#БАҲОР_ҚАЙТГУНЧА

- Ўғлининг бемаҳал ўлими тоғдек эркакни ер билан битта қилганди.
Умиднинг ўлими ҳақидаги хабарни Сурайё опа хушига келгандан сўнг, шунда ҳам бир хафтадан ўтиб эшитганди. Унгача юраги билан барига иқрор бўлиб улгурган эди у.
Ўша тунда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари томонидан Адҳам акага қўнғироқ қилиниб Москва вилоятининг - рақамли трассасининг -километридаги кўприк устида катта масштабли йўл-транпорт ҳодисаси юз берганини, натижада ўн тўққиз нафар турли катта-кичик автомашиналардаги жами қирқ етти нафар инсон турли тан жароҳат олиб касалхонага ётқизилганлиги, йигирма олти нафар йўловчи эса воқеа жойида ҳалок бўлганлигини, улардан тўққиз нафарини кучли мажақланиш оқибатида мурдасини ҳам таниб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолганлигини айтиб, фалокат жойидан Николай Естегнеев ва Умид Ибрагимовларнинг паспортлари топилганлиги ҳақида маълумот берилган эди.
"Шу паспорт маълумотлари орқали манзилингизни топиб сизга боғландик"- дейишди соҳа вакиллари. Улар орадан уч соат ўтиб Адҳам акага қайта қўнғироқ қилиб Николайнинг оила аъзолари ўғилларининг кийими ва шаҳсий буюмларидан ўз фарзандларини танишганлигини, Умид ва яна икки дўсти у билан бирга бўлганликларини тасдиқлашгани ҳақидаги маълумотни етказишди. "Сизга қўнғироқ қилишимизнинг асосий сабаби бошқа,- дейишди улар,-айнан Умид ва унинг дўстларининг мурдалари бўлакланиб кетган. Уларни ҳатто бир-биридан ажратишнинг иложи бўлмади. Руҳсатингиз билан биз уларни дафн қилмоқчимиз. Бу ерга келиб ўғлингизнинг майитини олиб кетаман дейишда ҳеч қандай мантиқ йўқ"
Адҳам ака ўша куни ўзини у ёққа урди, бу ёққа урди, ахири илмли ёши улуғлардан кимдир уни юпатадиган сўзни топиб айтди:
- Ўғлинг шаҳид мақомида кетибди, шаҳидларга қаерда, ким билан ёнма-ён дафн этилишининг аҳамияти йўқ. Улар шундоқ ҳам жаннатийдирлар, ин шаа Аллоҳ.
Шундан сўнг ота шўрлик йўқ ўликка таъзия очди. Қабри ва жисми чет юртда қолишга ҳукм қилинган Умиднинг таъзиясидан бир хафта ўтиб Мафтуна, Муниса ва Карималарнинг бу хонадондаги "сафари қариди". Келинининг кўч-кўлонларини ортиб кетаётган машина ортидан Адҳам ака бир оғиз сўз демай маҳзунгина кузатиб қўйди. Ўз ватанидан бир дона қабр буюрмаган ўғли ғамида куйган ота учун бу инсон ва буюмларнинг тариқчалик аҳамияти қолмаган эди...
Шу куни кечга яқин у ҳусусий клиникада ишлайдиган Чарос исмли чаққонгина ҳамширани аёлига қараб туриши учун гаплашиб олиб келди. Чарос лобаргина жувон бўлиб кун бўйи беморига астойдил қарар, Сурайё опанинг уйидан унча узоқда яшамагани учун кечқурун болаларини бирини ҳамроҳ қилиб хабар олиб кетишни ҳам уддалар эди... Бугун Адҳам ака сафарга кетганлиги сабаб Сурайё опанинг ёнига синглиси Сайёра опа келиб ётишини билиб унинг ёнига кирди:
- Онажон, бугун синглингиз ёнингизга келиб ётарканлар. Мен соат нечада келай?
Сурайё опа бошини чайқаб "Келманг" дея ишора қилди.
- Бугун келмайми, онажон? - ундан сўзини тасдиқлатиб олиш учун сўради Чарос.
Сурайё опа бу сафар:
- Ҳҳммм, - деди ва Чарос хайрлашиб чиқиб кетгач ўнг қўлини узатиб тумба устида турган плейр тугмасини босди.
Сурайё опа бу плейрга ўзи севиб тинглайдиган қўшиқни Чаросга ёздириб олган эди. У ёлғиз қолган кезлари шу қўшиқни эшитиб марҳум ўғли Умид ва собиқ келини Осиёни ҳотирлар эди. Сурайё опа учун қўшиқни ҳудди-ки Умид ва Осиё куйлаётгандек бўлар эди...
-Мен ҳали баҳорни кўрмаган чечак,
Тилсимлаб қўйилган дард тўла эртак,
Икки дунё аро бўлганим эрмак,
Сенга ҳам айтмасам, кимга айтаман? - дея бир томонда фарёд чекар эди Осиё...
- Асли кўрмаганим қадрим соғиндим,
Бетоқат жон билан сабрим соғиндим,
Тўғриси, қаро ер - қабрим соғиндим,
Сенга ҳам айтмасам, кимга айтаман,-дея бўзлаётганга ўхшар эди Умид...
(Шеър муаллифи: Рислиғой Ҳотамова)
Сурайё опанинг мижжалари жиққа ёшга тўлди. У ўз хаёлларига шу даражада асир тушган эди-ки, эшик очилиб ичкарига қадам босиб кириб келган инсонни сезмади.
- Опа, йиғлаяпсизми? -деди синглиси Сайёра уни чўчитиб юбормаслик учун оҳиста шивирлаб, - ассалому алайкум.
Сурайё опа боши билан алик олган каби ишора қилди.
- Опажоним-ей, ётавериб белларингиз ҳам қотиб кетгандир,-деди Сайёра опасининг юз-қўлларини нам сочиқда артиб олар экан,-бугун ўзим сизни бел, оёқ, қўлларингизни яхшилаб уқалаб қўяман. Аввал қорнингизни тўйдирайлик, кейин...
Сайёра ўзи билан олиб келган тугунни авайлаб оча бошлади:
- Сизга ўзингиз яхши кўрган салат ва буғлаб димланган ош олиб келдим. Айни парҳезбоп, аммо мазасига гап йўқ. Ҳа айтганча, Назира флешкага сиз яхши кўрган кино ва спектаклларни ёзиб берди. Хуллас, бугун икки опа-сингил бир яйраймиз. Комедиялардан кўрамиз-а? Нима дедингиз?
Сурайё опа синглисига "яхши" дегандек илиқ нигоҳ ташлади. Синглисининг ёқимли кайфияти унга ҳам таъсир қилган, кўзлари ҳамон маҳзун бўлса-да руҳи тетиклаша бошлаган эди Сурайё опанинг...
🔳 🔳 🔳
Бу йил баҳор серёғин келди. Апрел оҳирлаб қолган бўлишига қарамай табиат янги тушган келиндек эркалигини ҳеч қўйгиси келмас эди. Эрталаб жилмайиб чиққан қуёш пешинда ўз ўрнини қоп-қора булутларга бўшатиб бериб ўзи кишилар нигоҳидан панада ёнбошлаб олар, амал курсиси қўлига теккан ёмғир булутлари эса ўз лашкарларини ер юзига кетма-кет юбориб борлиқни покламоқдан ҳузур туйганлари туйган эди.
Вақти келиб бобо қуёш яна ўз тахтини эгаллагач теварак-атроф "Мана бизни кўринг, нечоғлик ювиниб-таралдик, энди покиза жисмимиз билан яна қаршингиздамиз" деган каби унинг пойида эркаланиб ястанар, бунга сари кўк олтин баркашининг тантилиги тутиб ўз нурлари билан ер юзини янада сийлар эди.
Пешиндан сал ўтиб йўлга чиққан Адҳам ака Жиззахга кириб келганида куннинг дами ҳали қайтмаган эди. У вилоятга кириб келгач машинасини йўлнинг бир четида тўхтатиб ўзини кутиб олишга келишган шогирдларига қўнғироқ қилишга тутинди.
-Домлажон, етиб келдингизми?-деди жиззаҳлик Илҳомжон дилкашлик билан,- мана биз ҳам ҳузурингизга бораяпмиз. Ўн-ўн беш дақиқада ёнингизда бўламиз. Сиз ўша айтган жойингизда бўлиб туринг, ҳадемай етиб қоламиз.
Адҳам ака Илҳомжонга "Ҳўп" деб жавоб қайтарганча тармоқдан узилди ва оёқларини чигалини ёзиш учун машинадан тушди. У чўнтагидан дастрўмолини чиқариб пешона ва юзларини артар экан, ёнидан:
- Ашшалому алайтом, бобожон,-деган сўзларни эшитиб овоз чиққан тарафга қаради.
Қаршисида олти-етти ёшлар чамасидаги оқ-сариқдан келган, мовий кўзли болакай кулимсираб унга бир коса сув тутиб турар эди.
- Ваалейкум ассалом, - Адҳам аканинг юраги алланечук ҳапқириб боланинг ёнига чўккалади,- бу сув менгами?
- Ҳаа сижга,- жажжи қўллари билан авайлаб косани Адҳам акага узатди болакай, - манг олинг, ичиволинг
Адҳам ака беихтиёр косани унинг қўлидан олиб болакайга тикилди.
- Ичаверинг, сувимиз топ-тоза,- қистади уни болакай.
- Хўп болам, хўп,- Адҳам ака сувни оҳиригача ичди ва косани унга қайтарар экан чин дилдан дуо қилди,- раҳмат болажоним. Сувдек сероб бўлгин. Кооотто йигит бўлгин.
- Сижгаям яҳмат, бобожон,- у шундай деб танглайини тақиллатди,- ана энди ойижонимга бугун бешта савоб иш қилдим дейман...
- Ҳо шунақа дегин? - завқланди Адҳам ака,- исминг нима, болажоним?
- Устоз, биз келдик,- йўлнинг у бошидан кесиб кела бошлади Илҳомжон,- ассалому алайкум, яхши етиб келдингизми?
Илҳомжон Адҳам ака билан қуюқ сўрашар экан, болакайга жилмайди:
- Ҳа полвон, савобларинг кўпайиб қолдими? Бугун нечта одамга сув тарқатдинг?
- Ашшалому алайтом, - кулимсиради болакай ва Илҳомжонга беш панжасини ёйиб кўрсатди,- бешта!
- Маладес, ўғил бола! Додангга салом дегин, хўп?! - Илҳомжон Адҳам акани машинаси томон бошлади,- юринг домлажон, сизни машинангизда йўл бошлаб кетаман. Укам Миркомил изимиздан боради.
Илҳомжон Адҳам аканинг машинасига ўтирар экан, ҳамон бўш косани ушлаб турган болакайга сўз қотди:
- Жалолиддин, уйингга кирақол энди...
- Жалолиддин,- ялт этиб Илҳомжонга қаради Адҳам ака, - исми Жалолиддин денг бу болакайни?
- Ҳаа! - Адҳам акадаги ҳаяжонни ҳис қилмай йўлга қараганча жавоб қайтарди Илҳомжон,- исми Жалолиддин, фамилияси Ааатттамуупп...- шарақлаб кулди у,- Жалолиддин фамилиясини шунақа ширин қилиб айтади-да ўзи...- асли Адҳамов унинг фамилияси. Сиз билан адаш фамилиядош бу болакай
- Сиз бу оилани яхши танийсиз шекилли,- Адҳам аканинг рул бошқараётган қўлларига титроқ турган эди...
- Ҳаа, яхши танийман. Жалолиддиннинг бобоси Икромжон ака бош бўлиб қурган намунали уйлардан бирини олганмиз биз. Иморатга бошдан тўлов қилиб битгунича ишнинг боришидан хабардор бўлиб тургандик. Икромжон ака билан ўшанда яқиндан танишиб чиқишиб кетгандик. Тилло инсон у киши.
- Жалолиддиннинг бобосининг исми Икромжон ака бўлса, унда нега фамилияси Адҳамов? -ўсмоқчилаб сўради Адҳам ака
- Аниқ сабабини билмайман-у, аммо Жалолиддин ота томонидан фамилия олган бўлиши керак. Икромжон ака унга она томондан бобо-ку, яъни Осиё муаллиманинг дадаси...
-Илҳомжон,- бирдан тормозни қаттиқ босди Адҳам ака, - минг бор узр. Мен ҳозир сиз билан кета олмайман.Сабаби...Сабаби бир неча йиллардан буён ахтариб юрган инсонларимни топгандекман. Ҳозир ортга қайтмасам бўлмайди.
- Устоз, бугун сизни ўз уйимда меҳмон қилиш ниятим бор эди. Шунга яраша тайёргарликни ҳам бошлаб юборгандик...
- Кейин...Кейин Илҳомжон... -Адҳам ака машинасини ортга бура бошлади,- зиёфат қочиб кетмас. Мен ҳозир баъзи саволларга жавоб олишим керак. Агар таҳминларим тўғри чиқса, унда оламда мендан бахтли инсон бўлмайди. Сизга эса барчасини эртага симпозиум ўтгандан сўнг батафсил тушунтириб бераман.
Илҳомжонни кўча юзида қолдирган Адҳам ака машинасини келган йўлига елдек учириб кетди.
- Тинчликми, ака?!- деди изма-из келаётган Миркомил,- домлага нима бўлди? Нега ортга қайтиб кетдилар!?
- Аниғини билмадим,- Адҳам аканинг изидан ўйчан тикилиб қолган Илҳомжон,- аммо нималарнидир фаҳмлагандек бўлдим...
🔳 🔳 🔳
Адҳам ака сал аввал Жалолиддинни қолдириб кетган дарвоза олдида машинасини тўҳтатди. Унинг юраги тинимсиз ҳапқирар, кўзлари ёшга тўлиб кетганидан атрофни кўришга ҳалақит бера бошлаган эди.
Адҳам ака дастрўмолини олишга ҳам тоқати етмай, кўз ёшларини ўнг қўлининг терс тарафи билан артиб қия очиқ қолган дарвозадан ичкарига мўралади. Анвойи гуллар барқ уриб очилиб ётган ҳовлининг бир чеккасида Жалолиддин қўлидаги алланимани тимискилаб ўтирар эди...
- Жалолиддин...-йиғи аралаш овози бўғилиб чиқди Адҳам аканинг
Жалолиддин унинг овозини эшитиб жилмайди ва чопқиллаганча Адҳам аканинг ёнига келди
Адҳам ака Жалолиддиннинг қаршисида тиз чўкди.
- Бобожон, яна сув ичасизми? - Адҳам акага беғубор нигоҳларини қадади Жалолиддин
- Ҳаа... -деди Жалолиддин қиёфасида ўғли Умиднинг ёшлигини кўрган Адҳам ака- фақат аввал сени бир бағримга боссам майлими?
Адҳам ака қучоғини кенг очди. Жалолиддин бироз ўйланган бўлди-ю унинг қучоғига кирди.
Адҳам ака Жалолиддинни авайлаб қучганча сочларини тўйиб-тўйиб ҳидлади , ўзидан бироз итариб оппоқ беғубор юзларига тикилди ва яна бағрига- бу сафар маҳкамроқ босди.
- Бу нима? - деди Адҳам ака кўксига алланима ботганини ҳис қилиб Жалолиддинга ҳайрон тикилди.
- Бу жажарамиз туймойи,- деди Жалолиддин "шажара" дейишга тили келишмай, яктакчасининг ичидан чарм тумор чиқариб, - унинг ичида Ибойим додам, Аттам бобом, Умммд адамлар ва...
- Ва Жалолиддиннинг исми ёзилган... Ҳудди сиз орзу қилганингиздек, адажон...
Адҳам аканинг кўз ўнги қоронғилашиб кетди. У ўрнидан гандираклаб турди-ю, қаршисида кўз ёшлари шашқатор Осиёни кўрди...
-Қизим... Ахир... Ахир бу қанақасига? Нега? Нима учун?
- Нега набирали бўлганингизни айтмаганимга ҳайрон бўляпсизми, адажон? Барини бир бошдан сўзлаб бераман,- ҳўрсинди Осиё,- фақат аввал айвонга ўтиб бир пиёла чой ичинг. Суҳбатимиз ҳали узоқ давом этади...
-Қудамгилар кўринишмайди? -айвонга қилинган жойда Жалолиддинни қучоғидан қўймай сўради Адҳам ака.
- Ишда эдилар,- деди Адҳам акага чой узатар экан Осиё,- ҳадемай келиб қолишади.
- Қизим, - оғир ютинди Адҳам ака,- тақдир насибангиз қўшилиб бу ерларга келиб қолган экансизлар-да. Биз бўлсак сизни Тошкентдан излаб юрибмиз. Қариндош-уруғларингиз эса сиз ҳақда "Иккинчи қайта турмуш қуриб кетди" деганларидан сўнг, буёғига излашдан маъни йўқ деб барига қўл силтаб қўя қолган эдик...
- Турмушга чиққаним йўқ, адажон, - ийманиб ерга қаради Осиё, - қариндошларимиз бизни ортиқча безовта қилмаслигингиз учун ёлғонлашган чамаси.
- Қизим, нима учун...Нима учун набирам борлигини биздан яширдингиз? Ахир...
- Жалолиддиннинг ҳақда ўғлингиз билан ажрашганимиздан сўнг билиб қолдим. Унгача ҳам тобим бўлмай юргандим- у, аммо буларнинг бари ўша кезлари бошимга тушган савдолар туфайли деб ўйлабман. Сўнгра эса янгиликни айтсам барибир ишонмайсизлар деб ўйладим. Ўша туҳмат бошимга тушган кезлари ўғлингизнинг менга ишонмаганлари юрагимга жуда оғир ботган эди. Шу ҳам бир сабаб эди менимча.
- Ўша куни "Мен ишдан келиб барини бир бошдан тафтиш қилиб кўриб чиқаман" деган куним қайтгунимга қадар сиз кетиб қолган экансиз.
- Адажон... Мен кетиб қолмаганимда ойижонннинг аҳволлари нима кечарди? Ахир бу ишларнинг бошида улар турган эдилар. Ўша малъун Одилни келишини айтиб менга тайинлаб вилоятга кетган ойижоннинг ўзлари эдилар-ку!?.
Мен келин бўлиб қандай қилиб шу хонадон соҳибасини ёмон отлиқ қила олардим?! Мен оқлансам, ойижоннинг номлари қора бўлиши аниқ эди. Бунга йўл қўйиш мумкинми эди...
Тўғри ўша куни ойижонни ўзларига оғир ботадиган қилиб, қаттиқ-қаттиқ гапирдим. "Гувоҳим Аллоҳ, унинг ўзи жазоингизни беради" дедим.
Хонамда ёлғиз қолганимда эса ҳар тарафлама ўйладим. Очиғи айбсизлигим исботланса Умид ака мен туфайли оналари билан юзкўрмас бўлиб кетишларидан қўрқдим. Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор деганларидек, "Шу баҳона бўлиб Умид ака билан бир йўла ажралишиб қўяқоламан. Улар ҳам ота бўлиш бахтига муносиблар" дедим. "Майли номим ёмон бўлса бўла қолсин, шунинг ортидан сизнинг оилангизга бахт келса розиман"-бу менинг ўша вақтда келган оҳирги қарорим эди.
Туҳмат юки жуда оғир бўлар экан. Ўша куни" Уйга борсам ота-онамга вазиятни қандай тушунтираман, мени ўз эрига ҳиёнат қилишда айблашаяпгани ҳақида қайси бетим билан айтаман" деган ўйлар исканжасида дугонам Элноракига йўл олдим. Биласиз Элнора тоғаваччам Жавлонга турмушга чиққан, шаҳарнинг бир четида уч хонали квартира сотиб олганларига кўп вақт бўлмаганди.
Бор гапдан хабардор бўлган Жавлон ўзи бизнинг уйга бориб ота-онамни ҳотиржам қилиб келди. Орадан вақт ўтгач мен адамлар орқали ажралиш таклифини айттириб юбордим. Кўп ўтмай ажралишдик ҳам. Ўшанда адамлар ҳам, аямлар ҳам менинг тақдиримга кўп куйишди. Яшириб нима қилдим?! Ўғлингиз билан ажралишганимиз менга қаттиқ зарба бўлган эди. Аммо мен шўрликка бошқа илож ҳам қолмаган эди-да?! Тақдир зарбасини кўтара олмай ётиб қолдим. Уйга чақирилган тез ёрдам шифокорлари қон босимим кескин кўтарилиб кетганлиги сабабли мени зудлик билан шифохонага элтишди. Ҳомиладорлигимдан ўша ерда хабар топдим.
Шифохонадан чиққан вақтим адамларга Жиззах вилоятида янги турар-жой биноларини қуриш учун таклиф берилганлигини эшитдим. Шунда бир қарорга келишга иккиланиб турган адамларга "Маълум вақтгача бўлса ҳам мени бу ерлардан олиб кетинг" дея ёлбордим.
Жиззаҳга кўчиб келганимиздан сўнггина ҳомиладорлигимдан хабар топган адам ва аям бу ҳақда сизларга хабар бермаслик жуда катта адолатсизлик бўлишлигини таъкидлашди. Мен бир қарорга келгунимга қадар бошимга яна бир синов тушди. Қонимда топилган инфекция сабаб туғилажак гўдакнинг ҳаёти хавф остида қолган эди. Шу сабаб яна ўз ташвишимиз билан бўлиб набиралик бўлишингиз ҳақидаги
хабарни сизларга етказа олмадик. Эндиги энг асосий дардимиз гўдагимнинг соғ-омон дунёга келиши эди. Вақти соати етиб у-Жалолиддин дунёга келди. Бундан бу ёғига болажонимнинг жилмайиши, кулиши, биринчи бор қадам босишларга овуниб кунларимиз ўтаверди.
Вақти келиб Жалолиддиннинг тили чиқди. Биласизми,- ҳазин жилмайди Осиё,- унинг тили "дада" деб чиққан эди. Жалолиддин тинимсиз "дадда" лаб чуғурлайвергач, кўнглим бузилиб кетди ва "Нима бўлса бўлар" деб уйдагиларни огоҳлантирмай Жалоллиддинни бағримга босганча ўғлимнинг дадасини излаб йўлга тушдим. Йўл бўйи улар билан бўладиган учрашувни, Жалолиддин ҳақидаги янгиликларни қандай қилиб айтишни ўйлаб юрагим неча йиллик соғинчдан дук-дук уриб борар эди. Таксида бир вақтлар ўзим келин бўлиб тушган кўчага кириб келганимда, Умид ака куёвлик либосида бошқа бир аёлни қўлтиқлаб уйга олиб кираётган эдилар. Мен собиқ турмуш ўртоғим, ўғлимнинг дадасининг никоҳ тўйининг устидан чиқиб қолган эдим.
Ва... Индамай ортга қайтиб кетишга мажбур бўлдим.
Шу воқеага ҳам тўрт йилдан ошиқ вақт ўтибди. Мен қайтиб остонангизга бош уриб боришга, Жалолиддин ҳақида хабар беришга юрагим дов бермади. Билмадим, балки аёллик ғурурим йўл бермагандир. Бора-бора Умид ака бошқа аёл билан яшасалар мен ҳам ҳаётимнинг мазмуни ўз Жалолиддиним билан бирга умр кечиравераман деган қарорга келдим. Тан оламан бу қарорим заминида Умид акадан аразлаш, ҳудбинлик йўқ эмас эди. Аммо йиллар ўтиб бир нарсага иқрор бўла бошладим.
Жалолиддин ота меҳрини қўмсамоқда эди. У тенгдошларини кузатиб отаси борларга қараб кўнгли ўксимоқда. Ҳадемай мактабга чиқади, бироқ "Аяжон, менинг адажоним қачон келадилар?" деган саволларни бергани берган. Мен унга "Аданглар учувчилар. Сен мактабга чиқиб ақлли бола бўлганингда қайтиб келадилар" дея жавоб берган эдим. Қўшни буви эса "Болажоним кўпдан кўп савоб йиғсанг, даданг шунчалар тез қайтиб келади" деганлари учун фикр-у хаёли шунда бўлиб қолган. Икки ой аввал Тошкентга бориб қайтган адамлар...-Осиёнинг кўзларида ёш ғилтиллади,- улар Умид акам ҳақида ҳунук, ноҳуш хабарни етказиб келдилар...
Адажон...
Мен ўша кундан буён тинимсиз пинҳона кўз ёши тўкаман. Ҳаётда ҳамма нарсага тайёр эдим-у, аммо ўғлингизни йўқотишдан бошқа...
Адажон...
Мен ўз фарзандини ота дийдоридан бенасиб қилиб қўйган бахтиқаро онаман. Рашк, алам, муҳаббат мени шу куйга солди. Юрагимдаги бу оғир юк билан яшаш менга нечоғлик оғир эканлигини билсангиз эди. Гоҳида шу қадар тушкунликка тушаман-ки, чеки-чегараси йўқ.
Бироқ Жалолиддинни сиз ва ойижоннинг ҳузурларига олиб бориш ниятим бор эди...
У отасини кўрмади, бироқ бобо, бувисини танишга ҳақли деб ўйлаб юргандим... Бугун эса сизни бу ерда кўриб ниятим чин дилдан бўлганлигини ҳис қилдим...
Осиё Адҳам акага яна кўп нарсалар ҳақда гапиришни истаган эди, аммо гапира олмади... Қани энди аёллик ҳаёси йўл қўйса-ю, ҳаётидаги ягона эркак Умиддан бошқасини тан олмаганини, ололмаганини айта олса... Ундан нафратланишни қанчалик истамасин бунинг уддасидан чиқа олмагани ҳақида айта олса.
Умидни бор фазилати ва камчиликлари билан жон қадар суйганини айта олса...
Умидсиз дунё унга қанчалар тор бўлгани ҳақида ҳайқира олса...
Йўқ... У булар ҳақда айта олмайди. Қандай ҳам айта оларди. Ахир ҳақиқий ишқнинг бошланғич манзили ҳам, ибтидоси-ю, иқтидоси кўнгилда бўлса... Ҳар бир кўнгилнинг эса ўз эгаси бор...
Унга бошқаларнинг ҳадди йўқ... Ҳаққи йўқ...
Шу пайт эшикдан кириб келган Икромжон ака ва Латофатлар собиқ қудаларини кўриб тараддудланиб қолишди.
- Адҳамжон ака?!-ва ниҳоят ўзини қўлга олди Икромжон ака,-биз тарафларга қайси шамол учирди?
- Яхшиларнинг шамолида, Икромжон ака,- ўрнидан туриб Икромжонни бағрига босар экан Адҳам ака чуқур ҳўрсинди,- Жалолиддин боламнинг шамоли. Набирагинамнинг...
Собиқ қудасининг барча гапдан хабари борлигини фаҳмлаган Икромжон ака енгил тортди:
- Борингизга шукр, Адҳамжон ака. Мана Жалолиддиним яна битта бобосини топди.
Шу куни Икромжон Адҳам акани ўз уйида олиб қолди. Тунда икки бобо бир набирасини эркалаб ўрталарида олиб ётишар экан Адҳам ака Жалолиддиндан "Фамилиянг нима, болам?!" дея шивирлаб сўраб қўяр, унга сари Жалолиддин "Ааатттаммуууппп" дея эркаланар эди.
Икромжон Умид мавзусида Адҳам аканинг кўнглига тегиб қўймаслик учун иложи борича эҳтиёт бўлиб ҳол сўраган бўлди-ю, отанинг юрагини ортиқ тимдаламаслик учун ўзини ортиқча саволлардан тийди.
Бироқ... Тун ярмида Икромжонни ухлаб қолган деб гумон қилиб бесасгина ташқарига йўл олган Адҳам ака ҳовлидаги ўрик дарахтининг ёнига чўккалаганча овозини чиқармай узоқ йиғлади.
Унинг аҳволига нимқоронғи даҳлиз орқали гувоҳ бўлиб турган Икромжон шу топда Адҳам акага бир оғиз сўз айтиб юпатиш қанчалар ортиқча эканлигини билар, шу билан бирга ушбу ҳолатни кузатиш ўз юрагига ҳам оғирлик қилар, ич-ичидан "Оҳ ота-я?! Қандоқ инсон эди авваллари? Энди эса фарзанд доғи бояқишни адои-тамом қилиб еб битирибди" дея эзилар эди.
Адҳам ака эрта тонгда тетик ва кўтаринки кайфиятда уйғонди. У нонушта пайтида оила бошлиқларига илтижо оҳангида илтимос қилар экан кўзларини набирасидан узмас эди.
- Икромжон ака... Руҳсат берсангиз симпозиум тугаса, қизим билан набирамни бир неча кунга Тошкентга олиб кетсам. Илтимос... Сурайёдан эса ҳавотир олманглар.
У... Сурайё кўзлари очилиши, хатоларини тушуниб етиши учун етарлича тўлов тўлади. Карами кенг Аллоҳ чин дилдан тавба қилган гуноҳкор бандасини кечирганда биз хом сут эмган бандалар бир-биримизни кечирмасак инсонийликдан бўлмас. Ҳаётнинг ушбу таҳир ўйинларида энг кўп жавоб берган, умрининг оҳиригача ҳам жавоб бериб ўтадиган Сурайё бўлади. Ҳозир уни кўрсангиз танимайсиз. Аввалги Сурайёдан асар ҳам қолмаган. Шунинг учун...
- Адҳам ака...- Икромжон унга далда берган оҳанда деди,- ўзингизни ортиқ уринтирманг. Сиз бафуржа ишларингизни битириб келаверинг. Осиё ва Жалолиддин эртага тушдан кейин тайёр бўлиб сизни кутиб туришади. Биз эса Латофат иккимиз бу ердаги ишларимизни битириб шанба ё якшанбаларга Тошкентга бориб қоламиз. Унгача қизим ва набирангиз сизларнинг иҳтиёрингизда...
Адҳам ака Икромжондан бу қадар оқибатни кутмаган эди. Унинг кўнгли бир зумда ёришиб осмон бўлиб кетди.
Адҳам ака бу хонадонни тарк этганда икки елкасидан қанот учиб чиққан каби қадамлари енгил эди...
🔳 🔳 🔳
- Сурайё, онаси...- сафардан қайтган Адҳам ака очиқ чеҳра билан аёлининг ёнига омонатгина эгилди,- биласанми мен сенга кимни олиб келдим? Агар ҳаяжонланмайман, ўзимни вазмин тутаман деб ваъда берсанг уни ёнингга чақираман...
Адҳам ака ҳарчанд Сурайё опани ҳотиржам бўлишга чақирса ҳам аёли эрининг офтобдек ёришган чеҳрасидан ўзича бир яхшиликни тусмоллаб, аланг-жаланг қилиб қолди:
- Уууу... Уууммииитддд... Боооллллааааммм...
Адҳам ака кўз ёшларини тия олмай аёлига жилмайди:
- Ҳааа... Боланг қайтди, онаси... Кичкина Умидимиз қайтди...
Адҳам ака ўзини четга олиб сурилганча йўл бўшатди.
Остонада кичкина Жалолиддинни етаклаган Осиё кўринди...
-Ассалому алайкум, Ойижон...- Осиёнинг кўзларидан милт-милт ёш қуйилар эди, - мен келдим...
Осиё Сурайё опа ётган ётоқнинг ёнига тиззалади. Унинг ўнг қўлини олиб ўпганча юзларига босди. Сўнгра овози титраганча Сурайё опага меҳр билан тикилди:
- Қочқоқ қизингизни кечиринг...
Сурайё опа Осиёга жавоб қайтаришга уринар, бироқ ҳаяжондан яримта сўзини ҳам айта олмай тинимсиз кўз ёш тўкканча "имм, имм" дея тили ғўлдирар эди.
Икки муштипар узоқ йиғладилар. Уларнинг ҳар иккисининг дарди бир- Умид эди...
"Мени кечир, қизим,- дер эди кўзлари Сурайё опанинг, - биламан кечирим сўрашга нолойиқман. Қилган қилмишларимни эсласам мени ер кўтариб турганига ҳайрон қоламан. Назаримда у ҳам менингдек гуноҳкорни ўз бағрига олгиси келмаяпти шекилли. Қилган гуноҳларим жабрини ҳали узоқ тортишимни ўзим ҳам яхши биламан.
-Ундай деманг, ойижон...-жавоб қайтарди Осиёнинг кўзлари,- она ҳам ўз фарзандидан кечирим сўрайдими? Сиз ҳам воқеалар ривожи бундай чаппасига айланиб кетишини қаердан ҳам билибсиз? Ойижон, сиз эмас, кечиримни мен сўрашим керак аслида... Мен..."
Осиё қўли билан Жалолиддинга қўли билан "бери кел" дея ишора қилди:
- Ойижон...- овози титради,- бу адажон орзу қилгандек шажарангиз давомчиси, сиз бир неча йиллаб интиқиб кутган набирангиз- Жалолиддин бўлади.
- Бувиси, бу болангни фамилияси Аттамуууп экан, қарагин-а?- суҳбатга қўшилди Адҳам ака, - мен уни исм, фамилиясидан топиб олдим. Сен бўлсанг мени нуқул шошқалоқликда айблар эдинг.
Осиё Жалолиддинни Сурайё опага яқин олиб келди
Сурайё опа Жалолиддин яқинлашгач ўрнидан тураман дегандек бесаранжом бўлиб қолди.
Осиё унинг ниятини тушуниб Адҳам ака ёрдамида қайнонасини ўтиришига ёрдамлашиб,, орқасига учта ёстиқ тиради.
Сурайё опа ўрнига ўтириб олгач ишлашга ярайдиган ўнг қўли билан Жалолиддинга қучоқ очди: "Кел ўзимга, болам..."
Бувисининг хаёлан қилган чорловини тўғри тушунган Жалолиддин унинг бағрига бош қўйди:
- Ашшалому алайтом, бувижон
Сурайё опанинг Жалолиддинни бир дунё соғинч, меҳр, муҳаббат билан бағрига босиб турганини кўрган Осиё бу аёлнинг ҳаётидаги олий ҳақиқатни тушуниб қолди:
- Сурайё опа умрининг энг азиз йиллари, ёшлиги, ҳусн-таровати, соғлиғи, жондан азиз фарзанди Умиднинг фироғи эвазига....- Жалолиддинни Аллоҳдан тилаб олган эди !!!
Осиё бу манзарани кузатар экан Адҳам акани қайта учратган кунида дилига туккан ожизгина режаси эндиликда буткул қатъий қарорга айланди.
Якшанба куни Икромжон ака ва Латофатлар Сурайё опани кўришга келганларида Осиё уларни ўз қароридан хабардор қилди:
- Аяжон, дадажон... Мен Жалолиддин билан ўз ота уйида яшаб қолмоқчиман, бобо- бувилари билан бирга...
🔳 🔳 🔳
Орадан тўрт ой вақт ўтди...
Осиё чиройли мактаб формаси ўзига ярашган Жалолиддинни бобо ва бувиси ёнига бошлаб кирди:
- Биз тайёрмиз, бобожон, бувижониси. Жалолиддин ўғлингиз сизнинг чиройли дуоларингизни олиб бугун биринчи синфга боради.
Аввал Адҳам ака, ортидан Сурайё опа набирасини чиройли дуо қилдилар. Осиё қайнона-ойижониси Сурайё опанинг дуога баравар кўтарилган икки қўлини кўриб ич-ичидан севинар эди. "Энди навбат оёғингизга, ойижон,- ўйлади у энтикканча,- шифокорларнинг айтишларича насиб қилса муолажа ва машқлар сабаб қишгача юриб ҳам кетар экансиз".
Оила аъзолари дастурҳонга чиройли фотиҳа ўқиб "Биринчи
қўнғироқ" тадбири учун кўча бошида жойлашган мактаб томон йўл олдилар. Осиё чиройли гулдаста ушлаб олган Жалолиддиннинг қўлидан етаклаб олган, Адҳам ака эса бахтдан юзи гулгун яшнаган Сурайё опа ўтирган аравачани тутқичларидан меҳр билан бошқариб борар эди.
Тадбир тугаб болажонлар биринчи дарс учун синфларига кириб кетишгач, Адҳам ака бироз толиқиб қобган Сурайё опани уйларига олиб кетди. Осиё эса айрим ҳужжатларга имзо чекиши учун мактаб директорига учрашиши кераклиги учун у ерда ушланиб қолди.
Директорнинг ёнида одам бор экан, Осиё қабулхонада навбат кутиб телефонини қўлига олди.
У интернет тармоғига уланар экан, ўзи икки ой аввал мурожаат қилиб мактуб йўллаган идорадан жавоб келганини кўриб юраги ҳапқириб кетди.
Осиё Жиззахдаги аввалги ишлаган мактабидан бўшаганидан буён қайтиб ишга кирмаган, асосий вақтини Сурайё опанинг парваришига бағишлаган эди. У қайнонасининг "Мени деб уйда ўтириб қолманг, мана Чаросхон ҳам кунимга яраб турибди, сиз ярим кун ишга бориб кўнглингизни ёзиб келаверинг" деган сўзларига "Ишлаш қочмас, ойижон, аввал сиз оёққа туриб кўнглим ҳотиржам бўлсин" дея қатъий рад жавобини берган эди.
Осиё қўлидаги мактубни ўқир экан, кўз ўнгига дарҳол адаси келди. У директор қабулхонасидагиларга кейинроқ келишини айтиб, ўзи ташқарига йўл олди.
- Адажон, - деди у Икромжон акага қўнғироқ қилиб,- менга ёрдамингиз керак. Шу топда сизни кўрмасам бўлмайди. Жуда ҳам зарур бу...
Осиёнинг қўнғироғидан оёғини қўлига олиб етиб келган Икромжон ака ундан бор гапни эшитиб танидан мадор қочди, бироқ тезда ўзини ўнглаб олди.
- Бу хабарни биринчи менга айтганинг жуда соз иш бўлибди. Энди нима қилишимизни келишиб олишимиз керак...
🔳 🔳 🔳
Шу куни кечга яқин Жалолиддиннинг биринчи синфга чиққани муносабати билан Латофат аяси иккиси қўлларида торт ва мева-чева олиб Адҳам акаларникига кириб келган Икромжон ака дастурҳон устида қизиқ хабарни айтиб қолди.
- Адҳамжон ака... Мен ва ёрдамчим навбатдаги объектни мувафаққиятли топширганимиз учун Ялта шаҳрига бориб саёҳат қилиб келиш учун беш кунлик йўлланма билан тақдирлангандик. Бироқ ёрдамчимга ўғиллари Умра зиёратига бориш учун йўлланма олиб беришганлиги учун у киши мен билан кета олмайдиган бўлиб қолдилар. Латофат боргин десам, унга ишидан жавоб тегмади. Шунга ижозат берсангиз Осиё мен билан кетса дегандим...
Адҳам ака Сурайё опага қисқа нигоҳ ташлади-ю, кулимсираганча Икромжон акага розилик ила бош силкиди:
- Албатта, Икромжон ака. Қизим сиз билан бемалол бориб келаверсинлар. Жалолиддин боламни ўзим мактабга олиб бориб, ўзим олиб келаман. Қолаверса бувиси бор, яна бир қизим Чарос бор. Биздан ҳавотир олманглар, яхши дам олиб келинглар...
🔳 🔳 🔳
Икромжон ака ва Осиёнинг жўнаб кетганига тўрт кун бўлди. Орада Осиё адаси билан манзилга яхши етиб келишгани, ўзлари каби саёҳатчилар билан дам олишаётгани ҳақида икки марта телеграмм қўнғироғини амалга ошириб уйдагиларни ҳотиржам қилди.
Кечга яқин Осиёдан яна қўнғироқ бўлганида Адҳам ака кутубхонада эди.
- Ассалому алайкум, адажон...- деди Осиё ҳаяжон билан, ёлғизмидингиз?
- Ҳа, ҳа, - деди Адҳам ака шошиб қолганидан алик олишни ҳам унутиб ,-кутубхонада эдим, ҳозир ойингизни ёнига чиқаман...
- Тўҳтанг, адажон, шошилманг,-Осиёнинг ўзи шошганча тез-тез гапирар эди,- адажон... Мен сизга ҳозир бир видео жўнатаман. Сиз уни батафсил кўринг . Шунда менинг ва адамларнинг нима учун кутилмаганда саёҳатга кетиш сабабларимиздан огоҳ бўласиз. У ерда ҳамма, ҳаммаси бор. Барча саволларнинг жавоби ҳам.
Адажон, видеони кўриб бўлгач нима қилишни ўзингиз биласиз. Биз индинга эрталаб уйда бўламиз.
Адҳам ака "Ҳўп, қизим, ҳўп" деганча Осиё билан хайрлашиб кўнгли алланечук бўлганча, у юборган видеони очиб кўришга тутинди.
Видеода Россия телеведениясининг НТВ каналида намойиш этиладиган "Жди меня" кўрсатувининг навбатдаги сони муҳрланган экан.
Кўрсатув бошловчилари даврадагилар билан саломлашиб олгач навбатдаги воқеани ҳикоя қилишни бошладилар...
-Бугун сизга ҳикоя қилган навбатдаги воқеамизга "Тушларда севдим сени" дея ном бергимиз келди. Биласизми, бизга мактуб ёзган аёл ўз фарзандининг отаси ҳақидаги ўлим хабарини эшитгач бу хабарга сира ишонмаган экан. Нима учун дейсизми? Сабаби бундай. Қаҳрамонимиз бўлмиш у аёл турмушга чиқишдан неча йиллар аввал бўлажак турмуш ўртоғини тушида кўрган экан. Ана ўша тушлар аёлнинг ҳаётида бир эмас, бир неча бор такрорланган, унда
бир кўркам йигит ҳар сафар оппоқ отда ўзини авайлаб қучиб кетаётганини кўрар экан.
Кунлардан бир куни у аёлнинг туши ўнгдан келибди. Аёл дугоналари билан тоққа дам олишга чиққанда унга отда сайр этишни таклиф қилишибди. Бир сабаб бўлиб ҳуркиб кетган от қаҳрамонимизни олиб қочиб кетган. У "Ҳаммаси тамом" дея тақдирга тан берган вақтда отнинг тизинини бир забардаст қўл ушлаб қолибди ва ўша ҳалоскор чапдастлик билан уловга миниб қизни авайлаб бағрига олибди. Айнан шу дақиқаларда қиз бир неча йиллардан буён тушларида кўриб юрган йигитни танибди...
Шундай қилиб ҳар икки ёшнинг муҳаббат қиссаси ҳаётга кўчган экан.
Ушбу воқеага ўн икки йил бўлибди..
Ўтган йили эса аёл йигитнинг ўзга диёрда фалокатга учрагани, воқеа жойида бир неча жасадлар ёнидан ўз кўнгил эгасининг шаҳсий ҳужжатлари топилганлиги ҳақида хабар олибди.
"Мен бу хабарга сира ишона олмадим, - деб ёзган эди қаҳрамонимиз ўз мактубида,- сабаби хабар ҳақида эшитганимдан сўнг қалбим эгаси яна тушларимга кира бошлаган ва мени чорлаётганларини кўра бошладим. Бу сафар мен оқ отда борар ва у кишига қўлларимни узатар эмишман..."
Бошловчи шу ерда чуқур тин олди ва сўзлашда давом этди:
- Биз қаҳрамонимиз Ўзбекистонлик Осиёнинг мактубини олгандан сўнг чуқур ҳайратга тушдик, сабаби дунёда камдан кам инсонларга ана шундай тушларда хабари келадиган илоҳий муҳаббат инъом қилинади. Биз ижодий гуруҳимиз билан "Бундай муҳаббат шунчаки тугаб қолиши мумкин эмас" деб ўйладик ва Осиё юборган кординаталар орқали Умидни излашга киришдик.
Барчамизнинг назаримизни тортган нуқта- Умид фалокатга учраган жойни кўприк устида эканлиги бўлди ва биз сув оқими бўйлаб уни қидира бошладик. Йигитларимиз Умид деб таҳмин қилган инсонимизни фалокат жойидан тўрт қишлоқ наридан излаб топишди. Энг қизиғи ўша кезлари у топилган қишлоқ яқинида ҳам автофалокат содир бўлган ва икки инсоннинг ўлими билан якунланган, қишлоқдагилар ўша мудҳиш воқеада қаҳрамонимиз жабрланган деб ўйлаб кўп жойларга хабар бериб, бирор ижобий натижага эриша олмаган эканлар.
Таҳмин қилганингиздек қаҳрамонимиз автофалокат туфайли ҳотирасини йўқотган экан, бироқ ора-чора бир сўзни такрорлар экан.
Ўша сўз нима эканлигига қизиқяпсизми?
Яқинда бу ҳақда билиб оласиз...
Бора-бора қишлоқдагилар Друг дея исм берган йигитнинг ҳотираси аста-секин тиклана бошлабди. Ҳозир унинг ўз тилидаги сўз бойлиги анча-мунча кўпайган, бироқ ҳалигача яшаш манзилини аниқ ҳотирлай олмаган.
Биз Другни сувдан қутқариб олган ва ўз хонадонидан жой берган Вася амакини студиямизга таклиф қиламиз.
Студияга чиқиб келган етмиш ёшлардаги қария даврадагилар билан саломлашиб Другни қандай вазиятда учратгани, у билан салкам бир йил давомида кечирган ҳаёти ҳақида гапириб берар экан, бошловчи унга:
- Йигит ҳотирасини бутунлай йўқотганда ҳам ёдидан чиқармаган ягона сўз нима эди?- дея савол берди.
- Буни унинг ўзидан сўранг, - жилмайди қария.
- Яхши унда Другни студияга таклиф қилишдан аввал даврага ҳаётининг мазмунини тушларида кўрган, тушларида севган, ана шу тушлари орқали узоқ ўлкаларга излаб келган Осиёхонимни таклиф қиламиз.
Осиё даврага оппоқ кўйлакда худди фаришталарга ўхшаб сузиб киргандек бўлди.
Студиядагилар Осиёнинг гўзаллиги, малоҳати, энг асосийси садоқати ва муҳаббатига тан берганча қарсаклар билан кутиб олишди.
Бошловчилар қарсаклар овозини аранг бостиришар экан, Осиёга савол беришди:
- Агар Друг сиз излаб келган йигит бўлиб чиқмаса нима қиласиз?!- дея савол беришди.
- Мен битта нарсани аниқ биламан,- дея бошини баланд тутди Осиё,- қалбим эгаси Умид ака тириклар! Сабаби у киши ҳаётимга кириб келган вақтдан бошлаб юрагим ҳудди куй чалаётгандек бошқача ура бошлаган. Юрагим ҳамон шундай урмоқда. Тушунганингиздек, бу дегани Умид ака тирик дегани. Агар уларни бу ердан топа олмасам бошқа жойдан қидираман. То умримнинг оҳиригача...
Осиё шу сўзларни айтар экан ён тарафдан аста-секин оҳиста қадамлар билан студияга кириб келган йигит унга яқинлаша бошлади.
Даврадагиларнинг бари нафасини ичига ютганча уларни кузата бошлади.
Йигит ҳаяжонда Осиёга яқинлашди:
-МАЛИКАМ...
Бошловчи барчага юзланди:
- Шундай қилиб Друг - Умид ўлим ёқасида ҳам унутмаган ягона сўзни сиз ҳам эшитдингиз.
Осиё Умид томонга ўгирилди...
- Маликам...- такрорлади Умид..
🔳 🔳 🔳
"Баҳор қайтмайди" деганлар адашади. Борлиқни мукаммал яратган зот уни ҳамиша, то ўзи истамагунча қайтадиган қилиб созлаб яратган.
Шу сабаб ҳотиржам бўлинг:
- Кетган баҳор ҳамиша қайтади!
Муҳими #БАҲОР_ҚАЙТГУНЧА биз ўзимизни қандай тутишимиз...
Уни кутиб олиш учун қанчалар тайёрлигимиз...
Баҳорга қанчалар муносиблигимиз...
Ана шунда кўнгил баҳорлари қайтаверади. Ҳудди Умид ва Осиё ҳикоясидаги куз бўлишига қарамай изига қайтган баҳор каби...
"Қолгани нима бўлди?!" дейсизми...
Икромжон ака Умид ва Осиёни олиб юртга қайтди. Уларни уйларида Адҳам ака, Сурайё опа, Латофат ҳамда биринчи синф ўқувчиси Адҳамов Жалолиддин Умид ўғли бир олам қувонч билан кутиб олдилар...
Ким билсин, Жалолиддин келгуси йили ука ё сингилчалик бўлар...
Бу ҳикоямизни энди сиз тугатиб қўяқолинг, майлими?
Мен эса аллақачон янги қаҳрамонлар излаб йўлга тушдим...
Ҳаа айтганча, асар ёзиш вақтида кечикканим, куттирганим, савол, фикр-муносабатларингизга жавоб бера олмай қолганим учун мени маъзур тутарсиз. (Аслида бу фикрлар мен учун жуда қадрли ва мен уларни ҳар бирини ўқиб бораман) Сабаби мен ҳам оддий бир аёлман. Бахтини оиласи, фарзандлари ва севган касби орқали туйган оддий бир муаллима...
Исми- ГУЛ, кўнгли- БАҲОР, руҳи- ХАЗОНРЕЗГИ...
Хайр демайман, Кўришгунча...
Сатрлар орқали ғойибона дийдорлашгунча...
Гулбаҳор Рахматуллаева-Хазонрезги
Асар боши: 20.01.2024.
Якуни: 25.04.2024.
Эътиборингиз учун раҳмат!
Саломат бўлинг!
#қисса_тугади 📌📌📌

Комментарии

  • 28 апр 09:25
    Аллох сиздан рози булсин катта Рахмат
  • 28 апр 18:34
    Ассалому Алейкум Энг аввало ажойиб асар учин каттакон рахмат кулиз дард курмасин .оллохимдан сизга соглик саломатлик тилайман .Ва яна ажойиб асарларизи сабрсизлик билан кутиб коламиз
  • 28 апр 21:16
    Рахмати калон барои асар.Хеч вакт дастакатон дарду чашмонатон нам набинад.Факат бароятон дуоба ман.🤲 Аз шумо боз хам асархои пур мазмун умедбор ман
  • 29 апр 08:25
    Шундай ажойиб асар учун ташаккур. Укувчиларингиз купайсин. Сиздан янада ажойиб асарларни кутиб коламиз. Хозирги Давида бундай асарларни чикариб, халкка етказганингизни узи жуда хам мухим. Замонамизда камайиб кетантган мехр - окибат, мухаббат туйгуларини оширишда жуда фойдали вокеаларни олиб чикишингизни кутиб коламиз. Рахмат Сизга.
  • 29 апр 21:25
    Катта рахмат, ижоддан чарчаманг...
  • 30 апр 08:55
    Ассалому алайкум асар жуда ажойиб хар бир кахрамон ички кечинмалари усталик бн ёритилган Осиё угай онаси Латофат Умид онаси Сурайё дадаси Адхам менинг энг ачинган кахрамоним Умиднинг онаси ташкаридан караганда салбий кахрамон уғли бн келинига кун бермаган кизғанган аёл болиб коринади лекин мехр этибор аёл ун энг керакли еканлигига яна бир бор амин болдим агар аёл мехр кормаса калбига кулок солмай дийдаси каттиклашиб бораверади килган хар бир яхши ёмон ишларимиз ун оллох олдида жавоб беришимиз аник ва равшан бу асарда хам хамма бирдай айбдор ва айбсиз такдир деп кояколдим Хазонрезги опажон ёзишдан тохтаманг ижодингизга омад яна янги асарларни кутиб коламиз рахмат
  • 1 мая 06:32
    Рахмат
  • Чт 19:31
    Без комментарии