ҲОЛ...

Гоҳ бир қадам босмоқ бўлади оғир,
Бардош тоши босар кураккинангни.
"Яхшиман" дейсан-у, қарайсан ерга,
Бир томчи ёш эзар юраккинангни.
Гоҳ кимнидир излаб атрофга муштоқ.
Топсанг олиб кетар ҳаловатингни.
Соғиниб, соғиниб қумсайсан эй воҳ,
Қайтариб ололмай омонатингни.
Гоҳ ёлғиз сезасан умидсиз, ночор,
Атрофингда тўла одам бўлса ҳам.
Сенга зорлар бисёр, сенчи унга зор,
Дунёси бир кам-да, дунёси бир кам.
Гоҳ ширин сўзларин келиб эшитгинг,
Изҳор дил қиласан бору гинангни.
Заҳарли сўзлари ўтмас аррадек,
Қийнаб арралайди кўнгилгинангни
Қалбингни очасан ёмғирни севиб,
Эркалаб эритар юрак музингни.
Сўнг эса итқитар саҳрога, қумга,
Тополмай қоласан ўзинг ўзингни.
Гоҳи ўз ҳисларинг бўйсунмай сира,
Асов от мисоли қочиб кетади.
Зўрға турган жонга имкон яратиб,
Жончиқар эшигинг очиб кетади.
Гоҳида қўл силкиб барига, қушдек,
Самолар қўйнига учгинг келади.
Соғинчнинг силласи қуриб, йиқилиб,
Охирги бор уни қучгинг келади...

ҲОЛ... - 956627547931

Комментарии

Комментариев нет.