Комментарии
- 24 дек 2024 14:28Anta fi qolbi yaa RobbiБунча оз .... Олдин куп езиларди борган сари озайиб кетяпти еки сабримизни синяпсизми админка хоним?
- 24 дек 2024 19:06🌺🌹🌸 انثذرДавоми качон ёзилади🤔
- 24 дек 2024 22:09Зиёда ЛатиповнаЕтимликди айби Нима булса экан ,шундай ёмон кураман етим деб ерга ураган инсолардан нафратламан ,
- 25 дек 2024 10:32Насиба Маликова❤️❤️
Для того чтобы оставить комментарий, войдите или зарегистрируйтесь
СаМоДаГи ЮлДуЗлАрИм
:Муслимахон Муслимахон
Е Т И М Қ И З Н И Н Г Б А Х Т И.
5.Совчилик.
Нуршод қиз билан гаплашиб, бемалол ўтиришганидан хурсанд бўлса-да, аслида кўнгли ғаш эди.
Уч кун олдин уларнинг уйида айнан уйланиш масаласида катта жанжал бўлган, отаси билан келишолмай уйдан чиқиб кетган эди. Отаси Саъдулла ака ўзига бино қўйган, дўпписи тушиб кетса уни пул билан олдирадиган, ўзига етгунча қайсар одам эди. Нуршод кеча бўлиб ўтган дилхираликни эслаб, секин хўрсиниб қўйди.
Кечки овқатдан кейин ҳаммалари ҳовлида, тўғрироғи дарвозахонадаги катнинг устида телевизор кўриб ўтиришган вақтда Саломат опа Нуршодни уйлантиришдан оғиз очди. Укасининг қизини ўгай ўғлига олиб бериш фикри анчадан бери унинг хаёлини банд қилган, ўзи яшаётган хонадонга жиянини келин қилиб олиб келмоқчи эди.
-Нуршод, сени уйлантирамиз,-деди у дабдурустдан. -Жияним Нозима яқинда институтнинг иккинчи курсини тугатди. Укам уни сенга олиб берамиз деганим учун ҳеч кимга турмушга бермай ўтирибди.
-Ая, мен Нозимага уйланмайман, - Нуршод шундай деб асабийлашиб жойидан туриб кетди.
-Мени ўз ёқтирганим бор.
-Ўтир жойингга,- бирдан ўшқирди дадаси. -Сендан биров розилик сўраб ўтирарканми? Аянг сенга ёмонликни раво кўрармиди? Нозимага уйланасан, тамом вассалом.
Нуршодга отасининг баланд овозда гапиргани эмас, ундан бир оғиз сўрамай туриб тақдирини ҳал қилаётгани алам қилиб кетди.
-Дада, нима мен сиз учун одам эмасманми? Менда ҳам кўнгил бор… -Нуршоднинг гапи оғзида қолди.
-Биламан, сени кўнглингни. Сенга қолса ўша ота-онасиз, бирор жойда ўқимаган, етим қизга уйланмоқчисан.
-Дадаси шундай деб қўлидаги бир пиёла чойни дарвозахонага сепиб юборди.
-Нозимага уйланасан, дедимми уйланасан.
-Уйланмайман. Уйлансам фақат Зебинисога уйланаман.
-Нуршоднинг ҳам бирдан қайсарлиги тутди.
-Зебинисога уйланишингга икки дунёда ҳам рози бўлмайман,-Саломат опа шундай деб қўлини сермади.
-У қиз сени тенгинг эмас. Келиб-келиб ҳеч кими йўқ, ҳеч нимаси йўқ қашшоқ қизга уйланасанми?
-Сизлардан ҳеч қачон ҳеч нима талаб қилмаганман.
-Нуршоднинг бирдан қаҳри келди.
-Аммо бу менинг ҳаётим! Мен уни ўзим хоҳлаган инсон билан яшаб ўтаман. Илтимос, Зебинисога уйланишимга қаршилик қилманглар.
-Шунақа дегин,-энди дадасининг ҳам қаттиқ ғазаблангани билинди.
-Унда уйдан йўқол. Биз айтган қизга уйланмасанг, тўрт томонинг қибла. Лекин билиб қўй, сенга ҳеч қайси масалада ёрдам бермайман.
Ўз кунингни ўзинг кўр.
Нуршод алам билан уйга қараб юрди. Каттакон сафар сумкасига қўлига илинган кийимларини жойларкан, Саломат опа кириб келди.
-Нуршод, ўйлаброқ иш қил. Ҳозир уйдан чиқиб кетсанг, тамом. Қайтиб бу уйга қадам босолмайсан,-деди у чимирилиб.
-Битта етим қизни деб ота-онангдан воз кечиб кетасанми?
-Сиз мени онам эмассиз,-Нуршод сумканинг замогини шартиллатиб тортаркан, Саломат опага эътироз билдирди.
-Ўз онам бўлганида мени тушунарди, қўллаб-қувватларди. Сизга ўхшаб мени отамга ёмон кўрсатмасди.
-Отангга теккан пайтимда уч ёшда эдинг,-Саломат опа чинқириб юборди.
-Сенга шу ёшингдан қараганман.
Агар ҳозир отанг ва менга қулоқ солсанг, бир-биримизга бундай гапларни айтиб ўтирмасдик.
-Соғ бўлинг.-Нуршод хонасидан чиқиб кетаркан, Саломат опа томонга қарамади ҳам.
-Мен ўз ҳаётимга ўзим жавобгарман.
Ўзим хоҳлаган қизга уйланаман.
Бўлиб ўтган воқеалар кўнглининг бир чеккасини ғаш қилиб турган бўлса-да, Нуршодга ўзи ёқтирган, чин дилдан севиб қолган қиз-Зебинисодан, унинг борлигидан куч олаётган каби туюлаётган эди. Қизнинг уятчан нигоҳлари, кўркам қадди-қомати, узун сочлари йигитни бир кўргандаёқ мафтун қилганди. Яна Зебинисо билан ўзининг орасида руҳий яқинлик борлигини билгани, илгари ҳеч қайси қизга нисбатан бу ҳолатни ҳис қилмагани йигитни жасоратли бўлишга чорлаётган каби эди.
Ўша куни Зебинисони кузатиб қўйган Нуршод тўғри холасининг уйига борди. Унинг биргина холаси Сакина опа шаҳар чеккасидаги ҳовлилардан бирида яшарди. Онаси, кейинроқ бувиси вафот этгач, Нуршод холасидан хабар олиш мақсадида тез-тез борар, холаси ҳам уни кўрса хурсанд бўлиб кетарди.
Сакина опа мактабда физикадан дарс бериш билан бирга маҳаллада маслаҳатчи бўлиб ишларди. Маҳалла раисига, ўзидан кўмак сўраб келганлардан ёрдамини аямас, ҳаётий масалаларда кимларгадир кўмаги тегса, ўзи хурсанд бўладиган аёл эди. У ўз олдига илтимос билан келган жияни Нуршоднинг сўзларини бўлмай эшитди.
-Демак, поччам ҳам аянг ҳам шу қизга уйланишингга қарши дегин.
-Дастурхон ёзиб жиянини қўярда-қўймай уйга таклиф қилган Сакина опа чой қуйиб Нуршодга узатди.
-Масала мен ўйлаганимдан ҳам кўра жиддийроққа ўхшайди-ку.
-Хола, мен Зебинисодан бошқасига уйланмайман. Лекин улар мени тушунишмаяпти.
-Зебинисо ўзи ким? Сен ўша қизни яхши биласанми? Нега айнан унга уйланмоқчисан?-Сакина опа синчков нигоҳлари билан жиянига тикилди.
-Тўғриси, шу қизни кўрсам кўнглим яйраб кетади. У анча пайт дўконимизда ишлади. Аям дадамга шу қиз ҳақида кўп гапирарди.
-Жавоб берди Нуршод пиёладаги чойдан ҳўпларкан.
-Аям уни "Жуда меҳкаткаш, дўконнинг савдосини ҳам, у ерни тозалигини ҳам бирдай эплайди, ўзи етим қиз",-деб таърифларди. Бир кун атайин шу қизни кўришга бордим.
-Хўп, кейин-чи?-жилмайди Сакина опа.
-Нимаси билан сени бунчалар маҳлиё қилдики, уйланишга қарор қилибсан?
-Аввал уни бир ҳафтача кузатдим. Кейин кўчаларидаги таниш йигитлардан, жўраларимдан суриштирдим. Ҳеч ким билан гаплашмаслигини, йигити йўқлигини билдим.-Ҳаяжонланиб жавоб берди Нуршод.
-Ҳа, мана сен билан гаплашибди-ку,-жиддийлашди Сакина опа.
-Холажон, биласизми, бу учун қанча ҳаракат қилдим? Кўчасида ётиб олдим, десам ҳам бўлади…Хуллас, йўлини пойлайвериб, ахийри учрашувга рози қилдим.
-Қўймайсан, сен бола.-Сакина опа кулиб юборди.
-Энди нима қилмоқчисан?
-Мен унга совчи юборишга ваъда бердим. Аммо дадам билан аям унга уйланишимга қарши. Дадам" ўша қизни десанг, уйдан йўқол, "-дедилар…
Нуршод шундай деб бошини эгди.
-Шу сабаб ёнингизга келдим, холажон. Зебинисога совчи бўлиб борсангиз дегандим.
-Совчи бўлиб бориш муаммо эмас. Лекин бу ҳақда эшитса ота-онанг нима дейди?-Сакина опа шундай деб жойидан турди.
-Ўша опамни ўрнига келган турқи совуқ аянгни ёқтирмайман, биласан.
-Холажон, илтимос мени сўзимни ерда қолдирманг. Онамнинг ўрнида онам бўлиб туриб беринг, Зебинисога совчи бўлиб боринг.
-Нуршод ўкинч ва ялиниш оҳангларига қоришиқ овозда сўзларкан, илтижо билан холасига термулди. -Ишонинг, мен фақат ўша қиз билан бахтли бўламан.
-Яхши, лекин аввал бу қизни ўзи яшайдиган маҳалладан суриштираман. Кейин ота-онангни ёнидан ҳам ўтаман,-Сакина опа ошхонага қараб юрди.
-Ҳозир овқат сузиб келай.Шўрва қилгандим. Ичасанми?
-Холажон, мен овқатланганман. -Нуршод шундай деб жойидан турди.
-Сиз ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўринг, кейин яна гаплашамиз.
Сакина опа жиянини кузатиб қўйгач, бир муддат ўйланиб ўтирди. Кейин Зебинисо яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайдиган таниши Лола опага қўнғироқ қилди. Унинг муддаосини тинглаган Лола опа Зебинисо ҳақида:
— "Яхши қиз, биргина холаси бор. Ўша хабар олиб туради. Отаси Россияга бориб ўша ерда уйланиб қолиб кетди. Онаси вафот этгач, опа-сингил бирга яшаб юришибди.? Сиз сўраётган қиз ёш бўлса ҳам, ақлли, ҳаёт синовларига бардошли қиз",-деб таъриф берди…
Эртаси куни Саъдулла ака, яъни собиқ поччасининг уйига борган Сакина опа у ердан пушаймон бўлиб қайтди. Поччаси уйида йўқ экан. Бошини рўмол билан танғиб олган Саломат опа уни гапини охиригача ҳам эшитиб ўтирмади:
-Жиянингиз бизни юзимизга оёқ қўйиб, мени укамни олдида субутсиз қилиб уйланмоқчи бўлса уйланаверсин.-деди у чимирилиб.
Саломат Сакина опани ҳатто уйга киришга ҳам таклиф қилмай, дарвозахонанинг ўзидаёқ гапни қисқа қилиб қўя қолди.
-Ахир бу қанақаси бўлди? Жияним бир қизни яхши кўрган бўлса бу жиноятми? Қолаверса, ўша қиз сизнинг қўлингизда ишлаган экан…Сакина опа яна гап бошлади.
-Нимаси ёқмади?
-Менга қаранг, биз хоҳламаймиз ўша қизни келин қилишни. Тушундингизми? Сиз бизни уйга келиб, ақл ўргатгунча жиянингизни инсофга чақирсангиз бўлармиди?
Ҳеч кими йўқ, ҳеч қаерда ўқимаган, етим қизни ўзига тенг кўряптими, бу Нуршоднинг энг катта хатоси,- Саломат опа бир нафасда шунча гапни айтиб ташлади-да, тин олди.
-Мен ҳам, дадаси ҳам қўшилмаймиз, тўйига ҳам бормаймиз.
-Опа, агар ўз ўғлингиз шу ишни қилса нима қилардингиз?
-Мени ўғлим ҳеч қачон бундай иш қилмайди. Айтганимдан бир қадам чиқса ўзидан кўрсин. Унга аллақачон келин топиб қўйганман. -Саломат опа шундай деб, уйга қараб юрди. -Бошқа гапингиз бўлмаса, ишларим кўп эди.
Сакина опа бу аёлга гапириш бефойдалигини билиб, дарвозага қараб юрди.
Давоми бор...
МОҲИГУЛ НАЗАРОВА.