​​ЭРКАКЛИК…

Бундан 16 йилча аввал. Янги уйга кўчиб ўтдик. Ёз ойи бўлганига қарамай, касби уста бўлган дадамизнинг ишлари юришмади. Ҳамён тап тақир, даромаддан эса дарак йўқ. Иккинчи қизим туғилганига 2 ойча бўлган.
Шунақа гўшт егим келади. Уёқ бўёғи йўқ. Уйда қорин туйдириш учун ҳамма нарса бор, фақат гўшт олишга имкон йўқ. Мени эса гўшт егим келади. Охири дадамизга айтдим.
· Ҳмм… Нима қилсак, дея кишим ҳам ўйлай бошлади. Хонам кичик очиқ балконга чиқади. Ўша ерга вақти вақти билан мусичалар келиб қунади, ғу-ғулашади, сўнгра учиб кетади.
· Топдим! Мусичаларни тутиш учун қафас ясайман. 5 таса тутсак етар а? - дея иштаҳамни чамаламоқчи бўлди кишим.
Қўрқиб кетдим.
· Мусичами? Гуноҳ бўлмайдими? Раҳмим келадикууу.
· Ҳалолку гўшти… Майли, мен паркентскийга борайда, ўша ердаги қурилиш дўконидаги танишларимдан қолган қутган бир нарсаларини олиб келай мусича тутишга қопқон қилгани, дея йўлга равона бўлди кишим.
Хавотир билан балконимга қарайман, у ердаги мусичаларга бир раҳмим келади, аммо қурғур гўшт истагани шунчалар кучлики: гўшти ширин бўлармикин? Бедананикига ўхшармикин, дея тамшаниб ҳам қўяман.
Бир пайт эшик қўнғироғи жиринглади. Эшикни очсам кишим турибди. Қўлида каттагина “AYGEN” пакет.
· Мана сизга!
Димоғимга гўшт ҳиди урилди. Кўзларим чақнаб кетди. Ўша ердаёқ йиғлаб юбордим.
· Пулни қаердан олдиз?
Маълум бўлишича, кишим бозорга бориб ўз мақсадини ўша ердаги танишларига айтган. Улар мусичани нима қиласан, деб ҳайрат билан сўрашса:
· Хонимни гўшт егиси келяпти, маълум, яқинда фарзандли бўлдик... пул йўқ, мен эса шундай чора топдим...
Шунда ўша ердаги танишлари ташлашиб пиширилган гўшт олиб беришган экан. Мусичалар омон қолиб ҳатто мен «жаллод»нинг ойнаси тагига ин ҳам қурганди…
Эркаклик жинс эмас. Эркаклик - ўз оиласига қилинган муносабат билан баҳоланадиган сифат.
Мадина Зариф

Комментарии

  • 8 мая 16:34
    Ха бунака вокеа мени хам бошимдан утган.катта углимни тукканман, йугу йукчилик у ёкка тортсак бу ёкка етмайди .шунаканги гушт егим келарди олайлик десам эрим тузук курук пул топмайди ,кайнона кайнота алохида чикариб куйишган биз Билан ищи хам йук,Ота онам узлари Билан узлари.охири ховлимизда Эски Бир хонача бор Эди шу ерга чумчуклар кириб чикиб ётарди.чумчук тутмокчи булиб Хар макомини килиб курганман.атигина битта тутиб тозалаб пишириб еганман.хикояни укиб ёдимга тушиб кетди .бу 25 йиллар олдинги гап.