​​Бир йигит уйланиш ёшига етди.

Онаси унга келин қидира бошлади. У ўғлига жуда кўп қизларни кўрсатди. Аммо ўғилга ҳеч бир қиз ёқмасди. Чунки, у очиқ-сочиқ кийинадиган қизга уйланишни хоҳларди. Ўраниб юрадиганларни эса "Рўдаполар" дерди.
Шундай кунларнинг бирида она ва ўғил бирга тушлик қилаётган эдилар. Дастурхонга қўйилган нозу неъматлар орасида қоғозга ўралган ва ўралмаган қандлар ҳам бор эди.
Йигит қоғозга ўралган қандни емоқчи бўлганида онаси эътироз билдирди: "Ўғлим, очиқлари турганда нега қоғоздагини очиб ейсан. Тайёр очиқ қандлар ҳам бор-ку! Шулардан бирини есанг бўлмайдими?"
Ўғил жавоб берди: "Онажон, очиқ қандлар анчадан бери шундай турган. Эҳтимол, унга пашша қўнгандир ёки чанг ўтиргандир. Балки, бирор киши оғзига солиб, ея олмасдан яна қайтариб ташлагандир. Қоғоздаги қандларга эса ҳали ҳеч ким тегмаган. Улар ишончли ва ейишга яроқли".
Бу гапларни эшитган она ўғлига деди: "Ўғлим, бу оддий қанд. Шуларни ҳам қоғозга ўралганини ейишга интиляпсан. Қиз бола эса сенинг бир умрлик турмуш ўртоғинг, ҳаётдаги йўлдошинг бўлади. Энди қандай қизга уйланиш ўзингга ҳавола!" деди.
Нозимжон Ҳошимжон

Комментарии