ЁРУҒ КУННИ СОҒИНИБ

Муаллиф: Наргиза Усанбоева
Қисса
22-қисм
— Бақраймай, югуртир. Кетдик, уйга. Кўзинг кўкармай ҳамма нарса бўл! — отаси қўлидаги хивич билан Мунисани бир солди.
Билаги, бели, оёқлари бўйлаб тушган ингичка аммо аччиқ, ўйиб кетувчи зарб қизалоқнинг суякларигача боргандек бўлди. У қўйлари билан баравар чопқиллади. Ичида тинмай уларга ҳеч нима қилмаслигини Худодан сўради.
— Бирор кимдан қатиқ сўраб кел. Меҳмон қизларнинг қатиқ ичгиси келибди, — унга кўзи тушиши билан иш буюрди онаси.
“Кимдан ҳам сўрардим? Каромат опаникига ўтаман-да!” У шундай дея чинни косани кўтариб, қўшниникига йўл олди. Дарвоза олдида Икромга дуч келиб каловланди:
— Қатиқ бериб тура олмайсизми?
— Қайтариб олиб келсанг, бераман... — йигит ҳазиллашди.
Муниса жилмайди. Биладики, қишлоқда ҳеч қачон қўшнидан олинган нарса қайтариб берилмайди. Мабодо қайтариб берган тақдирингизда ҳам бошингиз балога қолади. Ўша қўшни сизни бегоналикда, оқибатсизликда, меҳрсизликда айблайди. “Мени шугина нарсага олмадингизми? Шу қадар бегона бўлдикмики, олган нарсангизни қайтариб беряпсиз”, дейди. Албатта бу егулик, озиқ-овқат, экин-тикинларга боғлиқ анъана. Аммо, пул, бирор хил буюм борасида ҳеч ким бировнинг ҳақига хиёнат қилмайди. Муниса ҳам Икромнинг ҳазили тушунди. Энди жавоб қайтариш учун оғиз жуфтлаган ҳам эдики, нариги ҳовлидан отасининг важоҳатли овози эшитилди:
— Муниса-а-а? Муниса қани?
Қизалоқ ихтиёрсиз қўлидаги косани ерга ташлади-ю,уйига қараб югурди. Косанинг чил-чил синган овози эшитилди, аммо парво қилмади. Кўз олдида Икромнинг хавотирли нигоҳи акс этди. Унга ҳам лом-мим дея олмади. Ўз уйларига чопиб кираркан, ҳовли этагида турган отаси уни кўриши билан шердек отилди. Муниса қочмади. Бунақа пайтда қочиш ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини биларди. Елкасини қисганча тураверди. Лекин отасининг қаҳрли юзи уни сескантирди. Ўзи сезмаган ҳолда ҳовлининг чап томонига қараб югурди. Уй ёнидан қўшиб қурилаётган ошхонанинг ҳали қўйилмаган деразаси ва сал наридаги энди кўтарила бошлаган деворга ҳўл тахталар териб қўйилганди. Муниса бир эгилиб тахталар остидан ўтиб кетди. Сал ўтмай...
— Воҳ, онажон! — бу отасининг жон ачитувчи овози эди.
Орқасига қараган Муниса қотиб қолди. Отаси ерда юзини ушлаганча, чалқанча ётарди. Ёнига югуриб борди. Ҳолини сўрашга эса юраги йўқ. Отаси аввалига ингради. Сўнг юзидан қўлини олмай туриб тирсагига таянганча ўтириб олди.
— Дада? — оҳистагина титраб-қақшаб чақирди Муниса.
— Ўл, дада! — у қўлларини бирдан пастга туширди-ю, ердан дуч келган нарсани олиб қиз томон улоқтирди. — Бор, қўйга қара! Агар бир нима бўлсин, сени ҳам қўшиб ўлдираман.
Муниса юзига, бўйнига келиб теккан тошларга эътибор ҳам қилмай қўйлар томон кетди. Шу пайт ҳовли этагидан Каромат опанинг эри кўринди.
— Нима қилибди қўйга?
— Дамлаган...
— Менга кўрсат-чи?
У киши қўйларга обдон қараб чиқди:
— Ҳеч нарса бўлмаган. Фақат мана буниси... Буни сўйиш керак. Дадангни чақир, бўлмаса ҳаром қотади.
Қизалоқнинг юраги орқасига тортиб кетди:
— Тузалмайдими? Сўйсангиз дадам мени ўлдиради.
— Қўрқма, суйса қайтанга фойда қилади. Гўштини сотади. Агар ўлиб қолса, ростдан ҳам сенга қийин бўлади.
Муниса бошини эгканича тураверди. Худди у дадасини чақирмаса қўй сўйилмас, тузалиб кетадигандек.
— Тезроқ ҳаракат қилиш керак. Нега турибсан?
Муниса чуқур хўрсинди-ю, аммо жойидан жилмади.
— Қўшни-и-и! Пичоқ билан келинг, тез! — унинг ўзи ҳовли томонга бўйнини чўзиб бақирди.
Зум ўтмай улар олдида отаси қўлида пичоқ билан пайдо бўлди.
— Сўйиш керак. Семизгина, зарар қилмайсиз. Садр қассобга берасиз, дарров сотиб беради. Калла-почасини ўзингиз пишириб, мазза қилиб ейсиз.
— Сўйинг унда, — отаси қўшнига шундай деркан, Мунисага зардали қараб қўйди.
— Четроққа олайлик...
Ўша куни Муниса отасининг қизлари билан гаплашиш тугул кўришмади ҳам. Чунки одатига кўра, отаси уни уйга киритмади. Қўйни, гўштни саранжомлашган бўлса-да, жаҳли тарқамаган экан.
— Йўқол, дардисар! Менинг қизларимнинг олдига кетишимни билиб атай қилгансан, — деди у.
Шу билан Муниса мунғайибгина кўчага одимлади. Яна Каромат опаникидан қўним топди. Хўрлиги келди: “Доим ҳамма нарсага мен сабабчиман. Барча кўнгилсизликлар мени деб бўлади. Райҳон момо “Ойнинг ўн беши ёруғ...” дерди. “Бу кунлар ҳам ўтар кетар”ни ҳам у киши ўргатганди. Лекин қани ўша ёруғ кун? Нега зулматдек қора кунлар ўтиб кетмаяпти? Мен қачонгача қўшниникида қимтиниб ўтиришим керак? Нега онам менинг ёнимни олмайди?”
23-қисм
Унинг хаёлини уйлари томондан келаётган шовқин тумандек тарқатди. Эшикдан отилиб чиқаркан, уй эгаларининг ортидан бош чайқаб қолганини кўрди.
— Шу пайтгача тишимни тишимга босдим. Менинг қизим одам эмасми? Уни кўчага қувганингиз-қувган! Жим юрганимнинг сабаби қизларингиз бағрингизда эмаслигидан тилим қисиқ эди. Бир сўз дея олмасдим. Мана ўз болаларингиз уйда-ку, нега Муниса кўчада ўтириши керак! — бора-бора қулоғига кирган онасининг гаплари кўнглини бўшатди.
“Йиғламайман! Нега йиғлашим керак? Дадамга куч бериши, ўгай опа-сингилларимнинг ачиниш билан қарашлари учунми? Йўқ! Асло йиғламайман!”
— Кет! Сен ҳам кет! Қизларим бир кунгина уйга келганига тилинг чиқиб қолдими? Шу пайтгача сенинг қизинг менинг уйиимда яшаб келаётганди.
— Бунақа яшагандан кўра, яшамагани яхши. Егани калтак, тунагани кўча! Энди тинч яшасак бўлади-ку!
— Қанақа тинч яшайсан? Бугун қилган ишини қара. Битти қўйнинг бошига етди, дардисар! Чиқ, сенам йўқол!
— Кетаман, майли, кетаман! — онаси зорланди. — Сизга тегиб нима кўрдим?
— Кет, сенга шу керак! — отаси ҳовлининг ўзида яна онасини калтаклади.
Муниса мум тишлагандек жим турди. Ўпкаси тўлиб келса-да, бўғзига алам тиқилса-да, бошини эгганича сасини чиқармади.
Онаси судралиб уйга кираркан бақирди:
— Камол, Жавлон чиқинглар кетдик.
— Кет, кет... Бўй етган болаларинг билан гўрга ҳам сиғмайсан! Уялмайсанми?
— Болалар бўй етганини билиб ҳам ўзингиз уяляпсизми? Муниса бола эмас! Ўн тўртга кирди. Кечаси кўчада ўтириши уят эмасми?
— Қизларим келган кундан жанжал қилдинг, а? Биринчи кунданоқ сиғдирмаяпсан, а? Йўқо-о-л!
Онаси уч боласини етаклаб кўчага чиқди. Отаси кўзига нима кўринса урди, тепди, синдирди. Камол ва Жавлон жавдираб бир онасига бир Мунисага қарарди.
— Кечаси қаерга ҳам борардингиз? Бизникига киринг, — Каромат опа йўлларини тўсди. — Эрталабгача жаҳлидан тушади.
— Ортиқ яшай олмаймиз. Ўзингиз ўйланг, қачонгача чидаш мумкин? Эримнинг зуғумлари камдек, қайнонам ва қайнсинглим ҳам қўшилиб қўяди, — кўз ёшларини тўхтата олмади онаси.
Мунисанинг қалбини тушунуксиз ҳислар чулғаб олганди. Хурсанд бўлишини ҳам, хафа бўлишини ҳам билмасди.
“Энди дадам билан яшамаймиз. Ёруғ кунлар келди. Бизни ҳеч ким уришмайди, калтакламайди. Дадам ўз қизлари билан яшайверади. Лекин бизнинг дадамиз ким бўлади? Камол ва Жавлон кимни дада дейди?”
У шу ўй-хаёллар билан уйқуга кетди. Эрта тонгда эса тўрталаси йўлга тушишди.
— Ие, кимлар келибди? — тоғаси уларни очиқ чеҳра билан қарши олди. Лекин опасининг кўкарган юзи, шишган кўзлари, синиқ рангини кўриб сергак тортди. Уйга кира солиб саволларга кўмиб ташлади: — Тинчликми? Поччам билан уришиб қолдингизми?
Ҳасса таяниб кириб келган бобоси ҳам қизи ва невараларига ачиниш билан қаради. Бир зумда холаси ҳам етиб келди. Ҳаммаси Мунисанинг онасини ўртага олишди.
— Сен ўзи ҳеч нарсага чидамайсан. Рўзғорда бўлади-да, ғиди-биди. Биринчи эрингдан ичади деб ажрашдинг. Энди бунисини калтаклайди, дейсан? Турмуш сенга ўйинчоқми? Ҳеч нарсани тушунмайдиган ёш келинчак эмассан-ку! Қирққа қараб кетяпсан. Одамлар эшитса нима дейди?
— Куёвингиз қизларини олиб келди. Энди Мунисага кун йўқ. Шундоқ ҳам калтакнинг тагида катта бўляпти. Қизлари биз билан эмаслиги учун тилим қисиқ эди. Шуни баҳона қилиб, доим Мунисани ҳаммаси сиғдирмасди. Энди қизлари келиб ҳам уни кўчага қувлади. Унинг қизлари уйда ўтирса-ю, меники кўчада тунаса чидай оламанми?
— Ўзинг ёмонсан! Аслида Мунисанинг отаси билан ажрашмаслигинг керак эди. Қайси эркак ичмайди? “Ичади-ичади, топгани ароққа кетади, кун кўрмайман”, деб келиб олдинг. Ойим ҳам кўнглингга қаради. Мана нима бўлди? Энди бу эринг ҳам ёмон!
— Сизни поччам мана шунақа қилиб урадими, айтинг! — онаси холасига юз-кўзларини ишора қиларкан, йиғлаб юборди.
— Аввалги эрингни ҳам “поччам шунақа ичадими, айтинг!” — дегандинг юзини бурди холаси.

24-қисм

— Бир куни Муниса иккимизни ўлдириб қўйса чидайсизларми? Сизлар шунақа қилиб талаяпсиз, бошқалардан нима ҳам кутай?
— Тилинг ёмон сенинг! Ўзинг ёмонсан! — холаси янада кўтарилди.
— Кет, уйингга деяпсизми?
— Ҳали қолмоқчимисан? Учта боланг билан қаерга сиғасан? Нега бунча бу бефаҳм, а, ота? — холаси қошларини чимириб бобосига қаради.
— “Эр-хотиннинг уриши — дока рўмолнинг қуриши” деб қўйибди болам. Бир-икки кун меҳмон бўл. Куёв келса кетаверасан, — бобоси оғир хўрсиниб қўйди.
— Кетмайман! Куёвингиз ҳам келмайди. Биламан, феълини. Келмайди, кейин ўзим борсам, “ҳеч кимга керагинг йўқ, ўз уйингга ҳам сиғмайсан”, деб яна эзади.
— Нега ўйлаб кўрмайсан? Отамникига бир кун сиғасан, икки кун сиғасан... Кейин...
— Бу ерда турмайман! Нима яшай олмайди, деяпсизми? Ишлайман, пул топаман, боқаман болаларимни ўзим...
Онаси айтганини қилди. Бугун яқинлари қаршилигига қарамай, болаларини етаклаб шаҳарга йўл олди. Кун бўйи баланд-баланд бинолар орасида юришди. Онаси дуч келган одамни саволга тутарди:
— Ижарага қўядиган одам йўқми?
Қош қорая бошлаганда сигарет, писта каби майда-чуйда сотиб ўтирган бир кампир ёнида ўтириб онаси дардини ёрди. Момонинг гапидан эса онасининг чеҳраси ёришди. Кампир рўпара қилган аёл эса қандайдир жаҳлдор кўринди. Тўнг ва қисқа гапирган бўлса-да, онасини хурсанд қилди:
— Бу укамнинг уйи. Яқинда сотиб олди. Жиҳозлари билан бирга харид қилди. Ўзи хорижда. Ҳар ҳафта йиғиштириш менга малол келяпти. Тоза-озода сақлаб ўтирсангиз бўлди. Пулингиз ҳам керак эмас. Савоб ҳам керак-ку!
Уй жуда чиройли эди. Юмшоқ диван, стол-стуллар, катта рангли телевизор, музлатгич...
Аёл кетгач, онаси уларни қучиб йиғлаб юборди:
— “Ёлғизнинг ёри — Худо” деганлари рост. Мана, қанақа зўр жойга жойлашдик. Яна бепул. Фақат жиҳозларга эҳтиёт бўлинглар. Энди фақат иш излашим керак. Ейиш, яшаш учун пул топсак бўлди. Аста-секин ҳаммаси изга тушади.
Эртасига ҳам, индинига ҳам онаси уйга шалвираб кириб келди. Ҳалиги сигарет сотувчи кампир ва ижара хотин уларга егулик беришди.
— Нариги кўчада кичкинагина бозор бор. Тонгда катта бозорга борсанг, қишлоқдан одамлар картошка-пиёз олиб келишади. Ўшалардан арзонга олиб қол-да, кичик бозорда сот, — маслаҳат берди кампир кечки пайт. — Иш тополмайсан. “Қўлдан берганга қуш тўймас”, дейишади. Бозор энг яхши пул топадиган жой.
— У учун... — онасини гапини тугатмасдан кампир тушунди.
— Пулни мен бериб тураман. Ой охирида ўзингни тутиб олгач, қайтарарсан.
Онасининг кўзлари ёшланди:
— Раҳмат, сизга. Сизни учратмасам нима қилардим. Онамдек яхшилик қиляпсиз. Онам ўрнида она дейман... Мендан қайтмаса, Худодан қайтсин!
Эртасига тонг отмасдан туриб Мунисанинг онаси йўлга тушди. Мунисага эса қаттиқ тайинлади:
— Укаларингга қараб ўтир. Уйни йиғиштир. Нарсаларга эҳтиёт бўлинглар.
Уч бола кечгача оч-наҳор онасини кўзлари тўрт бўлиб кутишди. Қоронғи тушиб қолганида онаси кайфияти чоғ, тўлиб-тошиб кириб келди:
— Мана сизларга нима олиб келдим.
Болалар онасининг қўлидаги нарсаларга ёпишди. Бир зумда Муниса овқат пиширди. Овқат еб ўтиришганда онаси Камолга юзланди:
— Ўғлим, сен укангга қараб ўтира оласанми? Бугун жуда қийналдим. Катта бозорга уч марта бориб келдим. Агар Муниса иккимиз бўлсак, кўпроқ нарса олиб келар, кўпроқ пул топардик.
Камолнинг қовоғи уюлди:
— Жавлон йиғлайди-да...
— Жавлоннинг эси кўп, йиғламайди. Болам, йиғламайсан, а? Тушлик пайтида опанг сизларга музқаймоқ олиб келади. Хўпми?
Бирдан икки боланинг ҳам юзига табассум югурди. Шу билан Муниса онасига бозорда кўмаклаша бошлади. Тонгда катта бозордан сабзавот ва мевалар олиб кичик бозорга келишар, сўнг уни онаси сотар, Муниса укалари ёнига қайтарди. Шундай қилиб, икки ҳафтани ўтказишди. Энди уларнинг бошпанаси, пули бор. Ҳеч ким уришмас, бақирмас тинч ва қувноқ яшаётган эди. Ҳатто, уларни кўришга келган бобоси ва холаси ҳам хурсанд бўлди.
— Мана бунга кийим олиб бер, невараларимга, — бобоси сақлаб юрган нафақа пулидан озроқ ташлаб ҳам кетди.
Муниса ичига сиғмасди. Чиройли уйда, жанжал ва калтакларсиз яшаётганига ишона олмасди ҳам. “Ёруғ кунларимиз келди”, дерди худди Райҳон момо билан гаплашаётгандек. Аммо “Бу кунлар ҳам ўтар-кетар” деган гапни эслашни истамасди.
“Бу кунларнинг ўтишини хоҳламайман. Ўша эртакдаги подшога ҳам қийин бўлган экан. Узугининг кўзи доим эслатиб турган. Мен эса эсламайман!” — мийиғида куларди у. Аммо тақдир унинг қўлида эмас экан. У қувончи ичига сиғмай бозордан уйга келаётганида рўпарасида турган кишини кўриб қотиб қолди. Қочмоқчи, бекинмоқчи бўлди. Афсуски, отаси уни аллақачон кўриб бўлганди...

25-қисм

Оёқларидан жон кетгандек бўлиб қимирлай олмай қолди. Нигоҳларини отасидан узмади. Қани эди, кўзи орқали қаршингдаги кишининг нияти, мақсадини билиб бўлса? Шунда Муниса ҳам отасининг нима учун келганини биларди.
— Ойинг қани? — қовоғини очмай гапирди отаси.
“Айтсаммикан, йўқми? Айтсам, ёнига бориб уради. Айтмасам мени уради...”
Муниса доимгидек индамади. Бошини қўйи солганча, тураверди.
— Қулоғинг қарми? Ё соқов бўлиб қолдингми? — тутақиб бақира бошлади отаси.
Қиз яна унини чиқармади. Отаси жаҳл билан юзига шапалоқ туширди. Муниса мувозанатини йўқотиб, икки қадам ёнга юрди.
— Ойингни сўраяпман, мол! На салом берасан, на сўрашасан? Кўзинг кўкармай ўл! Ким боқяпти, сизларни? Ё ойинг эр топдими, яна? Гапир! — отаси елкасидан нуқиди.
Қизалоқ аросатда эди. Айтса ҳам, айтмаса ҳам ўзига қийин.
“Айтмайман! Жим туравераман. Ойим қоронғи тушганда келади. Унгача дадам қишлоққа қайтиб кетади”.
Муниса шу фикрдан тетиклашгандек бўлди. Тилини ютгандек овоз чиқармади. Ундан фойда чиқмаслиги билган отаси йўл четидаги дарахт тагига чўкди.
Муниса енгил тортган бўлса-да, ҳотиржам эмасди. “Уйга борсам, қаерда яшашимизни билиб олади. Бозорга борсам, ойимни кўради. Яхшиси...”
Қиз сал наридаги таниш кампир сари одимлади. Бу отасини сергак торттирди.
— Отанг шуми? — кампир олдидаги столчага сақичларни жойлаштираркан, сўради.
— Ҳмм... — Муниса нима қилишни билмасди.
— Ўтир, ёнимга. Бегонадек жим ўтиравер.
— Укаларим уйда оч.
— Сал вақт ўтсин, сен жойимда савдо қилиб турасан, мен уйдан егулик бериб келаман, — момо Мунисанинг юзига қарамай гапирар, қўли иш билан банд эди.
— Дадам биздан кўз узмаяпти. Иккимиз гаплашаётганимизни кўриб турибди. Билиб қолади.
— Бўлмаса, уйга бориб Муяссарга телефон қиламан. Укаларингдан хабар олди.
Мунисанинг кўнгли бироз тинчланди. Муяссар опа ижарачи хотин. Сал қўполлигини айтмаса, жуда меҳрибон. Ярим соатлар ўтиб сотувчи кампир ўрнидан қўзғалди:
— Мен кетдим. Сен қараб тур. Нархларни биласан, а? Кимдир сўраса, сотавер, — кампир эринмай ҳамма нарсанинг нархини яна бир марта такрорлади.
У узоқлаша бошлади ҳамки, Мунисанинг отаси ҳам ўрнидан қўзғалди. Қизнинг ичига титроқ кирди: “Яна мени саволга тутади. Дўқ-пўписа қилади. Энди нима қиламан?”
Қиз ўйлаганидек бўлмади. Отаси унинг ёнига келмади, аксинча кампирнинг ортидан тушди. Аммо ниятига эришолмади. Сабаби, беш дақиқа ўтар-ўтмас момо қўлида егуликлар билан қайтиб чиқди. Муниса уни укаларининг ёнига кетяпти, деб ўйлаб қўрқиб кетди. Шукрки, у ўз жойи сари одимлади.
— Бўлди, Муяссар чиқади. Икковимиз эса шу ерда тушлик қиламиз.
Мунисанинг томоғидан ҳеч нарса ўтмади. Икки кўзи отасида эди. Кеч туша бошлади ҳамки, отаси кетай демасди. Мана, онасининг ҳам бозордан қайтадиган вақти бўлди.
— Ойимни огоҳлантириш керак...
— Шунча ҳаракат қилдик. Фойдаси йўқ. Отанг кетмайди. Балки гаплашиб, ҳаммасини узил-кесил ҳал қилиб олишгани маъқулдир? — ўйланиб деди момо.
Шу пайт уйлар орасида онаси кўринди. Мунисанинг юраги тез ура бошлади. Узоқдан бўлса-да, Муниса сезди, онасининг ранги оқарди. У эрини кўриб қотиб қолганди. Иккаласи бир-бирига нимадир деди. Кейин отаси онасининг юзига қулочкашлаб тушириб юборди.
— Бизни олиб кетади, яна уради, яна жанжал бўлади... — қиз қўрқа бошлади.
— Худо сабр берсин! Катталар уришаверади. Болани ўйламайди. Азобланяпти, руҳи синяпти, кўнгли ўксияпти демайди. Эртага кейин боламга нима жин урди, экан, деб юришади, — асабийлашиб деди момо.
Улар анча вақтгача муросага кела олишмади.
“Ҳаммаси тамом! Менинг ёруғ кунларим бор-йўғи шумиди? “Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғи”, дейишади-ку! Мен дадамларникига келганимда олти ёшда эдим. Саккиз йилдан буён кунларим ёришишини кутаман. Яхши кунлар ҳам бошланди. Лекин бор-йўғи...”
Ўша куни отаси улар яшайдиган жойни билмагунча кетмади.
— Кетмайман, ажрашамиз. Шунча сабр қилганим етади. Одамлар кетганимни билди. Гапирган гапириб, кулган кулди. Яна ғийбатга сабаб бўлмоқчи эмасман! — уйга киргач ниятини айтди онаси.
— Сен ғийбатни деб ажрашмоқчимисан? Калланг борми? Икки бола нима бўлади?
— Ҳеч нарса қилмайди. Мана, яхши яшашяпти...
Улар роса айтишишди. Жанжал отасининг кетиши билан якун топди. Аммо унинг охирги гапидан Мунисанинг кўз олди қоронғилашди:
— Мен яна икки кундан кейин келаман. Яхшилаб ўйлаб, нарсаларингни йиғиб, кетишга тайёр бўлиб туринглар. Кетмасанг, ўлдираман! Мунисани ўлдираман!
Сўнг у кетди. Лекин ўзи билан онасининг, Мунисанинг тинчини олиб кетди. Онаси кечаси билан ухламади ҳисоб “уф”лаб чиқди. Ана пайтгача қизнинг кўзларига ҳам уйқу энмади.
“Энди яна қишлоққа кетамиз. Ойим ва дадам яна уришади. Мени ҳам турткилашади. Дадамнинг қизлари қаерда экан? Уларни яна амма-холалари олиб кетдимикан? Улар билан гаплаша олмадим. Бўлмаса сўраб олардим. Дадам сизларни ҳам урганмиди, дердим...”
#Наргиза_Усанбоева

Комментарии