Фиръавннинг вазири...

Фиръавн баъзида Мусо алайҳиссаломнинг гапларини эшитганида, қалби юмшаб, гапларига мойил бўларди. Иймон келтириш истаги туғиларди. Чунки, Мусо алайҳиссаломнинг сўзлари беқиёс таъсирчан, агар тош эшитганида, ундан сут отилиб чиққан бўларди. Фиръавн мана шу ҳолатни вазири Ҳомонга айтганида, у:
– Шу кунгача ҳукмдор бўлдинг, энди ҳирқаси ямоқ одамга қул бўласанми? – дер эди.
Шу билан Мусо алайҳиссалом юз кунда иншо этган саройни Ҳомон бир кунда вайрон қиларди.
Изоҳ:
— Эй ғофил инсон! Сенинг ақлинг ҳам ҳою ҳавасига асир бўлган юқоридаги вазир кабидир. Сенинг вужудинг иймон йўлини тўсиб туради. Аллоҳнинг валийлари сенга ўгит айтса, баданинг истакларига тобе бўлган ақлинг у зотларнинг гапларини таъсирсиз ҳолатга олиб келади.
Ақл сенга:
— «Бундай номақбул гапларга қулоқ тутма!»-дейди.
Баъзида ақл бизни ҳақ йўлдан адаштиради, илоҳий муҳаббат ва иймонга қарши васвасаларни ичимизда уйғотади.
Буни Фузулийнинг қуйидаги сатрларидан ҳам англаш мумкин:
Мен ақлдан истайман далолат,
Ақл менга кўрсатади залолат.
Абдуллоҳ Раҳим, «Маснавийдан ибратли ҳикоялар» китобидан.

Фиръавннинг вазири... - 952749975877

Комментарии

Комментариев нет.