"ЁПИҚ ДЕРАЗАЛАР".

Қисса.
Давоми...
Уларга ҳам кичкинагина бир хона тегди. Онаси укасини бир четга ётқизиб қўйиб, ташқаридан териб келган уч-тўрт чўпни бирлаштириб, супирги ясади-да, хонани супирган киши бўлди. Сўнг хонанинг тўрига тикув машинасини қўйиб, қўшни хонага жойлашган бир кампирни чақириб келди: “Жоним опам, мен шеригим билан ҳозир қишлоққа бориб келишим керак. Болам поездда келаётганимизда ўлиб қолди. Миршаблар билса, деразадан улоқтириб юборишади, деб бағримга босиб келавердим. Ҳеч кимга билдирмадим. Манави қумлоққа кўмиб бўлмайди. Қишлоқнинг қабристонини топиб, ерга қўйиб келайлик, уни жуда қийнаб юбордим. Сиз қизчаларимиз билан мана бу машинкамизга қараб туринг, ўтиниб сўрайман”. Кампир қоқсуяк қўли билан оғзи-бурнини беркитиб, бош чайқади: “Ай, шўрлик-а!.. Бор, боравер! Болаларингга ўзим қараб ўтираман”. Сўнг онаси укасини кўтариб олганча, йиғлаб чиқиб кетди. Унинг изидан Зийнатнинг онаси чиқди...
Кампир хонасидан юпқагина одеёл олиб чиқди. Унинг кўзлари ҳам жиққа ёш эди. Одеёлни бир четга ёзиб, қизларни икки ёнига олиб, чўзилди. Анча вақтгача кўзларини артиб, буринларини тортиб ётди.
Фотима Зийнат билан ўша кунлардан буён бирга. Бирга яшашди, бирга кўчишди, бирга ўқишди, то турмуш уларни ўзга-ўзга оилаларга ажратиб юбормагунча бирга бўлишди. Аммо турмушга чиққанларидан кейин ҳам борди-келдилари узилмади, оналари эса опа-сингилдек бир умр бир уйда яшашди, биргаликда эрларини кутишди, биргаликда излашди, биргаликда аза очишди.
Зийнат унга ана шундай дўст. Зийнатнинг ёлғиз қолганига анча бўлган. Эри автоҳалокатдан вафот этганда қизига ҳомиладор эди. Ўғли чет элга ўқишга кетиб, ўша юртларда бола-чақа қилиб, қолиб кетди. Қизи Украинага ўқишга кетиб, у ҳам ўша ерда бировни яхши кўриб... Аммо Зийнат на болаларидан, на турмушидан ҳеч қачон нолимасди. “Бу ҳаёт қонуни, жонгинам! Ёшлар ҳеч қачон сен чизиб берган чизиқдан юрмайди. Улар сен билан мендан кўра кўпроқ нарсани билишади. Уларнинг қонлари гупириб турибди, дунё кўргилари келади. Уларни ғарибона кулбангда яшашга мажбур қилишинг номардликдир. Индама, юрсин, кўрсин, ҳаётдан завқланиб яшасин”, дер эди доим. “Йўқ. Мен бунга чидай олмайман. Болаларим ҳамиша ёнимда, кўз олдимда бўлишлари керак. Соғинч билан хавотир мени адои тамом қилади”, бош чайқарди Фотима.
Уларнинг феъл-атворлари, ҳаётга муносабатлари, қарашлари ҳар хил бўлса ҳам бир-бириларисиз яшай олмасди. Фотиманинг онаси ҳам ўзига ўхшаган жуда таъсирчан, ҳар нарсани юрагига яқин оладиган куйди-пишди аёл эди. Зийнатнинг онаси эса ортига қарайвермайдиган, борини борича қабул қиладиган, гапга чечан, бир гапириб ўн куладиган шўх-хандон аёл эди. Фотиманинг онасига “Биз плюс минуслармиз. Бир-бирини суяб юрсин, деб худо бизни шундай яратган”, дерди доим. Улар бирга бўлган дамлар кўпинча Фотиманинг онаси “О-о-о, Қрим! Бизнинг нима гуноҳимиз бор эдики, киндик қонимиз томган юртдан, қондошларимиздан, меҳр қўйган уй-жойимиздан, жонбахш мева-ю соя берадиган дарахтларимиздан, қўшиқ айтиб оқадиган сувларимиздан, ота-боболаримизнинг ҳоки ётган мозоримиздан ажратдилар? Бизнинг осмонимиз, ою қуёшларимиз ҳам жуда бошқача эди. Ҳар доим тушларимга киради улар. Бизларни овора-ю сарсон қилишди, хўрлашди, булар ҳаммаси менга жуда алам қилади. Балки эрларимиз дунё бўйлаб бизни излаб юришгандир. Биз бечоралар эса қилмаган гуноҳларимизга товон тўлаб ўтдик”, деб йиғларди баъзан. Зийнатнинг онаси эса мижжаларини артиб-артиб, ўзича уни урушарди: “Тавба-а-а! Бошқача осмон, бошқача ой-қуёш эмиш. Бундай гапни биринчи марта эшитишим. Эй, ношукр! Кўзинг кўриб турганлиги, юрагинг уриб, оёқларинг юриб турганлиги учун Аллоҳга ҳамду сано айт. Бу ерда биров сени туртаётган, хайдаётган бўлмаса! Қримни соғинган бўлсанг, ёзда йўлланма олиб, бир айланиб келамиз. Бозорига ҳам, мозорига ҳам борамиз”. Аслида Фотима билан Зийнат ҳам айнан плюс-минус эдилар. Гоҳ униси, гоҳ буниси бир-бирининг эшигини қоқиб келаверар, баъзан кулиб, баъзан йиғлаб тонг отари гурунг қилишарди.
...У машинани дарвозанинг ёнига тўхтатди. Ҳайдовчи йигит унинг юкларини олиб, дарвоза ёнига қўйди. Эски машина шалдираб жўнаб кетгандан кейин ҳам Фотима бир муддат дарвоза олдида туриб қолди. У ўзини қўлга олиб олмоқчи эди. Нима бўлганда ҳам қадрдон дугонасини кўрганда йиғлаб юбормаслиги керак... У ҳолда гап эшитиши аниқ. Шундай, бироз тобим бўлмади, сени соғиндим, дейди. У ҳали хаёлларини йиғиб олмасидан кичкинагина дарича “ғийқ” этиб очилиб, ичкаридан Зийнат чиқиб келди. Ҳовличасида ғимир-симир қилиб юрган шекилли, чанг қўлларини пешбандига артиб, унга қучоқ очди: “Вооой, мен кимни кўряпман? Эрталабдан буён қовоқларим пир-пир учади. Хайрон бўламан. Ким мени суюнтирар экан, дейман. Бу сенмидинг қовоқларимдан тортқилаётган, Фотима? Фотимам менинг!..”. Фотима ўйлаб турган гапларини айтиб чайналди: “Тобим бўлмади, сени соғиндим”, ва бирдан хўрлиги келди, овози титраб, кўзларига ёш қалқди. “Оббо, яна қандай бурга тепа қолди, менинг эркагина дугонамни? Қани, ичкарига кир-чи! Вой-бу, нималар кўтариб юрибсан? Бозорни кўчириб келибсан-ку”.
Фотиманинг ростдан ҳам тоби йўқ эди: “Менга қизингнинг хонасидан жой қилиб бер. Бугун сен билан ётолмасам керак, жуда мазам йўқ. Бир чойнак чой билан, бир ликопчага шакар сепиб, қулупнай олиб кел. Нимагадир кўнглим беҳузур бўлаяпти. Бир ўраниб ётай. Сен юмшоққина, аччиққина бир овқат қил”.
Зийнат уни масхаралади: “Бу кишим касал эканлар, лекин қулупнайни шакар сепиб ейдилар. Эркалик ҳам эви билан депти-да”.
Кулиб, эркалаб, кўчалик кийимларининг ўрнига юмшоққина уй кийимлари келтириб берди. Сўнг патнисни тўлдириб ликопчаларга шакар сепилган қулупнай, гилос, оқ-қизил аралаш тутмайиз, ўрик келтириб қўйди: “Сен ёти-и-иб ейвер. Мана, қошиқча ҳам обкелдим. Мен овқатни осиб қўяман-да, сўнг ёнингга келаман”.
Овқат тайёр бўлгач, Зийнат шу хонага дастурхон ёзиб қўя қолди. У жуда пазанда эди, шўрва жуда ширин бўлибди. Фотима одатдагидек қошиқ ҳам уриб ўтирмади, косани кўтариб, хўплаб-хўплаб ичиб қўйди. Сўнг лаганда ялтираб турган гўштга қўл узатди. Зийнат кулди: “Неча кун бўлди овқатдан қолганингга?” Фотима ичига кирган иссиқдан пешонасига тепчиган терни сидириб кулди: “Анча бўлди. Йўл озуқасини сенинг қўлингдан **** кетай, дегандим”, “Ҳе, нафасингни ел учирсин сенинг! Қизим узоқда, ўғлим узоқда, ишонганим бир сенсан. Йўқ жойдан баҳона топиб, унақа қийшаяверма!”.
Овқатдан сўнг Зийнат дугонасига қизининг кароватига гулдор чойшаблар тўшаб, жойни ҳозирлаб берди. Унинг жуда ториқаётганини кўриб, “Энди бир ухлаб ол, эрталабгача отдек бўлиб кетасан”, дея хонадан чиқиб кетди. Фотима ичи тўлиб турган бўлса ҳам дугонасига ҳеч нарса демади. Шўрлик кулиб-кулиб юрса ҳам, болаларини жуда соғинишини, ёлғизлик азоби суяк-суягидан ўтиб кетганини у яхши биларди. Фотима ҳам ёлғиз қолаётганини эшитса, “Шунинг нимасига хафа бўласан? Ўғлингнинг келажагини ўйласангчи!” деб урушса ҳам, ич-ичидан йиғлаши аниқ.
Шомдан сўнг бошланган шамол туни билан боласини йўқотган бўридек увуллаб чиқди. Зим-зиё тун қаъридан гоҳ йиртқич ҳайвон бўкираётгандек, гоҳ гўдак йиғлаётгандек ваҳимали товушлар эшитилар, Фотима эски кароватнинг бир четида деразадан тушиб турган кўча чироғининг хирагина ёғдусиға термулганча қунишиб ўтирарди. Аслида у ҳеч нарсани кўрмас, ҳеч нарсани эшитмас, ич-ичида увуллаб ётган бўроннинг захридан аъзои бадани тобора музлаб борар, буни ҳам деярли ҳис этмас эди.
Ўйлаб қараса, унинг бутун умри йўқотишлар билан ўтди. Отаси урушга кетганда у жуда кичкина бўлган, отасини эслай олмайди, аммо ҳаётида бирон муаммога дуч келса, қийналса, ҳамиша отасиз эканлиги ёдига тушди. “Отам бўлгандами...”, деб армон қилди. У Қримни ҳам онасининг армонли ҳикоялари орқали таниган, лекин кимдандир ноҳақ жабр кўрса, она қишлоқларидан ноҳақ ҳайдалганларини, дим ва иссиқ, бадбўй вагонни, онасининг аллақачон жони узилган боласини уч кун бағрига босиб келганини эслади. “Нима гуноҳимиз бор эди?”, деб юраги куйди ўша дамлар. Қизи жуда чиройли эди. Сарви сановвар!.. Синфдошлари билан битирув кечасидан қайтиб келаётганда... Қизнинг ўзидек навқирон ғуссаси кўнглидаги бор армонларни сиқиб чиқарди. Бу дунёда Фотима учун қизининг ғамидан катта ғам-армон қолмади. Ўнгга боқиб ҳам, сўлга боқиб ҳам, осмонларга тикилиб ҳам, ерга, поёнсиз йўлларга термулиб ҳам кўзлари фақат қизини кўрди. Кеча кундуз жувонмарг кетган қизига қилолмаганларни камини тўлдириш йўлини излади. Катта-катта маъракалар ўтказди, садақалар берди, эри билан Самарқандга бориб, эшикдай келадиган қора мармартошга суратини ўйдириб, қабртоши ясатиб келди: “Қизим бечора бу дунёда нима кўрди? Борадиган жойи фақат мактаб бўлди, энг қиммат либоси мактаб формаси бўлди... Ҳеч бўлмаса, арзийдиган тош қўяйлик”.
Эри уста билан ўғлини олиб қабристонга кетган кун сира вақт ўтмади. Ётди-турди, уйга кириб соатга қаради, ҳовлига чиқиб қуёшга қаради, назарида соат миллари ҳам, қуёш ҳам унинг сабрини синаш учун бир жойда қотиб қолгандек эди. Ниҳоят қуёш мағрибга қараб оға бошлади, соялар икки ҳисса узайди. Қишлоқ масжидида аср азони айтилди. Шу пайт ҳориб-толиб, усти-боши чанг-ғубор ота-ўғил кириб келишди. Фотима ишни тугатиб қайтишса, мен ҳам бориб келаман, деб ўтирганди. Аввалига эри рози бўлмади: “Икки намозшомнинг орасида қабристонда нима қиласан? Эртага эрталаб обориб келаман”. Аммо Фотима “Беш дақиқага борамиз-у, келамиз. Илтимос”, деб ялинавергач, рози бўлди.
Қабристон қоравули жуда савобталаб меҳнаткаш одам эди. Катта қабристоннинг атрофига айлантириб арча экилган, чиннидек сип-силлиқ йўлаклар гирдида атиргуллар яшнаб ётибди. Яқиндагина сув қўйилган садарайҳонлар шабадада майин тебраниб, атрофга хушбўй ифор таратади. Фотима ҳаёти бардавом бу яшилликни кўрганда ҳамиша эзилиб кетади: “Менинг қизим бир арчачалик яшай олмади. Атиргуллар ҳам ундан бахтиёр. Райхонлар ҳар йил гуллаб, уруғ тугади, кейинги йил янги ҳаёт бошлайди. Менинг қизим эса шу райхончалик ҳам бўла олмади”.
Давоми бор...
ЖАМИЛА ҚОСИМОВА.

"ЁПИҚ ДЕРАЗАЛАР". - 951733492549

Комментарии