ЛОЙ ЖАНГИ ҲАҚИДА БАТАФСИЛ МАЪЛУМОТ

Амир Темурнинг сиёсат саҳнига келиши арафасида Мовароуннаҳрга мўғулларнинг зулми ва юришлари кучайиб кетган эди. Амир Темур мамлакатни босқинчилардан ҳимоя қилишга қарор қилиб бу ҳақда қайноғаси Амир Ҳусайнга хабар берган. Амир Ҳусайн мўғулларга қарши лашкар тўплаб, Самарқандга келган ва Амир Темур қўшини билан Ақар мавзеида бирлашиб, Сирдарёни кесиб ўтишган. Ўша ерда душман лашкари қаршисига лашкаргоҳ қуриб улар билан жангга ҳозирлик кўришган.
Амир Ҳусайн вазиятга кўра иш кўриш қобилиятига эга бўлмаган калтабин ва ҳиссиётларга берилувчан ҳоким бўлган. У барча содиқ амирларига нисбатан ёмон муносабатда бўлган ва ички низоларни авж олдирган. Ватанпарвар кучларнинг бошида ақлли қўмондоннинг йўқлиги, ҳали Амир Темурга бундай имкон берилмагани сабабли анчайин қалтис вазият юзага келган эди. "Лой жангги" 1365 йил май ойида, рамазон ойининг биринчи куни Бодом суви бўйида бўлиб ўтган. Амир Ҳусайн лашкарнинг буронғор қисмига жойлашган. Ҳировулда Ўлжойту ва Баҳромни қўйган. Жувонғорда Амир Темур турган ва у ўз қанбулига Амир Сорибуғони кўйган. Амир Жоку Барлос, амир Ҳожи Сайфуддин, амир Муайяд ва Амир Аббосларни ҳировул тарзида лашкарнинг чеккасига жўнатган. Шундай қилиб, жанговар сафлар олтита қанотда мустаҳкамланган.
Жанг куни тўсатдан шамол кўтарилиб, осмонни қора булут қоплаган ва кучли сел қуя бошлаган. Амир Темур қўл остидаги қўшин жангни бошлаб берган. Лекин аскарларнинг қурол-яроғлари ва ўқлари ёмғирда ивиб қолган, қўшин бутунлай шалаббо бўлган. Тиззасигача лойга ботиб қолган от ва туяларнинг юришга ҳоли қолмаган. Бу пайтда мўғуллар намат ва ёмғирпўш ёпиниб панада жанг бошланишини кутиб ўтирган. Сел авжига чиққанида эса бирвакайига ёмғирпўшларини ечиб Мовароуннаҳр лашкарига қарши жангга кирган. Амир Ҳусайннинг қўшини сон жиҳатдан мўғул лашкаридан устун бўлган, шу боис жангда ғалаба қилишга имкон бор эди.
Амир Темур биринчи ҳамлада душманнинг ўнг қанотини мағлуб этиб, Шанкум нўён лашкарини олдига солиб қувган. Амир Ҳусайн Темурнинг шиддатини кўриб, ўзининг тарқалиб кетган аскарларини тўплашга киришган. Амир Темур мўғулларнинг қўмондони бошчилик қилаётган қисмни тор-мор этиб, орқасидан қувган ва қайтиб келгач, Тобон Баҳодир ва Малик Баҳодирни амир Ҳусайн олдига юбориб, улар воситасида ушбу фикрларни унга етказган: "Агар маъқул бўлса ҳаялламасдан иттифоқликда ҳамла қилмоқ лозим, токи душман батамом даъф қилинғай".
Қайсар Амир Ҳусайн Амир Темурнинг фикрига қулоқ солмаган ва баҳодирларга жаҳл қилиб "Менинг тадбиркорлигим ва сардорлигим Амир Темурникидан каммидики, унинг насиҳатига кўра иш қилсам! Ғолиб бўлсангиз ҳам, мағлуб бўлсангиз ҳам барчангизни битта қўймай ўлдирурман" деган ва уларни уриб калтаклаган. Шундан сўнг улар Темурнинг олдига қайтиб душманга қарши ҳамла қилишга йўл қўйишмаган.
Ўша куни иккала лашкар ҳам лойга ботган жанггоҳни бутунлай тарк этган. Амир Ҳусайн Амир Темурни чақириб келиш учун олдига одам юборса ҳам Амир Темур келмаган, чунки унинг ғурури, иззат-нафси топталганди. Темур Ҳусайннинг одамига қуйидаги хабарни етказиб қўйишни топширган: "Қўшин етакчилари ва хос баҳодирлар жонбозлик кўрсатиб, қиличбозликка жидду-жаҳд қилмоқдалар. Сен эса уларни ҳеч бир асоссиз ранжитмоқдасан. Бугун сенинг ушбу қилиғинг туфайли шунчалик обод бир мамлакат бегона душманга ем бўлиш арафасидадир".
Иккинчи кун тонгда яна қарама-қарши кучлар сафга тизилишган. Узоқ чўзилган мудофаадан кейин иштиёқсизлик билан жангга кирган Мовароуннаҳр лашкарлари жангни бой берган ва бир қисми Самарқандга, бир қисми Балхга кетиб қолган. Амир Темурга бу мағлубият қаттиқ таъсир қилган ва бир хато туфайли мағлубиятга учраган жангни бир умр эсида сақлаб қолган. Амир Ҳусайннинг қочиш ҳақидаги фикрига Амир Темур қуйидагича жавоб берган: "Номуссиз ҳаётнинг қадри йўқдир ва пушаймон билан зое кетган умрни қайтариб бўлмайди. Агар рухсат берсанг, мен Самарқандда қоламан ва лашкарларни тўплаб, яна бир бор мўғул билан жанг-у жадал қиламан". Амир Темур шундан кейин мўғуллар билан жанг қилиш ва уларни Мовароуннаҳр тупроғидан қувишни мақсад қилган ва катта тайёргарликни бошлаб юборган.
#Камила1

Комментарии

Комментариев нет.