МУҲАББАТ ВА НАФРАТ…

3-қисм.
— Болам, отангнинг ошнаси «ўчиб» қопти. Отанг сени: «Ташлаб кесин», деяпти, — деди Намуна она турткилаб.
Унга тракторни ҳайдаш топширилди. Маъруф ҳар-ҳар замонда тиқ этиб турган тракторни тариллатиб юборди-да, бутун ҳамсоя-халқни уйғотди. Уларнинг орасида Ҳайбатулло ака ҳам бор эди. У май ойининг ўрталариданоқ ташқарида ухларди. Унинг ичкарида ётишига семизлиги йўл қўймасди. Юраги безовта бўлар, нафаси қисиларди. Лекин ҳовлида, каравот устида ўзиям одамга ўхшаб ухларди! Қанотларини икки томонга ташлаб, оғзини хиёл очиб, чунонам хуррак отардики, ити Олапар шўрлик тунни бедор ўтказишга мажбур бўларди.
Бугун энди унинг уйқуси бузилди. Ўрнидан эринчоқлик билан туриб ўтирди-да, уйқули кўзларини йириб очиб, семиз бўйнини патиллаётган товуш томонга бурди-да:
— Падарингга лаънат, ярамас, ўчир патиллоғингни!.. — деди.
Худди шу маҳал Маъруф тракторга кетма-кет газ босган ва овоз бошқаруви трубасидан икки-уч чўғ учиб чиқиб, қулоқни қоматга келтирувчи пат-пат пайдо бўлганди.
— Эшак! Ҳайвон! — бўкирди Ҳайбатулло ака. — Мен сенга кўрсатиб қўяман уйқу бузишни!
У ўрнидан туришга улгурмасидан патиллаган трактор жўнаб кетди.
* * *
Маъруф ухлаб қолган Баҳром акани зўрға трактордан туширди. Бахтига Баҳром аканинг икки ўғли уйғониб, уларнинг ёнларига келди. Йўқса, Маъруфнинг бир ўзи йўлда нос отиб, мутлақо маст бўлиб, кўзини очишга-да мадори етмайдиган Баҳром акани кўтариб, уйига киритиб қўйишга мажбур бўларди.
У уйига пиёда қайтди. Ичида қўшиқ хиргойи қилиб, агрономликда қилажак ишлари хусусида хаёл суриб кетди.
Қишлоғига кираверишдаги қайрағоч остида ўтирган Шомурод акага дуч келди. Аввал уни танимади. Чўққа кўзи тушди, кейин йўталди.
У қайрағочга яқин борди.
— Кимсан? — сўради йўталган кимса.
Маъруф бирдан жавоб бермай, янада яқинроқ борди. У овоз эгаси Шомурод ака эканлигини дарров таниган эди.
— Маъруфман, — жавоб берди унинг ёнига етгач.
— Одам эмаскансан-ку! — деди Шомурод ака. — Бирдан жавоб берсанг, ўласанми?!
— Қўрқдингизми?
— Бригадирмисан, деб ўйлаб… Шу маҳалда кўчада нима қип юрибсан? — деб Шомурод ака чекаётган сигаретасини ерга ташлади-да, калиши билан эзди.
— Отамнинг жўраси келувди, уйига ташлаб келяпман. Ўзингиз нима қип ўтирибсиз?
— Эй, ука, ёшинг ўтавергандан кейин уйқунг қочаркан. Ўтирибман, сигарет чеки-и-иб…
Шу пайт қайрағоч орқасидаги заган (зовур) ичи шитирлади.
— Эй, нима экан у? — деди Маъруф ва ўзининг саволига ўзи жавоб топиш мақсадида, қайрағочнинг ортига ўтди.
Кўзи беш-олти қадам нарида пахтазорда юрган тўртта молга тушди.
— Шомурод ака, — деди кулиб, — бу молларингизниям уйқуси қочибди-да.
— Калланг борми, нима деяпсан?! — жавоб қайтарди Шомурод ака ўзини гўллика солиб.
— Бўлмаса, тўртта говмишга пахтазорда бало борми?
— Уф-ф!.. Энди шу-да! Энди бу моллар кўрак емайди. Чирмовуққа ўч. Ишонмасанг, бориб кўришинг мумкин.
— Тўғри айтасиз, мен бугун осмондан тушдим. Калла сапсим йўқ. Шунинг учун кеча Олапарга гўшт ташлабман. Баччағар, искаб-искаб кўрди-да, «Тфу!» деб огородга, помидор орасига кириб, қип-қизил бўп пишганини топиб, узиб олди-да, икки оёғининг орасига олиб, ейишга тушиб кетди. Сизнинг молларингиз ҳам шунақа бўлса керак-да? — дея Маъруф ҳиринглаб кулди.
Шомурод ака мулзам бўлди.
— Бор-э! — деб кўракхўрлик қилаётган моллари томон кетди.
Маъруф учун кўргани янгилик эмасди. Чунки қишлоқ чеккасида яшовчиларнинг кўпчилиги кечаси мол-қўйларини пахтага боқишларини биларди. Умуман, бутун қишлоқ бундан хабардор, аммо бировнинг биров билан иши бўлмасди. Шунга қарамай, ҳар йили пахта режаси бажариларди.
Маъруф йўлида давом этаркан, «Эртадан бошлаб агрономнинг ёрдамчисиман, катталардан биттасиман. Шундай экан, индамасдан ўтиб кетмаслигим керак эди. Шомурод аканинг молларини идорага ҳайдаб боришим лозим эди… Йўқ, бўлмайди, қишлоқда гап-сўз кўпаяди. Одамлар: «Норқул сувчининг боласи ҳали ишга ўтмасидан босар-тусарини билмай қопти», дейишади» дея хаёлидан ўтказди. Бироқ уйига етай деганда, унга яна бир шарпа кўринди…
Унинг кўзи танаси қучоққа сиғмайдиган балх тутга ёпишиб турган нарсага тушди. Аввалига тутнинг «болачаси» деб ўйлади. Бироқ шарпа қимирлаб қўйди. Қишлоқда бирорта ҳам хонадоннинг дарвозаси йўқ. Умуман, ҳеч бир ҳовли девор билан ўралмаган.
«Соат камида икки-уч. Шу маҳалда кимнинг уйқуси келмадийкин?» ўйлади у ва юришдан тўхтаб аввал уйига, сўнг ҳамсоялар тарафга қаради. Бирдан йигитнинг хаёли бузилди. Ахир бундай маҳалда фақат севишганларгагина уйқу бегона. Улар кундузи учрашолмайди, чунки қишлоқда ҳамма бир-бирини танийди. Биророта бўйи етган қиз билан йигитнинг гаплашиб турганини кўриб қолишса, тамом — шу заҳоти қопдай-қопдай иғволар «сайр»га чиқиб кетади-ю, оқибатда, йигит билан қиз қишлоқда бош кўтариб юролмай қолади. Шу боис бир-бирига кўнгил берганлар тунда, яна ҳамма тош қотиб ухлаётган маҳали дийдорлашишга мажбурлар.
Бу атрофда Маъруфнинг синглиси ва Наргизадан бошқа бўйи етган қиз йўқ. «Наҳотки синглим бўлса?» ўйлади у. Шу заҳоти қони кўпчиб, шитоб билан шарпа турган томон юрди.
— Кимсан? — деди ёнига етгач.
—…
— Кимсан, деяпман?! — овозини баландлатди Маъруф.
— Мен… Мен… — деди қиз деярли шивирлаб.
Маъруф уни дарров таниди:
— Наргиз? — деди ҳайрон бўлиб. — Сен нима қип турибсан?
Қиздан жавоб бўлмади.
Шунда йигит ён-атрофга кўз ташлади — ҳеч ким кўринмади.
— Уйингга бор, отанг билиб қолса…
— Билмайди, ҳаммаси ухлашяпти. Ҳеч кимга билдирмай чиқдим, — дея бидирлади қиз.
— Нега чиқдинг, уйдан қочдингми?
— Ҳа.
— Кўчада, тутнинг тагида… Сени кўрган одам ўғри деб ўйлайди.
— Сиз ўйламадингиз-ку.
— Ўйладим.
— Ўғри дебми?
— Йўқ.
— Ана, кўрдингизми? Кейин сиздан бошқа ҳеч ким бу маҳалда юрмаса керак.
— Юрибди, қишлоқнинг адоғидаги Шомурод ака юрибди.
— Сиз қаердан биласиз?
— Кўрганман, молини пахтанинг ичига қўйвориб, ўзи йўл бўйида тут қаторнинг тагида ўтиради. «Венгер» кечаси билан кўрак **** чиққанидан, тирсиллаб, ялтиллаб кетган.
Наргиза қиқирлаб кулиб юборди:
— Кўзингизнинг шунчалик ўткирлигини билмаган эканман. Молнинг ялтиллаб кетганини кўрибсиз-да.
— Кундузи кўрганман, «Кўрак еган мол қанақа бўларкин?» деб қараганман.
— Яхши, лекин ўша Шомурод ака бу ёқларга келмайди-да. Келгандаям мени ўғри деб ўйламайди. Ўзига ўхшаган деб ўйлайди.
— Фақат сен колхознинг пахтасига эмас, бизнинг томорқага молингни боқаётган бўласан, тўғрими?
Наргиза яна қиқирлади.
— Тисс, — дея Маъруф лабига бармоғини босди.
— Боягина ўзингиз бидирлаб, бақириб гапираётувдингиз-ку, — деди Наргиза кулиш асносида.
— Сенга қўшиб, мени ҳам «Мол боқяпти», дейишсинми?
— Ўйлаб топган нарсангизни қаранг, тавба.
— Ўзинг-чи, одамлар учинчи уйқуни ураётганда, кўчада, яна бизнинг уйимизнинг тўғрисидаги тутнинг тагида ўғри мушукка ўхшаб писиб ўтирибсан. Эй, шошма, балки… Кимдир келган-у, сен учрашгансан-у, кутилмаганда мен кеп қолиб, учрашувларингни бузиб қўйганман.
— Тушунмадим?..
— Энди… ҳар қалай, тунда бундай турибсан. Шунга ким билади, балки… Мабодо бирортаси билан аҳду паймон қилган бўлсангиз, йигит шўрликнинг юрагини ёриб, дегандай…
Наргиза чуқур хўрсинди. Шу билан Маъруфнинг гапини бўлди:
— Мен кетдим, — деди оҳиста.
— Тўғри қиласан, уйингга бориб ёт. Эрта, эҳҳе… қанча ишларинг бор… Ҳозир дамингни олмасанг, эртага думалаб қоласан, — дея Маъруф атайлабдан бурнини тортиб қўйди.
Аразлаган қиз бошини эгди. Унинг кўзидан ёш оқа бошлади. Маъруф унинг йиғисини кўрмади. Чунки Наргиза тескари ўгириб олиб, кетишга чоғланганди-ю, кетолмаётганди. Ахир трактор патиллагандаёқ шу ерга югурган, Маъруф тракторни ҳайдаб кетганини кўрган, қайтиб келишини ич-ичидан сезган ва сабр-бардош билан кутганди. Мана, у келди ва нима бўлди? Ҳеч нарса, йигит ўлгур гўё ҳеч вақони пайқамагандай турибди, ўзини гўлликка солиб.
Қиз овоз чиқариб юбормаслик учун лабини тишлади.
— Бор, бемалол кетавер, — деди Маъруф унинг баттар жиғига тегиб.
— Кетавераман, сизга нима? Хўжайинмассиз менга, — деди алам ичра Наргиза.
— Хўжайин бўлганимда, ярим оқшомда бу ерга чиққанинг учун қулоғингни шундай тортардимки, рапидадай бўлиб кетарди, — дея мийиғида кулди Маъруф.
Наргиза энтикди. Маъруфнинг шу биргина беозор пўписаси юрагини ўйнатиб юборди ва у югурганча уйига кетди.
* * *
— Турган-битгани телба, — деди Толмас Бадриддинович. — Бир у эмас, бошқалариям. Яхшиямки, соябони бор, мен борман: ёмғир-у қордан сақлайман. Менинг оёғим тойиб кетса, худо кўрсатмасин, ҳаммаси онасини учқўрғондан кўради!
Элёр бунақа гапларни илгари эшитганда ҳайрон бўларди. «Нега менга айтяпти? Мен нима қип берардим?» деб ўйларди. Кейин билса, раиснинг шунақа гапирадиган одати бор экан. Бошда ҳайрон бўлган. Бир нималарни сўраш учун оғиз жуфтлаган-у, кейин тилини тишлаган. Толмас Бадриддинович оғир хўрсинди ва ястаниброқ ўтирди-да, қулочини ёйди:
— Рацияни узат, — деди Элёрга.
Чаққон ҳайдовчи илинган симли телефонни дарров унинг қўлига тутқазди. Раис колхоз бухгалтериясига қўнғироқ қилди, кассирни сўради. У йўқ экан. Энг чекка бригадага ойлик тарқатгани кетибди.
— «Аҳмоққа бугун борма, эртага тарқатасан. Бир кун кеч олса, ўлиб қолмайди», девдим-ку!
Толмас Бадриддинович ўшқириб гапирди. Симнинг у ёғидаги зона бухгалтери ўтириб гаплашса, раис кўриб қоладигандай, кейин «Фалон **** ўтирибсанми, бўтсиман?» деб бақирадигандай ўрнидан туриб кетди, кўзи олайиб ранги оқарди. Оғзидан тайинли гап чиқмай, ғудранди.
— Ҳайвонга одам жўнат! Икки соатда банкда бўлсин! — деди раис ва алоқани узди.
Кейин яна ястаниб ўтирди-да, кўзини юмди. Беш дақиқа ўтар-ўтмас, уйқу босди. «Эҳ, соягина, ҳур-ҳур шамол эсиб турган жой бўлса-ю, маза қилиб ухлаб олсанг» ўйлади у.
Шу заҳоти ухлади, хуррак отди, бироқ машина чайқалишидан уйғониб кетди.
— Секинроқ ҳайдасанг, бўлмайдими? — дея койинган бўлди-да, деразадан ташқарига қаради.
Кўзи эшакка пичан ортмоқлаб кетаётган болага тушди.
— Тўхтат! — дея қичқирди ҳайдовчига.
Элёр шоша-пиша тормозни босди. Толмас Бадриддинович қарсиллатиб эшикни очди.
Эшак таққа тўхтаган, бола ҳайкалдай қотган, ҳар икковиям кўзидан ўт чақнаган раисга термилиб қолишган…
— Энангнинг пайкалида опкеляпсанми, ифлос?! — бақирди Толмас Бадриддинович ва лорсиллаганча тез юриб борди-да, эшакка ортмачоқ қилиб ортилган пичанни устидаги бола билан бирга бир кўтаришда ерга ағдарди.
Ўн бир ёш атрофидаги бола озғингина, суяклари нимжонгина эди. Бир оёғи пичан билан асфальт орасида қолиб қайрилди-ю, қарс этиб синди. Оғриқ зўридан у бор овозда бақириб юборди. Раис унга эътибор ҳам бермади. Эшакнинг қорнига ўхшатиб бир тепди-да, сўкинганча бориб, машинага чиқди.
Шу куни Толмас Бадриддиновичнинг кайфияти ўнгланмади. Райком асабийлашиб ўтирган экан. Тузук-қуруқ сўрашмади. «Сут, тухум режасини вақтида бажармаяпсиз, гўшт-ку умуман эсдан чиқиб кетди. Шу аҳвол давом этадиган бўлса, ишлашингиз ҳам гумон остида қолади», деди. Илгари райком сира у билан бунақа гаплашмаган. «Сиз районимизнинг энг илғор, кўзга кўринган раисларидансиз, бошқаларга ўрнак бўлишда давом этинг», дерди. Юзида табассум бўларди, юмшоқ гапирарди. Кетар чоғи эшиккача кузатиб қўярди.
У Лазиз Эшбўриев қабулидан чиқиб, ёрдамчининг хонасига кирди.
— Хўжайиннинг кайфияти йўққа ўхшайди, тинчликми? — дея сўради.
Ёрдамчи елкасини қисди. Кейин:
— Ҳайронман, эрталабдан бери кимки ёнига кирса, авра-астарини ағдариб ташлаяпти. Кеча обкомга борувди. Яхшигина тузлашган, шекилли, аламини бу ёққа келиб сочяпти, — деди.
Ёрдамчи Толмас Бадриддиновичдан тўрт ёш кичкина. Шунга қарамай, иккаласи, мана, олти йилдирки, ошначилик қилади. Бунга раиснинг саховатпешалиги сабаб. Оралатиб-оралатиб, ёрдамчининг уйига ҳайдовчисидан бозорлик қилиб жўнатади. Гоҳ-гоҳида дарё бўйидаги чангалзорга овга таклиф қилади. Эвазига кўп нарса сўрамайди. «Райком бованинг кўнглини билиб беринг», дейди. Ёрдамчи хурсанд бўлади. Қўлини кўксига қўйиб, «Албатта» дейди. Гўёки ўта муҳим масала зиммасига юкланаётгандай жиддий тортиб, пешонасини тириштириб қўяди. Раис ичида кулади: «Ўла-а, хумпар. Дарров тусингни ўзгартирдинг-а. Оғир иш айтиб қўйдим-да, тўғрими? Олаётган бозорликларинг кам.
Бундай муҳим масалани доим менинг фойдамга ҳал қилишинг учун қуруғидан қўшимча қилиб туришим керак-да, а?» дея кўнглидан ўтказади. Аммо бу гапларнинг бирортаси ҳам тилига кўчмайди.
— Эртага бир қўнғироқ қилиб келаман-да, бўлмаса, Обиджон. Паст-баландига ўзингиз қараб қўярсиз. Унгача бирорта янгилик чиқиб қолса, идорага сим қоқиб юборсангиз, қушдай учиб келаман, хўпми? — дея иржайди раис.
Райком ёрдамчиси одатдагидай қўлини кўксига қўйиб, ўрнидан турди-да:
— Ҳар доимгидай, Толмас ака. Фақат шу сафар сал бошқачароқ бўладими, дейман-да, — деди.
— Элёрбекка айтаман, бирровга ўтиб келади.
Обиджоннинг юзи ёришди.
— Ака, аслида, керакмас эди. Бир-иккита меҳмон келадиган эди-да…
— Бу томонидан хавотир олманг, Обиджон. Сизнинг меҳмонингиз меники ҳам ҳисобланади. Бўпти, унда мен борай, — деб Толмас Бадриддинович кетишга чоғланди.
У қўл бериб ёрдамчи билан хайрлашди-да, эшик томон юрди. Ҳовлига чиққач пешонасидаги терни артиб, сигарета тутатди ва оғир қадам ташлаганча, юз қадамча нарида, мажнунтол остида турган «Вилис» ёнига борди. Машинага чиқмади. Сигаретаси тугагунча чекди. Кейин Элёрга банкка боришини айтди.
Ҳартугул, кассир етиб келибди. Афтидан, унга ҳудуд бухгалтери раиснинг жаҳл отига минганлигини айтган, шекилли, безовта эди. У банк эшиги ёнида у ёқдан бу ёққа бориб келарди. Толмас Бадриддинович машинадан тушмади. Эшикни очди-да, уни имлаб ёнига чақирди:
— Ҳа-а, — деди раис чўзиб, — нега оёғи куйган товуққа ўхшаб турибсан?!
— Энди, раис бова, сизни кутаётувдим. Кеп қолсангиз, кўринмаётганимдан жаҳлингиз чиқмасин, деб турувдим, — деди қилтириққина кассир лабини ялаб-ялаб қўйиб.
— Мен сенга эртага тарқатасан девдим, сен бўлса, бугун Томбосди қишлоғига бориб юрибсанми? Одам бўлмадинг-бўлмадинг-да. Банкка кир-да, тракторчиларнинг ойликларини олиб, идорага бор. Беш юзини опқўй… Йўқ, яхшиси, анавига бер. Отинг ўчгур, нимайди? Бош бухгалтерга… Айт, ҳисоб-китобни тўғрилаб қўйсин, — деб Толмас Бадриддинович қарсиллатиб эшикни ёпди.
Элёрга эса:
— Ҳайда, — деди.
Машина бироз юрганидан кейин:
— Тинка қуриб кетди, Каттатегирмонга борамиз. Одамга ўхшаб дам олмасам, қон босимим ошиб, йиқилиб қолишим ҳеч гапмас, — дея бурнининг устидаги маржондай терни артди.
Каттатегирмон қўшни район маркази. Вилоятдаги иккинчи шаҳар. Аэропорт, темирйўл бор. Қарийб ўндан зиёд миллат яшайди. Аҳолисининг сони ҳам бошқа районларга нисбатан уч-тўрт баравар кўп. Толмас Бадриддинович у ерга ҳафтада бир — кун охирлаганда қоронғилик тушар-тушмас боради. Шанба куни. Аммо бу сафар чидолмади. Асаби бузилганини, ишнинг кўплигини баҳона қилди. Шу билан ўзини ўзи алдади. «Виждоним қийналмайди-да» деб қўйди ичида.
Элёр эса ғижинди. Чуқур хўрсинди. «Бечора Паризод, шу одамдан ҳам сендай қиз туғилиши мумкинми? Шўринг қурсин, қизгина» дея кўнглидан ўтказди ва газни босди.
Давоми бор...
НУРИДДИН ИСМОИЛОВ.

МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… - 953233661253

Комментарии