт.
Планетамизнинг учдан икки қисми сув, денгиз тинч
турмайди, 18-20 метрдан баланд тўлқинлари борки, Ганг дарёсининг этагидан 250
километргача таъсир қилади, Амазонкада эса бу кўрсаткич 900 километрга боради.
Ана шу асов тўлқинлар ҳам электр энергияси ишлаб чиқармоқда: бунақанги илк
станцияни 1913 йили инглизлар Ливерпуль
яқинида ишга солишганди. Французлар 1967 йилда Ранс дарёси мансабига 24 турбина жиҳозлашди (ҳар
бири 10 минг киловатт қувватли) ва қарийб ярим асрдан буён тўлқиндан муттасил
ва мунтазам фойдаланмоқдалар. Эндиликда ривожланган соҳилбуйи мамлакатларининг
деярли барчасида тўлқин электростанциялари мавжуд.
Бундан ташқари денгиз оқимлари (масалан, Гольфстрим),
уммонлар тубида ўзига хос “дарёлар” бор. Дейлик, Куросио оқими: ҳар сонияда 55
миллион кубометр сув ҳаракатланади, Гольфстримда – 83 миллион. Булар ҳам инсон
фойдасига ишлаши керакки, машҳур француз
математиги Гаспар Густав де Кори бу ишга
олис 1835 йилдаёқ қўл урганди ва шунинг шарафига АҚШнинг замонавий лойиҳаси
“Кориолис” деб номланади.
Аммо дунё океани бунақа механик энергия билан бирга
чексиз потенциал энергиянинг ҳам буюк манбаидир. Уммон – Замин сайёрасида қуёш
энергиясини тўпловчи энг катта аккумулятор. Океаннинг туб-тубидан
сувни кўтариш, ҳосил бўлган энергияни (электр ё иссиқликни) соҳилга узатиш осон бўлмаса-да, барибир иш
бошланган, натижа ҳам олинмоқда.
* * *
1946 йил эди. Америкалик олим Норберт Винер
(1894–1964) парижлик ношир Феймандан бир китоб ёзиб бериш ҳақида буюртма олди.
Унда муаллиф алоқа тизимлари, автоматлашган завод, инсон ва ҳайвоннинг асаб
тузилиши ва ҳоказолар ҳақидаги ўз ғояларини баён қилиши лозим эди. Ўша йили
ёзда Винерни Нантдаги (Франция) бутун
дунё математиклари анжуманига таклиф этишди. У йўл-йўлакай Англияда тўхтаб,
Теддингтон, Лондон, Кембридж, Манчестер дорулфунунларида, лабораторияларда олиб
борилаётган тадқиқотлар билан танишди. Ана шу жараёнда ёзилажак китобнинг
мавзуси ва объекти аниқ бўлди: автоматик
бошқарув ва асаб тизими. Асарни чоп этувчи “Герман ва Ко” фирмаси
билан шартнома ҳам тузилди.
Норберт Винер Америкага қайтгач, ишга киришди, лекин
кутилмаганда бир муаммо пайдо бўлди: қамрови ўнлаб соҳаларга дахлдор
умумлашмани қандай номлаш керак? Автомат-заводлар, унинг тизим ва тармоқлари,
мувофиқлаштириш ва бошқариш ҳақида фикр
юритилади, таҳлил қилинади, хулоса чиқарилади. Бу моддий ва ижтимоий ҳаётнинг
ўзига хос “асаб толалари”ки, жонли
вужуднинг ташқи муҳит билан муносабатидан тортиб, то ахборот оқимигача,
тарихдан то келажаккача, ер шарининг ядросидан
космосгача – ҳаммаси қараб чиқилади.
Бу – бутун бошли янги фан деган сўз эди.
Унинг номи устида бош қотираётган Винер бир тўхтамга
келиб, илмдаги азалий анъанага кўра юнонча мутаносиб бир атама топмоқчи бўлди,
“хабаргўй” маъносини англатса кифоя. Даставвал “angelos” эсига тушди,
инглизчада (бошқа қатор тилларда ҳам) “фаришта”, “илоҳий хабарчи”ни билдиради.
Винернинг бу сўзга кўнгли чопмади. Хўш, “kybernets”-чи? Олимнинг ўйлашича,
“штурман” деб таржима қилинадиган бу калима голланд тилига мансуб бўлса керак
эди.
Аммо у голландчага ҳам “меҳмон” бўлиб, юнон тилидан
“ташриф айлаганди”. Милоддан минг-минг йил бурунги замон: Ўртаер денгизида
эшкакли ва елканли кўҳна Эллада кемалари чарх уриб сузади. Ҳали компас,
локация, аниқ соатлар, астрономик асбоблар ва шу каби навигация ускуналарининг
ҳеч биттаси йўқ. Борлиқ “техника” эшкакчи қуллар ва уларнинг бошида қамчи
ўйнатган денгизчи-қулдорлар. Шундай шароитда бўрон ва довул қутурса борми, кема
бошқаришни буюк санъат, улуғ жасорат деса арзийверади. Юнон тилида денгизчини –
“наутес”, капитанни – “хипернаутес”, кема бошқариш санъатини – “хипернаутика”
дейдилар. Французча “гувернай” – руль ҳам ана шу сўзларга алоқадор. Жюль Верн
яратган капитан Немонинг сувости кемаси
“Наутилус” номланганини ҳам эслайлик.
Алалоқибат, “кибернетика” тиллар мутацияси (уйқашуви)
натижасида вужудга келди ва янги фаннинг номи сифатида илмий истеъмолга кирди. Лекин 70 йил бурун
бегонадай туюлган бу сўз аслида хийла эски бўлиб, антик олимлар лексиконида ҳам
бўлганди. Масалан, Платон ўз асарларида кибернетикани қўллаган, у Ампер ва
Максвелл китобларида ҳам учрайди. Буни Винер ва унинг дўстлари билишмасди. (У
ёғидан келсангиз, Россиядаги маъмурий-ҳудудий бирликни губерния, раҳбарни губернатор дейдиларки, бу ҳам шакли бузилган
юнонча ўша сўз-да. Қолаверса, “хипернаутес”нинг луғавий маъноси юқори турувчи
ёки бошлиқ демакдир.)
Хуллас, Норберт Винер узоқ ишлаб, китобни битказди ва
1948 йили Парижда чоп этилди, номи – “Кибернетика”. На муаллиф, на ношир унинг
мувафаққият қозонишидан умидвор эмасдилар, аммо ҳайратдан ёқаларини ушлаб қолишди: асар илмий бестселлерга айланиб, бир зумда сотилиб битди. Винернинг
номи фан қобиғидан чиқиб, ижтимоий-сиёсий, адабий-маданий доираларда, бутун
дунёда машҳур бўлиб кетганди. Беш қитъа мамлакатларидан таклифномалар баҳор ёмғири мисоли ёғарди,
учрашув ва анжуманларга чорлаб, маъруза ўқишини, рисолалар, китоблар ёзиб
беришини сўрардилар.
Ана шунда электрон (ақлли) машиналар замони бошланди.
Сўрарсизки, уларнинг ақли борми? “Бор” дея олмаймиз, “йўқ” дейиш ҳам
адолатданмас. Келинг, ақлсизми-ақллими, ундан қатъий назар, эндигина тетапоя
бўлаётган электрон машиналар 10–15 йил ичида уддалаган айрим юмушлар билан
танишинг-да, ўзингиз ҳукм чиқараверинг.
1949 йили нефтни қайта ишлаш комбинати электрон
машина билан бошқарилди. 1950 – металл қирқувчи дастгоҳ унинг измига ўтди, 1953
– автопилот самолётни шундай учириб кетдики, авиаторларнинг оғзи очилиб қолди.
1954 йили электр-машина таржимонликка қўл урди: аввал русчадан – инглизгача,
1955 йилда инглизчадан – русчага бинойидай ўгирди. Миланда (Италия) 1956 йили
мусиқа чалган машина Иллинойсда (АҚШ) туппа-тузук мусиқа басталаганди. Ўша
ускуна Новосибирскда (1961) майя ҳиндуларининг энг зукко академиклар ўқий
олмаган кўҳна қўлёзмасини ўқиди ва шарҳлаб берди...
* * *
“Сэр, Э. Ферми ва Л. Сциллард икков яқинда тугаллаган
асарлар қўлёзмаси билан танишгач, хулосага келдимки, ниҳоятда қисқа муддатда
уранни янги ва беқиёс энергия манбаига айлантириш имкони бўлади. Бу...
шундай фикр ўйғотди: ундан фавқулодда
қудратли, мутлақо янги турдаги бомба яратиш
мумкин...”
Альберт Эйнштейннинг Америка Қўшма Штатлари
Президенти Франклин Делано Рузвельтга ёзган хатидан иқтибос келтирдик, саҳифа
остидаги сана – 1939 йил 2 август. Аксарият атом энергияси ишга солинишини ана
шу кундан ҳисоблайди, лекин у пайтларда бу соҳадаги изланиш ва тадқиқотлар тинчликнимас,
ҳарбий мақсадни, вайронкор ва тенги йўқ бир қурол кашф этишни кўзларди.
Дарҳақиқат, фақат шундай! Иккинчи жаҳон уруши
бошлангандаёқ Буюк Британия ҳукумати ҳарбий разведкага топшириқ берган:
-
Аниқлансин,
Германия атом бомбаси устида нималар қилди, натижалари қандай? Айниқса, Отто
Ганга кўз-қулоқ бўлинг, у уран атомини парчалашга эришган, ахир...
Уран, атом, ядро устидаги тадқиқотларнинг тарихий
илдизлари хийла қадимийроқ бўлса-да, пакка сифатида 1895 йилни ола қоламиз. Ўша
йили Вюрцбург университети (Германия) профессори Вильгеьм Конрад Рентген сирли
нурни (Х - “икс” нур) кашф этди ва рентген нури номи билан фанга кирди. Ана
ундан сўнг астойдил иш бошланди: Париж политехника мактаби профессори Анри
Беккерель, Эрнест Резерфорд, Фредерик Содди, Нильс Бор, Фредерик Астон, Джеймс
Чедвик, Ирен ва Фредерик Жолио-Кюри, Энрико Ферми, рус олими И. В. Курчатов,
Флюгге ва бошқалар атомни бўйсундирдилар. Энг, жуда-жуда муҳими шуки, у тинчлик
ва фаровонлик хизматига ҳам сафарбар этилди...
АЭСнинг етакчи схемаси мантиқан ИЭСнинг иш усулидан
деярли фарқ қилмайди. Ниҳоятда арзон ва каммеҳнат, бир грамм урандаги энергия
бир эшелон темир йўл вагонларидаги
тошкўмирга тенг. Минг тонналаб кул
чиқмайди, атроф-муҳитни ифлослаш, осмонга ўрлаган дуд йўқ...
Таассуфки, атомнинг ташвишлари, можаролари ҳам
етарли, қалтис жойи – хавфсизлик масаласи. В. Карцев ва П. Хазановскийлар
таърифича, атом электростанцияси аслида атом бомбасининг худди ўзи, фақат
“кишанлаб” қўйилган, холос. Лекин, чумчуқдан қўрққан тариқ экармиди?..
Анча йиллар бурун АҚШ атом энергетикаси
комиссиясининг экспертлари (босим остидаги қайноқ сув билан совитилувчи
реакторлар бўйича) юзта АЭСда авария эҳтимолини ҳисоб-китоб қилиб кўришганди.
Фараз қилинган 12та ҳалокатнинг тахминий оқибатлари синчиклаб таҳлил этилди.
Аён бўлдики, атом электростанцияларидаги жузъий
(арзимас) камчиликлар сонига қараганда транспорт воситаларидаги бахтсиз
тасодифлар аллақанча кўп экан. Мисол учун денгиз қатновига мурожаат этамиз:
Ливерпуль суғуртачилари Ассоциацияси (халқаро ташкилот) ҳар йили чўкиб кетган
кемалар ҳисоб-китобини юритиб, таҳлил қилади. Манзара шундай: 1970 йили денгиз
ва уммонларда 151 та кема ғарқ бўлган, аммо рақамлар ўсиб боради. Чунончи, бу
кўрсаткич 155 (1971), 188 (1972)га етган, демак, 45 йил бурун ҳар икки кунда битта
кема сув балосига “ем” бўлган.
Америка АЭСларига қайтамиз: текширилган ўша 100 та
АЭСда минг ва ундан ортиқ кишини ҳалок қилувчи эҳтимолдаги авария фақат мингдан
бир ҳолдагина содир бўлиши мумкин. Ҳолбуки, ўлим ҳодисалари АЭСга нисбатан
ёнғинда – минг, самолётда – беш минг, зилзилада – йигирма минг, довулда – қирқ
минг марта ортиқ юз беради. Бу муқоясани ортиқ давом эттирмаймиз-да, сўзни
муҳтасар қилиб, яна битта қиёсни айта қоламиз: АЭСда ўлимга сабаб бўлувчи
ҳодисалар сони дунё бўйича яшин уриб, ҳалок бўлганлар ададига тенг.
Лекин бу рақамлар асло тасалли эмас, АЭС ўта хавфли
объект эканини заррача инкор этолмайди. Асрагувчи асрасин, аммо атом
электростанциясидаги битта кўргилик беадад инсонлар умрига зомин бўлиши ҳеч
гапмас. Туман ва вилоятларни, ҳатто бутун мамлакатни саросимага солиши, халқаро
алоқаларга, тинчликка салбий таъсир кўрсатиши ҳам мутлақо мумкин. Лоақал
Калифорниядаги (АҚШ, 1975) Браунс Ферри, Чернобил (Украина, 1986) АЭСлари
бошига тушган қора кунларни эслайлик. Афсуслар бўлсинким, МАГАТЭ (Атом энергияси бўйича халқаро Агентлик) рўйхатида бундай фалокатлар руйхати керагидан ҳам ортиқ...
(Давоми бор.)
Рустамжон УММАТОВ.
(“Наманган ҳақиқати”, 2016 й.)