Яна бир тузоқ. 11-қисм. Самандар директорнинг хонасидан қандай чиқиб кетганини ҳам билмасди. Уйига етиб келгунича ҳам ўзига келолмади. Ўзини қўярга жой тополмасди. Кетма-кет сигарет чекиши ҳам наф бермади. Ҳар хил, баъзида бир-бирига қарама- қарши , баъзида юракни ўртовчи туйғулар кўнглидан кечаётган эди. Назарида ниманидир Искандар ундан яшираётганди ёки айтгиси келмаётганди. Ёки бунга журъати етмаёгандай эди. «Искандар аканинг ўзи дадам эмасмикан», деб ҳам кўп марта хаёлидан ўрказди. Лекин бу асоссиздай, ҳатто бемаънидай туюлди. Директорнинг ўзини негадир бошқача тутгани кўнглида шубҳа уйғотди. Тунни деярли уйқусиз ўтказди. Эрталаб ишга келганида ҳам нохуш ўй-хаёллар уни тарк этмаганди. Тушгача руҳсиз, дилгир ҳолатда юрди. Худди кўнгилсиз воқеа уни кутаётгандай эди. Тушликдан қайтиб келаётганида башанг кийинган, Мастура тўхтатди. -Кечирасиз, отингиз Самандар-а? Сизда гапим бор эди. -Айтаверинг, нима демоқчи эдингиз?-деди Самандар хушламайгина. -Мен Жавлонбековнинг хотиниман,- деб Мастура унинг бошидан оёғигача кўз югуртириб чиқди.- Сиз Нилуфар деган қизга уйланмоқчи экансиз. Ўғлим ҳам шу қизни ёқтириб қолибди… -Мендан нима истайсиз?-деди Самандар унинг гапини бўлиб.. -Сиз бошқа қиз топа қолинг. Чиройли қизлар кўп-ку. Хоҳласангиз ўзим сизга топиб бераман. Самандар жавоб беришни ҳам лозим кўрмади. Буни ўзича тушунган Мастура аврашда давом этди. -Биламан, кўп қийинчиликлар кўргансиз. Ҳозирги аҳволингиз ҳам яхши маълум. Агар шу қиздан воз кечсангиз сиз учун жуда яхши бўлади. Айтганингизча пул берамиз. Дадаси ҳам кўп яхшиликлар қилади. Хоҳласангиз шу заводнинг директорлигини ҳам олиб беришлари мумкин. Бу уларнинг қўлларидан келади. -Кечирасиз, ҳамма нарсани ўз қаричингиз билан ўлчаманг,- деди Самандар босиқлик билан.- Бунга ҳеч қачон рози бўлади, деб ўйламанг ҳам. Мен ўз қадримни оёқ ости қилдириб қўймайман. Буни эсингиздан чиқарманг. -Қадрингизни ким оёқ ости қилаяпти?- деди Мастура энсаси қотиб.- Шу қиз бўлмаса бошқасида. Самандар у билан гаплашиш ортиқча эканлигини англаб турарди. Яна бирпас турса ножўя гап айтиб юбориши мумкинлигини билиб, тезроқ кетишни маъқул кўрди. Мастура оркасидан келаркан, дўқ қилишга ўтди. -Ҳой йигит , ўжарлик қилма. Оқибати яхши бўлмайди. Бизнинг кимлигимизни биласан-а? Унга жавоб қайтаришни ҳам лозим кўрмай Самандар заводга кириб кетди. Иш бошлаганида бу ҳақда ўйлаган сари аччиқланиб, асабийлаша бошлади. Сабабини сўраганларга қўл силтаб қўя қоларди. Бу ҳолда ишлаб бўлмасди. Боши оғриётганини баҳона қилиб уйга кетди. Ҳали кийимини алмаштириб бўлмасидан эшик тақиллади. Очганида остонада учта милиционер ва яна икки киши турарди. -Мен жиноят қидирув бўлими бошлиғи капитан Солиевман, -деди олдинда тургани гувоҳномасини кўрсатиб,- Уйингизни тинтув қилгани келди. Булар ёрдамчиларим ва гувоҳлар. -Тинтув?! Нима учун? -Маданият саройи олдида турган машинадан магнитафон ўғирланган. Гумондор шахс сифатида сизнинг уйингизни тинтув қилишимиз керак. -Мен ҳеч қандай ўғирлик қилганим йўқ. Балки адашаётгандирсизлар?- деди Самандар ишонгиси келмай. -Адашаётганимиз йўқ. Ҳамидов Самандар сиз бўласиз, тўғрими? Мана тинтув ўтказиш учун рухсатнома,- деб Солиев папкасидан бир варақ қоғоз олиб узатди.-Уйингизни кўрамиз. Магнитафон топилмаса узр сўраймиз. -Майли кўринглар. Барибир ҳеч нима тополмайсизлар,-деб Самандар келган гувоҳларга ишора қилди.- Буларни уйимга киритмайман. Чунки ҳолис гувоҳ бўлишларига ишонмайман. Гувоҳ керак бўлса қонунга кўра қўшниларимни чақиринглар. -Талабингиз тўғри, қонунни яхши биларкансиз,-деб Солиев ёнидаги лейтинантга юқоридаги қўшнини чақириб тушишни буюрди. Ўзи Собиржоннинг эшигини тақиллата бошлади. Гувоҳлар келгач, керакли расмиятчиликлар ўтказилиб тинтув бошларнди. Самандар диванда ўтирганича хотиржам ҳолда кузатарди. Ҳамма жойни кўриб чиққанларидан кейин диваннинг остини кўрмоқчи бўлишди. Самандар диванни суриб кўрсатди. Лейтинант энгашиб қаради-ю, саросимага тушиб Солиевга қаради. Унда ҳам кескин ўзгариш содир бўлди. Лекин сир бой бермади. «Яхшилаб кўрдиларингми ўзи, бошқатдан яна бир текшириб чиқинглар», деб шеракларига буюрди. Барибир улар излаган магнитафон топилмади. Шундан кейин ноилож бу ҳақда «Билдиришнома» ёзишга мажбур бўлди. Ҳаммалари имзо чекишгач, безовта қилганлари учун узр сўраб чиқиб кетишди. -Товба ҳеч хаёлга келмаган ишлар бўлдида,-деди Баҳодир таажжубланганини яширмай.- Самандар акани ўғирликда гумон қилишибди. -Мен ҳам шунга ҳайронман,- деди Самандар. Шу пайт Искандарнинг кириб келиши барча учун кутилмаган ҳол бўлди. -Самандар, сени милиционерлар заводга излаб боришган экан,- деди Искандар ўзининг келишини изоҳлагандай.- Шунга хавотирлариб келдим. Тинчликми ўзи? -Бу ерга ҳам қидириб келишди. Нима учун денг, Самандарни ўғриликда гумон қилишибди. Уйини тинтиб кўришди,- деди Собиржон. -Бўлиши мумкин эмас!- деди Искандар ҳайратланиб. «Ҳа шундай», деб Самандар захарханда кулиб қўйди. Собиржон, мен ҳозир келаман, деб чиқиб кетди. Сал ўтмай катта қути кўтариб кириб келди. -Улар мана бу магнитафонни қидиришганди,-деб қўлидагини стол устига қўйди. -Нималар деяпсиз? -Сиз буни қаёқдан биласиз? -Буни қаердан олиб келаяпсиз? -Шошманглар, шошманглар. Ҳозир ҳаммасини айтиб бераман,- деб Собиржон савол берганларга муғомбирона қараб чиқди.- Кўчада қўшнилар билан тургандим. Бояги лейтенант фуқоро кийимида шу қутини кўтарганича кўзлари олазарак бўлиб подъездимизга кириб кетди. Бирпасдан кейин қайтиб чиққанида қўлида ҳеч нима йўқ эди. Унинг Самандарникига кириб чиққанини билдим. Бунақа таниши йўқлигини яхши биламан. Битта калити менда турарди. Ўша билан эшикни очиб кирдим. Магнитафон ҳеч қаерда кўринмади. Диққат билан ҳамма ерни қараб чиқарканман, диваннинг салгина сурилиб қолганини сездим. Диванни нарироқ сурганимда магнитафон шу ердалигини кўрдим. У йигитнинг ўзини тутиши ва магнитафонни диван остига қўйиб кетганидан шубҳаландим. Ҳар эҳтимолга қарши магнитафонни уйимга олиб чиқиб қўйдим. Яхшиямки шундай қилган эканман. Бўлмаса Самандарни ўғирликда айблаб қаматишлари аниқ эди. -Жуда тўғри қилгансиз,- деди Баҳодир.- Лекин мен бир нарсага ҳайрон бўлаяпман. Буни ким уюштирган бўлиши мумкин? Самандар акани қаматиш кимга керак бўлди экан? -Мен ҳам ҳайронман,- деди Самандар ўйчан ҳолда.- Ҳеч кимга ёмонлик қилмагандим. -Тўғри, ёмонлик қилмагансан. Лекин бу билан душманим йўқ, деёлмайсан,- деди Искандар. Самандарнинг ҳайрон бўлиб қараб турганини кўриб изоҳ берди.- Кимларнингдир раъйига қарши бораяпсан-ку. Нега ҳайрон бўлаяпсан? Жавлонбеков ҳам Нилуфарни келин қилмоқчи эди ахир. Мен буни фақат ўша уюштирган, деб ўйлайман. -Балки гапингиз тўғридир. Лекин бу ўтакетган аблаҳлик-ку,-деди Баҳодир қизишиб. -Искандарнинг гапида жон бор, деб мен ҳам ўйлайман,- деди Собиржон.- Ундайлардан ҳар нимани кутса бўлади. Самандар, шунинг учун бундан бу ёғига жуда эҳтиёт бўлишинг керак. Чунки яна бирорта бемазагарчиликни ўйлаб топишлари мумкин. Уйингнинг қулфини ўзгартир. Искандар Самандарга қараб, ҳозир кўмагига жуда муҳтожлигини тушунди. Жавлонбековнинг қандай одам эканлигини; ўз мақсади йўлида ҳеч нимадан, ҳатто қабиҳликдан ҳам қайтмаслигини яхши биларди. Самандар унинг олдида ожизлик қилиб қолиши ҳеч гап эмас. Лекин унинг жуда қизиққонлиги маълум. Жавлонбековнинг кирдикорларига қарши ўзини тутолмай, бирор ножўя ишга қўл уриб қўйиши мумкин. Бу эса унга оғир зарба бўлади. Бунисини кўтаролмаслиги мумкин. Ўғлини топганида йўқотиш билан баробар . Шунинг учун энди бор гапни айтиши керак. Сусткашлик қилиши мумкин эмас. -Самандар, дадангни топишингга ёрдам бермоқчи эдим, эсингдами?- деди бор иродасини ишга солиб. -Эсимда, у ҳақда бир нима эшитдингизми?- сўради Самандар совуққонлик билан. -У… қаршингда турибди. Ҳайрон бўлма. Мен дадангман… -Сиз… Сиз менинг дадаммисиз?! -деди Самандар қулоқларига ишонгиси келмай. -Ҳа, сен менинг ўғлимсан. Пушти камаримдан бўлган жигарбандимсан!!! Собиржон билан Баҳодир ҳам ҳайратда эдилар. Улар Самандарнинг нима дейишини кутиб индамай туришарди. Самандарнинг юзида улар кутган ўзгариш содир бўлмади. Шундай бўлишини олдиндан билгани учун совуққонлик билан кутиб олгандай эди. Лекин бу фақат ташқаридан қараганда шундай эди. Қалбида зўр туғён бош кўтараётганди. Шу туфали ҳам сўзлашга тили ожиз, нималар содир бўлаётганини билолмагандай эди. «Дадамни учратиб қолсам нима қиламан», деб ўзига кўп марталаб савол берган, лекин жавобини топишга қийналганди. Мана, эсини танибдики, «дада» деган сўзни тилига олмаган. Тенгдошларидан бу сўзни эшитганида юраги эзилиб кетарди. «Менинг дадам ундай, менинг дадам бундай» деб фахрланганларида ўзини қўйгани жой тополмай қоларди. Олиб берган нарсаларини кўрсатиб мақтанганларида ҳам шу аҳволга тушарди. Ҳаддан ташқари алам ўтганида кўз ёшларини оқизганича дардини ичига ютиб кетаверарди. Буларнинг ҳаммаси ортда қолди. Энди дадасининг ҳимоясига муҳтож эмас. Лекин меҳрига зор-ку. Аммо шу кунгача бўлган ҳаётини кўз олдидан ўтказар экан, барча хўрликлар, тахқирланишларига ва бошқа чеккан азоблари учуун дадасини айбдор, деб ҳисоблаётган эди. Худди шу ҳозирнинг ўзидаёқ дадасининг бағрига отишига тўсқинлик қилаётганди. -Бошингга тушган кўргуликларда менинг ҳам айбим бор,- деди Искандар унинг кўнглида кечаётганларни илғагандай. -Биламан, мендан хафасан. Балки нафратланаётгандирсан. Бунга тўла ҳаққинг бор, деб ҳисоблайман. Агар кечиролсанг кечир . Кечиролмасанг… Фақат сендан илтимос, таъна қилма. Қилган хатоларимни юзимга солма. Менга ҳам осон бўлгани йўқ. Ўзимга қолса асло бундай қилмаган бўлардим… -Самандар, аралашганим учун аччиғинг чиқмасин-у, ҳар ҳолда ёшим каттароқ,-деди Собиржон.- Бўлиб ўтган ишларда дадангнинг айби бўлса ҳам уни айблашинг яхши эмас. Бундай бўлишини сираям хоҳламаган бўлса керак. Тўғри, энди сен ёш эмассан. Ўз ҳаётингни ўзинг йўлга қўя олишинг мумкин. Лекин барибир ота керак. Унинг меҳрига муҳтож бўласан. Бу гапимни ҳамма вақт ёдингда тут. Искандарнинг кўзларида билинар- билинмас ёш пайдо бўлганини Самандар илғаб қолди. Бундан унинг кўнгли алланенчук бўлиб кетди. Ҳозирги ҳатти-ҳаракати, кўнглидан кечган нохуш фикрлар учун ўзидан ўзи нафратланиб кетди. Бир сўз айтмай дадасининг бағрига ўзини ташлади. Искандар ҳам индамайгина маҳкам қучоқлади. Қалблари беҳад тўлқинланиб кетган ота-бола худди борлиқни унутгандай анча вақт сўзсиз туриб қолишди. Биринчи бўлиб Самандар ўзига келди. -Дада, ундай деманг. Сизни ҳечам айблаётганим йўқ. Тақдирим шу бўлса нимаям қилардим. -Дада деяпсанми? Мен бунга арзийманми? ,-деди Искандар энтикиб. -Арзийсиз, дада, арзийсиз, - деди Самандар ҳам ҳаяжонланиб. Ота-болаларнинг бу ҳаяжонли учрашувидан таъсирланган Баҳодир завқланиб қараб турар. Собиржоннинг қараши ўзгача эди. Искандар икки қўли билан ўғлининг чаккасидан тутиб кўзларига меҳр билан термилди. -Гапнинг тўғри, ўғлим, тақдирдан қочиб қутула олмайсан. Аммо ўзгалар сабаб бўлиб бошингга шундай кунлар тушса, тақдирингда шундай ўзгаришлар содир бўлса кишига алам қилар эканда,-деди Искандар ўғлини бағридан бўшатиб, елкасидан қучди.- Қара-я, ота-бола бир йилдан бери бирга ишлаб, бир-биримизни танимабмиз. Агар Нилуфар сабаб бўлмаганда кейин ҳам шундай юраверардик. Ойинг сени бобонгнинг фамилиясига ўтказган эканда. -Лекин паспортимда Искандар ўғли, деган ёзув турибди. Уни ўзгартиролгани йўқ,- деди Самандар маъюс жилмайиб. Искандар завқланиб кетиб ўғлининг елкасидан қаттиқроқ қучди. Шу пайт пилдираб кириб келган Дилноза, дада, сизни ойим чақираяпди, деди. Баходир узр сўраб чиқиб кетди. Бу ерда энди ўзини ортиқча деб билган Собиржон ҳам иши борлигини айтиб унинг орқасидан чиқиб кетди. -Қамалганимни қаёқдан билдингиз?- деб сўради Самандар диванга ўтиришгач.- Буни Нилуфардан бошқа ҳеч ким билмасди-ку. -Адашаяпсан, Самандар, ундан бошқа биладиган ҳам бор экан, -деди Искандар.- Жавлонбековнинг Миркомил, деган қайниси билар эканда. Ўша келиб менга айтди. Кейин фотиҳани бузишга ҳам ундаган эди. -Ким?! Миркомил, дедингизми?- деди Самандар тўсатдан афти-ангори ўзгариб. -Ҳа, сен уни танийсанми? -Таниганда-чи,- деди Самандар нафратдан кўзлари қисилиб.- У аблаҳ Шаҳодатни йўлдан урганди. Менинг ҳам қамалишимга асосан ўша сабабчи бўлганди. -Билганимда у ярамас билан бошқача гаплашардим, -деди Искандар кўзларидан ўт чақнаб.-Лекин у бундай қилишга ҳам арзимайди. Хуллас, у кетгандай кейин Нилуфарни чақириб, шундай гаплар эшитдим, ростми, деб сўрадим. У, рост, лекин сени тухмат билан қаматишганларини айтиб, бошингдан ўтганлирининг ҳаммасини гапириб берди. Шунда Самандар менинг ўғлим эмасмикан, деган шубҳа пайдо бўлди. Сен билан ўша куни гаплашганимдан кейин тўла ишонч ҳосил қилдим. Лекин сенга «дадангман», дейишга юрагим дов бермади. -Демак Миркомил ўзи истамаган ҳолда бизга яхшилик илиб қўйибдида,-деди Самандар. Дадасининг ҳайрон бўлганини кўриб тушунтирди.- Ахир у келиб ўша гапларни айтмаганида мен ҳақимда бунчалик сўраб-суриштирмаган бўлардингиз. Шундай бўлгач, мени ўғлингиз эканлигимни қаёқдан ҳам билардингиз? -Тўғри, лекин унинг бу яхшилиги учун раҳмат айтолмаймиз. Нега бизни ташлаб кетдингиз, нега бирор марта ҳам хабар олмадингиз, деб сўрамоқчи бўлаяпсан, шундайми?- деди Искандар. Самандар нимадир демоқчи бўлганида қўл ишораси билан уни тўхтатди.- Ҳозир ҳаммасини гапириб бераман. Институтни битириб йўлланма билан ишга бордим. Аслида бир-икки йил ишлаб, кейин қайтиб кетмоқчи эдим. Лекин ойинг билан танишувим бу режамни ўзгартириб юборди. Уни яхши кўриб қолдим. Совчи қўйганимда, шу қишлоқда қолсангиз розиман, дадамнинг ёлғиз ўзини ташлаб кетолмайман, деб шарт қўйди. Мен ҳеч иккиланмай бу шартига рози бўлдим. Шундан кейин тўйимиз бўлди. Биз жуда бахтли эдик. Афсуски бу узоққа бормади. Бир неча йил ўтгандан кейин ойинг ҳақида қишлоқда ҳар хил миш-мишлар тарқала бошлади. Менга ҳасад қилганларнинг иғвоси бўлса керак, деб аввалига бунга аҳамият бермадим. Қолаверса, мен ойингга ишонардим. Унинг ҳиёнат қилиши мумкинлигини ҳаёлимга ҳам келтиролмасдим. Аммо бир куни… Мен бошқаларга ўхшаб жанжал-тўпалон қилмасдан уйдан чиқиб кетдим. Уни қанчалик яхши кўрмайин, хиёнатини кечиролмасдим. Сен билан синглингдан аввалига тез-тез ҳабар олиб турдим. Лекин ойинг жон-жаҳди билаг тўсқинлик қиларди. Ажралишимизга ўзи сабабчи бўлса ҳам шу йўл билан мендан аламини олмоқчи эди, шекилли. Кейинроқ сен холангникига кетибсан. Шаҳодатни эса ойинг қайсидир интернатга жойлаштирибди. Афсуски мен қанчалик харакат қилсам ҳам буларни билолмадим. Ойинг айтишни истамади. Бу гапларни ойингни ёмонлаш учун айтаётганим йўқ. Ростлигига қасам ичишим мумкин. Холангникидан қайтиб келиб, Билим юртида ўқиётганингда мен бошқа вилоятда ишлар эдим. Шунинг учун ҳам бизлар учрашолмаганмиз. Қамалганингни эшитиб жуда қайғурдим. Бундан икки -уч йил олдин ҳамқишлоқларинг Турдиали акани кўриб қолдим. У, «Самандар қамоқдан чиққанидан кейин қишлоққа қайтиб келгани йўқ, ҳозир қаердалигини ҳам билмайман», деди. Шундай қилиб, сени излаб топишга бўлган барча уринишларим беҳуда кетди. Чорасизлигимдан жуда ўкинардим. Сен эса шундоққина ёнгинамда экансан. Самандар ҳозирги эшитганларидан қаттиқ таъсирланланган эди. Шу пайтгача дадаси ҳақида нохуш ўй- хаёлларга боргани учун уялиб кетди. -Охирги учрашганимиз эсингдами?-деб сўради Искандар орадаги ўнғайсизликни бартараф қилиш учун. -Аниқ эмаску, лекин мактабга бормаслигим эсимда,- деди Самандар. -Мендан пул олганинг учун ойинг қўлингга дазмол босган экан. Шу ростми?- деб Искандар ўғлининг кафтига қаради. Ундаги куйган изларини кўриб пастки лабини тишлаганича сўзсиз бош чайқади. Самандар нима дейишини билмай ўнғайсизланди. Нима бўлгандаям онасини айблашга кўнгли бўлмаётганди. -Ҳа майли, буни қўятурайлик. Энди нима қиламиз? Шу ҳақда ўйлашимиз керак. Ўғлим, етар шунча айрилиқда яшаганимиз. Юр уйга,- деб Искандар ўрнидан турди. Самандарнинг юзидаги иккиланишни сезиб ташвишланди.- Нима, боргинг келмаяпдими? -Йўғ-е, фақат тўсатдан борсам нима деб ўйлашади, деяпман. Сиз аввал айтинг. Кейин… -Қўйсанг-чи бунақа гапни,- деб Искандар унинг тирсагидан ушлаб турғазди.- Нима дейишарди, хурсанд бўлишади холос. Буни борганингда ўзинг ҳам кўрасан. Бўлақол, юр кетдик. Самандар энди иккиланишга асос тополмади. Уйдан чиққанларидан кейин эшикни қулфлади. Подъезд олдида турган машинага ўтиришлари билан Искандар одатига хилоф равишда тез ҳайдаб кетди. Қалбини жунбушга келтираётган шодликдан тезроқ хотини ва болаларини хабардор этиш ниятида эди. Тез-тез Самандарга қараб қўяркан, унинг мамнун чеҳрасидан яйраб кетар, оғзининг таноби қочиб илжаярди. Машинани ҳаворанг дарвоза олдида тўхтатиб, етиб келдик, ўғлим, тушақол, деди. Самандар ҳам машинадан тушгач, дарвозанинг кичик табақасини очиб киришга ундади. -Қани, киравер, тортинма. Ҳовлига кирганларида Самандар беихтиёр атрофга разм солди. Ўнг томонда олди ойнаванд каттагина уй. Чап томондагиси эса ҳали битмаган. Ҳовли этагида баҳайбат ўрик тагида бежирим панжарали иккита сўри ёнма ён қўйилганди. Томорқани ҳовлидан унча баланд бўлмаган панжара ажратиб тарарди. Ошхона томондан Зулайҳо чиқиб келиб очиқ чеҳра билан салом берди. Самандардан ҳол-аҳвол сўради. -Келинг ука. Яхшимисиз? -Раҳмат, ўзингиз яхши юрибсизми?-деб Самандар ўнғайсизланиб ерга қаради. -Бу йигитни сенга таништиришдан аввал бир ажойиб янгиликни айтмоқчтиман,- деди Искандар кўзлари чақнаб,- Бугун ҳаётимда энг бахтли кун, десам янглишмайман. Сабаби шундай воқеа содир бўлди-ки, айтсам ишонмасанг ҳам керак. -Айтаверинг, нега ишонмас эканмиз,- деди Зулайҳо қизиқсиниб. -Ниҳоят ўғлим Самандарни топдим! Бу гапни эшитиб унинг энсаси қотса керак, дебўйлаганди Самандар. Лекин ундай бўлмади. -Вой ростданми?-деди Зулайҳо қувониб.- Буни ҳақиқатдан ҳам қувончли воқеа деса бўлади. Айтинг, қаерда экан ўғлингиз? -Мана у,- деб ўнғайсизланиб турган Самандарни кўрсатди. Зулайҳо ишонч ҳосил қилмоқчидай диққат билан қаради. У эрининг ўғлини қўмсаб кўп қийналганини биларди. Уни топишини чин дилдан истаганди. Шунинг учун ҳам ҳозир беҳад севинаётган, қалбини ёқимли ҳис чулғаб олганди. Бундай туришини Искандар билан Самандар бошқача тушундилар. Кўнгиллари ҳар томонга етаклай бошлади. Лекин ҳавотирланишлари ноўрин эканлигига тезда ишонч ҳосил қилдилар. -Агар ўғлим демаганигизда ҳам ўзим билиб олган бўлардим. Сизга анчагина ўхшаркан. Одил билан Ғайратга ўхшашишини эса айтмаса ҳам бўлади,- деб Зулайҳо Самандар билан қайтадан кўришди.- Хуш келибсан. Энди бу ер сенинг ҳам уйинг. «сен»лаётганимга хафа бўлма. Чунки бунга ҳаққим бор деб ўйлайман. -Албатта, мен бундан фақат хурсанд бўламан, -деди Самандар севинч ва ҳаяжондан аранг ўзини тутиб. Шу пайт ҳовлига Ғайрат кириб келди. У саломлашиш учун Самандарга қўлини узатганида Искандар тўхтатди. - Шошма ўғлим, биринчи марта учрашган ака-укалар бундай кўришмайдилар. Ҳайрон бўлма, бу сенинг катта аканг Самандар бўлади. Ғайрат савол назари билан аясига қаради. Унинг кулимисираб бош ирғаганини кўриб, э шунақами, деб қучоқ очди. Ака-укалар шу тарзда қучоқлашиб кўришдилар. Иккаласи ҳам бир оз ҳаяжонланишган, лекин хурсанд эдилар. -Шундай тураверасизларми, сўрига чиқиб ўтиринглар, -деди Зулайҳо. Сўрига ўтирганларидан кейин Самандардан яна бир бора ҳол-аҳвол сўрашиб, Ғайратга чой дамлаб келишни буюрди. Ўзи дастурхон олиб чиқиш тараддудига тушди. -Буларнинг ҳозир кераги йўқ,-деб Искандар эътироз билдирди.- Яхшиси совуқ чой олиб кел. Томоқлар қақраб кетди. Ғайрат илдам бориб чойнакда чой билан пиёла келтирди. Қуйиб, бир-бир узатди. -Дадаси, ўғлингизни қандай топдингиз?- деб сўради Зулайҳо қизиқсиниб. -Буни кейин айтарман. Аммо ҳозир бир гапни айтсам ишонмасанг ҳам керак. Самандар бир неча йилдан бери заводимизда ишлайди,-деди Искандар завқ билан. -Вой, ростданми?!-деб Зулайҳо ҳайратланиб хитоб қилди. Бунга барчалари кулиб юбордилар. Лекин у эътибор ҳам бермади.- Қизим ҳам бор, дегандингиз. У қаерда экан? Бу ҳақда сўраш Искандарнинг эсига ҳам келмаганди. Шунинг учун нима деб жавоб беришни билмади. Самандар бу саволга ўзи жавоб бериши лозимлигини тушунди. -Синглим Шаҳодат ҳозир Зоминда яшайди. Турмушга чиққан. Учта боласи бор. -Эҳ-ҳа, ҳали невараларингиз ҳам бор эканда,- деди Зулайҳо севиниб. -Менга қара, нега неварамиз эмас, неварангиз дейсан?-деб Искандар хотинига ҳазил тариқасида танбеҳ берди.- Нима, менинг неварам сенга ҳам невара бўлмайдими? Ундан ташқари, боя Самандарни ҳам ўғлингиз, дединг. -Вой, мен ундай демоқчимасдим,-деб Зулайҳо ҳато қилганини фаҳмлаб уни тўғирлашга шошилди.- Улар албатта менга ҳам невара бўладида. Самандарга келсак, агар у қарши бўлмаса бажонидил ўғлим дейман. Уни ҳеч қачон бошқа фарзандларимдан айрича кўрмайман. Онаси бўла туриб оналик меҳри нималини билмаган Самандарнинг юраги бу гаплардан туғёнга келди. Ҳеч иккиланмасдан бағрини очиб, оналик меҳрини бахшида этаётган бу аёлга нисбатан илиқ туйғулар пайдо бўлди. Юраги яна бир бора тўлқинланиб кетди. Қалбини ёқимли ҳислар эгаллади. - Мен онам бўлса ҳам чинданам она она меҳрига зор бўлиб ўсдим. Оналик қилишни лозим топсангиз, жон деб сизни онам ўрнида кўраман. Ўзимни сиздан нари тутмайман,-деди паст овозда. Зулайҳонинг ўзи ҳам опаси билан бирга ўгай она қўлида ўсганди. Шу дамда ўша «бахтиёр» онларни эслади. Ҳали Самандарнинг ўтган ҳаёти қандай ўтганини билмаса ҳам унга жуда қийин бўлганини тасаввур қилгандай бўлиб, юраги эзилиб кетди. Кўзларида билинар- билинмас ёш томчилари пайдо бўлди. -Энди ҳаммаси яхши бўлади. Мана, дадангни топдинг. Ўзингни ёлғиз ҳис қилмайсан. Даданг йўқлиги учун чеккан азобларингни унутиб ҳам юборасан. «Айтганингиз келсин», дегандай Самандар ерга қараганича бошини қимирлатди. Беихтиёр ўйга толди. «Энди ҳаммаси яхши бўлади». Буни шунчаки кўнглимни кўтариш учун айтмаяпти. Лекин ҳақиқатдан ҳам шундай бўлармикан? Бошқалардай мен ҳам бахт нималигини билармиканман?» Унинг бу ҳолатини пайқаган Искандарнинг кўнгли ғалати бўлиб кетди. Лекин нима дейишни билмасди. Ғайрат ҳам бошини қуйи эгиб, ер чизиб ўтирарди. Зулайҳо бу нохушликни тарқатиш учун гапни бошқа ёққа бурди. -Бир қошиқ қонимдан ўтинг энди. Ёки гуноҳим шунчалик оғирми? Искандар унинг мақсадини фаҳмлаб ҳазил билан жавоб қайтарди. -Албатта. Лекин бекордан бекорга гуноҳимдан ўтади, деб ўйлама. Агар кечкига қулинг ўргилсин паловхонтўра пиширсанг, ёнида битта «бўйни узун» дан келтириб қўйишингга тўғри келади. -Ошни-ку, айтмасангниз ҳам қилардим. Бироқ «бўйни узун»га бало борми?-деб Зулайҳо қошларини норози чимирди. -Ахир бугунги кунни тузукроқ нишонлашимиз керакда,-деди Искандар маъноли тарзда. Бирдан кўзлари қувончдан чарақлаб кетди.- Ҳа майли, у бир йўла тўйда бўлар. Зулайҳо, бу гапимга ҳайрон бўлаяпсанми? Ҳозир тушунтираман. Гап билан бўлиб сенга яна бир қувончли, ҳатто ажойиб бўлган янгиликни айтиш эсимдан чиқибди. Нилуфарни бир йигитга унаштирганмиз-а? Куёв бегона эмас, у ўзимизнинг Самандар бўлади! Буни эшитиб Зулайҳо ҳаддан ташқари севиниб кетди. -Ростданми?!! Демак жияним ўзимга келин бўлар эканда! Қандай яхши бўлибди! Нилуфарга, жуда ҳавас қилардим. Одилдан сал каттароқда, бўлмаса ўзим келин қилардим, деб афсусланиб юрардим. Худонинг ўзи менга раҳми келиб бу орзуйимга етказибди! -Ундай бўлса тезроқ ошнинг ҳаракатини қил. Кун кеч бўлаяпти. Сабзи-пиёзингни келтириб берсанг ўзимиз тўғраб берардик, -деб Искандар кийимини алмаштириб чиқиш учун уйга кириб кетди. Зулайҳо Ғайратга сабзи ювиб келишни буюриб, ўзи ошхонага бориб бир тоғорачада пиёз билан пичоқни олиб келиб қўйиб кетди. Уйдан чиқиб келган Искандар пиёзни арчилай бошлади. Ғайрат сабзи келтириб сўрининг бир четига ўтирганича арчилай бошлади. Унинг қўли келишмаётганини кўриб Самандар менга бер, деди. Ғайрат нима қилишини билмай дадасига қаради. -Майли, бер акангга. Шу ёшга кириб шу бир сабзини арчилашга уқувинг келмайдия,- деб Искандар қўлининг орқаси билан ёшланган кўзини артди. Ғайрат индамай олдидагиларни Самандарга яқин суриб сўридан тезда узоқлашди. Чунки пиёз унинг ҳам кўзини ачиштираётган эди. Ошхонадан чиқиб келган Зулайҳо эрининг кўзларидаги ёшни кўриб деди: -Ҳалитдан тўй харажатларини ўйлаб кўз ёш тўкаяпсизми? -Унга эмас, ўтган йили ўлиб қолган кучукчамиз негадир ҳозир эсимга тушиб кетди. Шунга, бечора ёш кетди, деб ачинаётгандим,- деб Искандар ҳам ҳазил билан жавоб қайтарди. Бунга Самандар ҳам кулиб юборди. -Эҳ-ҳа, шунга шунчаликми?- деб Зулайҳо шарақлаб кулиб юборди.- Лекин ҳозир бунинг мавриди эмас. Тезроқ бўлинг, ёғ ёниб кетади. Самандар буларнинг бир-бирларига қилаётган беғараз ҳазилларига завқи келди. Шу сабаб бўлиб хаёлини банд этиб турган нохуш ўй-хаёллар тарқалиб кетди. Зулайҳо тўғралган сабзи билан пиёзни олиб ошхонага қараб кетди. Ҳовлининг нарига четида юрган Ғайрат шошиб сўрига яқин келди. -Дада, боя Эргаш поччам қўнғироқ қилгандилар. Менга ҳеч нима демадилар. Даданг келса қўнғироқ қилсин, зарур гап бор эди, дедилар. -Анча бўлдими қўнғироқ қилганларига? -Икки соатча бўлди. -Нега шу пайтгача айтмадинг? -Эсимдан чиқибди,- деб Ғайрат ерга қараганича минғирлади. -Ҳе эсинг қурсин,- деди Искандар жаҳл билан. Гуноҳкорона бошини эгиб нари кетаётган Ғайратнинг орқасидан қараб қоларкан, «нима бўлди экан, ишқилиб тинчликмикан,» деб ташвишга тушиб ўйлади. Ҳаёлига «ярқ» этиб келган фикрдан юраги орқасига тортиб кетди. Сўридан тушиб шошиб уйга кирди. Телефон гўшагини кўтариб рақамларни терди. Телефон гудогига қулқ соларкан, турган жойида тоқатсизланди. Божасининг таниш овозини эшитиш билан салом бериб ўзини таништирди. -Искандар, безовта қилганим учун узр, -деди Эргаш домла ҳол-аҳвол сўраганидан кейин.- Сиз билан гаплашиб олишимиз керак бўлган зарур гап чиқиб қолди. Телефонда тушунтириб беролмайман. Зулайҳо билан бизникига келсаларинг. Иложи борича тезроқ. «Хўп, ҳозир етиб борамиз», деб Искандар гўшакни жойига қўйиб, ҳовлига чиқди. Сўрида оёғини осилтириб Самандар билан гаплашиб ўтирган Ғайратга аянгни чақир, деди. Ғайрат сўридан тушмай аясини чақирди. Қўлида капкир ушлаган Зулайҳо чиқиб келиб, дадаси, нега чақираяпсиз, деб сўради. -Ҳозиргина телефонда поччанг билан гаплашдим. Улар, зарур иш чиқиб қолди, деб уйларига боришимизни илтимос қилдилар,- деб Искандар уни шошилтирди.- Бўлақол, гапларига қараганда тезроқ боршимиз зарурга ўхшайди. -Менинг ҳам боришим шартмикан? Ош нима бўлади? -деди Зулайҳо ҳам ташвишланиб. -Сиз бораверинг, ошни мен қиламан,-деди Самандар. -Ош қилишни биласанми? –сўради Искандар. Унинг жавобини кутмай Зулайҳо капкирни бер, деди. Зулайҳо капкирни Ғайратга тутқазиб уйга кириб кетди. Искандар дарвозага қараб юраркан, орқасига ўгирилиб, акангни зериктириб қўйманглар-а, деди. -Хотиржам бўлинг,-деб Ғайрат негадир Самандарга кўзини қисиб қўйди. Искандар кўчада қолдирган машинасига ўтириб ўт олдирди. Зулайҳо чиқиб келиб ўтириши билан ҳайдаб кетди. Унинг юзидаги ташвиш белгиларини кўриб чалғитиш учун деди: -Шу пайтгача қариндош сифатида борардик. Энди қуда бўлиб бораяпмиз. Бир йўла бўлажак тўй ҳақида ҳам гаплашиб келамиз. -Ҳа, шундай қилсак ҳам бўлади,-деди Зулайҳо чеҳраси хиёл ёришиб.- Дадаси, эътибор бердингизми, Самандарнинг негадир хаёли паришон. Жуда камгап. Яхшилаб қарасангиз қандайдир дарди борга ўхшайди. Искандар машинани йўл четига тўхтатиб ғамгин тарзда деди: -Самандарни яхши биламан, ўзи табиатан камгап, оғир-вазмин. Дарди борга ўхшайди, деганингда эса адашмадинг. Дарди бор. Бўлганда ҳам жуда оғир. Унинг бошига тушганларни худо ҳеч кимнинг бошига солмасин. -Тушунтириброқ гапиринг, бошига қандай кунлар тушган? -Бу ҳақда Самандарнинг олдида айтмагандим. Сабаби кўнглига озор бериб қўйишдан чўчигандим. Энди айтиб беришим мумкин, -деб Искандар қўлини рулга қўйиб йўлга қаради. Анча ўйланиб туриб давом этди.- Унинг онаси билан нима учун ажрашганимни биласан. Мендан кейин очиқчасига ножўя йўлга кириб кетибди. Тўғри, Самандар билан синглиси ёшлик қилиб бунга тушунмаганлар. Эсини таниганида бу унга ёмон таъсир қила бошлаган. Ҳар ҳолда ўғил болада. Лекин ёш боланинг қўлидан нима ҳам келарди? У гапиришдан тўхтаб ўйланиб қолди. Зулайҳо унга ҳалақит бермай гапини давом эттиришини кутиб жимгина ўтираверди. Искандар ниҳоят хаёлини йиғиштириб олиб Нилуфардан Самандар ҳақида эшитганларини гапириб берди. -Вой ўлмасам, қандай она экан-а, ўз фарзандини шу куйларга солса?! -деди Зулайҳо эшитганларидан даҳшатга тушиб. -Биров айтса ўлақолсам ҳам ишонмасдим. Дунёда шундай оналар ҳам бор эканда? -Ҳа, афсуски бор экан, -деди Искандар бош чайқаб. -Буларни сиз қачон эшитдингиз? Самандар ўғлингиз эканлигини қандай билиб қолдингиз? -деб Зулайҳо ҳаяжонланиб кетма-кет савол берди. Искандар дарров жавоб бермади. Бир муддат ўйланиб туриб кўзини йўлдан олиб ўгирилди. Миркомил келиб айтганларини ва бугун Самандарнинг уйида бўлиб ўтган воқеани гапириб берди. -Самандарнинг қамалганини биз ёки Нилуфарнинг ота-онаси эшитиб қолишимиз мумкин эди-ку. Ана унда тўй ҳақида гап ҳам бўлмасди. Чунки Самандарнинг бегуноҳлигига ким ҳам ишонарди? Улар бундан қўрқмадиларми? Мен шунга тушунолмаяпман,-деди Зулайҳо. -Самандар билан Нилуфар бу ҳақда тўйгача сир сақлашга келишиб олганлар. Кейин билишса билишар, барибир ҳеч нимани ўзгартиролмайдилар, деб ўйлашган шекилли. -Бу фикрнинг Нилуфардан чиққани аниқ,- деди Зулайҳо кулимсираб. -Ҳа. Ундан буни кутса бўлади,- деб Искандар ҳам жилмайди. Бирдан унинг юзини ташвишланиш қоплади. -Самандар ҳақидаги ҳалиги гаплар опанг билан поччангга ҳам етиб бормаганмикан мабодо, деб ўйлаяпман. -Мен ҳам шундай бўлса керак, деб ташвишланаяпман. Бизни ҳам шунинг учун чақирган бўлишлари эҳтимолдан ҳоли эмас,- деб Зулайҳо тоқатсизланди.- Нима қилиб турибмиз бу ерда? Борайлик тезроқ. -Тўғри айтасан, тезроқ боришимиз керакка ўхшайди.Тағин бирор кол-ҳол бўлмасин, -деб Искандар машинани ўт олдириб, тез ҳайдаб кетди. Давоми бор... АНВАР ШОДМОНОВ.
СаМоДаГи ЮлДуЗлАрИм
:Муслимахон Муслимахон
ОЙНИНГ ЎН БЕШИ.
Яна бир тузоқ.
11-қисм.
Самандар директорнинг хонасидан қандай чиқиб кетганини ҳам билмасди. Уйига етиб келгунича ҳам ўзига келолмади. Ўзини қўярга жой тополмасди. Кетма-кет сигарет чекиши ҳам наф бермади. Ҳар хил, баъзида бир-бирига қарама- қарши , баъзида юракни ўртовчи туйғулар кўнглидан кечаётган эди. Назарида ниманидир Искандар ундан яшираётганди ёки айтгиси келмаётганди. Ёки бунга журъати етмаёгандай эди. «Искандар аканинг ўзи дадам эмасмикан», деб ҳам кўп марта хаёлидан ўрказди. Лекин бу асоссиздай, ҳатто бемаънидай туюлди. Директорнинг ўзини негадир бошқача тутгани кўнглида шубҳа уйғотди. Тунни деярли уйқусиз ўтказди. Эрталаб ишга келганида ҳам нохуш ўй-хаёллар уни тарк этмаганди. Тушгача руҳсиз, дилгир ҳолатда юрди. Худди кўнгилсиз воқеа уни кутаётгандай эди. Тушликдан қайтиб келаётганида башанг кийинган, Мастура тўхтатди.
-Кечирасиз, отингиз Самандар-а? Сизда гапим бор эди.
-Айтаверинг, нима демоқчи эдингиз?-деди Самандар хушламайгина.
-Мен Жавлонбековнинг хотиниман,- деб Мастура унинг бошидан оёғигача кўз югуртириб чиқди.- Сиз Нилуфар деган қизга уйланмоқчи экансиз. Ўғлим ҳам шу қизни ёқтириб қолибди…
-Мендан нима истайсиз?-деди Самандар унинг гапини бўлиб..
-Сиз бошқа қиз топа қолинг. Чиройли қизлар кўп-ку. Хоҳласангиз ўзим сизга топиб бераман.
Самандар жавоб беришни ҳам лозим кўрмади. Буни ўзича тушунган Мастура аврашда давом этди.
-Биламан, кўп қийинчиликлар кўргансиз. Ҳозирги аҳволингиз ҳам яхши маълум. Агар шу қиздан воз кечсангиз сиз учун жуда яхши бўлади. Айтганингизча пул берамиз. Дадаси ҳам кўп яхшиликлар қилади. Хоҳласангиз шу заводнинг директорлигини ҳам олиб беришлари мумкин. Бу уларнинг қўлларидан келади.
-Кечирасиз, ҳамма нарсани ўз қаричингиз билан ўлчаманг,- деди Самандар босиқлик билан.- Бунга ҳеч қачон рози бўлади, деб ўйламанг ҳам. Мен ўз қадримни оёқ ости қилдириб қўймайман. Буни эсингиздан чиқарманг.
-Қадрингизни ким оёқ ости қилаяпти?- деди Мастура энсаси қотиб.- Шу қиз бўлмаса бошқасида.
Самандар у билан гаплашиш ортиқча эканлигини англаб турарди. Яна бирпас турса ножўя гап айтиб юбориши мумкинлигини билиб, тезроқ кетишни маъқул кўрди. Мастура оркасидан келаркан, дўқ қилишга ўтди.
-Ҳой йигит , ўжарлик қилма. Оқибати яхши бўлмайди. Бизнинг кимлигимизни биласан-а?
Унга жавоб қайтаришни ҳам лозим кўрмай Самандар заводга кириб кетди. Иш бошлаганида бу ҳақда ўйлаган сари аччиқланиб, асабийлаша бошлади. Сабабини сўраганларга қўл силтаб қўя қоларди. Бу ҳолда ишлаб бўлмасди. Боши оғриётганини баҳона қилиб уйга кетди. Ҳали кийимини алмаштириб бўлмасидан эшик тақиллади. Очганида остонада учта милиционер ва яна икки киши турарди.
-Мен жиноят қидирув бўлими бошлиғи капитан Солиевман, -деди олдинда тургани гувоҳномасини кўрсатиб,- Уйингизни тинтув қилгани келди. Булар ёрдамчиларим ва гувоҳлар.
-Тинтув?! Нима учун?
-Маданият саройи олдида турган машинадан магнитафон ўғирланган. Гумондор шахс сифатида сизнинг уйингизни тинтув қилишимиз керак.
-Мен ҳеч қандай ўғирлик қилганим йўқ. Балки адашаётгандирсизлар?- деди Самандар ишонгиси келмай.
-Адашаётганимиз йўқ. Ҳамидов Самандар сиз бўласиз, тўғрими? Мана тинтув ўтказиш учун рухсатнома,- деб Солиев папкасидан бир варақ қоғоз олиб узатди.-Уйингизни кўрамиз. Магнитафон топилмаса узр сўраймиз.
-Майли кўринглар. Барибир ҳеч нима тополмайсизлар,-деб Самандар келган гувоҳларга ишора қилди.- Буларни уйимга киритмайман. Чунки ҳолис гувоҳ бўлишларига ишонмайман. Гувоҳ керак бўлса қонунга кўра қўшниларимни чақиринглар.
-Талабингиз тўғри, қонунни яхши биларкансиз,-деб Солиев ёнидаги лейтинантга юқоридаги қўшнини чақириб тушишни буюрди. Ўзи Собиржоннинг эшигини тақиллата бошлади.
Гувоҳлар келгач, керакли расмиятчиликлар ўтказилиб тинтув бошларнди. Самандар диванда ўтирганича хотиржам ҳолда кузатарди. Ҳамма жойни кўриб чиққанларидан кейин диваннинг остини кўрмоқчи бўлишди. Самандар диванни суриб кўрсатди. Лейтинант энгашиб қаради-ю, саросимага тушиб Солиевга қаради. Унда ҳам кескин ўзгариш содир бўлди. Лекин сир бой бермади. «Яхшилаб кўрдиларингми ўзи, бошқатдан яна бир текшириб чиқинглар», деб шеракларига буюрди. Барибир улар излаган магнитафон топилмади. Шундан кейин ноилож бу ҳақда «Билдиришнома» ёзишга мажбур бўлди. Ҳаммалари имзо чекишгач, безовта қилганлари учун узр сўраб чиқиб кетишди.
-Товба ҳеч хаёлга келмаган ишлар бўлдида,-деди Баҳодир таажжубланганини яширмай.- Самандар акани ўғирликда гумон қилишибди.
-Мен ҳам шунга ҳайронман,- деди Самандар.
Шу пайт Искандарнинг кириб келиши барча учун кутилмаган ҳол бўлди.
-Самандар, сени милиционерлар заводга излаб боришган экан,- деди Искандар ўзининг келишини изоҳлагандай.- Шунга хавотирлариб келдим. Тинчликми ўзи?
-Бу ерга ҳам қидириб келишди. Нима учун денг, Самандарни ўғриликда гумон қилишибди. Уйини тинтиб кўришди,- деди Собиржон.
-Бўлиши мумкин эмас!- деди Искандар ҳайратланиб.
«Ҳа шундай», деб Самандар захарханда кулиб қўйди. Собиржон, мен ҳозир келаман, деб чиқиб кетди. Сал ўтмай катта қути кўтариб кириб келди.
-Улар мана бу магнитафонни қидиришганди,-деб қўлидагини стол устига қўйди.
-Нималар деяпсиз?
-Сиз буни қаёқдан биласиз?
-Буни қаердан олиб келаяпсиз?
-Шошманглар, шошманглар. Ҳозир ҳаммасини айтиб бераман,- деб Собиржон савол берганларга муғомбирона қараб чиқди.- Кўчада қўшнилар билан тургандим. Бояги лейтенант фуқоро кийимида шу қутини кўтарганича кўзлари олазарак бўлиб подъездимизга кириб кетди. Бирпасдан кейин қайтиб чиққанида қўлида ҳеч нима йўқ эди. Унинг Самандарникига кириб чиққанини билдим. Бунақа таниши йўқлигини яхши биламан. Битта калити менда турарди. Ўша билан эшикни очиб кирдим. Магнитафон ҳеч қаерда кўринмади. Диққат билан ҳамма ерни қараб чиқарканман, диваннинг салгина сурилиб қолганини сездим. Диванни нарироқ сурганимда магнитафон шу ердалигини кўрдим. У йигитнинг ўзини тутиши ва магнитафонни диван остига қўйиб кетганидан шубҳаландим. Ҳар эҳтимолга қарши магнитафонни уйимга олиб чиқиб қўйдим. Яхшиямки шундай қилган эканман. Бўлмаса Самандарни ўғирликда айблаб қаматишлари аниқ эди.
-Жуда тўғри қилгансиз,- деди Баҳодир.- Лекин мен бир нарсага ҳайрон бўлаяпман. Буни ким уюштирган бўлиши мумкин? Самандар акани қаматиш кимга керак бўлди экан?
-Мен ҳам ҳайронман,- деди Самандар ўйчан ҳолда.- Ҳеч кимга ёмонлик қилмагандим.
-Тўғри, ёмонлик қилмагансан. Лекин бу билан душманим йўқ, деёлмайсан,- деди Искандар. Самандарнинг ҳайрон бўлиб қараб турганини кўриб изоҳ берди.- Кимларнингдир раъйига қарши бораяпсан-ку. Нега ҳайрон бўлаяпсан? Жавлонбеков ҳам Нилуфарни келин қилмоқчи эди ахир. Мен буни фақат ўша уюштирган, деб ўйлайман.
-Балки гапингиз тўғридир. Лекин бу ўтакетган аблаҳлик-ку,-деди Баҳодир қизишиб.
-Искандарнинг гапида жон бор, деб мен ҳам ўйлайман,- деди Собиржон.- Ундайлардан ҳар нимани кутса бўлади. Самандар, шунинг учун бундан бу ёғига жуда эҳтиёт бўлишинг керак. Чунки яна бирорта бемазагарчиликни ўйлаб топишлари мумкин. Уйингнинг қулфини ўзгартир.
Искандар Самандарга қараб, ҳозир кўмагига жуда муҳтожлигини тушунди. Жавлонбековнинг қандай одам эканлигини; ўз мақсади йўлида ҳеч нимадан, ҳатто қабиҳликдан ҳам қайтмаслигини яхши биларди. Самандар унинг олдида ожизлик қилиб қолиши ҳеч гап эмас. Лекин унинг жуда қизиққонлиги маълум. Жавлонбековнинг кирдикорларига қарши ўзини тутолмай, бирор ножўя ишга қўл уриб қўйиши мумкин. Бу эса унга оғир зарба бўлади. Бунисини кўтаролмаслиги мумкин. Ўғлини топганида йўқотиш билан баробар . Шунинг учун энди бор гапни айтиши керак. Сусткашлик қилиши мумкин эмас.
-Самандар, дадангни топишингга ёрдам бермоқчи эдим, эсингдами?- деди бор иродасини ишга солиб.
-Эсимда, у ҳақда бир нима эшитдингизми?- сўради Самандар совуққонлик билан.
-У… қаршингда турибди. Ҳайрон бўлма. Мен дадангман…
-Сиз… Сиз менинг дадаммисиз?! -деди Самандар қулоқларига ишонгиси келмай.
-Ҳа, сен менинг ўғлимсан. Пушти камаримдан бўлган жигарбандимсан!!!
Собиржон билан Баҳодир ҳам ҳайратда эдилар. Улар Самандарнинг нима дейишини кутиб индамай туришарди.
Самандарнинг юзида улар кутган ўзгариш содир бўлмади. Шундай бўлишини олдиндан билгани учун совуққонлик билан кутиб олгандай эди. Лекин бу фақат ташқаридан қараганда шундай эди. Қалбида зўр туғён бош кўтараётганди. Шу туфали ҳам сўзлашга тили ожиз, нималар содир бўлаётганини билолмагандай эди. «Дадамни учратиб қолсам нима қиламан», деб ўзига кўп марталаб савол берган, лекин жавобини топишга қийналганди. Мана, эсини танибдики, «дада» деган сўзни тилига олмаган. Тенгдошларидан бу сўзни эшитганида юраги эзилиб кетарди. «Менинг дадам ундай, менинг дадам бундай» деб фахрланганларида ўзини қўйгани жой тополмай қоларди. Олиб берган нарсаларини кўрсатиб мақтанганларида ҳам шу аҳволга тушарди. Ҳаддан ташқари алам ўтганида кўз ёшларини оқизганича дардини ичига ютиб кетаверарди. Буларнинг ҳаммаси ортда қолди. Энди дадасининг ҳимоясига муҳтож эмас. Лекин меҳрига зор-ку. Аммо шу кунгача бўлган ҳаётини кўз олдидан ўтказар экан, барча хўрликлар, тахқирланишларига ва бошқа чеккан азоблари учуун дадасини айбдор, деб ҳисоблаётган эди. Худди шу ҳозирнинг ўзидаёқ дадасининг бағрига отишига тўсқинлик қилаётганди.
-Бошингга тушган кўргуликларда менинг ҳам айбим бор,- деди Искандар унинг кўнглида кечаётганларни илғагандай. -Биламан, мендан хафасан. Балки нафратланаётгандирсан. Бунга тўла ҳаққинг бор, деб ҳисоблайман. Агар кечиролсанг кечир . Кечиролмасанг… Фақат сендан илтимос, таъна қилма. Қилган хатоларимни юзимга солма. Менга ҳам осон бўлгани йўқ. Ўзимга қолса асло бундай қилмаган бўлардим…
-Самандар, аралашганим учун аччиғинг чиқмасин-у, ҳар ҳолда ёшим каттароқ,-деди Собиржон.- Бўлиб ўтган ишларда дадангнинг айби бўлса ҳам уни айблашинг яхши эмас. Бундай бўлишини сираям хоҳламаган бўлса керак. Тўғри, энди сен ёш эмассан. Ўз ҳаётингни ўзинг йўлга қўя олишинг мумкин. Лекин барибир ота керак. Унинг меҳрига муҳтож бўласан. Бу гапимни ҳамма вақт ёдингда тут.
Искандарнинг кўзларида билинар- билинмас ёш пайдо бўлганини Самандар илғаб қолди. Бундан унинг кўнгли алланенчук бўлиб кетди. Ҳозирги ҳатти-ҳаракати, кўнглидан кечган нохуш фикрлар учун ўзидан ўзи нафратланиб кетди. Бир сўз айтмай дадасининг бағрига ўзини ташлади. Искандар ҳам индамайгина маҳкам қучоқлади. Қалблари беҳад тўлқинланиб кетган ота-бола худди борлиқни унутгандай анча вақт сўзсиз туриб қолишди. Биринчи бўлиб Самандар ўзига келди.
-Дада, ундай деманг. Сизни ҳечам айблаётганим йўқ. Тақдирим шу бўлса нимаям қилардим.
-Дада деяпсанми? Мен бунга арзийманми? ,-деди Искандар энтикиб.
-Арзийсиз, дада, арзийсиз, - деди Самандар ҳам ҳаяжонланиб.
Ота-болаларнинг бу ҳаяжонли учрашувидан таъсирланган Баҳодир завқланиб қараб турар. Собиржоннинг қараши ўзгача эди. Искандар икки қўли билан ўғлининг чаккасидан тутиб кўзларига меҳр билан термилди.
-Гапнинг тўғри, ўғлим, тақдирдан қочиб қутула олмайсан. Аммо ўзгалар сабаб бўлиб бошингга шундай кунлар тушса, тақдирингда шундай ўзгаришлар содир бўлса кишига алам қилар эканда,-деди Искандар ўғлини бағридан бўшатиб, елкасидан қучди.- Қара-я, ота-бола бир йилдан бери бирга ишлаб, бир-биримизни танимабмиз. Агар Нилуфар сабаб бўлмаганда кейин ҳам шундай юраверардик. Ойинг сени бобонгнинг фамилиясига ўтказган эканда.
-Лекин паспортимда Искандар ўғли, деган ёзув турибди. Уни ўзгартиролгани йўқ,- деди Самандар маъюс жилмайиб.
Искандар завқланиб кетиб ўғлининг елкасидан қаттиқроқ қучди. Шу пайт пилдираб кириб келган Дилноза, дада, сизни ойим чақираяпди, деди. Баходир узр сўраб чиқиб кетди. Бу ерда энди ўзини ортиқча деб билган Собиржон ҳам иши борлигини айтиб унинг орқасидан чиқиб кетди.
-Қамалганимни қаёқдан билдингиз?- деб сўради Самандар диванга ўтиришгач.- Буни Нилуфардан бошқа ҳеч ким билмасди-ку.
-Адашаяпсан, Самандар, ундан бошқа биладиган ҳам бор экан, -деди Искандар.- Жавлонбековнинг Миркомил, деган қайниси билар эканда. Ўша келиб менга айтди. Кейин фотиҳани бузишга ҳам ундаган эди.
-Ким?! Миркомил, дедингизми?- деди Самандар тўсатдан афти-ангори ўзгариб.
-Ҳа, сен уни танийсанми?
-Таниганда-чи,- деди Самандар нафратдан кўзлари қисилиб.- У аблаҳ Шаҳодатни йўлдан урганди. Менинг ҳам қамалишимга асосан ўша сабабчи бўлганди.
-Билганимда у ярамас билан бошқача гаплашардим, -деди Искандар кўзларидан ўт чақнаб.-Лекин у бундай қилишга ҳам арзимайди. Хуллас, у кетгандай кейин Нилуфарни чақириб, шундай гаплар эшитдим, ростми, деб сўрадим. У, рост, лекин сени тухмат билан қаматишганларини айтиб, бошингдан ўтганлирининг ҳаммасини гапириб берди. Шунда Самандар менинг ўғлим эмасмикан, деган шубҳа пайдо бўлди. Сен билан ўша куни гаплашганимдан кейин тўла ишонч ҳосил қилдим. Лекин сенга «дадангман», дейишга юрагим дов бермади.
-Демак Миркомил ўзи истамаган ҳолда бизга яхшилик илиб қўйибдида,-деди Самандар. Дадасининг ҳайрон бўлганини кўриб тушунтирди.- Ахир у келиб ўша гапларни айтмаганида мен ҳақимда бунчалик сўраб-суриштирмаган бўлардингиз. Шундай бўлгач, мени ўғлингиз эканлигимни қаёқдан ҳам билардингиз?
-Тўғри, лекин унинг бу яхшилиги учун раҳмат айтолмаймиз. Нега бизни ташлаб кетдингиз, нега бирор марта ҳам хабар олмадингиз, деб сўрамоқчи бўлаяпсан, шундайми?- деди Искандар. Самандар нимадир демоқчи бўлганида қўл ишораси билан уни тўхтатди.- Ҳозир ҳаммасини гапириб бераман. Институтни битириб йўлланма билан ишга бордим. Аслида бир-икки йил ишлаб, кейин қайтиб кетмоқчи эдим. Лекин ойинг билан танишувим бу режамни ўзгартириб юборди. Уни яхши кўриб қолдим. Совчи қўйганимда, шу қишлоқда қолсангиз розиман, дадамнинг ёлғиз ўзини ташлаб кетолмайман, деб шарт қўйди. Мен ҳеч иккиланмай бу шартига рози бўлдим. Шундан кейин тўйимиз бўлди. Биз жуда бахтли эдик. Афсуски бу узоққа бормади. Бир неча йил ўтгандан кейин ойинг ҳақида қишлоқда ҳар хил миш-мишлар тарқала бошлади. Менга ҳасад қилганларнинг иғвоси бўлса керак, деб аввалига бунга аҳамият бермадим. Қолаверса, мен ойингга ишонардим. Унинг ҳиёнат қилиши мумкинлигини ҳаёлимга ҳам келтиролмасдим. Аммо бир куни…
Мен бошқаларга ўхшаб жанжал-тўпалон қилмасдан уйдан чиқиб кетдим. Уни қанчалик яхши кўрмайин, хиёнатини кечиролмасдим. Сен билан синглингдан аввалига тез-тез ҳабар олиб турдим. Лекин ойинг жон-жаҳди билаг тўсқинлик қиларди. Ажралишимизга ўзи сабабчи бўлса ҳам шу йўл билан мендан аламини олмоқчи эди, шекилли. Кейинроқ сен холангникига кетибсан. Шаҳодатни эса ойинг қайсидир интернатга жойлаштирибди. Афсуски мен қанчалик харакат қилсам ҳам буларни билолмадим. Ойинг айтишни истамади. Бу гапларни ойингни ёмонлаш учун айтаётганим йўқ. Ростлигига қасам ичишим мумкин.
Холангникидан қайтиб келиб, Билим юртида ўқиётганингда мен бошқа вилоятда ишлар эдим. Шунинг учун ҳам бизлар учрашолмаганмиз. Қамалганингни эшитиб жуда қайғурдим. Бундан икки -уч йил олдин ҳамқишлоқларинг Турдиали акани кўриб қолдим. У, «Самандар қамоқдан чиққанидан кейин қишлоққа қайтиб келгани йўқ, ҳозир қаердалигини ҳам билмайман», деди. Шундай қилиб, сени излаб топишга бўлган барча уринишларим беҳуда кетди. Чорасизлигимдан жуда ўкинардим. Сен эса шундоққина ёнгинамда экансан.
Самандар ҳозирги эшитганларидан қаттиқ таъсирланланган эди. Шу пайтгача дадаси ҳақида нохуш ўй- хаёлларга боргани учун уялиб кетди.
-Охирги учрашганимиз эсингдами?-деб сўради Искандар орадаги ўнғайсизликни бартараф қилиш учун.
-Аниқ эмаску, лекин мактабга бормаслигим эсимда,- деди Самандар.
-Мендан пул олганинг учун ойинг қўлингга дазмол босган экан. Шу ростми?- деб Искандар ўғлининг кафтига қаради. Ундаги куйган изларини кўриб пастки лабини тишлаганича сўзсиз бош чайқади.
Самандар нима дейишини билмай ўнғайсизланди. Нима бўлгандаям онасини айблашга кўнгли бўлмаётганди.
-Ҳа майли, буни қўятурайлик. Энди нима қиламиз? Шу ҳақда ўйлашимиз керак. Ўғлим, етар шунча айрилиқда яшаганимиз. Юр уйга,- деб Искандар ўрнидан турди. Самандарнинг юзидаги иккиланишни сезиб ташвишланди.- Нима, боргинг келмаяпдими?
-Йўғ-е, фақат тўсатдан борсам нима деб ўйлашади, деяпман. Сиз аввал айтинг. Кейин…
-Қўйсанг-чи бунақа гапни,- деб Искандар унинг тирсагидан ушлаб турғазди.- Нима дейишарди, хурсанд бўлишади холос. Буни борганингда ўзинг ҳам кўрасан. Бўлақол, юр кетдик.
Самандар энди иккиланишга асос тополмади. Уйдан чиққанларидан кейин эшикни қулфлади. Подъезд олдида турган машинага ўтиришлари билан Искандар одатига хилоф равишда тез ҳайдаб кетди. Қалбини жунбушга келтираётган шодликдан тезроқ хотини ва болаларини хабардор этиш ниятида эди. Тез-тез Самандарга қараб қўяркан, унинг мамнун чеҳрасидан яйраб кетар, оғзининг таноби қочиб илжаярди. Машинани ҳаворанг дарвоза олдида тўхтатиб, етиб келдик, ўғлим, тушақол, деди. Самандар ҳам машинадан тушгач, дарвозанинг кичик табақасини очиб киришга ундади.
-Қани, киравер, тортинма.
Ҳовлига кирганларида Самандар беихтиёр атрофга разм солди. Ўнг томонда олди ойнаванд каттагина уй. Чап томондагиси эса ҳали битмаган. Ҳовли этагида баҳайбат ўрик тагида бежирим панжарали иккита сўри ёнма ён қўйилганди. Томорқани ҳовлидан унча баланд бўлмаган панжара ажратиб тарарди. Ошхона томондан Зулайҳо чиқиб келиб очиқ чеҳра билан салом берди. Самандардан ҳол-аҳвол сўради.
-Келинг ука. Яхшимисиз?
-Раҳмат, ўзингиз яхши юрибсизми?-деб Самандар ўнғайсизланиб ерга қаради.
-Бу йигитни сенга таништиришдан аввал бир ажойиб янгиликни айтмоқчтиман,- деди Искандар кўзлари чақнаб,- Бугун ҳаётимда энг бахтли кун, десам янглишмайман. Сабаби шундай воқеа содир бўлди-ки, айтсам ишонмасанг ҳам керак.
-Айтаверинг, нега ишонмас эканмиз,- деди Зулайҳо қизиқсиниб.
-Ниҳоят ўғлим Самандарни топдим!
Бу гапни эшитиб унинг энсаси қотса керак, дебўйлаганди Самандар. Лекин ундай бўлмади.
-Вой ростданми?-деди Зулайҳо қувониб.- Буни ҳақиқатдан ҳам қувончли воқеа деса бўлади. Айтинг, қаерда экан ўғлингиз?
-Мана у,- деб ўнғайсизланиб турган Самандарни кўрсатди.
Зулайҳо ишонч ҳосил қилмоқчидай диққат билан қаради. У эрининг ўғлини қўмсаб кўп қийналганини биларди. Уни топишини чин дилдан истаганди. Шунинг учун ҳам ҳозир беҳад севинаётган, қалбини ёқимли ҳис чулғаб олганди. Бундай туришини Искандар билан Самандар бошқача тушундилар. Кўнгиллари ҳар томонга етаклай бошлади. Лекин ҳавотирланишлари ноўрин эканлигига тезда ишонч ҳосил қилдилар.
-Агар ўғлим демаганигизда ҳам ўзим билиб олган бўлардим. Сизга анчагина ўхшаркан. Одил билан Ғайратга ўхшашишини эса айтмаса ҳам бўлади,- деб Зулайҳо Самандар билан қайтадан кўришди.- Хуш келибсан. Энди бу ер сенинг ҳам уйинг. «сен»лаётганимга хафа бўлма. Чунки бунга ҳаққим бор деб ўйлайман.
-Албатта, мен бундан фақат хурсанд бўламан, -деди Самандар севинч ва ҳаяжондан аранг ўзини тутиб.
Шу пайт ҳовлига Ғайрат кириб келди. У саломлашиш учун Самандарга қўлини узатганида Искандар тўхтатди.
- Шошма ўғлим, биринчи марта учрашган ака-укалар бундай кўришмайдилар. Ҳайрон бўлма, бу сенинг катта аканг Самандар бўлади.
Ғайрат савол назари билан аясига қаради. Унинг кулимисираб бош ирғаганини кўриб, э шунақами, деб қучоқ очди. Ака-укалар шу тарзда қучоқлашиб кўришдилар. Иккаласи ҳам бир оз ҳаяжонланишган, лекин хурсанд эдилар.
-Шундай тураверасизларми, сўрига чиқиб ўтиринглар, -деди Зулайҳо. Сўрига ўтирганларидан кейин Самандардан яна бир бора ҳол-аҳвол сўрашиб, Ғайратга чой дамлаб келишни буюрди. Ўзи дастурхон олиб чиқиш тараддудига тушди.
-Буларнинг ҳозир кераги йўқ,-деб Искандар эътироз билдирди.- Яхшиси совуқ чой олиб кел. Томоқлар қақраб кетди.
Ғайрат илдам бориб чойнакда чой билан пиёла келтирди. Қуйиб, бир-бир узатди.
-Дадаси, ўғлингизни қандай топдингиз?- деб сўради Зулайҳо қизиқсиниб.
-Буни кейин айтарман. Аммо ҳозир бир гапни айтсам ишонмасанг ҳам керак. Самандар бир неча йилдан бери заводимизда ишлайди,-деди Искандар завқ билан.
-Вой, ростданми?!-деб Зулайҳо ҳайратланиб хитоб қилди. Бунга барчалари кулиб юбордилар. Лекин у эътибор ҳам бермади.- Қизим ҳам бор, дегандингиз. У қаерда экан?
Бу ҳақда сўраш Искандарнинг эсига ҳам келмаганди. Шунинг учун нима деб жавоб беришни билмади. Самандар бу саволга ўзи жавоб бериши лозимлигини тушунди.
-Синглим Шаҳодат ҳозир Зоминда яшайди. Турмушга чиққан. Учта боласи бор.
-Эҳ-ҳа, ҳали невараларингиз ҳам бор эканда,- деди Зулайҳо севиниб.
-Менга қара, нега неварамиз эмас, неварангиз дейсан?-деб Искандар хотинига ҳазил тариқасида танбеҳ берди.- Нима, менинг неварам сенга ҳам невара бўлмайдими? Ундан ташқари, боя Самандарни ҳам ўғлингиз, дединг.
-Вой, мен ундай демоқчимасдим,-деб Зулайҳо ҳато қилганини фаҳмлаб уни тўғирлашга шошилди.- Улар албатта менга ҳам невара бўладида. Самандарга келсак, агар у қарши бўлмаса бажонидил ўғлим дейман. Уни ҳеч қачон бошқа фарзандларимдан айрича кўрмайман.
Онаси бўла туриб оналик меҳри нималини билмаган Самандарнинг юраги бу гаплардан туғёнга келди. Ҳеч иккиланмасдан бағрини очиб, оналик меҳрини бахшида этаётган бу аёлга нисбатан илиқ туйғулар пайдо бўлди. Юраги яна бир бора тўлқинланиб кетди. Қалбини ёқимли ҳислар эгаллади.
- Мен онам бўлса ҳам чинданам она она меҳрига зор бўлиб ўсдим. Оналик қилишни лозим топсангиз, жон деб сизни онам ўрнида кўраман. Ўзимни сиздан нари тутмайман,-деди паст овозда.
Зулайҳонинг ўзи ҳам опаси билан бирга ўгай она қўлида ўсганди. Шу дамда ўша «бахтиёр» онларни эслади. Ҳали Самандарнинг ўтган ҳаёти қандай ўтганини билмаса ҳам унга жуда қийин бўлганини тасаввур қилгандай бўлиб, юраги эзилиб кетди. Кўзларида билинар- билинмас ёш томчилари пайдо бўлди.
-Энди ҳаммаси яхши бўлади. Мана, дадангни топдинг. Ўзингни ёлғиз ҳис қилмайсан. Даданг йўқлиги учун чеккан азобларингни унутиб ҳам юборасан.
«Айтганингиз келсин», дегандай Самандар ерга қараганича бошини қимирлатди. Беихтиёр ўйга толди. «Энди ҳаммаси яхши бўлади». Буни шунчаки кўнглимни кўтариш учун айтмаяпти. Лекин ҳақиқатдан ҳам шундай бўлармикан? Бошқалардай мен ҳам бахт нималигини билармиканман?»
Унинг бу ҳолатини пайқаган Искандарнинг кўнгли ғалати бўлиб кетди. Лекин нима дейишни билмасди. Ғайрат ҳам бошини қуйи эгиб, ер чизиб ўтирарди. Зулайҳо бу нохушликни тарқатиш учун гапни бошқа ёққа бурди.
-Бир қошиқ қонимдан ўтинг энди. Ёки гуноҳим шунчалик оғирми?
Искандар унинг мақсадини фаҳмлаб ҳазил билан жавоб қайтарди.
-Албатта. Лекин бекордан бекорга гуноҳимдан ўтади, деб ўйлама. Агар кечкига қулинг ўргилсин паловхонтўра пиширсанг, ёнида битта «бўйни узун» дан келтириб қўйишингга тўғри келади.
-Ошни-ку, айтмасангниз ҳам қилардим. Бироқ «бўйни узун»га бало борми?-деб Зулайҳо қошларини норози чимирди.
-Ахир бугунги кунни тузукроқ нишонлашимиз керакда,-деди Искандар маъноли тарзда. Бирдан кўзлари қувончдан чарақлаб кетди.- Ҳа майли, у бир йўла тўйда бўлар. Зулайҳо, бу гапимга ҳайрон бўлаяпсанми? Ҳозир тушунтираман. Гап билан бўлиб сенга яна бир қувончли, ҳатто ажойиб бўлган янгиликни айтиш эсимдан чиқибди. Нилуфарни бир йигитга унаштирганмиз-а? Куёв бегона эмас, у ўзимизнинг Самандар бўлади!
Буни эшитиб Зулайҳо ҳаддан ташқари севиниб кетди.
-Ростданми?!! Демак жияним ўзимга келин бўлар эканда! Қандай яхши бўлибди! Нилуфарга, жуда ҳавас қилардим. Одилдан сал каттароқда, бўлмаса ўзим келин қилардим, деб афсусланиб юрардим. Худонинг ўзи менга раҳми келиб бу орзуйимга етказибди!
-Ундай бўлса тезроқ ошнинг ҳаракатини қил. Кун кеч бўлаяпти. Сабзи-пиёзингни келтириб берсанг ўзимиз тўғраб берардик, -деб Искандар кийимини алмаштириб чиқиш учун уйга кириб кетди.
Зулайҳо Ғайратга сабзи ювиб келишни буюриб, ўзи ошхонага бориб бир тоғорачада пиёз билан пичоқни олиб келиб қўйиб кетди. Уйдан чиқиб келган Искандар пиёзни арчилай бошлади. Ғайрат сабзи келтириб сўрининг бир четига ўтирганича арчилай бошлади. Унинг қўли келишмаётганини кўриб Самандар менга бер, деди. Ғайрат нима қилишини билмай дадасига қаради.
-Майли, бер акангга. Шу ёшга кириб шу бир сабзини арчилашга уқувинг келмайдия,- деб Искандар қўлининг орқаси билан ёшланган кўзини артди.
Ғайрат индамай олдидагиларни Самандарга яқин суриб сўридан тезда узоқлашди. Чунки пиёз унинг ҳам кўзини ачиштираётган эди. Ошхонадан чиқиб келган Зулайҳо эрининг кўзларидаги ёшни кўриб деди:
-Ҳалитдан тўй харажатларини ўйлаб кўз ёш тўкаяпсизми?
-Унга эмас, ўтган йили ўлиб қолган кучукчамиз негадир ҳозир эсимга тушиб кетди. Шунга, бечора ёш кетди, деб ачинаётгандим,- деб Искандар ҳам ҳазил билан жавоб қайтарди. Бунга Самандар ҳам кулиб юборди.
-Эҳ-ҳа, шунга шунчаликми?- деб Зулайҳо шарақлаб кулиб юборди.- Лекин ҳозир бунинг мавриди эмас. Тезроқ бўлинг, ёғ ёниб кетади.
Самандар буларнинг бир-бирларига қилаётган беғараз ҳазилларига завқи келди. Шу сабаб бўлиб хаёлини банд этиб турган нохуш ўй-хаёллар тарқалиб кетди.
Зулайҳо тўғралган сабзи билан пиёзни олиб ошхонага қараб кетди. Ҳовлининг нарига четида юрган Ғайрат шошиб сўрига яқин келди.
-Дада, боя Эргаш поччам қўнғироқ қилгандилар. Менга ҳеч нима демадилар. Даданг келса қўнғироқ қилсин, зарур гап бор эди, дедилар.
-Анча бўлдими қўнғироқ қилганларига?
-Икки соатча бўлди.
-Нега шу пайтгача айтмадинг?
-Эсимдан чиқибди,- деб Ғайрат ерга қараганича минғирлади.
-Ҳе эсинг қурсин,- деди Искандар жаҳл билан.
Гуноҳкорона бошини эгиб нари кетаётган Ғайратнинг орқасидан қараб қоларкан, «нима бўлди экан, ишқилиб тинчликмикан,» деб ташвишга тушиб ўйлади. Ҳаёлига «ярқ» этиб келган фикрдан юраги орқасига тортиб кетди. Сўридан тушиб шошиб уйга кирди. Телефон гўшагини кўтариб рақамларни терди. Телефон гудогига қулқ соларкан, турган жойида тоқатсизланди. Божасининг таниш овозини эшитиш билан салом бериб ўзини таништирди.
-Искандар, безовта қилганим учун узр, -деди Эргаш домла ҳол-аҳвол сўраганидан кейин.- Сиз билан гаплашиб олишимиз керак бўлган зарур гап чиқиб қолди. Телефонда тушунтириб беролмайман. Зулайҳо билан бизникига келсаларинг. Иложи борича тезроқ.
«Хўп, ҳозир етиб борамиз», деб Искандар гўшакни жойига қўйиб, ҳовлига чиқди. Сўрида оёғини осилтириб Самандар билан гаплашиб ўтирган Ғайратга аянгни чақир, деди. Ғайрат сўридан тушмай аясини чақирди. Қўлида капкир ушлаган Зулайҳо чиқиб келиб, дадаси, нега чақираяпсиз, деб сўради.
-Ҳозиргина телефонда поччанг билан гаплашдим. Улар, зарур иш чиқиб қолди, деб уйларига боришимизни илтимос қилдилар,- деб Искандар уни шошилтирди.- Бўлақол, гапларига қараганда тезроқ боршимиз зарурга ўхшайди.
-Менинг ҳам боришим шартмикан? Ош нима бўлади? -деди Зулайҳо ҳам ташвишланиб.
-Сиз бораверинг, ошни мен қиламан,-деди Самандар.
-Ош қилишни биласанми? –сўради Искандар. Унинг жавобини кутмай Зулайҳо капкирни бер, деди.
Зулайҳо капкирни Ғайратга тутқазиб уйга кириб кетди. Искандар дарвозага қараб юраркан, орқасига ўгирилиб, акангни зериктириб қўйманглар-а, деди.
-Хотиржам бўлинг,-деб Ғайрат негадир Самандарга кўзини қисиб қўйди.
Искандар кўчада қолдирган машинасига ўтириб ўт олдирди. Зулайҳо чиқиб келиб ўтириши билан ҳайдаб кетди. Унинг юзидаги ташвиш белгиларини кўриб чалғитиш учун деди:
-Шу пайтгача қариндош сифатида борардик. Энди қуда бўлиб бораяпмиз. Бир йўла бўлажак тўй ҳақида ҳам гаплашиб келамиз.
-Ҳа, шундай қилсак ҳам бўлади,-деди Зулайҳо чеҳраси хиёл ёришиб.- Дадаси, эътибор бердингизми, Самандарнинг негадир хаёли паришон. Жуда камгап. Яхшилаб қарасангиз қандайдир дарди борга ўхшайди.
Искандар машинани йўл четига тўхтатиб ғамгин тарзда деди:
-Самандарни яхши биламан, ўзи табиатан камгап, оғир-вазмин. Дарди борга ўхшайди, деганингда эса адашмадинг. Дарди бор. Бўлганда ҳам жуда оғир. Унинг бошига тушганларни худо ҳеч кимнинг бошига солмасин.
-Тушунтириброқ гапиринг, бошига қандай кунлар тушган?
-Бу ҳақда Самандарнинг олдида айтмагандим. Сабаби кўнглига озор бериб қўйишдан чўчигандим. Энди айтиб беришим мумкин, -деб Искандар қўлини рулга қўйиб йўлга қаради. Анча ўйланиб туриб давом этди.- Унинг онаси билан нима учун ажрашганимни биласан. Мендан кейин очиқчасига ножўя йўлга кириб кетибди. Тўғри, Самандар билан синглиси ёшлик қилиб бунга тушунмаганлар. Эсини таниганида бу унга ёмон таъсир қила бошлаган. Ҳар ҳолда ўғил болада. Лекин ёш боланинг қўлидан нима ҳам келарди?
У гапиришдан тўхтаб ўйланиб қолди. Зулайҳо унга ҳалақит бермай гапини давом эттиришини кутиб жимгина ўтираверди. Искандар ниҳоят хаёлини йиғиштириб олиб Нилуфардан Самандар ҳақида эшитганларини гапириб берди.
-Вой ўлмасам, қандай она экан-а, ўз фарзандини шу куйларга солса?! -деди Зулайҳо эшитганларидан даҳшатга тушиб. -Биров айтса ўлақолсам ҳам ишонмасдим. Дунёда шундай оналар ҳам бор эканда?
-Ҳа, афсуски бор экан, -деди Искандар бош чайқаб.
-Буларни сиз қачон эшитдингиз? Самандар ўғлингиз эканлигини қандай билиб қолдингиз? -деб Зулайҳо ҳаяжонланиб кетма-кет савол берди.
Искандар дарров жавоб бермади. Бир муддат ўйланиб туриб кўзини йўлдан олиб ўгирилди. Миркомил келиб айтганларини ва бугун Самандарнинг уйида бўлиб ўтган воқеани гапириб берди.
-Самандарнинг қамалганини биз ёки Нилуфарнинг ота-онаси эшитиб қолишимиз мумкин эди-ку. Ана унда тўй ҳақида гап ҳам бўлмасди. Чунки Самандарнинг бегуноҳлигига ким ҳам ишонарди? Улар бундан қўрқмадиларми? Мен шунга тушунолмаяпман,-деди Зулайҳо.
-Самандар билан Нилуфар бу ҳақда тўйгача сир сақлашга келишиб олганлар. Кейин билишса билишар, барибир ҳеч нимани ўзгартиролмайдилар, деб ўйлашган шекилли.
-Бу фикрнинг Нилуфардан чиққани аниқ,- деди Зулайҳо кулимсираб.
-Ҳа. Ундан буни кутса бўлади,- деб Искандар ҳам жилмайди. Бирдан унинг юзини ташвишланиш қоплади. -Самандар ҳақидаги ҳалиги гаплар опанг билан поччангга ҳам етиб бормаганмикан мабодо, деб ўйлаяпман.
-Мен ҳам шундай бўлса керак, деб ташвишланаяпман. Бизни ҳам шунинг учун чақирган бўлишлари эҳтимолдан ҳоли эмас,- деб Зулайҳо тоқатсизланди.- Нима қилиб турибмиз бу ерда? Борайлик тезроқ.
-Тўғри айтасан, тезроқ боришимиз керакка ўхшайди.Тағин бирор кол-ҳол бўлмасин, -деб Искандар машинани ўт олдириб, тез ҳайдаб кетди.
Давоми бор...
АНВАР ШОДМОНОВ.