ЗИЙРАК ҚАЙНАТА...

Нурхон хола келини Зарифа билан жуда иноқ эди. Нима бўлди-ю, болаларни деб қайнона-келин ўртасида гап қочди. Келинининг гап қайтаргани унга ёқмади. Аччиғидан рўзғорини бошқа қилиб қўйди...
Бу ҳолат Зарифага эриш туюлди. Ахир, бир ҳовлида яшашса, қўни-қўшни нима дейди. Эшитган қулоққа яхшимас бу. Эртаси куни келин овқат қилди-ю, сузиб қайнота-қайнона ўтирган уйга олиб кирди. Аччиғи тарқамаган Нурхон хола овқатга қўл ҳам урмади. “Тўғрида, набирам эсли-ҳушли бўлсин деб уришаман-да. Унга ёмонлик тилармидим”, – ўзича ўйлади онахон. Унинг овқат емаганидан келин хижолат бўлди. “Ўзимдан ўтди гуноҳ. Нима қилардим гап талашиб”. Лекин қайнонасининг бу қилиғидан кейин овқат киргизмай қўйди. Бир ҳафта ҳаш-паш дегунча ўтди-ю, янги йил ҳам келиб қолди. Болалар арчани безатиб, хонани роса ясатишди...
Қайнона-келиннинг гаплашмай юрганини кўрган Раҳим ака хотинига пичинг қилди.
– Уялмайсизми? Шунча йил аҳил яшаб энди нағмангиз чиқдими?
– Мен айбдорманми? – Нурхон хола гап ютмади.
– Биз каттамиз, ахир. Уларга насиҳат қилишимиз, тушунтиришимиз керак. Жуда калта ўйлаяпсизда...
Эрининг таъна-дашноми қайнонага жуда ўтиб кетди. Сир бой бергиси келмади- да, қишлоқнинг нариги бошига келин бўлиб тушган қизи Дилфузадан ҳол-аҳвол сўраш баҳонасида уларникига кетди. Қудалари билан чақчақлашиб туриб ўйлади. “Нималар қилаяпман ўзим. Келин ҳам бировнинг боласи. Ахир, қизимга ҳам шунақа қилишса, яхши бўлармиди? Бугун байрам куни буларнинг ҳаммасига чек қўйиш керак”...
Оқшом тушишига яқин келин ўз уйида дастурхон безатди. Бир қозон гўштлик манти пишириш учун газга қозонни қўйди. Буларни кўриб қайнотаси ўйлади. “Оббо, қайнона-келиннинг арази газаклаб кетаяпти-ку. Хотини келса, баттар тўнини тескари кийиб олмасин тағин. Янги йилни бир-биримизга қараб ўтириб, дилхиралик билан кутиб оламизми? Йўқ, бу машмашаларга чек қўйиш керак”.
...Раҳим аканинг шумлиги тутди. Пишиб турган манти қозонни кўтариб, бу ошхонага олиб ўтди. Овқатдан хабар олиш учун ошхонага кирган келин қозоннинг йўқлигидан ҳайратга тушди. У ёқ- бу ёққа қаради, тополмади. Сўнгра кириб эрига айтди. У ҳам ҳайрон бўлганча, хотини билан бирга ошхонага кирди. Отасининг ҳазилкашлигини биладиган ўғил буни тез фаҳмлади. Хотинини етаклаганча отасининг олдига борди.
– Дада, ўзимиздан олдин қозон келиб олибдими?
– Нимасини айтасан, болам. Манти ҳам бугун байрамлигини билди-да.
Келин лабини тишлади. Чаққонлик билан қайнонаси уйидаги хонтахта устига дастурхон ёзди...
Қизиникидан келган Нурхон хола дастурхон атрофида оиласи жамулжам эканлигини кўриб, қувониб кетди. Келини билан қучоқлашиб кўришар экан, “янги йил барчамизга қутлуғ бўлсин” – деди...
Дастурхонга манти тортилди. Ҳаммалари кулиб юборишди. Раҳим ака ўғлига кўз қисиб қўйди. Ҳайрон бўлган Нурхон хола эрининг шумлигини сезди чоғи, унинг елкасига оҳиста уриб қўйди...

Комментарии