Комментарии
- 3 авг 2019 01:34Gul ZxvnmkAssalomu aleyküm rahmat qöllarıngız dard körmasin
- Raya YuldoshevaКомментарий удалён.
- Raya YuldoshevaКомментарий удалён.
- 3 авг 2019 17:03Azizbek SamievAjoyib!
- 9 авг 2019 06:25red Rose 🌹
- 27 сен 2024 17:20Ахрор ЮсуповAjoyib!
️
Для того чтобы оставить комментарий, войдите или зарегистрируйтесь
ИБРАТЛИ ХИКОЯЛАР
#Кил устидаги такдир 107-кисм
“Шу тиллардан қайси бирига
тишингиз ўтади?”
Мактабда немис тили ўтилганини
айтдим.
“Бўлмаса, немис тилини танлаб,
сайтга аъзо бўласиз, – ўргатди у. –
Ўйинга қўшилиш учун ҳисобингизга
камида уч юз доллар ташлайсиз.
Қанча пул ташласангиз, шу заҳотиёқ
сизга ўшанча пул сайт томонидан совға
қилинади. Найранг кетмайди. Уч юз
долларингиз олти юз бўлгач, пулларни
чўнтакка уриб, қочолмайсиз. Қоида
бўйича аъзолик фондингиздан бир
сент ҳам ололмайсиз. Ютсангиз бас,
фақат ютуқ пули берилади.
Футболнинг орқасидан яшаяпман,
деганимни энди тушундингизми? Мен
шунақаман. Тотализаторга
қулоғимгача ботиб қолдим. Яқинда
тўрт ярим минг доллар ютдим,
Истанбулга саёҳатга сурвордим.
Бугун, Худо кўрсатмасин, беш минг
ютқазишим мумкин. Ишқилиб, Қатар
яна гол урсин-да!”
“Тўрт ярим минг доллар
ютдингизми? – энсамни қотирдим. –
Нималар деяпсиз, Холбек? Ким
ишонади шу гапларга? Дунёнинг
нариги четидаги оддий бир одамга
Англиядан осонгина пул жўнатишар
экан-да, а? Унда кўпчилик тотализатор
ўйнаб, бойиб кетади-да! Нима зарил
қора терга ботиб?”
“Осонгина бойийди?
Тотализаторданми? – масхараомуз
кулди Холбек. – Аввал ўйнанг, кейин
гапиринг. Шахсан мен бир доллар
ютгунимча бир йил вақт ўтган. Анча-
мунча ўргангунимча икки йил
ўйнадим. Бу осон эмас, ака!
Профессионалликка етгунча икки йил
керак!”
“Пулни улардан қандай олдингиз?”
“Қўнғироқ қилсангиз, ярим соатда
келтириб беришади. Бу муаммо эмас”.
“Эртак! Аниқ эртак! “Интернетда
тўрт ярим минг доллар ютгандим,
пулини ҳозир беринглар”, деб телефон
қилсангиз, ярим соат ўтар-ўтмас
эшигингиз тақиллайди. Қарасангиз,
бир инглиз кассири қўлида доллар ва
ҳужжат кўтариб турибди. “Исм-
фамилиянгизнинг тўғрисига қўл
қўйворинг”, дейди-да, пулни узатади.
Бунақа хомхаёллар миянгизга қандай
келади-я?”
“Эшитинг, – ёқамдан оҳиста тутиб,
қулоғимга шивирлади Холбек, –
онлайн қиморбозлар бутун дунёни
эгаллаяпти. Вакиллари Марказий
Осиёда ҳам изғиб юришибди. Улар
кўпроқ одамни интернет
қиморхонасига жалб этиш билан
шуғулланишади. Қўлларида сайтга
аъзолик рақамларим бор. Бугун
Истанбулда ўн беш минг ютсам, ғолиб
бўлганимни айтиб, “маъмур”имга хат
юбораман. Ҳар бир мамлакатда
биттадан “маъмур” ўтиради. Ҳозир
Туркияда эканимни айтаман.
Рақамларимни текширишса, ростдан
ғолибман. Шунда ўзимиздаги
“маъмур” Истанбулдаги ҳамкасби
билан боғланиб, менга ўн беш минг
доллар нақд бервориш кераклигини айтади. “Маъмур”нинг ҳақи ўн фоиз.
Ўн беш мингни келтиради, унга бир
ярим мингни санаб, чўнтагига
тиқиштираман”.
“Маъмур деганингиз пулни кимдан
олади?”
“Менга пулни бергач, Англиядаги
сайт ўз ҳисобидан ўн беш мингни унга
ўтказади. Ютуқ рақамларим
“маъмур”да бўлади-да, ака.
Одамларни қизиқтириш учун нақд пул
бериш, муҳими, тез бериш учун
шундай “хизмат”ларни ташкил
этишган. Бир кунда “маъмур” битта
менинг ўзимдан бир ярим минг
доллар ишлаяпти. Энди тотализаторда
қанча инсон ўтирганини тасаввур
қилиб кўринг”.
“Сафсатага нақадар ўхшайди-я!”
“Ўртадаги “маъмур”лар сайт
хўжайинлари билан тўғридан-тўғри
боғланади. Уларни агентлар деса ҳам
бўлади. Биласизми, тотализаторда
неча миллион одам ютқазади? Ҳар бир
секундга қанча ўйин тўғри келишини
тасаввурингизга сиғдиринг-чи! Эҳ-ҳе!
Берган ютуқларидан бир неча ўн
баравар кўп фойда олишади,
ярамаслар”.
“Ҳар бир секундда футбол
бўладими? Қандай қилиб, Холбек?”
“Э, қанақа одамсиз? Тотализаторни
умуман тушунмайсиз, шекилли.
Спортнинг ҳамма турлари киритилган.
Шартлари ҳам жўн ва содда эмас. Ким
ютади: Ўзбекистон терма жамоасими,
Қатарми? Ҳе-е... саволлар унақа эмас!
Ҳисобингиздаги пулни тикишга ички
саволлар жуда-жуда кўп. “Нечанчи
таймда гол бўлади?”, “Ким уради?”,
“Ўйин неча-ю неча билан тугайди?..”
Ва ҳоказо. Энг камида бир доллар, энг
кўпи билан беш минг тикиш мумкин.
Қоида шунақа. Нафақат футбол,
дунёдаги жамики спорт турлари
онлайн тотализаторга киритилган.
Бокс, сузиш, волейбол, шахмат,
камондан ўқ узиш... Уларнинг чегараси
йўқ. Ҳар ким билганларида иштирок
этади. Масалан, мен футбол
фанатиман, аммо футбол бўйича Хитой
чемпионти бўйича тотализатор
ўйинларида қатнашмайман. Италия,
Испания, Англия чемпионатларидан
кўп ютаман. Сиз хоккейга
қизиқасизми?”
“Йўқ”.
“Хоккейда ҳам пул катта”.
“Қисқаси, қимор экан-да, Холбек.
Қиморда омад роль ўйнайди. Бу
дегани, ҳамиша ҳам ютмайсиз. Демак,
ҳеч ким қиморда бойимайди”.
“Фикрингизга қўшилмайман. Бир
одамни танийман. Тотализаторга
қирқтача киши номидан киради. Шу
одам анча-мунча пул ишлаб, бойиб
кетган”.
“Қўйсангиз-чи...”
“Қулоқ солинг! Онлайн қимор
Англиядан чиқиб, дунёни шундай
эгаллаганки, ҳаттоки спортнинг ичига
кириб, баъзи мамлакатларда футболни
ҳам бошқараяпти. “Фалон ўйин
сотилган” деб эшитганмисиз? –
елкамга қоқди Холбек. – Ўйинлар
тотализаторга “сотилади”, ўйинчилар
ҳам. Тотализаторга шундай савол
қўйилади: “Гофманн шу ўйинда қизил
карточка оладими?” Агар “Олади”
десангиз, тиккан пулингизни етти
баравар қилиб қайтаришади, чунки
Гофманнга қизил карточка
кўрсатилмаслиги аниқ. “Олмайди”
деган жавобга пул тиксангиз, икки баравар ютуқ беришади. Бутун дунё
футбол ишқибозлари биладики,
Гофманнинг сариқ карточкаси йўқ,
бунинг устига у жуда ҳам тартиб-
интизомли. Тотализаторнинг қайси
саволи тўғри чиқиши тўқсон тўққизу
тўқсон тўққиз фоиз ишончли...”
“Сайтчилар анойи эмасдир?”
“Шуни айтаяпман-да! Тотализатор
ўйнаётган юз минглаб кишилар
“Олмайди” деган жавобга минглаб
доллардан тикади, натижада бир неча
миллион доллар тўпланади.
Англиядаги сайт хўжайини Гофманнга
одам юборади. “Агар шу ўйинда
бирор футболчини атайин йиқитиб,
қизил карточка “ишласанг”, беш юз
минг доллар тўлаймиз”, дейишади.
Футболчи битта ўйиндан чиқиб кетса
кетибди-да. Очиқдан-очиқ қўполлик
қилади ва йўқ жойдан ярим миллион
ишлайди, сайт хўжайини эса бир неча
миллион доллар фойда кўради. Мана,
сизга тотализаторнинг қаерларгача
кириб бораётгани, ака! Сиз боғчада
ўйнаб юрибсиз!”
“Бу қимор эмас, турган-битгани
халқаро жиноят экан”, – дедим лабим
ағдарилиб.
“Ҳа, йирик жиноят! – бош ирғади
Холбек. – Соф спортни ҳам булғашди.
Жамоаларни сотиб олишаётгани
етмагандек якка спортчиларни ҳам
қўғирчоқдек қилпанглатишаяпти. Халқ
ҳақиқий мусобақани кўришни
хоҳлайди, тўғрими? Ғирромлар кимга
керак?”
“Ёмон иш эканини биларкансиз-ку.
Шунақа жойга мени ҳам тортмоқчи
бўлдингизми?”
Холбек менга анграйиб қаради.
“Инглизларнинг пулини шилишни
истамайсизми? – деди у. –
Иккимизнинг тупроғимиз битта
жойдан. Сизни ҳам сайтга
қўштираман. Бошида беш-ўн доллар
тикиб ўйнайсиз. Сал тажриба ошгач,
каттароқ тикасиз. Кеча-ю кундуз бош
кўтаролмай қоласиз интернетдан, ака”.
Ўша куни Ўзбекистон терма жамоаси
Қатарни енгди. Холбек беш минг
доллар ютқазди. Икки кун қовоғи
очилмай юрди. Учини куни эрталаб
эшигимни тақиллатди. Кўзлари
қувончдан чақчайганди.
“Ака, – деди мени қучиб, – бугун
кўрфазда ўзим ҳақ бераман. Сабаби,
кеча уйқуга ётаётиб, мексикалик
боксчи канадаликни бешинчи раундда
техник нокаут билан ютиши ҳақидаги
саволга беш юз доллар тиккандим.
Тўрт баравар ютуқ бериладиган савол
эди. Кўп ичгандим, ўйинни кўролмай
ухлаб қолибман. Ҳозир уйғониб,
дарров интернетга кирдим. Қарасам,
яқинда профессионал боксга қадам
қўйган қандингни ургур мексикалик ўз
рақибини ростдан ҳам бешинчи
раундда техник нокаутга учратибди.
Бугун тушгача ҳамёнимга икки минг
доллар нақд тушади. Фақат футбол
эмас, бокс ҳам боқаяпти.”
Хуллас калом, Лобархон, интернет
қиморбози мени онлайн қиморхона
домига тортди. Бир йилда майда-
майда ҳисобда жами битта
машинанинг пулини ютқаздим. Неча
марта ўйиндан чиқишга, интернетга
яқинлашмасликка қасам ичдим.
Қаёқда дейсиз! У кўринмас иплар
билан чирмаганди.
– Тажрибангиз ошиб, бойиб
кетдингизми? – деди Лобар.
– Йўқ, – деди Шоҳназар унга синчков
қараб қўяркан, – қимордан бойлик
орттиришни сизга чиқарган, бизга
эмас.
– Сизга чиқармаган бўлса,
тушунарли, – жиддий тортди Лобар.
Шоҳназар қарталар афсунгарининг
аҳволи-руҳиясини тушуниб, дарҳол
юмшади.
– Тотализатордан анча-мунча ютиб
тураман, бизнесда ҳам омадим чопган.
Шунақа қилиб, шароитим ёмонмас.
Ўзингиз-чи? Ҳозиргача яширинча
ўйнар экансиз, ростми? Умримда
казинога кирмаганман.
– Қартадан мутлоқа воз кечганман.
Сизга ҳам маслаҳатим, Шоҳназар ака,
гуноҳларингизга тавба қилинг. Қимор
ҳеч кимга, ҳеч қачон яхшилик
келтирмаган. У қарта шаклидами,
бильярд шаклидами, ошиқ ўйиними,
тотализаторми, фарқи йўқ.
– Бунинг учун интернетни ёпиб
қўйиш керак, – деди Шоҳназар
Лобарга шарбат узатаркан. – Ичинг... У
бор экан, қутулиб бўлмайди. Яхшиси,
отинойиликни йиғиштириб, қартани
ўргатинг. Қўрқманг, қиморга
кирмайман, шунчаки эрмак учун
ўйнайман. Ўргатганингиз учун
ҳақингизни бераман. Бошқача хурсанд
қилишим ҳам мумкин. Эркакман,
Лобар...
– Шунақами? – Лобар финжонни
қўлида ўйнади. – Масалан, ароқ
одамни пиёнистага айлантиради,
лекин спирт ишлаб чиқаришни нега
тақиқлаб қўйишмайди? Ҳеч
бўлмаганда, тиббиётда керак.
Шунингдек, наркотик моддалар ҳам.
Уларсиз жарроҳлар ишлолмайди.
“Наркотик” сўзини эшитган
Шоҳназар иккинчи бор Лобарга син
солди ва:
– Ароғу наркотиклар савдосини
йўқотиб бўлмайди, – деди ўқрайиб.
– Нима ҳам дердим, – чимирилди
Лобар, – бу ерга сиз билан тортишгани
келмадим. Ёлғонларингиз ҳам меъдага
тегди. “Одно”га кираман деган киши
Англия сайтларида ҳам жавлон уради.
Очиғини айтинг, кимсиз?
– Менми? – Шоҳназар оғзини
жўрттага қийшайтирди. – Кўраяпсизки,
сизга ўхшаган бизнес одамиман.
Фарқим – онлайн пул топишга
алоқадорман. Нима, мени чет
эллардаги казиноларда юриб, бойиган
рақобатчим деган хаёлга
бордингизми?
– Тузукроқ бизнесмен эмаслигингиз
кўриниб турибди. Югуриб
чиққанингиз, мени уйингизга таклиф
этганингиз шубҳалантираяпти.
Бошидан айтиб қўяй, бирор ўйин
ўйнамоқчи бўлсангиз, қаттиқ
янглишасиз.
– Гулхан атрофида сиз ўтирганингиз,
бу ерга шерикларингизни ташлаб,
ёлғиз келишингиз хаёлимда ҳам йўқ
эди. Мендан нега хафа бўлаяпсиз?
Ўргатинг деганим учунми? Ё
ҳақингизни бераман, деганим ботиб
кетдими? Майли, ўргатмай қўя қолинг.
Барибир, ҳурматимдасиз... – Шоҳназар
тил учида қўшиб қўйди: – ... ҳурматли
сингилжон!
– “Сингилжон”, “Синглим бўласиз”,
“Меҳрибон акангизман” деб қанча
жувоннинг бошини айлантиргансиз?
– Айбларимдан тонмайман, Лобар!
Лекин сизга журъат этолмайман.
– Бунинг устига қиморбоз бўлиб
чиққанингиз-чи?
– У интернет ўйинлари, холос. Сиз
билан битта чорраҳада кесишмаймиз.
– Айнан бугун хотинингиз уйда
йўқлигини қандай тушунай?
– Онасиникига аразлаб...
– Шоҳназар ака, – шартта гапини
кесди Лобар, – уйларингиз нечта
эканини айтдингиз. Наҳотки, у бечора
бирорта-сига сиғмай, қирқ ёшида
онасиникига аразлаб кетган бўлса?
Шоҳназарнинг юзига қизиллик
югурди. Уялишдан кўра ғазаб аломати
экани сезилди.
–Мени суд қилаяпсизми? – деди у. –
Балки бир оз пастроқ тушарсиз?
Арпангизни хом ўрмадим. Мен ҳам
ўзимга ярашаман.
– Аёлларни қўлингизда хоҳлаган
кўйингизга солиб ўргангансиз. Шуми
ўзингизга яраша эканингиз?
– Сизга ёмонлигим бўлганида,
Нигинани сўрармидим?
– Мен бор эканман, Нигинани ҳам
ўйнатолмайсиз.
– Жуда инжиқ экансиз. Дунё кезган
аёл бунчалик қизалоқтабиат
эканлигини- хаёлимга ҳам
келтирмагандим.
– Йўғ-е, дарров ташхис
қўйдингизми? Бунчалик ночор
фикрларни қаердан топасиз-а?
Шоҳназар мийиғида кулиб, иккала
қўлини кўтарди.
– Ҳар ҳолда, ҳурматингиз бор.
Аввалги даврингиз ўтган, буни яхши
тушунаман. Шунда ҳам сизни...
– Менинг даврим ўтганми?
– Ҳа, энди, Лобар, сиз ҳам жа гапни
олаверманг-да. Уюшган жиноятчилик,
алламбало товламачилик тўдалари
аллақачон тугатилган. Бировнинг
уйига кириб, дўқ қилиш ҳам яхшилик
келтирмайди. Буларни ўзингиз мендан
беш баравар яхши тушунасиз буларни.
– Сизга дўқ қилмаяпман. Ким
эканингизни сўрадим, қуруқ аравани
шалдиратаяпсиз. Нима ишлар қилиб
юрганингизни битта телефон билан
аниқлайман. Ишонмаяпсизми?
– Жиддийроқ бўлинг, Лобар.
– Давр ҳақида бир нималар
дедингиз. Давр ўтмайди, у бой
берилади. Ўн йилдан бери шунақаман.
Ўзгармадим. Даврим ҳам ўша-ўша.
Аввал ҳам қудратли эмасдим, ҳозир
ҳам. Аввал ҳам кучсиз эмасдим, ҳозир
ҳам.
– Нима иш қилиб юрган бўлишим
мумкин? Қизиқ гаплар гапираяпсиз-да.
Бир-биримизга душман эмасмиз. Ўзи
боягина танишган бўлсак.
– Сиздан аслида ким эканингизни
сўраяпман, – Лобар телефонини
чиқарди. – Ўзингиз айтасизми,
танишларимдан суриштирайми?
Шоҳназар бир нафас тикилиб қолди.
Қошлари чимирилиб, кўзлари ғазабнок
қисилди:
– Яхшиси, далаҳовлимнинг ёнидаги
бўм-бўш далага бекорга келиб
қолмаганингиздан гапиринг. Сизга
қачонлардир ёмонлик қилиб қўйганга
ўхшайман. Шуни ҳам фаҳмламабман-а,
мен – аҳмоқ.
– Далаҳовлини нима мақсадда
қургансиз?
– Қизиқ савол! Дам олиш учун-да,
албатта.
– Бу ерлар менинг ҳудудим, –
кўрсаткич бармоғини ўқталди Лобар. –
Бошимни балога қўяяпсиз, Шоҳназар
ака.
– Ё тавба! Сизнинг ҳудудингизми?
Мен давлатнинг ери деб ўйлабман.
– Ҳаммасини фаҳмлаган кишининг
ўзини овсарликка солишини
ёқтирмайман, – Лобарнинг ғазабига
мой сепилди. – Гапимни қайси
маънода айтаётганим ростдан етиб
бормадими?
– Тилни сал жиловланг! Нима
ёмонлик қилдим сизга? Бир отинойи
бўласиз, бир бутун қитъанинг
хўжайини... Боссми, шефми,
ҳукмдорми... Осмондан келасиз! Мен
айтган гапига жавоб
берадиганларданман! Қани, нима
айбим бор?
– Етиб бормади. “Менинг ҳудудим”
деб шуни назарда тутдимки, шу
атрофда, вилоятда, шаҳарнинг ўзида
кимдир қарталарга боғлиқ жиноят
содир этса, органлар тўғридан-тўғри
мендан шубҳаланишади.
Бошқаларнинг эмас, менинг бошим
балога қолади. Ишқилиб, ҳеч ким
қимор ўйнамасин-да, қарталарни деб,
бирор жиноятга қўл урмасин-да, деб
юрак ҳовучлаб яшайман. Қанийди,
менинг ҳудудим бўлмаса!
– Қанақа қарталар?
– Буни сиздан сўраш керак!
– Нима ҳақида гапираяпсиз,
деяпман! – оғзидан туфук сачратиб
бақирди Шоҳназар.
– Минг лаънат бўлсин! – қичқирди
Лобар ҳам. – Орасига “сирец”
ёпиштирилган қимматбаҳо иблис
варақлари ҳақида гапираётганимни
билиб турибсиз-ку! Собиқ эрим Осиё-ю
Европа-да қидирув эълон қилинган
жиноятчи! Бир неча йиллар давомида
чет элда яшадим. Хориждаги жиноий
уюшмаларни ҳам, турли хавфсизлик
идоралари ходимларини ҳам кўрдим
гирдобларда. Мени балонинг ўқига
нишон қилаяпсиз!
Шоҳназарнинг ранги қув ўчиб, тили
танглайига ёпишди.
– Сен ҳали... Ҳали ўша... Ўша
милицияга сотилиб, менга тузоқ
қуйиб... Уйимга- келдингми?
– Милицияга қадам ҳам босмадим!
– Мендан қарталарни... Милиция
сўраган... Сен қаёқдан биласан?
– Ғулдирамай, тўғри гапиринг! –
Столни муштлади Лобар. – Гиёҳванд
модда сотасизми, қурол-яроғми, ҳеч
балонгизни суриштирмаяпман! Мени
гумон марказига қўйиб, ўзингиз четда
ўтирибсиз! Бунинг учун ўлдириласиз!
Шуни иккала қулоғингиз билан ҳам
эшитиб қўйинг!
– Ҳе-е... Қўрқитма мени!
– Мен ўлдирмайман!
Қўрқитаётганим ҳам йўқ! Чунки
жиноий тўдаларнинг бирортасига аъзо
эмасман, бирортасига! Қайси тилда
гапирсам тушунасиз? Мени балога
қўйганингиз учун “ўлим машинаси”дан
тирик қолмайсиз, мендан эмас!
– Қанақа ўлим машинаси?
– Қулоғингизга танбур
чертаяпманми? Собиқ эримдан неча
йиллардан бери қутулолмайман.
Аллақачон ажрашиб кетганман.
Ватанга қайтиб, бошқа киши билан
яшадим, фарзандли ҳам бўлдим.
Негадир унга – Шомил акага ҳали-
ҳануз маъбудадайман. Мени
“муқаддаслар рўйхати”га
қўштирганидан кейин озмунча можаро
аянчли якун топдими! Бирортаси
ўлдирилишини хоҳладимми? Йўқ!
– Гапларингиз ёлғон бўлса-чи? – яна
сизлай бошлади Шоҳназар. – Бекиниб
юрган қочоқ мени ўлдирадими?
– Қанчалар калтабинсиз-а! У
суиқасдни кимошди савдосига қўйиши
ҳам мумкин. Боя ҳеч нарсадан
қўрқмайдиган шахсман, деб
валдирадингиз. Ҳеч нарсадан
қўрқмайдиганларни узоқдан ҳам
кўрмагансиз. Агар кўрсангиз қалтираб
қоласиз.
– Кимошди савдоси эмиш! Анави
олов атрофида ўтирган икки нусха ҳам
тўдангиз аъзоларими? Балки
ўшаларнинг қўли билан ўлдирарсиз?
– Ҳазил эмас бу! Юртда ҳеч қандай
тўда йўқ! Ҳамма гап хорижга бориб
тақалади. Сиз чет элга умрбод
чиқмайсизми? Чиқасиз! Керак бўлса,
суиқасдингиз хусусида йирик
компаниялар билан шартнома ҳам
тузишади.
– Шунақа компаниялар ҳам борми?
Қойил, қойил!
– Топади! Компания муаммоси,
қачонки, сизни тириклар рўйхатидан
ўчирсаларгина ҳал бўлишини айтади.
Қисқаси, Шоҳназар ака, ички ишларга
бориб, айбларингизни рўй-рост
гапиринг. Жиноятларга менинг боғлиқ
эмаслигимни органлар билишсин.
Айбингизга яраша қамоқда ўтирасиз.
Озодликка чиқиб, ҳалол, қонуний
бизнесингизни узилган жойидан
давом эттирасиз. Чет элдаю
юртингизда душмангиз бўлмайди.
Маза эмасми?
– Аҳмоқ эканман-да, а, Лобар?
– Аҳмоқ эканингизни қайта-қайта
такрорлайвергунингизча
огоҳлантиришларимни қўрқитиш деб
тушунганингиз қанчалар қимматга
тушишини ўйланг. Ўзингизча гердайиб
ўтирибсиз. Билиб қўйинг, бу дунёда
ҳеч қачон калтабин, юраксиз, ақлсиз
кишилар шер бўлмаган, бўлолмайди
ҳам.
– Яна ҳақорат!
– Хотинингиз қайси уйингиздан
аразлаб кетди? Ҳойнаҳой,
далаҳовлидан эмас, шундайми?
– Унинг қайси уйдан аразлаб кетгани
учун ҳам жавоб бераманми?
– Қийин савол эмас, Шоҳназар ака...
– Ҳовлим туғилиб-ўсган туман
марказимизда. Хотинни бу ерга унча-
мунчага олиб келмасдим. Бизнесмен
эканимни ҳам билмайди. Аёлига
ишлари, режа-пежалари ҳақида
гапирадиганларни ёқтирмайман.
– Мана, ўз оғзингиз билан
валақлаяпсиз, – деди Лобар. –
Далаҳовли наркотик моддаларни
пакетлаш ёки пакетланган наркотик
моддаларни очиш, тарқатиш жойи
бўлган. Хотинингиз жиноий
ишларингиздан хабар топмаслиги учун
касб-корингизни сир сақлагансиз.
– Эй, эй! Туҳмат ҳам эви билан!
– “Хом ашё”ни китобга яширинг,
портретларга яширинг, нима учун
қартани танладингиз? Унга қанчаси
ҳам сиғади? Балки битта варақ битта
“доза”дир?
Шоҳназар тишларини ғижирлатиб,
Лобарга еб қўйгудек тикилди.
– Милиция терговчиси етмагандек,
сиз ҳам...
– Милиция терговчиси сизни
посёлкалик Рисолатнинг ўлдирилиши
бўйича чақирган, – Лобарнинг қўли
мушт бўлиб тугилганди, оппоқ
бармоғидаги тилла узук ярақлади. –
Мен сизни даҳшатли ўлимдан сақлаб қолмоқчиман. Сандиққа солиб, чўлга
тириклай кўмиб кетишса,
диққинафасликда секин-аста жон
берасиз. Бу энг ёмон ўлим! Шу
керакми сизга?
– Рисолат... Рисолат... – Шундай дея
Шоҳназар ўрнидан туриб, бурчакка
борди. – Вой, аблаҳлар! Атрофимни
шунчалар зич қуршаб олишибдики,
ҳайратдан ўлиб қоламан!
– Яна такрорлайман, – деди Лобар, –
мени органдан юборишгани йўқ. Ҳеч
кимга ёлланмаганман.
– Бўлмаса, бунча нарсани қаёқдан
биласиз? – ўгирилди Шоҳназар.
– Сизнингча, фақат милиция орқали
билиш керакми? Кимдир Рисолатнинг
эри ва унинг иккинчи оиласидан сирли
қарталарни ахтараётганини менга
етказишди. Ундан сал аввалроқ
изимдан одам тушганини сезгандим.
“Одноклассники”да “Та Счастливая”
номи билан ўтирардим. Буни қарангки,
“дўстлар”им қаторидаги “Севги
фариштаси” деган профил Рисолат
экан. Рисолатнинг “дўстлар”и
қаторидаги “Гладиатор” сиз бўлиб
чиқдингиз. Шу вақтгача “Та
Счастливая” мен эканимни ҳеч зоғ
билмаган. Аммо шубҳали хат келди.
Мени қандай аниқлашди? Нима учун
шубҳаланишаяпти? Сиз туфайли. Ҳа,
сиз героинми, опийми... Шунақа
нарсалар сотасиз! Қарталарга ўраб
сотасиз! Чекка жойдаги далаҳовли ҳам
цех вазифасини бажарганига шубҳа
қилмайман. Ишингизнинг миси
чиқмасдан аввал бу ерда Хитой
ускуналари ҳам бўлган...
– Бас! Гапингизни исботлайсиз!
– Интернетдаги “Севги фариштаси”
билан “Гладиатор” – Рисолат ва сиз!
– Ҳа, Рисолат билан мен! Яхшиси,
сиз героин, опий ҳақидаги гапингизни
исботланг! Ҳозирнинг ўзида!
– Исботлайман, лекин ҳозирнинг
ўзида эмас. Танишларимга қўнғироқ
қиламан. Улар шу вилоятда кимлар
гиёҳфурушлик қилишини аниқлашади.
Биласиз, жиноят оламида юрганларга
бу ҳеч ҳам қийинмас. Менга қўядиган
шартлари – улар берган
маълумотларни ички ишлар
ходимларига сотмай, ўз муаммомни
ҳал этишгагина- ишлатишим керак.
Хўп, бунга ҳам кўнаман. Шунда улар
қанақа маълумот етказишини
олдиндан башорат қилайми?
Шоҳназар алам ила бош силкиди.
– Башорат дейилмайди! Бунинг
номи бўҳтон!
– Сиз атрофдаги цехларнинг
маҳсулотларини дўконларга тарқатиш
баҳонасида нарсаларнинг орасига
гиёҳванд моддаларни яширган
оғуфуруш бўлиб чиқасиз.
Ишларингизга эри бор ёшгина жувон –
Рисолат ёрдам берган. У маъшуқадан
кўра қарталарни манзилга етказувчи
малай сифатида керак эди. Чунки
онаси Ҳадича савдогар Тошкентдан
мол олиб келишга боради. Моллари
орасида канцтоварлар ҳам бўлади.
Канцтоварлар ичида қарталар! Шундай
қилиб, Рисолат эрига хиёнат қилиб,
жирканч хиёнат кўчасида сизнинг
чоҳингизга қулаб ўлган.
– Мен ўлдирмаганман уни!
– Унда ким?
– Ким бўларди, қамалган гиёҳванд
қотил-да! Боринг, милициядан сўранг!
Уйимга кириб, велосипедни қайтадан
кашф қилманг!
Ўзи оғу сотадиган шўрпешона жувон
айнан оғуфурушнинг қўлида ўлганми?
Ҳаётнинг чархпалагини қаранг-а!
Инсонга афюн сотсанг, афюнга зор ўша
инсоннинг ўзи сени ўлдиради!
Фалсафий хулоса!
– Фалсафани йиғиштиринг, биз
наркотик сотмаганмиз. Рисолат билан
интернетда танишиб қолдим, гаплаша
бошладим. У эридан, қайнонасидан
кўп нолирди. Менинг ҳам хотиним
нобоп чиққан. Рисолат гапга
кирадиган жувонга ўхшади. Секин
гапга олгандим, рози бўлди...
– “Гапга кирадиган” эмас, “хиёнат
йўлига кирадиган”...
– Хуллас, у менинг маъшуқам эди.
Буни яширмайман. Қотил эмаслигимни
ички ишлардагилар билади, йўқса
озодликда юрмасдим. Энди эса,
жаноб Лобар...
– Мен жаноб эмасман, саводсиз!
– ...Ўрнингиздан туринг-да, уйимдан
қуринг! Ички ишларга бориб, у ерда
ҳам фалсафа тўқиб, димоғингиздан
қурт ёғилиб, ана шундай гердайиб
ўтиринг, мени сотинг, қаматинг! Улар
гиёҳфуруш эканимни исботласа, яъни
исботлай олса, сизга овчаркасининг
юнгидан кузги нимча тўқиб беришади.
Далада совқотиб қолибсиз, кийиб
юрасиз.
– Рисолатнинг эрининг исми Мунис,
– заҳарханда кулимсиради Лобар
ўрнидан туриб. – Буни биласиз-а? Тўрт
ёшли қизчасининг исми Шаҳрия...
– Мен кузатувдаман, Лобар, – деди
Шоҳназар. – Вилоятдан чиқмасликка
тилхат ёзганман. Илтимос, яхшиликча
жўнанг бу ердан.
– Кимдир қизчаси билан суратга
тушибди... – деди Лобар.
– Бўлди, гапирманг! – жеркиб
ташлади Шоҳназар. – Сўрамасам ҳам
аниқ эди. Ўзлари исботлаёлмагач,
рўйхатда турган “қарталар
қиролича”сини юборишибди. Чет
элдаги қотиллар билан қўрқитасан,
деб роса қайрашибди. Уларнинг
ўзини судга бераман! Мажбурлаб айб
қўйиш қанақалигини кўрсатиб қўяман!
– Агар қизчага бир нима бўлса,
диққинафасликдан ҳам бошқачасига –
ақлингиз бовар қилмайдиган қатлга
дуч келасиз!
– Э, яна қанақа қизчани
тиқиштираяпсиз ўртага?
– Қарталарни топмасанг, қизчани
ўлдирамиз, дейишибди.
– Қизчани ўлдирамиз, дейишибди?
Кимлар?
– Қулоғингизга танбур
чертаяпманми? Муниснинг тўрт яшар
қизчаси боғчага боради. Кимдир боғча
ҳовлисига кириб, қизча билан суратга
тушибди. Ўз башарасини қирқиб
ташлаб, юзсиз суратни Мунисга
юборибди. Мунис ва хотини иблис
варақларини Рисолат қаерга бекитиб
кетганини ўйлай-ўйлай ақлдан
озишаяпти. Изламаган жойлари
қолмаган. Мабода топилмаса,
қизалоқдан жудо бўлишлари мумкин.
Гапимни иккала қулоғингиз билан ҳам
эшитиб қўйинг, Шоҳназар ака,
уларнинг хонадонида Рисолатдан
қолган қарт-парта йўқ. Бўлганида,
милиция топарди, Мунис билан хотини
топарди. Наҳотки, шуни
тушунмаяпсиз?! Қолаверса, милиция
ҳам хитланиб бўлди уларнинг сири
гиҳёванд моддаларда эканини.
Биттаси топилса, қолган барча
кирдикорларингиз очилишига ёш
боланинг ҳам ақли етади-ю,
қайсарликни йиғиштиринг энди.
– Ўша мен деб ўйлаяпсизми?
– Юз фоиз!
– Бу ёғи ҳаммасидан ошиб тушди.
Қорадори савдоси, босқинчилик,
қотиллик... Умрбод қамоққа тиқиш
мақсадингиз экан-да! Ҳаммасини
тушундим!
– Қаматиш касбим эмас. Муниснинг
оиласига Рисолатнинг касофати урган.
Энг катта ҳақиқат шу. Ҳа, Рисолатнинг
якка-ю ёлғиз жазмани сиз эдингиз. У
сиз туфайли жиноят йўлига кирди. Яна
бошқа жиноятчи жазманлари бор эди,
десангиз, ҳайрон қолдирган
бўлардингиз. Гўдакнинг айби нима?
Ҳеч бўлмаса, шу саволимга жавоб
беринг. Эртага унинг ўлиги топилса,
тамомсиз...
– Тўхтанг, бу ерда бошқа биров
суқилиб кирганга ўхшаяпти. Сиз ҳам,
орган ҳам адашаяпти. У мен эмас. Мен
бор-йўғи муҳаббат...
– Муҳаббат шунақа бўлса, тупурдим
унга ҳам, ошиқ-маъшуқларга ҳам.
– Эҳ, каллам қурсин! – бошига
муштлади Шоҳназар. – Милиция эмас,
у сизнинг уйингизга борган. Икир-
чикирларни ҳам у сўзлаб берган.
– Ким?
– Мунис.
– Мунисдек қўй оғзидан чўп олмаган
бечора ҳақида гапираяпсизми?
– Чунки фақат у мени танийди.
– Мунис мени ўзига оғдирадиган
даражадаги устамонми?
– Чиндан овсар. Шу овсарлигида
сизни оғдирдими, орқасида кучли
шахслар ўргатаяпти.
– Жиноий гуруҳми?
– Жиноий гуруҳ қоптими!
Органдагилар, Лобар, органдагилар!
Болага таҳдидни ҳам бўйнимга
илишмоқчи. Оиласига ёмонлигим йўқ.
Шундан хулоса қилингки, Муниснинг
оиласига таҳдид солаётган учинчи
одам пусиб юрибди ё у умуман
мавжуд эмас, органнинг операцияси.
Муниснинг сизга ёрдам сўраб бориши
ниҳоятда шубҳали. Каллаварам бунга
ҳеч қачон журъат этолмаган бўларди.
Манзилингизни мен билмайману, у
қаёқдан билсин!
– Қўлингизни кўрсатинг-чи.
– Нима?
– Чап билагингизни кўрсатинг,
деяпман. Татиуровкангизга бир қараб
қўймоқчиман.
Шоҳназар енги узун ёзги
футболкасининг билагини шимарган
эди, ўтовга ўхшаш расм кўринди.
– Попурри, – деди Лобар. – Қарға
рамзини бўяб, аралаш-қуралаш қилиб
ташлабсиз.
– Татиуровкам ҳақида ҳам
гапирдими? Лаънати анча писмиқ
экани сезилганди.
– Рўмолчангиз қани?
Шоҳназар дастрўмолини чиқариб,
Лобарга тутди. Лобар шунчаки бир
қараб қўйди.
– Арзон рўмолча тутаркансиз.
Рисолатга “сирец”ли иблис
варақларини берган одам ҳам шунақа
рўмолча ишлатган. Қуйи табақадан
чиққан оғуфурушларни жин урсин!
– Сизнингча, ҳамма далиллар
ашаддий жиноятчи эканимни
исботлаяпти. Энди нима қилишим
керак? Ўзимни осайми?
– Боя айтган гапим: ички ишларга ўз
ихтиёрингиз билан боринг-да, бор-
йўғи икки-уч марта гиёҳванд моддалар
сотганингизни айтинг. Марҳум она-
бола ҳам шерик эканини, улар
сувенирларга бекитилган
қорадориларни сотишда ёрдам
беришганини ҳам ёзинг
иқрорномангизга. Бегуноҳ болага
таҳдид қилганингиздан кўра шуниси
сизга арзонроқ тушади. Бошқа
йўлингиз йўқ.
– Тушунмадим, марҳум она-бола?
Ҳадича савдогарга нима бўлди?
– Хабарингиз йўқми? – Лобарнинг
бир қоши кўтарилди. – У ўлди.
– Қачон?
– Кеча тонг-саҳарда шифохонада
вафот этди. Фарзанд доғини
кўтаролмади. Бу ҳам сизга енгиллик,
шундайми? Қўлга тушсангиз, айбни
марҳумага ағдармоқчи эдингизми?
Нафақат Рисолат, онаси ҳам ўлди.
Имкониятларингиз икки баравар ошди.
Куппа-кундузи бир жувонни эрининг
уйидан онасиникига чақириб,
қулоғигача гуноҳга ботган сиздек
бандага айбни марҳумларга
ағдаришдан осони бормикан?
– Микрофонингиз йўқми? – эшикни
тамбалади Шоҳназар.
– Худо ҳаққи, айғоқчи эмасман.
– Мунис сиздан ёрдам сўраб келгани
ҳам ҳақиқатми?
– Шундай.
– Ҳозир... Биттасига қўнғироқ
қилай... – Шоҳназар шоша-пиша
рақамларни териб, телефонини
қулоғига тутди. Нариги томондаги
киши гўшакни кўтарган эди, сўради: –
Яхшимисан? Мен Шоҳназарман.
Посёлкадаги Ҳадича савдогар қачон
ўлди?.. Шунақами?.. Юрак кетибди-да,
а?.. Ҳе йўқ, ўзим шунчаки... Бугун...
Ҳозир эшитиб қолдим... Ҳа, ёмон иш
бўлибди...
Телефон ўчирилди.
– Гапим ростмикан? – тикилди
Лобар.
– Яхшилиб эшитинг, – деди
Шоҳназар. – Мен бу молу мулкга
бизнесим орқасидан эришганман.
Тотализатор ҳам, наркотик савдоси
ҳам ҳаромдан келиб, ҳаромга кетган.
Ҳаммасига Ҳадича савдогар билан
Рисолат айбдор.
– Айтдим-ку!
– Шошманг, Лобар, мен қарталарни
икки мартагина Тошкентга Ҳадича
савдогар орқали етказиб берганман.
Қорадорини шахси номаълум бир
кимса кечаси девор оша ўтинлар
устига ирғитиб кетарди. Юзини
кўрмаганман, исмини ҳам билмайман.
Лақаби Тоҳир эди. Мен қарталарни
Рисолатга, Рисолат онасига берган.
Кейин билсам, Рисолат Тоҳир билан
алоқа боғлаёлмаган, Ҳадича савдогар
ҳам қўрққан. Хуллас, улар мени
интернет орқали жиноятга бошлаб
киришди. Тоҳир кекса гиёҳванд
шекилли, интернет тугул, мобиль
телефонни ҳам тушунмайди. Бошида
Рисолат билан шунчаки ошиқ-маъшуқ
бўлмоқчи эдим. Хотинимга
кўнгилсизман, ахир.
– Алмойи-алжойи гаплар.
– Рисолат ўлганидан сўнг уйидан
қарталарни изламаганман.
– Сафсата.
– У мен эмас, ишонинг!
– Бўлмаса, ўша Тоҳир ҳаётда бор
одам экан-да? Рисолат ўз қотилини
танимаган, сиздан бошқаси билан эса
алоқаси йўқ эди.
Шоҳназар ўз кафтига мушт қоқиб,
деди:
– Албатта, Тоҳир бор одам! Айтдим-
ку, сизга бошқа биров бор деб!
– Тинчланинг, ҳой!..
– Қандай тинчланай?
– Марҳумларга ағдариб қутулиб
қолмоқчи бўлганингиз етмагандек,
хаёлий шахсга катта юк
ташлавордингиз. Қасам ичаманки,
Тоҳир деган шахс ҳақида ҳозирнинг
ўзида фантазия қилдингиз, яъни
Ҳадича савдогарнинг ўлганини эшитиб.
– Гапнинг пўсткалласи, айбимни
ички ишлар идорасига бориб, рўй-рост
айтаман. Анави оилага зуғум
ўтказмаганман. Ҳеч бало
изламаганман уйидан. Лаънатлар
бўлсин Рисолат билан танишган
кунимга!
– Сиз “КПЗ”да эканингизда ҳам
кимдир тақиб қилишда давом этган.
Тушунишимча, орган шунисига қаттиқ
қизиқаяпти. “Шоҳназар ҳибсда
ўтирганида, Мунисга ким таҳдид
қилди?” деб бошлиқлар
терговчиларнингу жиноят
қидирувидагиларнинг пўстагини
қоқишганга ўхшайди.
– Ким қўрқитган, билмайман.
Қорадорининг орқасида турганлардир
балки? Аммо мен эмасман.
– Култепани титкилаётган одамни,
гинекологиядаги кимсаларни сиз
юборгансиз. Тўғрими?
– Йўқ.
– Уларни Россия сайти орқали
ёллаганингизни орган олдида тан
олинг, Шоҳназар ака. Муниснинг
хотини туман марказида
одамларингиздан бирини кутиб
ўтирганида, маст таксичи бекатга
машинани уриб, автоҳалокатга
учраганида, масалангиз ҳал бўлганини
ҳам тушунинг. Сиз ўша кунгача фаол
бўлгансиз. Ёлғонми?
– Ёлғон.
– Ўзингизга қарши ишлаяпсиз.
– Жинни эмасман-ку!
– Жиннисиз! Органга боринг-да,
бекат воқеасигача бўлган жиноятлар
сизнинг ишингиз эканини айтинг.
Ундан у ёғи ё учинчи шахснинг
кирдикори, ё ички ишларнинг махсус
операцияси бўлиб чиқади. Бошқа
айбларингиз йўқми, анча арзонга
тушасиз. Муниснинг оиласига
қилинган яқиндаги таҳдид сизники
эмаслиги исботланса, бундан яхши
ютуқ йўқ.
– Ундан олдин ҳам босқинчилик юз
берган. Унутманг, Лобар.
– Кечаси ўғирликка тушиб, Мунис ва
хотини билан дўппослашган кимсани
назарда тутаяпсизми?
– Ҳа.
– Фаолиятингизга бекатда нуқта
қўйсангиз, арзон қутуласиз. Ўзим сизга
кучли адвокат топиб бераман.
– Адвокатлар бир тийин.
– Унда озодлик билан умрбод
видолашасиз. Саксонга кирганигизда
ҳам амнистияга илашмайсиз.
Шоҳназар лабини тишлаб, иҳради. У
ёқ-бу ёққа юргач, бирдан жазаваси
қўзиб, стулни кўтарди-да, полга уриб
синдирди.
– Нега бундай бўлаяпти? Нега? –
бўғриқди у.
– Қуролингизнинг лицензияси
борми? – сўради Лобар.
– Лицензияли милтиғимни
аллақачон тортиб олишди, вилоятда
чиқмасликка тилхат ёздиришди, ҳалол
тижоратим ҳам тўхтади. Ҳа, мени
зинонинг касофати урди. Ҳаётимни
изга туширишим учун ўн йил кетади,
деяпсиз. Ўн йил, бу – кўп! Менга
бошқа йўл керак!
– Айбларингизни бўйнингизга
олсангиз, етти йилда чиқасиз.
– Айбларим бўлса экан...
– Яна қайсарлик! Рисолат нима учун
иккита телефон тутган?
– Тоҳир билан гаплашиш учун бўлса
керак-да.
– Тоҳир телефон ишлатишни
билмаган-ку?
– Балки ўргангандир? Нима,
қийинми? Наркотик сотувчиларга
битта малайдан иккитаси яхши
эмасми? Эҳ, қаёқдан ҳам ҳалол
бизнесимдан чалғиб, жодугарнинг
қутқусига учдим-а!
– Тоҳир йўқ одам эканига далил
айтдингиз. Телефонда Рисолатнинг
дугоналари-ю сизнинг рақамларингиз
бўлган, холос. Учинчи одамнинг
рақами чиққанида, орган аллақачон
топарди.
– Ўйлаб олишим керак, – уф тортди
Шоҳназар ва эшикни очди. – Кетинг,
Лобар! Эртага гаплашамиз. Миямни
шунақа ғовлатдингизки... Сизсиз ҳам
эрта-индин органга бормоқчи эдим.
Лобар телефон рақамларини айтди.
– Бизни эшитишади, – деди
Шоҳназар. – Телефонда фақат учрашув
жойини гаплашамиз. Эртага “ИИБ”га
тўғридан-тўғри кирмайман.
– Телефонда гаплашаётганимда
кимдир қулоқ солаётганини ҳеч қачон
назардан қочирмайман, – ҳовлини
кесиб ўта бошлади Лобар. – Итингизга
ювинди берманг, тоза овқат билан
боқинг. Шу итдан бўлак дўстингиз
қолмабди ўзи. Дастурхонингизга
қараганда, мендан олдин келган
меҳмонингиз бефаросат экан.
Ғажиган суяклари дастурхонда сочилиб
ётгани ҳам айтиб турибди кимлигини.
Ҳеч бўлмаса, йиғиб, ликопчага солиб
қўйиш қийинми?
– Сизда шу ит ҳам йўқ, – деди
Шоҳназар. – Кузатувда экансиз, демак,
олов атрофида ўтирганлар ҳам сотқин.
– Дўст ошини, сотқин бошини ейди.
Дунёга аёл бўлиб келдим, лекин
эркаклар кўрмаган воқеаларни
кўрдим. Мақолимни кенгайтириб
айтайми? Дўст ошини, сотқин бошини,
буғдой эса тегирмоннинг тошини ейди.
– Тегирмондан омон чиққанингизни
эшитганман. Бугунги хатонгиз –
мендан бекорга хафа бўлганингиз.
Бошингизни балога қўйишни хаёлимга
ҳам келтирмаганман. Умуман,
ҳайронман. Менми, бошқами,
қачонлардир қартага боғлиқ иш
қиларди. Жа баҳона қулимисиз
дейман?
– Яхшиси, сувдан қуруқ
чиқолмаслигингизни тушунинг.
– Тушундим, деб бир неча марта
айтдим. Ички ишларга бўйин эгиб
боришга шошилмаяпман, холос.
– Шоҳназар ака, аллақачон қамоққа
тиқиб, судингизни ҳам бошлаб
юборишарди. Сувенирлар масаласи
очиқ қолаётгани учун пайт
пойлашаяпти.
– Айтгандай, эртанги учрашувга
Мунисни ҳам чақирамиз, – қовоқ уйди
Шоҳназар.
– Жуда тез ўйлаб, тез ўзгараркансиз.
Бу фикр ҳам ҳозиргина хаёлингизга
келди, топдимми?
– Бир аср илгари келмайдими? Сизга
нима фарқи бор?! – аччиқланди
Шоҳназар.
Лобар далаҳовлидан чиқиб, зим-зиё
тошлоқ кўчага аланглади. Самарқанд
чироқлари олисдаги юлдузлардек
живирларди. Ҳовлида ит ҳурди.
Лобар беш-олти қадам юрган эдики,
рўпарадан келаётган шарпани
пайқади.
– Лобар, сизмисиз? – хавотирли овоз
эшитилди.
– Қувон, нима гап? – Лобар телефон
чироқчасини тутди.
Милтиқ кўтарган Қувон фонарни
ёқди.
– Хайрият, тирик экансиз.
– Балки арвоҳдирман?
– Ҳазиллашмаяпман. У хавфли одам.
Сизга бир нарса бўлганида, сўзсиз отиб
ташлашга қарор қилиб, шошилиб
келаётгандим.
– Ўлимдан кейинги дўстлигингизни
пишириб ейманми?
– Айбдорман.
– Далада тинчликми?
– Шарпани сездим. Бизни
кимлардир кузатишаяпти. Мабода
одамларингиз эмасми?
– Менинг лашкарим сиз, Нигина,
овчи амаки ва Шоҳназарнинг
тотализатор ўйнашини-ю, қорадорига
алоқадорлигини аниқлаган бир
хуфямдан иборат. Хуфям ҳозир далада
эмас. Шарпани анави томонда
сездингизми?
– Йўқ, дарахтзор тарафда.
– “Малибу”ни бекорга дарахтзорга
қаратиб қўйибманми? – деди Лобар
Қувонни қўлтиқлаб. – Унга тунги
кузатув камераси ўрнатилган,
видеорегистратори ҳам ишлаб
турибди. Кимдир дарахтзордан бош
чиқарса, камерага тушади, кимлигини
тезда биламиз-қўямиз.
– Маккорсиз, Лобар.
– Бу макр эмас, шунчаки бир тадбир.
Хуллас, гап бундай.Муниснинг менга
очган дард сандиғининг ярими сохта
воқеалар, ярими Шоҳназарнинг
жиноятлари.
– Ярими нега сохта?
– Кейин тушунтираман. Муҳими,
далаҳовлида эканимда.Нигинанинг
тафтишини бошладингизми?
– У ҳаммасини сезиб бўлган-ку.
– Э, ландовурмисиз? Шоҳназар ҳам,
Нигина ҳам, Мунис ҳам сохта
фигуралар! Калаванинг учи қаёқда
эканини ҳалигача тушунмаяпсизми,
Қувон?
– Нигина ўйин ичидаги ўйиндами? –
деди Қувон.
– Ҳа, у қармоқ пўкаги, мен
чувалчангман, – шивирлади Лобар. –
Аслида сайёдларга Нигина ҳам, мен
ҳам керак эмасмиз. Улар Шомил
акани тутишмоқчи.
– Қўйсангиз-чи, ички ишлардагилар
хорижлик қари қашқирни бошларига
уришадими? У Россиянинг,
Англиянинг, Италиянинг муаммоси.
– Ички ишларга керак демадим,
шекилли.
– А-а... – бош қашиди Қувон.
– Бе... – деди Лобар.
Нигина оловга ўтин ташлаб, тик
оёқда хавотир-ла кутарди.
– Қандай қўрқинчли макон-ей, –
нолиди у.
– Қандай тинч ўлка-я! – нарсаларини
йиғиштиришга киришди Лобар. –
Теварак-атрофда сени мерган
пойламаяпти, шукур қил, Нигина.
– Ёлғончиманми, десам, сиз мендан
ҳам ўтказиб юбордингиз, – ёрилди
жувон.
– Қанақа ёлғон?
Нигинанинг лаби асабий пирпираб:
– Лобар опа, – деди, – романтик
кечангиздан мақсад анави нусханинг
далаҳовлисига кириш экан, мени нега
чақирдингиз?
– Сени нега чақирдим? Бу ёғи антиқа
гап бўлди-ку!
– Айтмоқчисизки...
– Унинг далаҳовлисига, сенинг эса
кўнглингга кирдим. Шоҳназарнинг
далаҳовлиси қандай бетариб бўлса,
кўнглингда ҳам ўшандай фитна-фасод.
– Фитна-фасод деяпсизми? Мени
қўрқитишгани учун...
– Гапни айлантирмайлик, Нигина!
Биламан, мени гиёҳванд модда билан
заҳарламасдинг. Аммо ўз
йўриқларига солишмоқчи
бўлишганиданоқ ҳаммасини келиб
айтишинг керак эди.
– У пайтда сизга яқин эмасдим-да!
– Кейин яқин бўлганинг мени
ўлдиришга уринишинг билан баравар.
Яхшиям, сени кечирдим.
* * *
Шаҳарга тушиб, Нигинани уйига
кузатиб қўйганларидан сўнг, Қувон
сўради:
– Энди қаёққа, Лобар?
– Иш бор. Меникига борамиз.
– Видеолар масаласими?
– Тунги камера бир нимани
илинтирганга ўхшайди. Компьютерга
кўчириб, сизга ҳам, ҳар эҳтимолга
қарши, битта нусха берворишим керак.
Флешкангиз ёнингиздами?
– Йўқ.
– Қаерда?
– Умуман йўқ.
– Йигирма биринчи асрда
флешкасиз қандай яшаяпсиз?
Лобарнинг чекка деразасида чироқ
ёниқ эди. Дарвоза тагида машина
тўхтаганини кузатув камерасидан
кўрган Баҳриддин эшикни очди.
– Ие, Баҳриддин ҳам шу ерда экан-
ку, – деди Қувон. – Қалайсан?
– Парвиз ухладими? – сўради Лобар
ҳайдовчисидан.
– Ухлади. Опа ҳам ичкарида.
Баҳриддин “Малибу”ни
дарвозахонага киритгач, дарвозани
қулфлаб, видеорегистратор ва тунги
видеокамерани ечиб, компьютер
столига келтирди. Лобар:
– Сен кетавер, – деди Лобар унга. –
Эҳтиёт бўл.
– Хўп, опа, – бош қимирлатди
Баҳриддин.
Уни кўчага кузатиб қўйган Қувон
эшикни қулфлаб, зинадан
компьютерли хонага кўтарилди.
Ҳовлидаги овчарка занжирини
шилдиратди.
– Бу мен, дарвозани қулфлаб
келаяпман, – деди Қувон итга. –
Ҳуришинг шартмас.
Ичкарига кириб, Лобарнинг ёнига
ўтирди.
– Ҳайдовчилар учун ҳам вазият
чатоқми? Нега эҳтиёт бўлишни
тайинладингиз? – дея қора қарта
соҳибасига тикилди.
– Биз оқ ва қораларнинг
ўртасидамиз, Қувон. Ким қайси томонда яқинлигини билмаймиз.
Эртага ҳаммасига нуқта қўймоқчиман.
– Иш пишдими?
– Пишди.
– Интернетдан хат ёзган Шоҳназар
эмасмикан?
– Хат муаллифи ҳозирча ноаниқ.
Шоҳназар далаҳовлида гиёҳванд
моддаларни қарта, китоб,
портретларнинг орасига
жойлаштирган. Оддий буюмларга
елимламаганининг сабаблари бир
нечта. Шулардан бири – Ҳадича
савдогар Тошкентга оддий буюм олиб
кетмасди. Ахир, улгуржи бозор
пойтахтда бўлса, нега у ёққа жўн мол
ташисин? Моллар бежиз сувенир
шаклида эмасди. Далаҳовлидаги
ускуна ёрдамида “сувенир” ясашган.
Тошкентда ёки шаҳар атрофидаги
бозорда Ҳадича савдогарни мижоз
кутиб турган. Ҳар сафар пулини бериб,
“сувенир”ларни олиб қолган.
– Қизи ўлдирилгач, терговда
савдогар нима учун бу ҳақда миқ
этмаган?
– Эҳтимол, Рисолат уларни бошқа
нарсаларнинг орасига солиб
бергандир? Масалан, картон қутиси,
шунга ўхшаш. Ҳадича савдогарнинг ўзи
ҳам билмаган бўлиши мумкин қизи
қорадорифуруш эканини. Балки
ўзидан қўрқиб милицияга оғиз
очмагандир?
– Бу ерда асосий жиноятчи
Шоҳназарми?
– Ҳа, у жиноят марказида. Рисолат
билан иккита мақсадда танишган.
Биринчидан, ёш маъшуқа керак эди.
Иккинчидан, онаси савдогар бўлган
жувонни ўзига шерик қилиб олиш
пайида юрган.
Давоми бор.