Гумма

Бу таом номи ҳаммага ҳам, айниқса юртимизнинг бошқа вилоятдаги ватандошларимизга унчалик таниш бўлмаса керак, лекин Тошкентда бу таомни жуда яхши билишади. Нафақат билишади, ҳатто, севиб истеъмол қилишади. Бир сўз билан айтганда бу таомни ҳам ўз мухлису мухлисалари мавжуд. Қиймаси қўй ёки қорамол ички аъзоларидан, янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, буйрак, юрак, ўпка, қора талоқдан тайёрланади. Қиймаси учун, ички аъзоларни, кимдир аввал қайнатиб сўнгра қиймалагичдан ўтказади ва қовуради, кимдир эса аксинча.
Кўча-кўйда сотиладиган гуммалар учун одатда қорамол ички аъзоларини ишлатишади, ҳам арзонроқ, ҳам баракалироқ чиқади дея. Биз уй шароитида озгинаю-созгина қилиб тайёрлаш учун қўйни ички аъзоларидан тайёрлаш усули ҳақида маълумот берамиз. Гумма тайёрлаш учун бизга керакли маҳсулотлар:
Қиймаси учун:
Қора талоқ 1 дона
Юрак 1 дона
Ўпка 200 гр
Бўйрак 1 дона
Чарви ёғ ёки думба 100 гр
Гуруч
Зираворлар, туз ва дафна(лавр) япроғи таъбга кўра.
Хамири учун:
Ун 1 кг
Сув ёки сут 600 гр
Туз 1 ош қошиқ
Хамиртуруш(дрожа) 10 гр
Ўсимлик ёғи 700 мл
Тайёрланиши:
Энг аввал хамир қориб қўйиш керак бўлади. Хамиримиз ошгунга қадар ҳотиржам қиймасини тайёрласак бўлаверади. Ун, сув ёки сут, туз ва хамиртуруш солиб юмшоқ хамир қориб, устини бироз ёғлаб, ёпиб, ошиши учун бироз илиқроқ жойда қолдирамиз. Агар хамир тезроқ етилишини истасангиз, унда сувини ёки сутини ҳам қўлни куйдирмайдиган даражада илиқроқ қилинг.
Энди бемалол қиймани тайёрлаш учун киришсак ҳам бўлаверади. Юқорида санаб ўтган, чарви ёғ, қора талоқ, ўпка, буйрак ва юракларни, ҳар хил пай ва пардаларини тозалаб, сўнгра илиқ сувда бир неча маротаба яхшилаб ювиб, қиймалагичдан ўтказиб оламиз.
Қозонга озгина ёғ қуйиб, қиймани пастроқ оловда қовуриб, вақти-вақти билан қопқоғини ёпиб, димлаб, пишириб оламиз. Орада туз, зираворлар ва дафна япроғини солишни унутмаймиз, албатта. Бу орада гуручни ҳам қайнатиб, пишириб оламиз. Тайёр бўлган қийма ҳамда гуручни аралаштирамиз. Ҳосил бўлган гуручли қиймамизни тузларини ростлашни ҳам унутманг.
Қийма тайёр, энди тоғорадан ошиб, тошиб, қочиб кетай деб турган хамиримизга диққатимизни қаратамиз. Хамирдан тахминан 50-55 граммлик кичик зувалачалар узиб оламиз ва 10-15 дақиқага тиндириб қўямиз.
Тинган хамирларни ҳар бирига бир ош қошиқдан қийма қўйиб, думалоқ шаклида тугиб, хамир уланган қисмини пастига қўйиб, бирон бир идишни ёғлаб териб чиқамиз ва буни ҳам 5-6 дақиқа тиндириб оламиз. Бу тиндириш тугилган ва уланган ерлари пишириш вақтида очилиб кетмаслиги учун.
Тугилган ва тиндирилган қиймали хамирларни шундай ҳолича, яъни, босмасдан, ёймасдан қизиб турган ёғда пишириб оламиз. Ёғни иложи бўлса қозонда, бўлмаса чуқурроқ товада қизитинг. Шу ерда гуммани пиширишга оид бир кичик сирдан сизларни воқиф қилсам. Қизиб турган ёғга гуммани солишда тугилган тарафи биринчи бўлиб ёғга тушсин, яъни ўша уланган қисми пастида бўлса, пиширишда очилиб кетмаслигини таъминлайди.
Пишган гуммаларни, таъбингизга кўра безатиб, бирон бир аччиқ соус билан дастурхонга тортиқ қилиш тавсия этилади.
Ёқимли иштаҳа!

Гумма 
 - 802432552426
Гумма 
 - 802432573162
Гумма 
 - 802432575978
Гумма 
 - 802432578026
Гумма 
 - 802432586730

Комментарии

Комментариев нет.