Тошбақадан сўрабдилар:

- Фалон жойга қанчада етиб бора оласан?
Тошбақа жавоб беришга шошилмай, масофани, йўлдаги паст-баландликларни, тош-тупроқни, ҳавонинг авзойини чамалаб кўрибди-да:
- Ўзи уч кунлик йўл экан, майли, катта гапирмай қўя қолай, мен кўпи билан олти кунларда етиб борсам керак, - дебди.
Келишибдилар. Тошбақа йўлга тушибди...
Орадан олти кун ўтибди ҳамки, белгиланган манзилда тошбақадан дарак йўқмиш. Уни қидириб, дараклаб, йўлнинг қоқ ўртасидан топишибди.
- Ие, сен ҳамма шарт-шароитни олдиндан кўриб-билиб, чамалаб олгандинг-ку! Ўзи уч кунлик йўл экан, мен олти кунда босиб ўтаман, дегандинг. Олти кунда йўлнинг ярмига зўрға етибсан! Шу қадар ожизмисан?! – дея маломат қилибдилар жониворга.
Тошбақа ҳасрат билан бош чайқабди-да:
- Мени айбламанглар! Мен орадаги масофани, йўлнинг паст-баландини, ҳатто тош-тупроғини, ҳавонинг авзойини ҳисобга олибман-у, бу йўлдан ўтадиган итларни, аҳмоқларни, бетарбияларни, золимларни ҳисобга олмабман. Энди илгарилай деганимда, рўпарамдан ё бир ит, ё бир золим, ё бир аҳмоқ чиқиб, мени тескари ўгириб, оёғимни осмондан қилиб қўяверди. То ўзимни ўнглаб, яна йўлга тушиб олгунимча аллақанча вақт ва куч-қувватимни йўқотдим... Манзил сари масофани чамалаганда, йўлдан чиқиши мумкин бўлган беақл махлуқларни ҳам ҳисобга олиш шарт экан, - дебди.
...Биз бу тошбақани жуда яхши тушунамиз.

Комментарии