СЕРҚИРРА ИЖОДКОР, МОҲИР ТАРЖИМОН, БЕНАЗИР

ЖУРНАЛИСТ РУСТАМЖОН УММАТОВНИНГ
«БОБУР ВА НАПОЛЕОН» КИТОБИГА
Т А Қ Р И З
Мен Рустамжонни чорак асрдан бери биламан ва асарларини ўқиб бораман. Унинг ижоди кишини ҳайратга солади. Жуда яхши англаб етганманки, тарих ва тарихий арбоблар бу ижодкор учун ниҳоятда қизиқарли мавзу. Унинг “Видо манзили” эссеси, шеърий “Кўнгил гавҳари”, насрий “Одам борки...” тўпламлари бунинг ёрқин далилидир.
Рустамжон Умматов мутаржим сифатида ниҳоятда зукко, чапдаст ва сермаҳсул. Немис, инглиз, айниқса, француз адабиётидан Р. Умматов ўзбекчага ўгирган романлар миллий таржимачилигимизнинг ютуғи ва безаги дея оламан. Биргина Жюль Верннинг уч асари (“Клодиус Бомбарнак”, “Робинзонлар мактаби”, “Музлар исканжасида”) унинг меҳнати боис ўзбек китобхонлари мулкига айланди. Александр Дюманинг ҳам иккита романини таржима қилган.
“Бобур ва Наполеон” – улкан изланишлар самараси, мен учун эса чинакам кашфиёт. Ахир, 60 йилдан ортиқ адабиёт ва тарих билан шуғуллансам-да, Наполеон Ҳиндистон орзусига муккасидан кетганидан, ҳатто қўшин ҳам тортганидан мутлақо хабарим йўқ экан. Бугинамас, Р. Умматов Бобур билан Наполеоннинг ҳаёти, қисмати ва фаолиятидаги беҳисоб муштарак жиҳатларни топа билганки, менимча, булар чиндан ҳам кашфиётдир.
Шуни холис эътироф этиш зарурки, “Бобур ва Наполеон”даги муаллиф баёнида қомусийлик фазилати ярқ этиб кўринади. Бу икки императорнинг тадқиқотчилар назарига тушмаган сифатлари ҳам, уларнинг қиёсий таҳлили ҳам шу китоб орқали энди илмий истеъмолга киради, дея оламан. Бобларнинг номланиши ўринли, алалхусус, ҳар бир бобнинг остсарлавҳаси ҳам безакдай ярашган.
“Бобур ва Наполеон”ни узоқ шарҳлаш мумкин, ҳар бир эпизод, ҳар битта саҳифа ўқувчига янгилик бера олади. Дейликки, “Ҳазратларга ҳасрат бўлган олмослар” боби, унда “Кўҳинур” ҳақида айтилган гапларнинг аксариятидан мен хабарсиз эдим. “Авлодлар довони” ва бошқа боблар ҳақида ҳам шундай деса бўлади.
Мен биргина мулоҳаза айтаман, лекин бу эътироз эмас. “Бобур ва Наполеон” икки китобга бўлинган, менимча, яхлит битта китоб бўлгани ва жиндай қисқартирилгани дуруст. Бу юмушни ҳам Р. Умматов бемалол уддалай олади, албатта.
Комил ишонч билан айтаманки, Р. Умматов оригинал ва пухта асар яратибди, мен у кишини катта ижодий муваффақият билан табриклайман. Таъкидлайманки, “Бобур ва Наполеон” чоп этилса, бу билан адабиётимиз, маънавиятимиз ғазнасига қимматли бир жавоҳир қўшилади ва ишонаманки, ўқувчилар бу китобни хушҳол кутиб оладилар.
Ҳамиджон ҲОМИДИЙ.
(2018 йил 12 август.)

Комментарии