* * *

Жонингиз омонми, жонингиз соғми,
Ҳамон юрибсизми елиб-югуриб.
Ҳамон ёдингизда борманми, йўқми,
Ҳамон турибманми дилга тиғ уриб.
Биламан, ишқимдан безидингиз рост,
Эга чиқиб олдим мен сизга, ажаб.
Ўта рашкчилигим қийнади бир оз,
Сизни ёниб севдим Зайнабга ўхшаб!
Ҳамон ўша-ўша кўзингиз гулхан,
Шакар гуфторингиз жон олгучими?
Ҳатто тош юракли маликанинг ҳам,
Кўнглига ишқ деган дард солгучими?
Сиз ҳамон ўшами, ахдида қатъий,
Кўнгил олиш деган касбнинг устаси.
Айтинг неча ғурур чил-чил синдию,
Мендек асирликка тушди нечаси?
Ёки тангри сизга инсоф бердию,
Ичмай қўйилдими ёлғон қасамлар.
Юриш қилмаяпсиз кўнгил юртига,
Қўйилмай қолдими қотил қадамлар?
Даргумон,
Билмадим,
Ўрганган кўнгил,
Ахир сиз гўзаллик олдида ожиз,
Ахир индамаса ёруқ жахонда
Қолмаган бўларди сиз севмаган қиз!
Майли, чорамиз йўқ,
Биз бечора ҳам,
Ўзга ҳеч нарсага сиғмас ҳаддимиз.
Биз ҳам кўп қатори алданиб, севган,
Бахти қароларнинг рўйхатидамиз!
Жонингиз омонми, жонингиз соғми...
Малика Тавфиқ

Комментарии