ҲАММА ГАП ЯХШИ НИЯТДА

Ривоятларда келишича, бир киши уйланганидан кейин ишлари юришгандан юришибди. Банда экан-да, бир куни кўнглидан кибрли ўйлар ўтибди: "Бу ажойиб хислатнинг, чиройли ҳаётимнинг сабаби тақвода. Аллоҳ таоло тақволи бандасини шундай мукофотлайди..." деб роҳатланибди.
Дастурхон бошида аёлига: "Ҳамманинг эри ҳам мендек эмас..." каби гапларни айтибди. Аёли индамай кулиб қўя қолибди.
Шу гапдан кейин орадан бир ҳафта ўтибди. Эр негадир кундан-кун тушкунликка тушиб борибди. Аёли бу ҳолнинг сабабини сўраганида, афсус билан:
– Э, нимасини айтасан, хотин, олдинда бўладиган ишлар тугул, узоқроқдаги нарсаларга ҳам кўзим ўтмай боряпти. Ишларим ҳам орқага тортди, – дебди.
Аёл табассум билан жавоб берибди:
– Сиз ҳалол топиб келтирганларингиз фақат вужудимизга эмас, руҳиятимизга ҳам қувват бўлсин, деб ўчоқ бошида доим тилимда дуо, кўнглимда яхши ўйлар бўлди. То ўтган ҳафта неъматларни ўзингиздан билгунингизга қадар... Бир ҳафтадан бери ўша одатимни тарк этдим. Сиздаги бор яхшиликларда менинг ҳам ҳиссам катта эканини ҳис қилинг, деб ўйладим ўзимча. Аслида мен ҳам хато қилдим. Барча неъматлар Аллоҳдан эканини иккаламиз ҳам унутдик. Парвардигор кибр қилганимиз учун бизларни кечирсин...

Комментарии

Комментариев нет.