Ака деган жонга чиндан жондош бўлар,

Ука деган асли асл қондош бўлар.
Сингил сизга дилдош бўлар,ёндош бўлар,
Синглисини йиғлатмайди эркак деган.
Кулфат келса,устингиздан кулмайдиган,
Дўқ урсангиз, қовоғини уймайдиган,
Зарда қилиб лабларини бурмайдиган.
Синглисини йиғлатмайди эркак деган.
Йўқласангиз - тор ҳовлиси жаннат бўлган,
Бу дунёда борлиги бир давлат бўлган,
Новвот сўзи - Худо берган давлат бўлган.
Синглисини йиғлатмайди эркак деган.
Тақдирининг чўғлигини билдирмаган,
Гоҳ очин гоҳ тўқлигини билдирмаган,
Онасининг йўқлигини билдирмаган
Синглисини йиғлатмайди эркак деган.
Сингил йўқлаб борганингиз тавоф бўлар,
Буғдойзорни боссангиз ҳам савоб бўлар,
Меҳр беринг, Сизга Ҳақдан жавоб бўлар,
Синглисини йиғлатмайди эркак деган.
Ташвишларин елкангизга ортиб қўйинг,
Бошин силанг, Кўз ёшини артиб қўйинг.
Ўғлингизнинг қулоғига айтиб қўйинг:
Синглисини йиғлатмайди эркак деган!

Комментарии

Комментариев нет.